Posts of Негатив канали
БОБОНИНГ НАБИРАСИГА МАКТУБИ БУТУН МАМЛАКАТ УЧУН УЙ ВАЗИФАСИГА АЙЛАНМОҚДА Президент Шавкат Мирзиёев Иорданияга учиб кетаётганида набираси Шавкатбекка хат ёзибди. Президентнинг қўлига ручка олиб, мактуб битаётган суратлари ҳам эълон қилинди. Бобонинг набирасига насиҳат қилиши, уни илм олишга, ҳалол меҳнат қилишга, эл-юрт корига ярайдиган инсон бўлишга ундаши — табиий ҳол. Ҳар бир бобо ўз набирасига яхшиликни раво кўради. Аммо бу воқеанинг давоми менга негадир Совет Иттифоқи даврини эслатиб юборди. Президентнинг набирасига ёзган мактубини таълим муассасаларида кенг тарғиб қилиш бошланибди. Университетларда махсус маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. «Негатив»га келаётган маълумотларга кўра, айрим таълим муассасаларида мактубни ўқиш, ёд олиш ва мазмунини ўқувчи ҳамда талабаларга етказиш бўйича топшириқлар ҳам берилган. Хўш, бобонинг набирасига ёзган шахсий мактуби қачондан бери бутун мамлакат учун уй вазифасига айланди? Совет даврида яшаган авлод яхши эслайди: бизга Лениннинг болалиги, унинг қандай ўқигани, қандай яшагани, болаларга ёзган хатлари ва насиҳатлари ўргатиларди. Сиёсий раҳбарни нафақат давлат арбоби, балки барча учун ахлоқий намуна сифатида кўрсатиш совет мафкурасининг муҳим хусусиятларидан бири эди. Бугунги воқеалар ўша даврни эслатмаяптими? Масаланинг яна бир, анча жиддий ижтимоий томони бор. Президентни ҳамма ҳам яхши кўришга мажбур эмас. Жамиятда давлат раҳбарининг фаолиятидан мамнун инсонлар билан бир қаторда, ундан норози бўлганлар ҳам бор. Иқтисодий қийинчиликлар туфайли зўрға кун кечираётган, йиллар давомида уй-жойсиз юрган, фарзандини даволатишга пул тополмай, кўз ёши билан одамлардан ёрдам сўраётган оилалар бор. Уларнинг айримлари ўз бошига тушган ташвишлар учун президентни ҳам масъул деб ҳисоблаши мумкин. Энди тасаввур қилинг: ана шундай оиланинг фарзандига президентнинг ўз набирасига ёзган хатини ёд олиш бўйича топшириқ берилса, у бу топшириқни қандай ҳис-туйғулар билан бажаради? Маоши рўзғорига етмаётган ўқитувчи-чи? Ижара ҳақини тўлашга қийналаётган талаба-чи? Бундай мажбурият уларнинг қалбида президентга нисбатан ҳурмат уйғотадими ёки аксинча, давлат идораларига нисбатан норозилик ва ишончсизликни янада кучайтирадими? Журналист Илёс Сафаров ҳам ушбу мавзуга муносабат билдирибди. У мактубни самимий ва таъсирчан деб баҳолаган, ҳатто фарзандлари тарбиясида фойдаланиш мумкин бўлган айрим жиҳатларини қайта ўқиганини айтган. Бироқ у ҳам мактуб асосида университетларда махсус машғулотлар ўтказилиши ва, унинг ёзишича, Қонунчилик палатаси спикерининг депутатларга мактубни ўрганишни тавсия қилганини ортиқча расмиятчилик деб ҳисобламоқда. Сафаровнинг фикрича, бундай хатти-ҳаракатлар мактубнинг самимийлигини йўқотиб, президент имижига тескари таъсир кўрсатиши мумкин. Энди масаланинг бироз кулгили томонига ўтайлик. Қизиқ, президентнинг набирасига мактуб ёзиш ва бу жараённи суратга олиб, оммага намойиш этиш ғояси кимдан чиқди экан? Сунъий интеллект, электрон почта, Telegram ва WhatsApp замонида президент қўлига ручка олиб, қоғозга хат ёзиб ўтирибди. Яхшиямки, хатни