Терма жамоамиз Жаҳон чемпионатига тайёргарликни бир ой олдин бошлади. Бу тайёргарликнинг «бадали»ни эса клубларимиз халқаро майдонларда тўлаб беришяпти.
Фақат терма жамоани эмас, клубларни ҳам ўйлайдиган вақт келди.
Раҳбарларимиз шуни тушунишлари керакки, кучли терма жамоа, аввало, кучли клубларга боғлиқ.
Клублар халқаро майдонда салбий натижалар қайд этса, бу рейтингимизга таъсир қилади. Рейтинг пасайгани сари халқаро мусобақаларда иштирок этадиган клубларимиз сони ҳам қисқариб боради.
Клубларимиз халқаро майдонда қанча кам иштирок этса, шунча кўп футболчиларимиз юқори даражадаги халқаро тажрибадан четда қолади. Бу эса ёш ўйинчиларнинг ўсишига, тажриба тўплашига ва келажакда терма жамоага сифатли футболчилар етказиб бериш жараёнига ўз таъсирини ўтказади.
Яна бир жиҳат бор. Кўпчилик «тиғиз календарь бутун дунёда бор, бу қуруқ гап», дейиши мумкин. Бир томондан, бу тўғри. Лекин халқаро майдонда ўйнайдиган жамоалар учун нафақат ўйинлар сони, балки сафар масофаси ҳам тикланишга жиддий таъсир қилади.
Европада масофалар нисбатан қисқа бўлгани учун бу ҳар доим ҳам сезилмаслиги мумкин. Лекин узоқ масофага учиш керак бўлса, улар ҳам норози бўлишни бошлайди.
Масалан, ўтган мавсум Қозоғистоннинг «Қайрат» жамоаси ЕЧЛда ўйнаганида, бир қатор рақиблар узоқ сафар ва тикланиш учун вақт камлигидан норози бўлишди. Улар орасида «Реал» Мадрид, «Спортинг» ва «Селтик» каби жамоалар ҳам бор эди.
Бу жамоаларнинг аксарияти чартер рейсларда тўғридан-тўғри учади. Бизнинг клублар эса баъзан транзитлар билан 10–12 соатлаб йўлда бўлишга мажбур.
Шунинг учун «ҳаммада календарь тиғиз» деган гап билан масалани ёпиб қўйиш тўғри эмас. Шароитлар ҳам бир хил эмас.
Албатта, бу бир кунда ёки бир мавсумда сезиладиган жараён эмас. Бу аста-секин, йиллар давомида таъсир қиладиган ҳолат.
Чет эллик мураббий учун эса асосий вазифа — ўз ишлаётган даврида натижа кўрсатиш. Клуб футболининг бир неча йилдан кейинги ҳолати, рейтинг, халқаро квота ва футболчиларнинг ривожланиши эса кенгроқ тизимли масала.
Шунинг учун бу жараённи, энг аввало, ўзимиздаги раҳбарият ўйлаши керак.
Кучли терма жамоа — кучли клубларсиз бўлмайди.
Кучли клублар эса халқаро майдонда мунтазам иштирок ва муносиб шароитсиз ривожлана олмайди.
@Salimov_futbol