Переслано из FATVO.UZ | Расмий канал
НАРХ ЎЙИНИ #нарх ❓ 2300-САВОЛ: Ички туризм соҳасида ишлайман, одамларни табиат қўйнига саёҳатга олиб чиқамиз. Ҳозирда бошқа сайёҳлик фирмалари ўзаро тил бириктириб, саёҳатлар учун энг паст нарх чегарасини белгилашмоқда ва ундан арзон хизмат кўрсатмасликка келишиб олишмоқда. Бу иш шаръан жоизми? Яна бир тадбиркор рақобатчиларини синдириш мақсадида « Мендаги нархдан арзонини ҳеч ким таклиф қила олмайди» деб видео мурожаат қилмоқда. Шу йўл билан топган пули ҳалолми? 💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Фиқҳ китобларимизда баён қилинадики, ҳақ олиб хизмат кўрсатувчиларнинг нархни ошириш учун ўзаро тил бириктириши дуруст эмас. Чунки улар бирлашса, нарх қимматлашади, бирлашмаса, ҳар бири мижозни қўлдан бой бермасликка ошиқади ва нарх арзонлашади. Фирмаларнинг энг паст нархни белгилаб, ундан арзон қилмасликка келишиб олиши ҳам шу ҳукмда. Бунда ҳам нарх сунъий равишда ушлаб турилади. Шариатга кўра, нарх эркин рақобат билан белгиланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларни қўйинглар, Аллоҳ уларнинг баъзисини баъзисидан ризқлантиради», деганлар (Имом Муслим ривояти). “Фиқҳул буюъ” китобида айтилади: وَيَنْبَغِي أَنْ يَكُونَ فِي حُكْمِ الِاحْتِكَارِ مَا شَاعَ فِي أَسْوَاقِنَا الْيَوْمَ مِنْ أَنَّ أَصْحَابَ صَنْعَةٍ وَاحِدَةٍ أَوْ تُجَّارَ سِلْعَةٍ وَاحِدَةٍ يُكَوِّنُونَ جَمْعِيَّةً (cartel) تَتَحَكَّمُ فِي أَسْعَارِ تِلْكَ السِّلَعِ، وَبِمَا أَنَّهُمْ لَيْسَ بَيْنَهُمْ مُنَافَسَةٌ فِي الْأَسْعَارِ فَإِنَّ النَّاسَ لَا يَبْقَى لَهُمْ خِيَارٌ إِلَّا بِأَنْ يَشْتَرُوا تِلْكَ السِّلَعَ بِتِلْكَ الْأَسْعَارِ الْمُرْتَفِعَةِ الَّتِي اتَّفَقَتْ جَمْعِيَّةُ التُّجَّارِ عَلَيْهَا، فَيَحْصُلُ بِذَلِكَ ضَرَرٌ مِثْلُ ضَرَرِ الِاحْتِكَارِ “Бугунги кунда бозорларимизда кенг тарқалган ҳолат ҳам эҳтикор (монополия) ҳукмида бўлади. Бунда бир соҳадаги ишлаб чиқарувчилар ёки бир турдаги мол савдогарлари уюшма (картель) тузадилар ва бу уюшма ўша маҳсулотлар нархини ўз измида тутади. Улар ўртасида нарх бўйича рақобат бўлмагани сабабли одамларнинг ўша молларни савдогарлар уюшмаси келишиб олган баланд нархларда сотиб олишдан бошқа иложи қолмайди. Шу тариқа монополия зарари каби зарар юзага келади”. Шунинг учун бундай келишувга қўшилиш жоиз эмас. Агар ваъда берилган бўлса ҳам у шаръан эътиборга олинмайди. Иккинчи саволга келсак, арзон нарх қўйишнинг ўзи жоиз, бу орқали топилган пул ҳалол. Аммо бунда қуйидаги уч нарсадан сақланиш керак: – Зарар этказиш нияти. Мақсад мижозга яхши нарх бериш бўлса, бу савобли иш. Бировни синдириш, даромадини қасддан қирқиш нияти эса гуноҳ. – Ёлғон реклама. “Мендан арзон ҳеч ким қилолмайди” деган гап рост бўлиши керак. – Монополия вужудга келтиришни кўзлаш. Аввал жуда арзон сотиб, рақобатчилар бозордан кетгач, нархни кескин кўтаришни мақсад қилиш мумкин эмас. Валлоҳу аълам. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази. 👍YouTube👍Instagram👍Facebook👍Ummalife 😎РАСМИЙ САҲИФА✅УЛАШИНГ🗣
Открыть в Telegram