конвертга солиб, елимлаб, марка ёпиштириб, почта қутисига ташлаганини ҳам намойиш этишмабди! Ҳали биронта ташаббускор рассом чиқиб, «Муҳтарам Шавкат Миромонович суюкли набирасига мактуб битмоқда» деган ка-а-атта полотно чизиб қолса-я! Рус рассоми Илья Репиннинг «Запорожлик казаклар турк султонига хат ёзмоқда» деган машҳур картинаси бўларди. Энди бизда ҳам шундай тарихий санъат асари пайдо бўлармикин? Уни худди «Мона Лиза» каби улуғлаб, биронта музейнинг тўрига осиб қўйишармикин? Йўғ-э, оддий музей камлик қилар. Ислом цивилизацияси марказининг энг катта залига ўрнатишар, эҳтимол! Сўнгра мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг ушбу тарихий полотно билан яқиндан танишишларини таъминлаш бўйича ҳам топшириқ берилар... Албатта, булар киноя. Аммо таълим муассасаларида президентнинг шахсий мактубига бағишланган махсус тадбирлар ўтказилаётгани киноя эмас. Таълим муассасаларининг асосий вазифаси ёшларга сифатли билим бериш, уларни мустақил ва танқидий фикрлашга ўргатишдан иборат. Депутатларнинг вазифаси эса халқнинг манфаатларини ифода этиш, қонунлар устида ишлаш ва аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим излашдир. Президентга нисбатан ҳурмат унинг хатларини ёдлатиш билан эмас, одамларнинг турмушини яхшилаш, адолатни таъминлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш билан қозонилади. Бобонинг набирасига ёзган хати бобонинг набирасига ёзган хатлигича қолсин. Президентнинг набирасига ёзган мактубини ўрганишга киришган амалдорлар халқнинг президентга ёзган, аммо ҳануз жавобсиз қолаётган мактубларини ҳам бир ўқиб чиқишса, ёмон бўлмасди.
Open in TelegramТУНГИ СОАТ ИККИГАЧА ҚАБУЛ: ФИДОЙИЛИКМИ ЁКИ ТАРТИБСИЗЛИК? 2026 йилнинг 8 август куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги «Ўзэкспомарказ» биносида Олий суд раисининг сайёр қабули бўлиб ўтган экан. Ўша куни менинг қариндошларимдан бири ҳам Олий суд раиси Робахон Маҳмудованинг қабулига борган эди. У тунги соат 00:35 да қабулга кириб, 45 дақиқа давомида ўз дардини баён қилган. Тунги соат 01:20 да қабулдан чиққан қариндошимдан кейин яна йигирма нафарча одам ўз навбатини кутиб ўтирган экан. Балки кимлардир Олий суд раисининг тунги соат иккидан ўтса ҳам фуқароларни қабул қилганини фидойилик, халқпарварлик, ўз вазифасига садоқат намунаси сифатида баҳолар. Мен эса буни давлат бошқарувидаги тартибсизлик деб ҳисоблайман. Давлат идорасининг белгиланган иш вақти бўлиши керак. Эрталаб соат саккизда иш бошландими, кечки соат бешда тугасин. Тамом! Ходим уйига бориши, оиласи билан вақт ўтказиши, дам олиши ва кейинги иш кунига тайёрланиши керак. Ахир давлат хизматчиси ҳам инсон. Унинг ҳам жисмоний ва руҳий имкониятлари чегараланган. Эрталабдан буён юзлаб одамларнинг шикоятларини тинглаган судья тунги соат иккида фуқаронинг мураккаб ҳуқуқий муаммосини қанчалик диққат билан ўргана олади? Бундай шароитда қандай иш самарадорлиги ҳақида гапириш мумкин? Қолаверса, гап оддий қоғозбозлик ҳақида эмас, инсонларнинг тақдири ҳақида кетяпти! Масаланинг яна бир томони бор. Нега фуқаро ўз дардини Олий суд раисига етказиш учун тунги соат биргача, иккигача