ҚАРЗ БЕРГАНДА ГАРОВ ОЛИШ
❓ 2301-САВОЛ: Яқин дўстим мендан тез-тез қарз сўраб туради, лекин аввалги қарзларини вақтида қайтармасдан, муддатини чўзиб юборган ҳолатлар бўлган. Энди у яна қарз сўраса, қарзимни ҳимоя қилиш мақсадида унга шундай шарт қўймоқчиман: “Телефонингни гаров (залог) сифатида қўясан, агар қарзни айтилган вақтда қайтара олмасанг, ўша телефон менга ўтади. Шунга рози бўлсанг, қарз бераман”.
Қарз эвазига телефонни гаровга олиш жоизми? Агар қарз вақтида қайтарилмаса, гаровдаги телефонни олдиндан келишилган шу шарт асосида ўзимда олиб қолишим мумкинми ёки уни сотиб, қарзимни олиб, ортиқчасини эгасига қайтаришим керакми? Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз.
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қарз эвазига телефонни гаровга олиш жоиз. Аммо “Муддатида бермасанг, телефон меники бўлади”, деган шарт нотўғри (бекор) бўлиб, унга амал қилинмайди.
Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Зуҳрийдан ривоят қилинади: “Жоҳилият даврида одамлар гаров олишар ва “Фалон вақтгача қарзни тўламасанг, бу нарса гаров олувчининг мулки бўлади”, деб шарт қўйишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Гаров (эгасидан) ажратиб олинмайди”, деган сўзлари билан буни бекор қилдилар” (“Ал-Мабсут” китоби).
Қарз муддатида қайтарилмаса, телефон ўз-ўзидан қарз берувчининг мулкига ўтмайди, балки аввалгидек эгасининг мулки бўлиб, гаров сифатида тураверади. Агар у қарз учун сотилса, пулидан қарз ундирилади, ортгани эгасига қайтарилади, етмаса, қолган қисми қарздорнинг зиммасида қолади.
Бироқ гаров олувчи гаровдаги нарсани эгасининг рухсатисиз сота олмайди. Шунинг учун муддат келиб, дўстингиз қарзни тўламаса, қуйидагича йўл тутилади: дўстингиз телефонни сизга адолатли нархда сотади ва унинг нархи қарзга ҳисобланади. Нарх қарздан ортиқ бўлса, фарқини дўстингизга қайтарасиз, кам бўлса, қолган қарз унинг зиммасида қолади. Гаровни гаров олувчининг ўзига сотилса, савдо дуруст бўлиб, нарса гаровдан чиқади. Лекин бу олди-сотди олдиндан шарт қилинмайди, балки муддат келгандан кейин янги келишув сифатида тузилади.
Гаров олинаётган пайтнинг ўзида дўстингиз сизни ёки иккалангиз ишонган бошқа бир кишини муддат келганда телефонни сотишга вакил қилиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
YouTube Instagram Facebook Ummalife
РАСМИЙ САҲИФА✅УЛАШИНГ🗣
🌐https://t.me/manguzar_jome_masjidi