Бутун йўл давомида Стотский гапиришдан тўхтамади, гарчи тан олиш керак, у ҳушёр пайтда маст ҳолатдагидан унча гапдон эмасди, баъзида менга ҳам сўз қотишга имкон берарди. Шу боис бу сафар мен қўрққанимдек ёмон ўтмади – ҳатто Артём менга жой топиб берди ва ўтиришга мажбур қилди. Автобусдан тушаётганимизда Стотский биринчи бўлиб зинадан тушди ва менга қўлини чўзди, тўғриси унга нима кераклигини билмадим. Ўша ондаёқ бекатда Матвеев пайдо бўлди ва мен дарҳол Артёмнинг қўлидан маҳкам ушлаб, тротуарга тушдим. Стотский эса кафтимни қўйиб юборишни ҳам ўйламади. Ён томондан қараганда биз гўё ошиқ-маъшуқ жуфтликдек кўрингандик.
– Салом, болакай, – деди Стотский, Матвеевни кўриб.
Артёмнинг кўзида ёмон бир ифода пайдо бўлди. Худди шундай қаҳрли оҳанг Данянинг нигоҳида ҳам акс этди, у бизга шундай қарадики, гўё биз унга бирон катта ёмонлик қилгандек.
– Тентаклар билан саломлашмайман, – деди Клоун, нима учундир менга қараб. У шундай синчков тикилдики, мен ҳам ўзимни йўқотиб, қўлимни Артёмнинг чангалидан чиқариб олишга уриндим.
– Сен бир кунмас бир кун ўз жазойингни оласан, – деб таҳдид қилди Стотский. – Анча вақтдан бери мени асабимга тегиб юрибсан.
– Истасанг, яна бир марта… – деди Даня , аммо мен уни тўхтатиб қолдим:
– Тўхтанг-тўхтанг, йигитлар! Бир оз танаффус! Агар урушмоқчи бўлсангиз, мени аралаштирманг.
– Қизнинг, айниқса шундай гўзалликнинг ҳоҳиши биз учун қонун, – кулиб қўйди Артём.
Шу тариқа биз денгиздаги кемалардек йўлларимизни ажратдик. Фақат Даня муштларини қаттиқ тугиб, уларни тезда жинси курткасининг чўнтагига тиқди.
– Нега тинчгина яшай олмайсизлар? – дедим жаҳл билан Стотскийга, ундан иложи борича узоқроқ юришга ҳаракат қилиб.
– Чунки у тентак ўзини жуда катта кўради. Сизлар учрашиб юрганмисиз? – бирдан сўради Артём.
– Болалигимизда бирга “каша-маша” қилардик, – дедим мен кулиб. – Лекин агар сенинг “учрашиш” деганинга келсак, йўқ, учрашмаганмиз.
– Ғалати. У сенга худди мен ўз собиқ севгилимга муносабатда бўлгандек қарайди, – тўсатдан тан олди Артём.
– Бу қандай?
– Рашк қиламан. У мени ташлаб кетган, лекин мен уни ҳануз унутолмайман. Эҳ, гўзал, фақат буни ҳеч кимга айтма! – деди Артём, менга кўз қисиб, худди ўзини ўйноқи кўрсатмоқчи бўлгандек.
Орадан кўп ўтмай, биз уйларимизга тарқалиб кетдик – мен учун бу катта енгиллик бўлди. Фақат Артёмнинг айтган гаплари қулоғимда тинмай жаранглаб турарди. Рашк? Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Матвеев мени рашк қилмайди.
Ўнинчи синфга ўтганимизда Клоун синфдаги “энг зўр йигит” сифатида қараладиган бўлди. У янада бўй чўзди, етилди, соқол олишни бошлади, доим спорт залига қатнарди ва ҳатто БМХ велосипедини ўрганишга ҳам киришди. Ёмон чиқмасди, лекин мен атайин уни “халта” деб атардим. Лекин у ҳали ҳам хотиржам эмасди – бир марта туғилган кунида унга совға бермаган эдим, у мени ҳатто табрикламади ҳам. Баҳона қилиб, ўша куни мусобақага борганини айтди. Лекин телефон қилиб қўйса бўлмасмиди?!
Ўнинчи синф охирига келиб, мен ундан бутунлай кўнглимни совутдим – аммо шу билан бирга тушундимки, у жуда чиройли ва ўзига тортадиган йигит эди. Ҳар сафар ёнимда бўлса, унга тегиб кўргим келарди, лекин бунга ҳеч қачон йўл қўймадим. У билан гаплашгим келарди, аммо ёки жим қолардим, ёки киноя қилардим. Унга қарагим келарди, лекин қарамасдан қочиб кетардим, ўзимни ичимда койирдим. Ва яна мен уни даҳшатли тарзда рашк қилардим – янги дўстларидан, қиз дўстларидан, ҳатто оддий синфдош қизлардан ҳам. Чунки улар ҳам менинг кўзларимдек уни синфнинг энг кучли, энг машҳур йигитларидан бири сифатида кўра бошлашганди.
Илгари яқин дўстми, душманми билмасдик, ҳар куни бирга вақт ўтказардик. Энди эса биз бегонага айлангандик. Бизни фақат ўтмиш боғларди. Энди бир синфда ўқиб, ёнма-ён уйда яшардик, холос. Энди “ДаняДаша” йўқ эди. Мен эса аста-секин “ҳар доим бирга бўлиш” нималигини унутаётган эдим.
Бир куни бизнинг тарбиячимизни учратдим. У мени қучоқлаб, энг биринчи Даня ҳақида сўради.