навбат кутиб ўтириши керак? Унинг ҳам оиласи, иши, саломатлиги, дам олиш ҳуқуқи бор-ку! Қабулга келувчилар кўпми? Қабул кунларини кўпайтиринг. Одамларни олдиндан рўйхатга олинг. Ҳар бир мурожаатчига қабулнинг куни ва соатини белгилаб беринг. Фуқаро белгиланган вақтда келсин, дардини айтсин ва уйига қайтсин. Бунинг учун XXI асрда барча ташкилий ва технологик имкониятлар мавжуд. Афсуски, Ўзбекистонда тартибсизликни фидойилик, ишни тўғри ташкил қила олмасликни эса меҳнаткашлик сифатида кўрсатиш одат тусига кириб бормоқда. Ярим тунда мажлис ўтказган амалдорни “Фидойи!” дейишади. Дам олиш куни ходимларини ишга чақирса — меҳнаткаш деб улуғлашади. Тунги соат иккигача фуқароларни қабул қилса — халқпарвар деб таъзим қилишади. Хўш, унда меҳнат маданияти, иш интизоми, инсоннинг дам олиш ҳуқуқи, давлат идораларининг иш самарадорлиги деган тушунчалар қаерда қолади? Мен Олий суд раисининг тунги соат иккигача ишлашини истамайман. Мен туман, вилоят судлари шундай ишлашини истайманки, минглаб одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш учун Олий суд раисининг қабулига боришга мажбур бўлмасинлар. Давлат алоҳида мансабдорларнинг қаҳрамонлиги эвазига эмас, тўғри ташкил этилган тизим асосида ишлаши керак. Бугун Ўзбекистонда давлат идораларида иш вақти тугасада, ҳамма рахбарнинг кетишини кутар экан. “Биринчи ҳали хонасида. Қара, чироғи ёниб турибди! Ўша хонанмнг чироғи ўчса, кейин кетамиз” деган гаплар бугун оддий эшитилар экан Ўзбекистонда.. Давлат идораларида чироқларнинг тонггача ёниб туриши тараққиёт белгиси эмас. Тараққиёт — давлат идорасидаги чироқлар кечки соат бешда ўчганида ҳам, фуқаронинг давлатдан норози бўлиб уйига қайтмаслигидир.
Open in TelegramForwarded from Abdurahmon Tashanov
Китобдаги аянчли ҳодиса: қонун камбағалга келса ишламайдими? Бугунги ҳукуматнинг бош шиори — “Инсон қадри”, “Қонун барчага баробар”. Лекин амалда бунинг аксини кўряпмиз-да, биродарлар. Тасаввур қилинг, бирор ҳокиму ҳукамонинг боласига зарар етса ёки фожиали ўлим топса, қандай қирғибарот содир бўлади? Кимлар оёққа турмайди, аммо бир оддий фуқаронинг аянчли ўлими ҳеч кимга қизиқ эмас. 2026 йилнинг 24 август куни Қашқадарё вилояти Китоб тумани Севаз маҳалласи ҳудудида содир бўлган мудҳиш воқеани айтиб беришди. Ижарачи Х.М. томонидан экилган кунгабоқарни йиғиштириб, уни янчиш давомида эндигина 16 ёшни қаршилаётган ўсмир Ғ.А. кунгабоқарни қўлбола янчиш ускунасига тушиб кетибди. Хўш, бу нохуш ҳодиса нега содир бўлди, вояга етмаган бола кимнинг рухсати билан дала меҳнатига жалб қилинди, ижарачи томонидан нега техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмади каби кўплаб саволлар очиқ турибди. Маълум бўлишича, Китоб тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Х.М.