Account

Posts of Jonixonov

newest first

#1338Text
Views956−40%vs avg
Forwards—
Reactions35
Comments—
#1336Text

❗️Пенсияга чиққан одамга қандай имтиёзлар берилади? Пенсия идорасидан унга хат келади: "Сиз нафақага чиқдингиз. Бизга банкдаги ҳисоб рақамингизни юборинг. Сизга ойлик нафақангизни ўтказиб турамиз. Агар сизда муаммо бўлса, мана шу рақамга боғланинг. Сиз билан гаплашиб олиш учун вақт белгилаймиз. Сизга қуйидаги имтиёзлар бор: 1. Уй ёки ҳовлининг ижара нархи туширилади. 2. Сиз учун ижарани тўлашга ойлик ёрдам бор. 3. Ижтимоий таъминот идорасидан маскан сўрашга ҳаққингиз бор. 4. Электр ва алоқалар арзонлашади. 5. Тиббий хизматлар бепулга яқинлашади. 6. Сизга ҳар ой тиббий текширувдан ўтишни сўраб қоғоз келади. 7. Сизга ҳар ой бир идишда анализлар топшириш учун воситалар келади. Сиз анализларни юборгач бир неча кунда жавобларни оласиз. 8. Тиш шифокори сиз учун деярли текин. Агар тиш дўхтири сиздан олти ойда бир хабар олмаса сизга жарима тўлайди". ! Ҳа, Белгияда шундай экан.

Open in Telegram
Views4,460+181%vs avg
Forwards—
Reactions49
Comments—
#1335Text

Хуррам Султон "алла"си Кимдир кўчадаги тиланчиларга, айниқса лўлиларга садақа қилмаслик керак, улар ёлғончи бўлади, дейишса, ичимдан ғижиниб қўярдим: «Берганинг арзимаган пул, мунча миннат қиласан?» Чунки «тепадаги қўл пастдаги қўлдан устун, унинг савоблари кўп» деган ҳикматни эшитиб улғайганмиз. Кеча шаҳримиздаги гавжум чорраҳалардан бирида тургандим, ёнимга бола кўтарган бир аёл келди. Лўли эмас — чиройли, хушрўйгина. Светофор қизили анча ёниб туриши рақам орқали кўриниб турарди, шу боис беихтиёр унинг боласига айтаётган гапига қулоқ солдим. У оддий алла айтмаяпти экан. «Муҳташам юз йил» сериалидаги Хуррам Султоннинг болаларига айтган ўша машҳур қўшиғи оҳанги қулоғимга чалинди. Аёл пул сўради. Унга пул чиқариб бердим. У ташаккур айтиб, ёқимли табассум ила ўз йўлида давом этди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, танишлар билан бир кафеда ўтиргандик. Ён атрофдаги даврага кўзим тушиб, ўша аёлни кўриб қолдим. «Ўхшатдиммикин?» деб синчиклаб қарадим — ҳа, ўша эди! Жуда чиройли кийинган, ёшгина йигит-қизлар билан хушчақчақ ўтирибди. Бир пасдан кейин ташқарига чиқиб қайтаётсам, у ўша машҳур қўшиғини дўстларига айтиб бераётган экан. Атрофидагилар «Яна, яна!» деб қарсак чалишарди. У эса сархушлигидан бутун кафени бошига кўтариб кулар эди. Бирдан кўзи менга тушиб қолди. Аввал ниманидир эслагандай бўлди-ю, чорраҳадаги ўша қисқа учрашувимиз ёдига тушди шекилли, юзини яширишга уринди. Лекин фойдаси йўқ эди. Ва чорраҳадаги пулни олгандан кейин кўрсатган сирли табассуми ўрнини совуқ кулги эгаллаганди. Бу билан гўёки: «Менинг борим шу, қандай қабул қилсангиз, ўзингизга ҳавола», дегандек эди. ... Сиз бу каби вазиятларда ўзингизни қандай тутган бўлардингиз? Мен, масалан, муттаҳамдир, ёлғончидир, муҳтождир — билмайман, аммо кунига шундайлар ўн марта дуч келса, ўновига ҳам пул узатаман. Раҳмдилликми бу ё, айбми?

