#янги
ТАЛВАСА
Етти йилки йўқотган
йўлимни тополмайман,
Умрим – жон талвасаси,
ўлимни тополмайман.
Бир зиндонга тушганман,
қўлимдадир калити,
Аммо эшик очишга
қўлимни тополмайман.
Бир зиндонга тушганман…
Тангрим юз ўгирганми
ё менга юз бурмайди,
Тавбаларим – капалак,
бир кун ёдда турмайди,
Калхатдай жонни чўқиб,
мусича кўринаман.
Юз каъбани бузганман,
нечун жазо бермайди?!
Юз каъбани бузганман…
Бир аёл кўкка боқар,
учиб юрганим шундан,
Томири йўқ оғочман,
кўчиб юрганим шундан,
Бу дунёси-ку ёлғон
шеърларимга андармон,
Ҳақ қошида бир пулман,
чўчиб турганим шундан.
Ҳақ қошида бир пулман…
Тугаб бораётирман,
сизга кўринмайди-да,
Манглайда ёзилгани
кўзга кўринмайди-да,
Минг ташаккур, одамлар,
юрагингиз кенг экан,
Битта осмон остида
яшаб бердингиз чидаб.
Минг ташаккур, одамлар…
Етти йилки отамнинг
калишин тополмайман,
Кўрган тушин кўрай деб
болишин тополмайман,
Кўнглим англовчи жўмард
кўзларини соғиндим,
Бағримга босай десам,
жон қушин тополмайман.
Кўнглим англовчи жўмард
кўзларини соғиндим.
19. 09. 2026
✍️Рашид ХЎЖАМОВ