САВДОЛАШИШ СУННАТМИ?
#суннат
❓ 2295-САВОЛ: Бирор нарса сотиб олаётганда нархни тушириш учун савдолашиш, тортишишни “Пайғамбар алайҳиссалом қилганлар, бу суннат амал”, дейилади. Шу гап тўғрими?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Олди-сотдида савдолашиш мумкин, аммо суннат эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи саҳобаи киромлар билан савдолашганлари бор.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши ҳолдан тойиб қолган туясига миниб кетаётган эди, ҳатто уни (ўз ҳолига) қўйиб юбормоқчи ҳам бўлди. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга етиб олдилар-да, ҳаққимга дуо қилиб, туяни туртдилар. Туя илгари ҳеч юрмаган юриш билан юриб кетди. Сўнг у зот: “Уни менга бир уқияга сот”, дедилар. Мен: “Йўқ”, дедим. У зот яна: “Уни менга сот”, дедилар. Мен уни уйимгача миниб бориш шарти билан бир уқияга сотдим. Манзилга етгач, туяни у зотнинг ҳузурларига олиб бордим, у зот менга пулини нақд қилиб бердилар. Кейин қайтган эдим, “Сен мени туянгни олиш учун нархини тушириб, савдолашди деб ўйладингми? Туянгни ҳам, дирҳамларингни ҳам ол, у сенга (ҳадя) бўлсин”, деб ортимдан одам юбордилар” (Имом Муслим ривояти).
Шуни билиш лозимки, баъзи ҳолларда ҳадисларда бирор амалнинг зикр қилиниши унинг суннат эканлигига далолат қилса, айрим ўринларда ундан фақатгина ўша ишнинг жоиз экани собит бўлади. Шунга кўра, нархни тушириш мақсадида савдолашиш амали ҳам гарчи ҳадисда зикр қилинган бўлса-да, бундан фақат унинг жоиз эканлиги келиб чиқади; шунчаки ҳадисда зикри келгани учунгина уни мустақил суннат деб ҳукм чиқариш тўғри эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
👍YouTube👍Instagram👍Facebook👍Ummalife
😎РАСМИЙ САҲИФА✅УЛАШИНГ🗣