Open in Telegram
Views903−43%vs avg
Forwards—
Reactions30
Comments—
#1334Text

Қайтар дунё Айримлар ўзига бино қўйиб яшайди. Эртасини ўйламай, тилига келганини гапириб, қўлидан келган озорини аямасдан тарқатиб юришади. Улар ўзларини ҳеч қачон енгилмайдиган, қилмишлари жавобсиз қоладиганлар қаторида кўришади. Ҳолбуки, ҳар бир сўз, ҳар бир дилозорлик — йўқолиб кетмайди, эгасининг "номаи аъмоли"га ёзилиб бораверади. Бундан анча йиллар муқаддам бир воқеа бўлган эди. Элнинг оғир-енгилини кўтариб, ҳар доим хизматида югуриб юрган ёши улуғ бир оқсоқол бўларди. Халқнинг ҳурматига сазовор бўлган бу инсонга бир куни қишлоқдошларидан бирининг гаплари ботди. Ўша кимсанинг кўксида нима бор эди — ҳасадми, ўзини кўз-кўз қилишми, хуллас, эл-улус йиғилиб ўтирган бир даврада кекса oқсоқолни атай ерга уриб, камситмоқчи, ҳамманинг олдида шарманда қилмоқчи бўлди. Ёши улуғ одамнинг юзига урилган ўша асоссиз сўзлар, пичинг ва кулгилар ўша онда барчани ноқулай аҳволга солиб қўйди. Оқсоқолнинг кўзлари ёшланиб, кўнгли қаттиқ оғриди. У ҳеч нарса демади, жавоб қайтармади, фақатгина осмонга бир марта маъноли қараб қўйди, холос. Лекин ўша кўз ёш ва оғриган кўнгил жавобсиз қоладими? Вақт ўтди. Ўша оқсоқолни эл олдида хароб қилмоқчи бўлган, дили пок инсоннинг ўтига ўт қалаб, завқланган кимсанинг асл башараси аста-секин фош бўла бошлади. Одамлар ундан аллақачон юз ўгириб кетишди. На тўйларга чақирадиган, на хурсандчилигига қўшадиган бўлди. Ҳатто қўшнилари ҳам салом-аликни йиғиштириб, кўчада кўрса йўлини ўзгартирадиган даражага етди. У ҳатто касал бўлмаган пайтларида ҳам одамларнинг кўзига қaрай олмас, бирор маъракага боришга юзи чидамас эди. У одамлар орасида юрганда ҳам аллақачон ёлғиз, руҳан ўлик эди. Бу — одамларнинг ундан тириклайин воз кечгани чинакам жазо эмасми?! Кейин эса уни оғир бир дард ётоққа михлади. Лекин тақдирни қарангки, уни ўлим ҳам осонликча ўз бағрига олмади. Тирик бўлиб — тирик эмас, тузалса — оёққа туролмайдиган, кунни кечга улаб ётадиган ғариб бир ҳолатга тушди. Кунларнинг бирида ўша беморнинг фарзандларидан бири билан тасодифан гаплашиб қолдим. Йигитнинг кўзларидаги чарчоқни, юрагидаги қаҳрни кўриб одам чўчийди. У оғир хўрсиниб, шундай деди: — Отам тезроқ ўлса-ю, биз ҳам қутулсак эди... Шунчалар жонга тегдики, ҳаммамизни куйдириб битирди... Ана қайтар дунё! Ўз вақтида бировнинг отасини, эл ҳурмат қилган кексанинг кўнглини синдириб, шарманда қилган одам бугун очликда эмас, кўпчиликнинг нафратида, ўз фарзандларининг тилидан "тезроқ ўлса-қутулсак" деган ўкирик билан ётибди. Ўша болалар отасига душман эмас, аммо қилмишнинг оғирлиги, уқтирилган ёвузлик оиладаги меҳрни ҳам сўндириб қўйган экан. Ким бировнинг кўнглини вайрон қилса, охир-оқибат нафақат элдан, балки ўз оиласи, ўз жигарининг меҳридан ҳам жудо бўлиб яшай олмаслигига бундан ортиқ яна қандай далил керак? Ғофиллар шуни ўйламайдилар. Улар ёмонлик қилиб, ўтиб кетади деб ўйлашади. Йўқ, ёмонлик ерда ётмайди. У бир куни эгасининг эшигини пойлайдиган, унинг бошига енгиб бўлмас изтироб соладиган аччиқ бир ҳақиқатдир.

