Сўнгги кунларда Путиннинг Украина уруши бўйича Ғарб билан олиб борилаётган музокараларга Марказий Осиё масаласини ҳам киритгани ҳақида ўзбек медиасида турли фикрларни ўқидим ва эшитдим. Бироқ, уларнинг аксариятини икки хил ёндашувга ажратиш мумкин. Биринчи ёндашувга кўра, бу МО республикаларининг халқаро муносабатлардаги субъектлигини инкор этишдир ва минтақадаги давлатлар бунга нисбатан умумий позиция билдириши керак. Иккинчи ёндашув эса МО масаласи буюк давлатлар ўртасидаги музокараларда аввалдан мавжуд бўлгани, демак, минтақадаги давлатлар доимо йирик кучлар сиёсатининг объекти бўлиб келганини таъкидлайди.
Менимча, масалага бундай бинар ёндашиш тўғри эмас. Аввало, халқаро муносабатларда субъектлик ва объектлик ўртасидаги чегара нисбий ва вазиятга боғлиқ. Масалан, айрим МО раҳбарларининг Россияни "катта ака" сифатида қабул қилиши минтақадаги кучлар иерархиясини ҳамда сиёсий муносабатларнинг асимметрик хусусиятини кўрсатади. Филиппо Коста Буранелли бу ҳолатни negotiated hegemony — "келишилган гегемония" деб атайди. Яъни, гегемон давлатнинг устунлиги мавжуд бўлса-да, минтақавий давлатлар уни шунчаки қабул қилмайди, балки ўз манфаатлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, ушбу иерархияни музокара қилади, унга мослашади ёки унинг доирасида ўз таъсирини сақлашга ҳаракат қилади.
Бошқа томондан, Тимур Дадабаев халқаро муносабатларда сукут сақлашнинг ўзи ҳам стратегик субъектлик (agency) шакли бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Яъни, давлатнинг муайян масалада очиқ позиция билдирмаслиги унинг йирик давлатлар талабларига сўзсиз бўйсунаётганини англатмайди. Баъзан сукут — танлов, баъзан эса очиқ баёнотдан кўра самаралироқ дипломатик восита.
Шу боис, менимча, асосий савол МО давлатлари субъектми ёки объектми, деган масалада эмас, балки улар ўзлари учун мавжуд бўлган асимметрик халқаро муҳитда қандай ҳаракат қилишмоқда, қайси масалаларда музокара олиб бориш, қайси ҳолатларда мослашиш ва қачон сукут сақлашни танлашмоқда?
👉🏿 https://t.me/otabek_akromov