«Нефтчи»даги можаро: футболчи хато қилди, аммо мураббийнинг масъулияти қаерда?
«Нефтчи» — «Трактор» учрашувининг сўнгги сонияларида ўтказиб юборилган гол, Одиловнинг жароҳатланган жамоадошига биринчи ёрдам кўрсатишга уриниши, айнан у ёпиши керак бўлган ҳудуддан гол ўтказиб юборилиши ва ўйиндан кейинги можаро жамоатчиликда турли фикрларни келтириб чиқарди.
Аввало, футбол ҳиссиётларга бой ўйин. Футболчи ҳам, мураббий ҳам баъзан ҳиссиётларини жиловлай олмаслиги мумкин. Одиловнинг футболкасини ечиб, майдонга отиши оқланадиган ҳаракат эмас. Бу — интизом бузилиши.
Бироқ футболда муҳим бир тамойил бор: ғалабада футболчиларнинг ҳиссаси эътироф этилади, мағлубиятда эса мураббий жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Мураббий омма олдида футболчиларини ҳимоя қилиши, танқид ва масъулиятни биринчи навбатда ўзига олиши керак. Кийиниш хонасида эса интизом масаласини қандай ҳал қилишни ўзи билади. Аммо мағлубият учун айбни алоҳида футболчига юклаш — нотўғри ёндашув.
Бу Ислам Исмоилов фаолиятидаги биринчи шундай ҳолат эмас. U17 жаҳон чемпионатида Аслбек Алиев қизил карточка олганидан кейин мураббийнинг унга нисбатан муносабати ҳам эсимизда. Ўша пайтда футболчи атиги 17 ёшда эди. Ёш футболчига нисбатан бундай муносабатни оқлаш қийин.
Жаҳон футболида ҳам бундай зиддиятлар кўп учраган. Сэр Алекс Фергюсон билан Дэвид Бекхэм ўртасидаги машҳур «бутса» воқеаси бунга мисол. 2003 йилда «Арсенал»дан учралган мағлубиятдан кейин кийиниш хонасида Фергюсон тепган бутса Бекхэмнинг қошини ёрган. Орадан бир неча ой ўтиб, у «Реал»га сотилган.
Жозе Моуриньо эса «Реал»да клуб капитани Икер Касильясни асосий таркибдан чиқариб, захирага ўтқазди. Бу ҳам жамоа ичидаги зиддиятларни кучайтирган воқеалардан бири бўлди. Эътибор беринг, бундай низолар майдонда эмас, асосан жамоа ичида ҳал қилинган.
Бошқа ёндашувга 2024 йилдаги Юрген Клопп ва Муҳаммад Салоҳ ўртасидаги можарони мисол қилиш мумкин. «Вест Хэм»га қарши ўйинда улар захирадан майдонга тушиш олдидан тортишиб қолишди. Салоҳ журналистларга «Гапирсам, олов чиқади», деган мазмунда жавоб берди. Кейинчалик Клопп можаро кийиниш хонасида ҳал қилинганини айтди.
Албатта, ҳеч бир футболчи жамоадан устун эмас. У Месси ёки Роналду бўлса ҳам. Одиловга нисбатан интизомий чора кўрилиши, захирага олиниши мумкин. Аммо бу уни омма олдида камситиш ёки ҳақорат қилиш керак дегани эмас.
Мураббийнинг фақат натижаси эмас, футболчилар билан ишлаш маданияти ҳам баҳоланиши шарт. Айниқса, ёшлар жамоасида. ПФЛ директори ҳам аввалги U17 воқеасидан кейинги интервьюсида Исмоиловнинг футболчиларга муносабати ва уларни омма олдида камситиш масаласини тилга олган эди.
Яна бир савол: нега ҳеч бир медиа вакили Жамшид Искандаровнинг тўпни ён чизиққа чиқариш ўрнига орқага — Одиловга қайтарган қарорини ҳам муҳокама қилмаяпти? Ахир голга олиб келган вазиятда бу эпизод ҳам таҳлилга арзийди.
Матбуотда можаро кийиниш хонасида ҳам давом этгани, Одилов мураббий томон буюм отгани ҳақида хабарлар тарқалди. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, бу алоҳида интизомий масала. Бироқ жамоа ичидаги низоларни оммага сиздириш ҳам жамоа муҳитига зарар етказади.
Хулоса шуки: менинг назаримда, Исмоиловнинг асосий муаммоси — ҳиссиётларини бошқариш ва муваффақиятсизлик учун масъулиятни ўз зиммасига олишдаги ёндашувида. Мураббийлик фақат тактика ва натижа эмас, балки психология ва инсонлар билан ишлаш санъати ҳамдир.
Ёш футболчилар мураббийдан қўрққани учун ҳақоратларга индамаслиги мумкин. Аммо тажрибали ва ўз қадрини биладиган футболчи бундай муносабатни қабул қилмаслиги ҳам табиий.
Одиловнинг ҳаракатини оқламайман. Лекин мураббийнинг хатоларини ҳам футболчининг хатоси билан беркитиб бўлмайди.
Мураббий майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам жамоасининг ҳимоячиси бўлиши керак. Отиладиган тошни бошқаларга эмас, биринчи навбатда ўзига қабул қилиши лозим.
@referee_time