Open in Telegram
Views1,010−36%vs avg
Forwards—
Reactions27
Comments—
#1333Text

Телефон, ижтимоий тармоққа шунчалик ўрганиб қолдикки, усиз ишимизни ҳам тасаввур қилиб бўлмай қолди. Мен буни ўн кун умуман ишламаган телефоним мисолида яна бир карра англаб етдим. Ҳар ишда ҳикмат бор, деганлари тўғри экан: мен шу баҳона одамгарчилик, меҳр-оқибат ва асл инсонийлик тушунчалари устида жиддий ўйлаб кўришга мажбур бўлдим. Хуллас, телефоним кутилмаганда ишдан чиқди. Шаҳaрдаги бир нечта усталарга бордим. Ҳар бири ҳар хил гап айтди: "Блокланган", "Бир ҳафтадан кейин келинг", деб яхшигина сарсон қилишди. Айтган вақтида борсам, яна баҳона топиб, масъулиятни четга суришди. Наф йўқ, вақт кетди, асаб бузилди. Шундай кунларнинг бирида танишларимдан бири: "Фалон жойда бир йигит бор, ўшанга кўрсатинг", деб йўл кўрсатишди. Бордим. Уста бола — Отабек исмли йигит экан. Тўғриси, унинг жисмоний ҳолатига қараб бироз иккиландим. У ногирон экан. Аммо Отабекнинг хушмуомаласи, самимий юз ифодаси ва муомаласидаги илиқлик дарҳол диққатимни тортди. Бир ҳафта ўн кун давомида бошқаларнинг боши берк кўчага киритиб қўйган муаммосини у атиги икки-уч минутда ҳал қилиб берди! Аллоҳ таоло унга шунчалик ўткир заковат, қўл енгиллиги ва ақл ато этган экан, қойил қолдим. Хизмати ҳаққини сўрадим, арзимаган пул айтди. Кўнглим бўшаб, қўшимча равишда ҳаққини бердим ва миннатдорлик билдирдим. У эса табассум билан: "Ака, яна шунақа муаммолар бўлса, бемалол келаверинг", деди. Йўл-йўлакай ўйлаб кетдим: Одамлар бор — қўл-оёғи бутун, ақли бутун, тўрт мучаси соғ, лекин бировга ёрдам бергиси келмайди, ишингизни битириш ўрнига баттар чигаллаштиради. Биз жисмоний имконияти чекланган деб қарайдиган баъзи инсонлар эса қалбига сиғмаган улкан меҳр ва очиқ кўнгил билан шундай эзгуликларни қилиб юришибди. Асл ногиронлик — тана заифлигида эмас, балки юракнинг қотиб қолганида, виждоннинг кўрлиги ва беғамлигидадир. Отабекка ўхшаган қалби бутун, қўли очиқ ва касбига уста инсонларимиз кўп бўлсин. Барака топинг, Отабек уста! Сиз мен учун камтарлик, маҳорат ва яхшилик бўйича ибрат тимсолисиз...

Open in Telegram
Views1,510−5%vs avg
Forwards—
Reactions55
Comments—
#1332Photo
Views1,610+1%vs avg
Forwards—
Reactions31
Comments—
#1330Text