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақидаги тилхат қўлланилган. Бироқ, воқеа содир бўлганига 3 ой бўлган бўлса-да, тергов натижаси нима бўлганидан жабрланувчиларнинг хабари йўқ. Кейин эшитишимизча, жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисми билан тугатилибдимиш, бунга ҳам бир парча расмий қоғоз йўқ. Қабоҳатдан қадди дол бўлган ўсмирнинг яқинлари маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қатнайвериб тинкаси қуриган, аммо улардан жўяли бир жавоб йўқ. Маҳалладагилар бу сукунатни айбланувчининг амакиси кўп йиллар Китоб тумани ИИБда раҳбари муовини бўлиб ишлагани билан таъбир қилмоқда. Боланинг отаси тирикчилик учун Россияга кетганди, бола эса репетиторга пул топиш учун хавфли ишга рози бўлган экан. Сурхондарёнинг Шўрчисида симёғоч устида эҳтиётсизлик оқибатида қоврулиб қолган йигит, унинг етим қолган фарзандлари хусусида ёзгандим, ҳамма жим. Энг аянчлиси, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг раҳбарлари генераллар, эҳтимол шунинг учун у ерларда ҳеч ким қонундан қўрқмас, билмайман. Даҳшатли фожеа гувоҳларининг аянчли манзарага оид гапларини такрорлаб, кўнглингизни хуфтон қилмоқчиманман, буларга ҳам боққан бало бордир.
Open in TelegramForwarded from Alimoff
Ўзбеклар Россияга ишлаш учун камроқ кетяпти. Лекин Россия ҳали ҳам биринчи ўринда 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқаролари Россия чегарасини ишлаш мақсадида 1 миллион 178 минг марта кесиб ўтган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,2 фоизга кам бўлган. Лекин бир нюанс бор. Бу 1,17 миллион нафар алоҳида одам дегани эмас. Россия статистикаси чегарадан кириш ҳолатларини ҳисоблайди, битта одам бир неча марта кирган бўлса, ҳар бири алоҳида қайд этилади. Хужжат янгилаш учун ҳам шунчаки чегарадан ўтиб қайтилади. Шунга қарамай тренд кўриниб турибди. 2025 йилнинг биринчи ярмида бундай киришлар сони тахминан 1,358 миллион эди. Бир йилда қарийб 180 мингтага камайган. Лекин Ўзбекистон барибир Россияга ишлаш учун энг кўп фуқаро юбораётган давлат бўлиб қолмоқда. Иккинчи ўринда Тожикистон 494 минг, кейин Қирғизистон 289 минг билан келган. Ўзбек меҳнат миграцияси секин-секин бошқа давлатларга ҳам тарқаляпти. 2025 йилда Европа Иттифоқидаги ўзбекистонлик ишчилар сони 13,2 фоизга, Туркияда эса 10,7 фоизга ошган. 2026 йил 1 июль ҳолатига Туркияда тахминан 70 минг, Жанубий Кореяда 102,2 минг Ўзбекистон фуқароси бўлган. Қизиғи бошқа жойда. Россияга ишлаш учун боришлар 13,2 фоизга камайган бўлса ҳам, Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари биринчи ярим йилликда аксинча 8,8 фоизга ошган экан. Яъни Россияга камроқ одам кетяпти, лекин у ердан кўпроқ пул келяпти. Бунинг бир нечта сабаби бўлиши мумкин: иш ҳақларининг ўсиши, рубль курси, мигрантларнинг юқорироқ маошли ишларда қолиши ёки паст даромадли ишчиларнинг бир қисми Россияни тарк этаётгани. Россияда ишлашнинг муаммолари ҳам камайгани йўқ. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Миграция агентлиги чет элда маошини ололмаган 817 нафар ўзбекистонликнинг мурожаатини кўриб, иш берувчилардан 850 минг доллар ундириб берган. Шикоятларнинг энг катта қисми, 533 таси Россиядан келган. Менимча асосий тренд шу. Россия ҳали узоқ вақт Ўзбекистон учун энг катта меҳнат бозори бўлиб қолади. Тил бор, логистика осон, катта диаспора бор, иш топиш механизмлари аллақачон шаклланган. Лекин Россия энди ягона эшик эмас. Корея, Туркия, Европа ва бошқа бозорлар улуши ўсиб борса, меҳнат миграциясида ҳам ташқи сиёсатдагидек кўп векторли система пайдо бўлади. Битта давлат қонунни қаттиқлаштирса ёки иқтисодиётида муаммо чиқса, миллионлаб одамнинг даромади бирданига зарба емайди. 🌟@nurbekalimov
