⚖️ «МЕН НЕ ДЕДИМ, ҚЎБИЗИМ НЕ ДЕЯПТИ» ЁХУД СУДНИНГ ҒАРОЙИБ РАСМИЙ МУНОСАБАТИ! 😁
Ё тавба! Тошкент вилояти судининг расмий муносабатини ўқиб, «Мен не дедим, қўбизим не деяпти» деган гап беихтиёр ёдимга тушди.
Қаранг-а, суднинг расмий муносабатида «икки энли муносабат билдиришга эҳтиёж туғилмоқда» деб ёзишибди.
Наҳотки, жамоатчиликни қизиқтираётган суд иши бўйича икки оғиз тушунтириш бериш ҳам оғирлик қилса?! 😁
Гап шундаки, жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судида М.Т.га нисбатан чиқарилган ҳукм Тошкент вилояти судининг апелляция инстанцияси томонидан ўзгаришсиз қолдирилган.
Бироқ ҳуқуқшунослар мазкур ишда жиноий қасд қандай исботлангани, давлат ва жамият манфаатларига қандай жиддий зиён етказилгани ҳақида саволлар бермоқда.
Танқидий мақолада айтилишича, судда сўроқ қилинган гувоҳлар ҳам қасд бўлмаганини билдирган. Моддий зарар эса умуман етказилмагани таъкидланмоқда.
Албатта, моддий зарар бўлмаса ҳам, жиддий зиён бошқа кўринишда бўлиши мумкин. Лекин бу ҳам аниқ далиллар билан исботланиши керак-ку!
Хўш, унда жиноий қасд қандай исботланган? Жиддий зиён айнан нимада?
Суднинг расмий муносабатини ўқисангиз, бу саволларга аниқ жавоб тополмайсиз.
Унинг ўрнига адвокат ва блогерларга киноя қилишибди, суд қароридан шикоят қилиш тартибини эслатишибди.
Ҳурматли суд мутасаддилари! Адвокатлар шикоят қилиш тартибини яхши билишади. Улар сизлардан шуни эмас, нима учун бундай ҳукм чиқарилганини ва айб қайси далиллар билан исботланганини тушунтиришни сўрашяпти!
Қолаверса, суд қарорини танқид қилиш судга босим ўтказиш дегани эмас-ку!
Шу ўринда Тошкент шаҳар судининг собиқ судьяларига оид жиноят иши ҳам айнан Тошкент вилояти судида кўрилгани ёдимга тушди.
Наҳотки, бу ишнинг айнан шу судга топширилгани ҳам бежиз бўлмаса?!
Албатта, бунинг ўзи бирор хулоса чиқаришга асос бўлмайди. Лекин айрим суд қарорлари ва уларга билдирилаётган муносабатларни кўриб, одам ҳар хил хаёлга борар экан.
Энг қизиғи, расмий муносабатнинг охирида «Бор гап шу» деб қўйишибди.
Йўқ, ҳурматли суд мутасаддилари, бор гап шу эмас!
Асосий гап — қасд қаерда, жиддий зиён нимада ва айб қандай исботланганида!
Ахир суднинг обрўси танқидчиларга гап қайтариш билан эмас, адолатли қарор чиқариш ва уни қонун билан асослаш орқали ошади-ку!
Ёхуд энди суд қарорининг қонунийлигини тушунтириш ўрнига, уни танқид қилганларга танбеҳ бериш ҳам расмий муносабат ҳисобланадими?!
Тағин ким билсин! 😁⚖️
👉@Zarif_Mirzakhmedov