Дон Корлеоне ва мен Бугун кун ўртасида бир номдор китоб дўконига кирдим. Мақсад — Марио Пьюзонинг машҳур «Чўқинтирган ота» (The Godfather) асарини топиш. Пештахта ортида 45–50 ёшлардаги, қарашларидан анча босиқ бир киши ўтирибди. — Ассалому алайкум. «Чўқинтирган ота» асари борми? — сўрадим. Сотувчи ака «Ҳозир, иним, қараб кўрай-чи», деганча жавонларни, компьютер базасини обдон қидира кетди. Базани кавлаяпти, жавондаги китобларни кўряпти... Бироз вақт ўтди. Шу аснода менга бир қараб олди-да, ниҳоятда самимий ва жиддий қиёфада сўраб қолди: — Ўзи бу китобни қачон ёзувдингиз? ... Бир муддат қотиб қолдим. На нафас олишни биламан, на нима деб жавоб беришни! Хаёлимдан бир сонияда дунёнинг бутун суюкли ёзувчилари, Голливуд фильмлари, Сицилия мафияси ва Марио Пьюзонинг сиймоси ўтди. Ичимда: «Ҳа, ака, ўша йиллари Италияда юрганимда, бир пиёла чой устида қоралаб қўйгандим. Аслида Дон Корлеоне — менинг қўшним бўлади», дегим келди-ю, лекин тилимни тишладим. Кулай десам — ака жуда самимий, кулмай десам — вазиятнинг ўзи мафия ҳақидаги энг зўр комедия сценарийси! Китобни тополмадик, лекин дўкондан чиқиб, анчагача табассум қилиб юрдим. Аслида, мана шундай кутилмаган саволлар ҳам ҳаётнинг бир жозибаси. Сотувчи ака мени машҳур асар муаллифига чиқариб қўйганидан ғурурланиш керакдир, балки? Фақат бир нарса ўйга солади: китоб дўконида ўтирган одам «Чўқинтирган ота»ни меники деб ўйлаган бўлса, эртага Шекспирни сўрасам, «Гамлетни қачон тугатгандингиз?» деб сўрамасмикин?.. Нима бўлганда ҳам, китобга ва унинг муаллифларига бўлган ҳурмат ҳеч қачон йўқолмасин. Шунчаки, баъзида китоб ўқишдан олдин уни ким ёзганига ҳам бир қараб қўйиш зарар қилмайди! Беихтиёр ўқувчилик йилларимни эсладим. Маҳалламизда мўъжазгина кутубхона бор эди. У ерга китоб сўраб борсам, Шоҳида исмли кутубхоначи опа сўралган китобни ким ёзганию, мазмун мундарижасигача айтиб берар, шу тариқа китоб ўқимайман, деганни ҳам қизиқтириб қўярди. Қачон борсам, опа китоб мутолаа қилиб ўтирган бўларди... "Чўқинтирган ота" китобини кўп ўқиганман. Ҳар гал ўқиганда, бошқача таъсирланаман. Яқинда Қуёшлидаги бозордан харид қилгандим. Уйга келиб беш олти бет ҳам ўқий олмадим. Биринчидан, ғиж-ғиж хато, қолаверса, таржима ўта чучмал ва ғализ. Аввалги таржимонларнинг тили ва масъулиятига тасанно айтиш керак. Юқоридаги кутубхонага балки ўша асл таржимадаги нусха чиқиб қолар, деб борсам, у ерда "беморим" нинг ўзига "табиб" керак экан.

Open in Telegram
Views1,980+25%vs avg
Forwards—
Reactions45
Comments—
#1329Text
Views1,670+5%vs avg
Forwards—
Reactions32
Comments—
#1328Link preview

..."Ўтган даврни қоралаб, қаҳрамон бўлиш мумкин, лекин дунёда мардлик ва номардлик деган тушунчалар бор. Мард одам воқеликни тўғри тушунтириши керак. Ўша пайтда биз белни боғлаб ўша давр мафкураси билан курашганмиз, олишганмиз деган гаплар, билингки, у иккиюзламачи мунофиқ, қўрқоқ, тўғрисини айтганда, номард одамларнинг гапи. Даврнинг ичида яшаб туриб, даврнинг хизматини қилиш бошқа, лекин даврнинг ичида мажбуран хизмат қилиш бошқа. Бу иккаласи икки хил нарса. Шу даврда нима қиласизки, яшаб қолдингиз, ўша йилларда туғилдингиз, бу сизнинг айбингиз эмас-ку?! Ўша даврнинг бозорига чиқасиз, ўша жойнинг мозорига кўмиласиз. Ўша даврда оқиб турган ариқлардан сув ичасиз, мен бошқа даврда туғилишим керак, деб Аллоҳ таолога аччиқ қилиб қайтадан ғорга кириб кетиш имконияти йўқ-ку, инсон боласида?! Агар шундай бўлганда, мен ҳозир ҳам ҳали мен туғиладиган давр келмади, деб ғорга кириб кетган бўлардим. Бундай давр келмайди ҳам. Чунки инсониятнинг, инсон боласининг ўзи номукаммалдир. Мукаммал инсон туғилганда туғиламан, деган одам, икки дунёда ҳам туғилмаслиги мумкин" 2005 йил декабрь Абдулла Орипов ...Ахтарурлар ҳамиша иллат, Етти пуштинг гўрин титарлар. Фақат унма, улғайма фақат, Хато қилишингни кутарлар. Улар сенга бир умр йўлдош, Содиқ ҳамроҳ каби ўтарлар. Қабринг узра эгсалар ҳам бош, Хато қилишингни кутарлар. Абдулла Орипов

