Роқийларни фирибгарга чиқаришдан олдин, муқобил йўл таклиф қиляпмизми?
Бир бемор аёл бор эди. У даволанишни охиригача олиб бормас, аммо аҳволи оғирлашаётганини сезиши билан роқийга келиб, вақти-вақти билан руқия ўқитиб кетар эди. Бундай беморлар кўп учрайди. Улар мунтазам қатнаб, даволанишни охиригача олиб боришмайди. Балки аҳволларида бироз оғирлик сезишса, роқийга бориб руқия ўқитадилар ва енгиллик ҳис қиладилар. Кейин яна бир муддат яхши юрадилар.
Ўша аёлнинг турмуш ўртоғи эса ижтимоий тармоқларда айрим инсонларнинг роқийларга нисбатан қилаётган туҳматларига ишониб, хотинига: «Агар яна ўша жойларга борсанг, уч талоқсан!» — дейди.
Вақт ўтиб, аёлнинг яна мазаси қоча бошлайди. Аҳли илмлардан: «Эримнинг бу гапидан талоқ тушадими?» — деб сўраса, «Тушади», деган жавобни олади.
Натижада эр ҳам, хотин ҳам боши берк кўчага кириб қолади. Шифокорларга боришдан фойда кўрмаётганини айтган аёл руқия ўқитишдан ҳам тўсилади. Энди улар нима қилишни билмай қолишади.
Мисрда ҳам шунга ўхшаш бир воқеа бўлгани айтилади. Бир киши сеҳрни ечтириш мақсадида сеҳргарларга бормоқчи бўлганида, аҳли илмлардан бири уни бу йўлдан қайтаради. Шунда ҳалиги киши:
«Хўп, фолбинлару сеҳргарларга бориш мумкин бўлмаса, унда кимга борамиз? Бизга муқобил йўл кўрсатинглар!» — дейди.
Шунда аҳли илмлар бу соҳада шаръий руқия билан шуғулланадиган, одамларга тўғри йўл кўрсата оладиган кишилар етишмаётганини англаб етадилар. Ўша илм аҳлидан бўлган киши ҳам бу соҳада фаолият юритиб, кейинчалик руқия соҳасида танилган уламолардан бирига айланади.
Энди ўзимизга савол берайлик: бизда-чи?
Роқийларни оммавий равишда фирибгарга чиқараётганлар беморларга қандай муқобил йўл таклиф қилишяпти?
Албатта, ҳар бир касалликни сеҳр ёки жин билан боғлаш нотўғри. Тиббий муолажаларни ҳам ташлаб қўймаслик керак. Лекин бемор ўз ҳолатини сеҳр ёки жин билан боғласа, шаръий руқияга эҳтиёж сезса ва тиббий ёрдамнинг ўзи билан муаммоси ҳал бўлмаса, унга қандай йўл кўрсатамиз?
Агар шаръий руқия билан шуғулланадиганларнинг ҳаммасини бирдек фирибгар десак, беморларга ишончли, илмли ва шаръий қоидаларга амал қиладиган мутахассисларни қаердан топишни кўрсатмасак, уларни кимга йўналтирамиз?
Беморнинг ўзига бу йўлда тўғри йўлни ажратиш қийин бўлиши мумкин. Натижада у умидсизликка тушиб, яна фолбин ва сеҳргарларнинг олдига бориб қолиши эҳтимоли бор.
Муаммонинг ечими руқия соҳасидаги барча кишиларни оқлаш ҳам, ҳаммасини қоралаш ҳам эмас. Ечим — фирибгарларни фош қилиш билан бирга, шаръий руқия қоидаларига амал қиладиган, илмли ва ишончли кишиларни танитиш, беморларга тўғри йўл кўрсатишдир.
Танқид қилаётганлардан бир савол: беморларни нотўғри йўлдан қайтараётган бўлсангиз, уларга тўғри йўлни ҳам кўрсатяпсизми?
@ruqiya_shariy