Ҳуқуқ ва қонун ўлди, биродарлар!
Сурхондарё вилояти ҳокимига қўнғироқ қилиб, юқори мартабали комил инсоннинг номидан фойдаланган шоввоз 3,1 йилга озодликдан маҳрум қилинибди. Мен бу шахснинг ҳатто кимлигини ҳам билмайман: экоқўмитада департамент директори экан. Демак, Ўзбекистондаги ички бошқарув ва конъюктурани яхши билади.
Тарқатилган расмий хабарда бу шахснинг товламачилик ва ҳокимиятга бўйсунмасликда айблангани айтилади. Аммо воқеалар баёнига кўра, йигит вилоят ҳокимига “Администрациядан Комилман, тадбиркорнинг фалон муаммосини ҳал қилиб беринг!” деган. Шу жиноят учун 3,1 йил, боз устига судланувчи хатти-ҳаракатларига ёпишмаган моддалар билан айбланибди.
Модда мазмунига қаралса, Сурхондарё ҳокими комил инсоннинг таҳдидидан калавасининг учини йўқотиб қўйиши, мураккаб аҳволда қолиши лозим эди. Бу борада Generallisimus канали яхши пост қолдирибди!
***
Экология қўмитаси департамент директори иши бўйича ЖИНОЯТ ТАРКИБИ БОРМИ?
⚖️ Чилонзор туман суди 2026 йил 2 ноябрда И.Д.ни ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) ва 219-моддаси 2-қисми билан айбли деб топиб, 3 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилди. Лекин ҳукмнинг ўзида келтирилган далиллар бу айбловга жиддий савол туғдиради.
❓ 1. Товламачиликда таҳдид қани? Товламачилик мажбурлашга асосланади: жабрланувчи қўрқитилади ёки иложсиз аҳволга солинади. Ҳукмда эса судланувчи ҳокимга «амалий ёрдам керак» деб илтимос қилгани ёзилган. Ҳеч қандай таҳдид, огоҳлантириш ёки оқибат ҳақида гап бўлмаган.
❓ 2. Қайси мулк талаб қилинган? Кўп қаватли уй қуришга рухсат бериш маъмурий қарордир. Бу ҳокимнинг шахсий мулки ёки мулкий ҳуқуқи эмас. Ҳокимнинг ўзи эса ҳеч қандай мулкий зарар кўрмаган.
❓ 3. Ғаразли мақсад исботланганми? Гувоҳнинг кўрсатувига кўра, судланувчи бу ишдан ҳеч қандай манфаат олмаган. Пул ҳақида ҳам гап бўлмаган. Ғаразли мақсад товламачиликнинг мажбурий белгиси бўлгани учун у исботланмаса, таркиб ҳам бўлмайди.
❓ 4. Ҳоким мажбур бўлганми? Ҳукмга кўра, ҳоким суҳбатнинг ўзидаёқ рад жавобини берган ва тадбиркорга бошқа ер ажратишни таклиф қилган. Унинг иродасига таъсир ўтмаган. Қонунга хилоф ҳаракат ҳам содир этилмаган. Илтимосни рад этиш мумкин бўлган ҳолатни мажбурлаш деб бўлмайди.
💡 Хулоса Юқори мансабдор номидан ўзини таништириш ахлоқий жиҳатдан қораланиши мумкин. Аммо ҳимоя нуқтаи назарича, таҳдид, мулкий талаб, ғаразли мақсад ва мажбурлаш оқибати бўлмаган ҳолатда товламачилик ҳам, 219-модда бўйича жиноят ҳам таркиб топиши мумкинми?
Очиғи, мен ўқиган Жиноят кодексида бошқача ёзилганди ёки адашяпманми? Тағинам катталар билгучи!
@u_generalissimus