Open in Telegram
Views2,140+35%vs avg
Forwards—
Reactions33
Comments—
#1327Text

Боланинг кўз ўнгида отасини тортиш — тартибми ёки тарбиясизлик? Қарши шаҳридаги эски бозордан ҳар икки кунда мева-чева олиб, бозорлик қилиб юраман. Бугун кўчада бозор дарвозасини ёнида соат 5—6лар атрофида кўрган бир ҳолат эса ростини айтсам, жуда ачитди. Бир оддий қишлоқ одами хотини ва тахминан 7 ёшли ўғилчаси билан бозорга чиққан экан. Йўлни кесиб ўтгани учун икки нафар ИИБ ходими уни ушлаб, қўпол муомала билан «бу ёққа юринг», деб тортишқилаётганини кўрдим. Энг ачинарлиси — бу ҳолат хотини ва ёш боласининг кўз ўнгида содир бўляпти. Болага раҳмим келди. «Ундай қилманглар, боланинг олдида уят бўлади, бола қўрқади», дедим. Аммо шу оддий гапнинг ўзи улардан бири билан менинг ҳам тортишиб кетишимга сабаб бўлди. Ахир, қонунни талаб қилишнинг ҳам маданияти бор-ку! Йўл қоидасини бузган одамга чора кўриш мумкин. Аммо унинг ёнида турган етти ёшли болани қўрқитиб, отасини тортишқилаб, кўча ўртасида таҳқирлаш шартми? Ана маданият. Ана ақл-фаросат. Ана муомала! Ички ишлар ходими фақат қонунни билиши эмас, инсон билан қандай муомала қилишни ҳам билиши керак. Айниқса, бола олдида. Билмадим, ИИБ тизимида ходимларга қонун ва жисмоний тайёргарликдан ташқари муомала маданияти, одоб-ахлоқ ва инсон психологияси бўйича дарслар ҳам ўтилмайдими? Фуқарони тартибга чақириш мумкин. Лекин тартиб ўрнатаман деб, боланинг қалбига қўрқув солиш — тартиб эмас. Қонун устувор бўлсин, албатта. Аммо қонун билан бирга маданият ҳам устувор бўлсин! Шавкат Каромов, журналист

Open in Telegram
Views1,890+19%vs avg
Forwards—
Reactions50
Comments—
#1324Text

Шоҳрух Хон Пандемия даврида у ўзининг тўрт қаватли офисини карантин маркази сифатида фойдаланиш учун берди. Аммо бу унинг қилган энг катта яхшилиги эмас эди. Бугун 770 миллион доллардан ортиқ бойликка эга «Болливуд қироли» Шоҳрух Хон маблағларининг бир қисмини эҳтиёжмандларга ёрдам беришга сарфлаб келади. Пандемия даврида тиббиёт ходимлари учун 50 000 та ҳимоя воситаси етказиб берди. Мумбайдаги 5 000 та кам таъминланган оилага озиқ-овқат тарқатди. Касалхоналар учун ҳар куни 2 000 та таом тайёрлайдиган ошхона ташкил қилди. Бундан ташқари, 36 та қишлоқни қуёш энергияси билан таъминлашга, турли фожиалардан жабрланган болаларнинг даволанишига ҳам ўз маблағидан ёрдам берди. «Болливуд қироли»нинг ҳақиқий буюклиги фақат экранда эмас. Унинг ёрдами ортида ҳаёти яхшиланган минглаб инсонлар бор. Чунки ҳақиқий муваффақият қанча пул топганинг билан эмас, қанча инсонга наф келтирганинг билан ўлчанади.