Open in TelegramForwarded from Uzdiplomat | Расмий канал
🔴Ипотека субсидиясига қабул қайта очиляпти ✔️Давлат қанча тўлайди ва кимлар ариза бериши мумкин? Эртага, 25 ноябрь соат 10:00 дан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризалар қабули қайта бошланади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, бу сафар аввал берилган, аммо белгиланган муддатда фойдаланилмаган субсидия хабарномалари ҳисобидан янги талабгорларга имконият яратилади. Давлат уй олиш харажатларининг икки қисмини қоплашга ёрдам беради: - Бошланғич бадал учун — 30 миллион сўм. Бу пул уйнинг бутун нархини ёки бошланғич тўловнинг ҳаммасини қопламайди. Харидор уй қийматининг камида 5 фоизини ўз маблағидан шакллантириши керак; банк талаб қиладиган бадалга қараб қўшимча маблағ ҳам зарур бўлади. - Кредит фоизининг бир қисми — дастлабки беш йил давомида. 2026 йилги дастурда ипотека фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми субсидия қилинади. Кредитнинг асосий қарзи ва фоизнинг қолган қисмини қарз олувчи тўлайди. Бир йилда неча марта берилади? Субсидия бир оилага — эр ёки хотинга — фақат бир марта берилади. У ҳар йили такроран олинадиган тўлов эмас. Аввал субсидиядан фойдаланган оила кейинги йил яна олиш учун мурожаат қила олмайди. Рад жавоби олган талабгор эса камчиликларни бартараф этиб, умумий тартибда қайта ариза бериши мумкин. 2026 йилги қабул 16 мартда бошланган, 25 ноябрда эса фойдаланилмаган имкониятлар ҳисобидан тикланмоқда. Ариза бериш учун талабгор 18–60 ёшдаги Ўзбекистон фуқароси бўлиши, ижтимоий мезонлар бўйича камида 30 балл тўплаши зарур. Ўзининг ва турмуш ўртоғининг номида республика бўйлаб турар жой бўлмаслиги, кредит тарихи эса иштирокчи банклардан камида бирининг талабларига мос келиши керак. Оиланинг ҳисобга олинадиган ўртача ойлик даромади қуйидаги чегараларда бўлиши лозим: Оиланинг ўртача ойлик даромади Қорақалпоғистон ва вилоятларда 3 миллион 672 минг сўмдан 10 миллион 880 минг сўмгача, Тошкент шаҳрида эса 3 миллион 672 минг сўмдан 12 миллион 512 минг сўмгача бўлиши керак. Даромад белгиланган чегарадан паст ёки юқори бўлса ҳам субсидия рад этилади. 2026 йилги дастурда давлат маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитининг энг юқори миқдори вилоятларда 380 миллион, Тошкент шаҳрида 480 миллион сўм этиб белгиланган. Йиллик режада бошланғич бадални қоплаш учун 30 мингта субсидияга 900 миллиард сўм кўзда тутилган. 25 ноябрда очиладиган қабул учун қолган субсидиялар сони эълонда алоҳида кўрсатилмаган. Ариза Давлат хизматлари маркази, myGov иловаси ёки my.gov.uz портали орқали топширилади. Ҳарбий тузилмалар ходимлари бевосита Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади. Ариза беришдан олдин OneID орқали банкларга кредит тарихини текширишга рухсат бериш, кредит тарихини олишга қўйилган чекловни эса олиб ташлаш керак. Акс ҳолда ариза рад этилиши мумкин. Субсидия тасдиқланиши кредит ҳам тасдиқланди дегани эмас. Банк оиланинг ойлик тўловларни бажара олишини алоҳида баҳолайди ва кредит бўйича якуний қарорни ўзи қабул қилади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Open in TelegramForwarded from Alimoff
