Депутатларимиз ҳудудларда муаммоларни жойида ҳал қиляпти
Депутатларимизнинг маҳаллама-маҳалла юриб, одамларнинг дардини эшитаётгани, реал муаммоларни ечаётгани қувонарли.
Фарғонада депутат Манзура Салимова эҳтиёжманд ва хаста инсонларнинг уйигача кириб бориб, соғлиқни сақлаш масъуллари билан бирга даволаниш масалаларини шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилиб берибди.
Хўжаободда депутат Гулнора Абдувоҳидова томорқаларга сув келмаётганини эшитиб, дарҳол мутасаддиларни жалб қилди ва ариқларни таъмирлаб, халққа сув келтиришга эришибди.
Жиззахда депутат Назира Мухторова 20,6 млн сўм субсидияга тикувчилик очган ва «Аёллар дафтари»даги 3 та ишсиз аёлни иш билан таъминлаган жонкуяр тадбиркорнинг ишини юқори баҳолаб, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатди.
Шофирконда депутат Мақсуд Муҳаммедов ташаббус кўрсатиб, бўш бинодан кутубхона қилиш, мактабни спорт жиҳозлари ва фаоллар зали билан таъминлаш, шунингдек, боғчани таъмирлаш ишларини қатъий назоратга олди.
Жомбойда депутат Азамат Пардаев аҳоли ва шифокорлар билан гаплашиб, оилавий поликлиникани капитал таъмирлаш ва мактабда бошланғич синфлар учун янги бино қуришдек муҳим режаларни белгилаб берди.
Бухорода депутат Эмма Аслонова 150 та янги иш ўрни яратадиган 15 млн долларлик «ZARHAL GROUP» инвестиция лойиҳасини жадаллаштиришга яқиндан кўмаклашиб, тадбиркорларга қанот бўляпти.
Наманганда депутат Ҳилола Юсупова янги яратилаётган иш ўринларининг барқарорлигини таъминлаш ва тадбиркорлик дастурлари ижросини назорат қилиш бўйича муҳим чораларни белгилаб берибди.
Сурхондарёда эса вакилларимиз Ватан тинчлиги йўлида жон фидо қилган мард ўғлонларимиз - марҳум сержантлар Чори Шамиев ва Муҳиддин Эштемировларнинг оилаларидан хабар олиб, уларга ҳурмат кўрсатишибди.
Халқ билан елкама-елка туриб ишлаётган вакилларимизга раҳмат!
👉 @r_kusherbayev