#Карвон_қўнғироғи
Гўзаллик ва касаллик
Руҳ тарбияси гўзалликни ҳис этишдан бошланади. Айни шу сезгидан мосуво одамнинг миясига дунёнинг бор билимини жойлаб қўйсангиз ҳам унинг табиатида норасолик ғолиб келаверади, чунки бу банданинг олами суғросидаги тортишиш қонунида бузилиш содир бўлади. Дунё гўзалликка тўла, шунинг баробарида хунук ва қўрқинчли нарсаларга ҳам тўла. Гап шундаки, одам қайси томонга юз бурса, дунё ҳам шунга айланади. Шундай экан, гўзалликка интилиш керак.
Бир ёш шоир менга шеърларини олиб келди, фикр билдиришимни сўради. Ўқиб кўрдим. Аксарият шеърларида хунук ва қўрқинчли нарсалар, ҳатто ириб-чиришларгача тасвирланган экан. Мен унга «Шеърият гулшанда ҳам, кафанда ҳам гўзал бўлмоғи керак» деган олтин қоидани эслатдим. Сўнг ўзим япон шоири Басёнинг адабиёт орасида маълум ва машҳур бўлган, ўзим ҳам кўп такрорлаб юрадиган бир ўгитини айтиб бердим. Басёнинг шогирдларидан бири шоирга бир ҳоккусини кўрсатади. Ҳокку дегани япон шеъриятида уч қатордан иборат ниҳоятда нозик шеър жанри, уни хайку ҳам дейишади. Шогирднинг ҳоккусининг маъноси шундай эди: «Капалак қанотини юлиб ташласанг, ўхшаб қолар қалампир қузоғига». Басё «Бу шеър эмас, қоидага кўра ҳокку ҳаётбахш бўлиши керак, сен яхшиси “қалампир қузоғига қанот берсанг, капалакка ўхшаб қолади” деб ёз» дейди. Мен яна Навоийнинг «Қаро кўзум» номли ғазали трагик, фожиали, видо шеъри бўлишига қарамасдан нечоғли гўзал эканлигини унга уқтирдим. Мен бу ёш шоирнинг гапларимдан хулоса чиқаришидан умидвор эдим. Лекин эртасига катта бир мушоирада у янада қўрқинчли ва хунук нарсалар тасвирланган бадбахт бир шеърини ўқишдан тийилмади. Гўзалликни гўзалликдай тасвирлаш керак. Ҳолбуки, кейинги пайтларда айрим шеърларда гўзаллик касалликдай тасвирланаяпти. Шеърият олам ва одам мўъжизаларини сўз ила намоён этадиган ҳодисадир.
Одам инқирозининг тури кўп. Ўзига ато этилган ҳаётни унутиб, виртуал оламда яшаётганлар, ўн йил телефондан бош кўтармай, оқибатда ўзи ҳам телефонга айланиб қолганлар, ўзини кўнгли ва онги билан эмас, пулт билан бошқараётганлар, даҳшатли филмларни кўравериб, ваҳший йиртқичга эврилганлар ва ҳоказо ва ҳоказо. Абсурд драматургларидан бирининг драмасида кутилмаган воқеа тасвирланади. Бир одам фашистлардан қочиб, йигирма йил уйининг томида беркиниб ётади. Уруш тугаб, омон-омон бўлгач, у пастга тушиб ҳаётга қайтади. Лекин тақдирни қарангки, фашизмдан яшириниб, йигирма йил томда ёлғиз яшаган одам ерга тушганда, воҳки, унинг ўзи фашистга айланиб бўлган экан. Одам қўрққан нарсасига қарши турмаса, курашмаса, шу қўрқувни енгиб ўтмаса, бора-бора ўзи ўша нарсага айланади. Мен бу одамнинг тақдири ҳақида ўйлаганимда яна бир фаразга бораман. Агар у йигирма йил томда эмас, ўрмонда қочиб юрганда бундай бўлмасмиди? Табиат унга таъсир кўрсатармиди, уни одам сифатида сақлаб қололармиди? Яна ким билсин?
Кўнгил ҳақида гап кетганда, уни Каъбага тенглаштириб, худонинг уйларидан бири сифатида ардоқлаймиз. Албатта тоза, пок бўлса. Лекин кўнгил ҳам тарбияланмаса, парвариш қилинмаса, қаралмаса, инқирозга маҳкум. Шундай улуғ куч ҳам ўлиши мумкин. