Банк ва суғурта хизматлари бўйича мурожаатлар ўрганилиб, маблағларнинг қайтарилиши таъминланди
🏦 Банк ва суғурта хизматларидан фойдаланишда истеъмолчилар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Рақобат қўмитасининг доимий эътиборида. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан кредит ажратишда мажбурий суғурта, муддатли тўлов, суғурта товони, пул ўтказмалари ва банк шартномалари бўйича келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилди.
Хусусан:
📍Республика:
Рақобат қўмитасига фуқаро У. Ё томонидан “CROSS PAY” АЖ фаолияти юзасидан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда фуқаро банк картасидан 25 млн 200 минг сўм маблағ ноқонуний ечиб олинганидан норозилик билдириб, ушбу маблағни қайтаришда амалий ёрдам сўраган.
➡️ Қўмита томонидан мурожаатда қайд этилган ҳолат ўрганиб чиқилиб, натижада истеъмолчининг 25 млн 200 минг сўм маблағи нақд пул шаклида қайтарилиши таъминланди.
➡️ Шунингдек, яна бир ҳолатда фуқаро М. Тнинг “CROSS PAY” АЖ томонидан банк картасидан ечиб олинган 5 млн 620 минг сўм маблағи ҳам Қўмита аралашуви билан пластик картасига қайтарилди.
Натижада, Рақобат қўмитаси аралашуви билан икки нафар истеъмолчининг жами 30 млн 820 минг сўм маблағи қайтарилишига эришилди.
📍Қорақалпоғистон Республикаси:
“Агробанк” АТБ Беруний филиали томонидан бешта фермер хўжалигига 2024–2025 йилларда ажратилган кредитларни қайтармаслик хатарини суғурталаш бўйича шартномалар фақат “My Insurance” АЖ билан мажбурий расмийлаштирилган.
Махсус комиссиянинг мазкур ҳолатни “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси бузилиши деб топиб, қонуннинг 42-моддасига асосан банкка молиявий жарима қўллаш бўйича Нукус туманлараро Иқтисодий судига киритган даъво аризаси Қўмита фойдасига қаноатлантирилди.
📍Жиззах вилояти:
Фуқаро “Agrobank” АТБнинг “Open” иловаси орқали муддатли тўловга маҳсулот харид қилган ва 12 ойда жами 6,5 млн сўм тўлаши лозим бўлган. Бироқ уни огоҳлантирмасдан суғурта муддати 3 йилга расмийлаштирилиб, қўшимча тўловлар киритилган.
Ҳудудий бошқарма аралашуви билан суғурта тўловининг муддати тўғирлаб берилди.
📍Навоий вилояти:
Фуқаро “Миллий банк”дан автокредит олиб, автомобил харид қилган ва “Gross Sug‘urta Kompaniyasi” АЖ билан суғурта шартномаси тузган. Автомобил йўл-транспорт ҳодисасига учрагани боис, етказилган зарарни қоплаш учун суғурта ташкилотига мурожаат қилган, аммо суғурта товонини олиш масаласи ҳал бўлмаган. Шундан кейин у Рақобат қўмитасига мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан кўрилган чоралар натижасида “Gross Sug‘urta Kompaniyasi” АЖ томонидан 7,5 млн сўмга яқин суғурта товони автокредит бўйича мажбуриятларни сўндириш учун ҳисобвараққа ўтказиб берилиши таъминланди.
📍Қашқадарё вилояти:
Россия Федерациясидан фуқарога юборилган пул ўтказмаси "Unversalbank" АТБ Қарши филиали томонидан икки ой давомида берилмаган.
Ҳудудий бошқарма аралашуви билан фуқаронинг 37 миллион сўмдан ортиқ маблағи тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
📍Тошкент вилояти:
Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаронинг TBC банк иловаси орқали 2 млн сўмлик ўтказмаси техник сабабларга кўра бекор қилинган, аммо пул қайтарилмаган.
Фуқаро мурожаати ўрганилиб, 2 млн сўм унинг банк пластик картасига қайтариб берилиши таъминланди.
🔎 Рақобат қўмитаси банк ва суғурта хизматлари соҳасида истеъмолчилар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларни изчил давом эттиради.
Telegram | Press_service | Facebook | Instagram | YouTube