Open in Telegram
Views5,630+255%vs avg
Forwards—
Reactions49
Comments—
#1323Photo
Views4,880+208%vs avg
Forwards—
Reactions61
Comments—
#1322Text

Эски, сарғайиб кетган суратларни титкилаб ўтириб, биттасига тикилиб қолдим. Орқасига қарадим:  1989 йил... Демак, ўн ёшда эканман. Учинчи синфда ўқийдиган, дунёни ҳали беғубор, беозор туйғулар билан англашга уринаётган болалик даврларим. Суратда ёнимда жингалак жунли, нигоҳларида ўзгача бир донолик ва садоқат барқ уриб турган кучугим — Рекс... Ўша йили қаҳратон қиш келди. Совуқ, бир метр ёққан қор, ток ўчган, ҳамма бир уйда, бир кўрпанинг остида жон сақлайди. Қоқ тунда, ҳамма ширин уйқуда ётганда Рекс тўполон кўтарди. Одатдагидек ҳуриши эмас бу — вовиллаб, эшикни тирнайди, худди одамдек тақиллатади. Иссиқ ўринни қизғаниб, ҳеч ким жойидан жилгиси келмайди. Тек котганмиз. Фақат дадам: "Нима бўлди экан бу жониворга, бир қарай-чи", - деб ҳовлига чиқдилар-у, бир зум ўтмай, ваҳима ва дод-вой билан қайтиб кирдилар. Гурр этиб ўрнимиздан турдик. Қўшнининг оғили ёнаётган экан! Олов осмонга сапчирди, бунақа баланд ва ваҳимали алангани ҳатто киноларда ҳам кўрмагандим. Дадам югуриб чиқиб, қўшниларни уйғотишга тушди. Лекин қани энди тез йиғилишса... Йиғилгани ҳам сув тополмай сарсон. Белкуракда отилган қорлар эса гуриллаб ёнаётган аланга тафтида ҳаводаёқ йўқ бўлиб кетарди. Кимдир колхоз идорасига бориб, районга, ўт ўчирувчиларга телефон қилибди. Улар етиб келганда... ҳаммаёқ ёниб, кулга айланиб бўлганди. Одамлар оғилдаги оловнинг уйга ўтиб кетишига йўл қўйишмади-ку, лекин тонг отгач, даҳшатли манзарага гувоҳ бўлдик: қўшнининг бешта моли ва хачири оғил ичида куйиб, жон таслим қилган экан. Жониворларнинг суяклари эшик тагида, тўпланиб ётарди. Чиқмоқчи бўлиб, сўнгги сониягача жон талашган бечоралар... Уч-тўрт кун ўтиб, ўша қўшнимиз уйимизга чиқди. — "Рекс бўлмаса, биз ҳам ўлиб кетишимиз аниқ эди. Яхшиям сизларни уйғотибди," — деди дадамга. Сўнг Рекснинг бўйнидан қучиб, узоқ силади. Унинг кўзларида ёш бор эди. *** Эсимда, бир куни синфдошим билан ака-укачилик ҳақида тортишиб қолдик. У ўз укасини, мен укамни мақтадим. — "Кел, уларни муштлашувда синайлик, ўшанда аниқ бўлади," — деди у. Кўндим. Лекин ичимда бир хавотир ўрмалади. Ахир укам ҳеч қачон биров билан уришмаган, табиатан жуда ювош, беозор бола эди. Аммо паст кетишни хоҳламай, укамнинг жиғига тега бошладим. Ғурурини қитиқладим ва охири "жанг"га кўндирдим. Катта давра ташкил қилинди. Бекорчи, томошабин ҳам кўп. "Ура-ур" бошланди. Укам бошида яхши ҳимояланди-ю, кейин жўрамнинг укаси уни тупроққа қориштириб ташлади. Даврадагилар қаҳ-қаҳ отиб кула бошлашди. Шу кулги укамга шунчалик алам қилдики... Унинг кўзларида бир оний лаҳзада шундай нафрат, шундай алам чақнадики, гўё мўъжиза содир бўлди: у рақибини коптокдай ўйнатди, дуч келган жойига тепаверди. Кўзини ҳам очолмай қолган боланинг оғиз-бурнидан қон кела бошлаганини кўрган укам энди... йиғлашга тушди. Аммо йиғлай-йиғлай, зарба беришда давом этарди. Унинг бу ҳўнграши аслида ўзининг раҳмдиллигини, биздай "шафқатсиз томошабинлар"нинг ҳайвоний истаклари учун мажбуран муштлашаётганини исботларди. Биз эса бу "томоша"дан баттар роҳатланардик, кулардик... Шу пайт даврага тўсатдан Рекс отилиб кирди. У ҳеч кимга ташланмади, ҳеч кимни ғажимади. Шунчаки укамнинг кўйлагидан тишлаб, даврадан олиб чиқиб кетди. Одамларнинг шафқатсизлигига, тошбағирлигига — онгсиз, забонсиз Рекс чидолмаган эди... "Яхши ит эгасига ўлигини кўрсатмайди", дейишади. Аммо бизнинг ақлли итимизга бу ҳам насиб этмади. Бутун кўчамизни, хонадонимизни қўриқлайдиган, одамлардан-да фаросатлироқ бу жониворни қўшни гузардаги бир бағритош игна майдаланган гўшт бериб ўлдирди. Буни кейин билдик... Бунгача бечора Рекс шундай қийналди, шундай чинқириб чайилладики, одамзот бу азобни кўришга чидолмасди. Ўзини деворга ура-ура жон берди. Унинг ўлаётган пайтида кўзларидаги ўша мунгни, ўша саволни, ўша гинани ҳали инсон зотининг кўзида кўрмаганман. Ҳаммамиз йиғладик. Ҳатто қўшнилар, бутун маҳалла йиғлади... Гоҳида баъзи одамларни эслайман дейсиз-у, хотирангизда ҳеч вақо тополмайсиз. Яратганнинг бир махлуқи эса... айрим инсонлардан кўра эсда қоларли, шарафлироқ яшаб кетди.

