ХАРОБ БЎЛДИ Бу дунёнинг кўзи энди ёшланмайди Ва таваккал қилиб қадам ташланмайди. Тунга чодир тикмас энди хаёллари, Тонглар ишқий режа билан бошланмайди. Шеър – шаккоклик, энди илҳом шароб бўлди, Хароб бўлди, жоним, дунё хароб бўлди. Бу дунёнинг дили энди ғаш бўлмайди, Шошилмайди, ҳеч қаерга шошилмайди. Кўз-кўз қилиб яшамайди омадини, Хатосини одамлардан яширмайди. Шеър – шаккоклик, энди илҳом шароб бўлди, Хароб бўлди, жоним, дунё хароб бўлди. Бу дунёнинг ошиғига ўт тушгандай, Кўрмасликка олиб, боқмай ўтишгандай. Бири тобут ясаб, бири кафан бичиб, Гўё ёниб тугашимиз кутишгандай. Шеър – шаккоклик, энди илҳом шароб бўлди, Хароб бўлди, жоним, дунё хароб бўлди. Бу дунёнинг қути учди, қарғиш урди, Бўза қуйдим, дун бир сопол идиш бўлди. Ютум бўлди бу дунёнинг бор ҳикмати, «Қулт-қулт» қилиб фақат ичга ютиш бўлди. Шеър – шаккоклик, энди илҳом шароб бўлди, Хароб бўлди, жоним, дунё хароб бўлди. Ой – тунчироқ, ўн беш кунда куяди у, Қуёш – кўзга тортилган мил. Қияди у. Умр армон экан, чексиз армон экан, Севги давру даврон экан. Тугади у. Шеър – шаккоклик, энди илҳом шароб бўлди, Хароб бўлди, жоним, дунё хароб бўлди. Бу дунёнинг энди қайтмас кенгликлари, Ошиқ йигит шўхлиги-ю қиз кеклари. Бирга-бирга Самарқандни соғинардик, Ўртанардик, қўмсар эдик биз илгари. Шеър – шаккоклик, энди илҳом шароб бўлди, Хароб бўлди, жоним, дунё хароб бўлди. Бу дунёнинг энди ўчоқ-қозони йўқ, Тутун ўрлаб бораётган осмони йўқ. Қайта-қайта бордим ота уйимга, лек Овул қалбга бир бор қадам босқони йўқ. Шеър – шаккоклик, энди илҳом шароб бўлди, Хароб бўлди, жоним, дунё хароб бўлди. Бу дунёнинг қибласи қай тарафдадир? Ибронийми, оромийми, арабдадир? Бу дунёни билмадиму, менинг қиблам Ўша дудоқ, ўша лабу садафдадир. Шеър – шаккоклик, энди илҳом шароб бўлди, Хароб бўлди, жоним, дунё хароб бўлди. Энди босмас бу дунёнинг ҳаяжони, Ҳур туйғулар талоқ қилди бу дунёни. Гулоб қилиб ичган эди Мир Алишер, Сўнг Бек Али ароқ қилди бу дунёни. Шеър – шаккоклик, энди илҳом шароб бўлди, Хароб бўлди, жоним, дунё хароб бўлди. Бу дунёнинг энди сендай зебоси йўқ, Латофати, шарму ҳаё, ибоси йўқ. Эй Худойим, назм ичра яланғочман, Бу замоннинг кўнглимга мос либоси йўқ? Шеър – шаккоклик, энди илҳом шароб бўлди, Хароб бўлди, жоним, дунё хароб бўлди. Бек АЛИ 2026 йил. Ноябрь. Telegram | Facebook | Instagram| YouTube
Открыть в TelegramДинамика просмотровСкрыть динамику
Рост просмотров
Часов после публикации
Показать таблицей
| Часов после публикации | Просмотры |
|---|---|
| 0 ч | 0 |
| 14 ч | 142 |
| 31 ч | 194 |
- Через 24 часа194
- Всего сейчас194