Ўзбекистонлик оила депортациядан қочиб, 730 кун черковда яшабди Нидерландияда Ўзбекистондан кўчиб борган олти кишилик оила икки йил давомида черковдан ташқарига чиқмасдан яшади. Уларни депортациядан ҳимоя қилиш учун руҳонийлар 730 кун давомида, кечаю кундуз тўхтовсиз диний ибодат ўтказган. 21 ноябрь куни эса бу ғаройиб тарихда янги саҳифа очилди. Бабаянцлар оиласига черковни тарк этиш имконияти пайдо бўлди. Бу ҳақда Нидерландиянинг NL Times нашри хабар берди. Ҳаммаси 2014 йилда бошланган. Александр ва Карина Бабаянц икки фарзанди билан Ўзбекистондан Нидерландияга кўчиб бориб, сиёсий бошпана сўрайди. Оила бошлиғи ватанида таъқибга учрашдан қўрқишини билдирган. Бироқ Нидерландия миграция идоралари уларнинг бошпана сўраб берган аризаларини бир неча марта рад этади. Оила эса мамлакатда яшашни давом эттиради. Шу йиллар ичида яна икки фарзанд дунёга келади. 2024 йилда оилани Ўзбекистонга депортация қилиш хавфи яна пайдо бўлади. Уларга ёрдам бериш учун Кампен шаҳридаги Open Hof протестант черкови эшикларини очади. Нидерландия қонунчилигига кўра, полиция давом этаётган диний маросимни тўхтатиш учун черковга бостириб кира олмайди. Черков руҳонийлари айнан шу ҳуқуқий қоидадан фойдаланишга қарор қилади. 2024 йил 21 ноябрда ибодат бошланади. Руҳонийлар, кўнгиллилар ва черков аъзолари навбатма-навбат диний маросимни давом эттиради. Бири чиқса, бошқаси киради. Қўшиқлар айтилади, дуолар ўқилади, диний матнлар мутолаа қилинади. Ибодат бир дақиқага ҳам тўхтамаслиги керак эди. Акс ҳолда оилани депортация қилиш хавфи қайта пайдо бўларди. Шу тариқа бир кун бир ҳафтага, бир ҳафта бир ойга айланади. Орадан бир йил ўтади. Кейин иккинчи йил ҳам. Диний маросим жами 17 520 соат давом этади. Al Jazeera маълумотига кўра, оилани ҳимоя қилиш учун икки мингдан ортиқ кўнгилли жалб қилинган. Улар Нидерландиянинг турли шаҳарларидан, ҳатто хориждан келиб, ибодатларни давом эттиришган. Шу икки йил давомида Бабаянцлар оиласи черков ҳудудидан ташқарига чиқа олмаган. Болалар оддий мактабга бора олмагани учун ўқитувчилар черковнинг ўзига келган. Улар дўстлари билан учраша олмаган, кўчада бемалол ўйнамаган. Адвокат Инге Зёйдхук оиланинг Нидерландия билан боғлиқлиги ва болаларнинг шу мамлакатда улғайганига доир қўшимча далилларни тўплаб, яшаш рухсатномаси учун янги ариза топширади. Энди ариза кўриб чиқилаётган вақтда оила Нидерландияда қонуний қолиши мумкин. Шу сабаб 21 ноябрь куни черковдаги тўхтовсиз ибодат ниҳоят якунланди. Оила яқин кунларда давлат томонидан ажратиладиган бошпанага кўчиши кутилмоқда. Биздан нимага қочиб кетишганини сабаблари жуда мутний. Лекин энг қизиғи, нима сабаб кетган бўсаям ўша сабаблар ўз исботини топмагани учун шунча йил кутишибди. Энди шунчаки "болалари шу Голландияни юртим деб билишади уже" деган мотивда химоя тарафи ишлаятгани учун аризалари яна қабул қилинибди. 🌟@nurbekalimov
Open in Telegram