Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари тақдим этилди
20 октябрь куни Тошкентда «Ривожлантириш институти: молиялаштириш, инновациялар ва иқтисодий тараққиёт» мавзусида форум ўтказилди. Унда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш институти сифатидаги фаолияти тақдим этилди.
Компания тадбиркорларга ғояни амалга оширишдан тортиб, бизнесни кенгайтиришгача бўлган турли босқичларда кўмак беради. Форумда тақдим этилган маълумотларга кўра, Компания 100 мингта лойиҳани қўллаб-қувватлаган, молиявий ёрдам ҳажми эса 25,3 трлн сўмни ташкил этган.
Компания тижорат банклари, микромолия ташкилотлари, микромолия банклари ва лизинг компаниялари билан ҳамкорликда ҳам тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиради. Кафолат ва кредит фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш механизмлари ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
🔹 Компаниянинг бевосита молиялаштириш хизматлари
Хизматлар ипотекаси орқали 20 млрд сўмгача бўлган бино ва ускуналарни харид қилиш, мақсадли қарз орқали эса лойиҳани амалга ошириш учун 20 млрд сўмгача маблағ олиш мумкин. Компания корхоналарнинг устав капиталига улуш киритиш орқали ҳам лойиҳаларни шериклик асосида молиялаштиради.
Шунингдек, ислом молияси доирасида Муробаҳа ва Ижара воситалари орқали 500 минг АҚШ долларигача молиялаштириш хизматлари таклиф этилади.
🔹 Рақамли платформалар
Компания томонидан яратилган IdeaLab платформаси бизнес-ғояни бизнес-режа ва лойиҳа ҳужжатларига айлантиришга ёрдам беради. «Тадбиркор» ахборот тизими орқали Компаниянинг молиявий хизматларидан онлайн фойдаланиш мумкин.
«Бизнеснинг молиявий соғломлик таҳлили» платформаси эса корхонанинг расмий ҳисоботларини автоматик олиб, тўлов қобилияти, рентабеллиги ва молиявий барқарорлигини баҳолайди. Сунъий интеллект таҳлил натижаларини содда тилда изоҳлаб, тадбиркорга эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларни тушунишга ёрдам беради.
🔹 Халқаро ҳамкорлик
Форумда Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки вакиллари ҳам иштирок этди. Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилган «Бизнес фонд» АЖ орқали тадбиркорлик лойиҳаларига хусусий инвесторлар маблағларини жалб қилиш режалаштирилган.
Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилган «Микромолиялаш хизматларини ривожлантириш» МЧЖ эса микромолия ташкилотларига ресурс, кафолат ва техник кўмак тақдим этишни кўзда тутади.
Реклама