Электромобиллар учун утилизация йиғими бекор қилиниши керак
Ўзбекистон ёқилғи энергетикаси жуда оғир ва мураккаб трансформацияни бошдан кечирмоқда. Бирин-кетин асосий ёқилғи маҳсулотларга (бензин, пропан, керосин, дизель) аввал импортга қарамлик шаклланди ва энди тобора чуқурлашиб бормоқда.
Табиий газ бўйича импортга қарамлик 25%дан ошмоқда ва бу борада ҳам бизни янги-янги ваъдаларга қарамай, ёрқин истиқбол кутиб тургани йўқ (кеча оқшомдан тонггача Қорақалпоғистондан водийгача бўлган метан заправкалар фаолияти бир муддат чекланди, бу ҳали ҳарорат нолга тушмаган ҳолатда).
Шундай экан, 5 миллиондан ортиқ автотранспорт воситаларининг катта қисмини қисқа муддатда электромобилларга ўтказиш бу Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масаласи. Афсуски, бу трансформация қанақадир пулхўр тўдалар манфаатлари учун, сунъий монополия ва нобож чекловлар туфайли кечикмоқда, ҳатто қурбон берилмоқда — оқибатларни била туриб, ўз оёғимизга ўзимиз болта урмоқдамиз.
Нима қардош Тожикистонда очкўз пулхўрлар йўқми? Тўймас чўнтаклар йўқми? Бор, керак бўлса, биздан бадтар. Лекин қардошлар тор манфаатларни четга суриб, ёппасига электромобилларга ўтиш миллий ўзини ўзи асраш масаласи эканини англай олишдику. Қўшниларимиз электромобилларни нафақат божлардан, бошқа турли кўринишдаги йиғим ва ҳатто ҚҚСдан ҳам 10 йилга озод қилишган. Кўрдикки, қардошлар босқинчи моховларнинг миннатли, қурол кўриладиган ва қиммат ёқилғисига қарамликдан оқилона қутилишди ва қутулишмоқда (айниқса бу шу ёзда билинди).
Нега биз шундай қила олмаймиз?
ҚҚС майли, осмондан олиб қўшилган ва рақобатни ўлдириш учун киритилган утилизация йиғимини бекор қилишдан ким ютқазади? Битта очофат чайқовчими фақат? Лекин давлат, халқ, иқтисодиёт ютадику. Миллий энергобардошлигимиз ошадику. Давлат раҳбари тинимсиз такрорлаётган Ўз ғояси эмасми шу?
Тасаввур қилинг, ўнминглаб, керак бўлса юзминглаб ўзбекистонликлар ўз хоҳиши ва интилиши билан электромобилларга ўтишмоқчи, лекин на бунга мутаносиб ва арзон таклиф бор (бориям Хитойдагидан 2 карра қиммат), боз устига, отнинг калласидек аждарҳо утилизация йиғими ўрнатилган.
Депутат ва сенаторлардан ёруғлик кутиш қийин (вазирликлардан эса умуман бу таклиф чиқмайди, фарқи йўқ энергетиками ё иқтисодий блок).
Шунинг учун Ўзбекистон жамоатчилиги —истеъмолчилардан тортиб соғлом бизнесгача ва бефарқ бўлмаган ОАВларни электромобиллар учун утилизация йиғимини бекор қилишни сўрашга чақираман. Бу ишни ўзимиз қилмасак, кимдир келиб, биз учун қилиб бермайди.
Bakiroo
🕊 @rastamojka_uz