Open in Telegram
Views2,610+65%vs avg
Forwards—
Reactions64
Comments—
#1321Text

Кино оламини бутунлай ўзгартириб юборган, экранда нафақат мафия бошлиғини, балки тирик бир трагедияни яратган инсон — Марлон Брандо ҳақида. 1972 йил. «Чўқинтирган ота» фильми устида иш бошланишидан аввал режиссёр Фрэнсис Форд Коппола жиддий қаршиликка учраган. Киностудия раҳбарлари Брандони Вито Корлеоне ролида кўришни исташмаган: улар учун актёр ўз даврини яшаб бўлган, инжиқ ва муаммоли шахс эди. Бироқ, Брандо кастинг синовига келганида, юзларига қора пойабзал бўёғини суртиб, жағлари ичига пахта жойлаб, Дон Витонинг машҳур хирилдоқ овозида гапира бошлаган. Ўша сонияда студия раҳбарлари тушунишди: қаршиларида актёр эмас, ҳақиқий мафия отахони турарди. Брандо ижросидаги Вито Корлеоне шунчаки жиноятчи эмас. У — ўз дунёсининг қонунларини яратган, оиласини ва қадриятларини ҳар қандай қонли урушдан устун қўйган инсон. Унинг экрандаги ҳар бир ҳаракати, паст, аммо вазмин овози тингловчини сеҳрлаб қўяди. «Ўз оиласига вақт ажратмайдиган эркак ҳеч қачон ҳақиқий эркак бўла олмайди», деган сўзлари миллионлаб инсонлар қалбидан жой олди. Оскардан воз кечиш Марлон Брандо бу рол учун дунёдаги энг нуфузли «Оскар» мукофотига лойиқ кўрилди. Аммо 1973 йилдаги тақдирлаш маросимида кутилмаган воқеа юз берди. Актёр саҳнага чиқишдан бош тортди. Унинг ўрнига Сашин Кичик Пат исмли ҳинду аёли чиқиб, Брандонинг мактубини ўқиб берди. Брандо Голливуд фильмларида туб жой америкалик ҳиндуларнинг камситилиши ва нотўғри талқин қилинишига норозилик сифатида ўз «Оскар»идан воз кечган эди. Бу ҳаракат унинг нафақат буюк актёр, балки улкан қалб эгаси эканини исботлади. Дон Витонинг мушук ушлаб ўтирган машҳур саҳнасини эсланг. Ўша мушук сценарийда йўқ эди. У шунчаки суратга олиш майдончасида адашиб юрганди. Брандо уни бағрига олди ва шу биргина детал қонхўр мафия раҳбарининг ички дунёсидаги меҳр ва юмшоқликни кўрсатиб берди. Марлон Брандо Вито Корлеоне образи орқали бизга шуни эслатди: инсон қанчалик юқорига кўтарилмасин, қанчалик катта кучга эга бўлмасин, унинг энг заиф ва энг гўзал томони — бу унинг оиласига бўлган муҳаббатидир. Жисман бу дунёни тарк этган бўлса-да, у яратган образ абадий яшайди.

Open in Telegram
Views1,260−21%vs avg
Forwards—
Reactions31
Comments—
#1320Text

"Сув каби бўл, дўстим!" Инсон иродасининг чексизлигини исботлаган, ҳар бир ҳаракати билан дунёни ҳайратга солган афсонавий шахс — Брюс Ли шунчаки жангчи эмас, балки ўз интизоми ва руҳияти билан тақдирдан устун келган буюк мутафаккир эди. Унинг ҳаёти ва эришган муваффақиятлари бугунги ёшлар учун ҳақиқий жасорат ва сабоқ мактабидир. Брюс Ли ҳар куни ўз имкониятлари чегарасини бузиб ўтишга интиларди. У жанг санъатида мумтоз қолиплар билан чекланиб қолмай, ўз йўналиши ва фалсафасини яратди. Унинг машҳур "Сув каби бўл, дўстим" деган ибораси шунчаки жисмоний мослашувчанлик эмас, балки чуқур ҳаётий донолик эди: сув идишга солинса идиш шаклини олади, тўсиқларга дуч келса уларни айланиб ўтади ва охир-оқибат энг қаттиқ тошни ҳам емиради. Ёшликдаги ғайратни айнан мана шундай мослашувчан ва йўлидан қайтмас мақсадларга йўналтириш лозим. Унинг йўли ҳеч қачон текис бўлмаган. Катта саҳналарга чиқишда ирқий камситишлар, жиддий жароҳатлар ва атрофидагиларнинг шубҳа-гумонларига дуч келди. Шифокорлар бел умуртқасининг оғир жароҳатидан сўнг у бошқа ҳеч қачон спорт билан шуғуллана олмаслигини айтишганида, Брюс таслим бўлмади. У тўшакда ётган ҳолда китоблар ёзди, руҳиятини жиловлади ва барчанинг тахминларини чиппакка чиқариб, яна ҳам кучлироқ бўлди. Чунки у биларди: энг буюк ғалаба — бу ўз қўрқувларингиз ва ожизлигингиз устидан қозонилган ғалабадир. У ёшларга доимо такрорларди: "Мен 10 000 та ҳар хил зарбани бир марта синаб кўрган одамдан қўрқмайман, лекин бир зарбани 10 000 марта машқ қилган одамдан қўрқаман." Бу сўзлар ҳар қандай соҳада муваффақият калити — бу интизом, узлуксиз меҳнат ва сабр-тоқат эканлигини англатади. Орзулар шунчаки истак билан эмас, ҳар кунги кичик, аммо қатъиятли қадамлар эвазига ҳақиқатга айланади. Бугун ўз олдингизга қандай мақсад қўйманг, Брюс Лидан илҳом олинг. Ўзингизга бўлган ишончни ва ички алафни сўндирманг. Сизнинг имкониятларингиз чегарасини фақат ўзингиз белгилайсиз. Ҳар бир қийинчиликни ўсиш имконияти деб билинг, меҳнатдан қочманг ва ўз ҳаётингизнинг ҳақиқий қаҳрамонига айланинг. Мақсуд ХОН

Open in Telegram
Views1,700+7%vs avg
Forwards—
Reactions26
Comments—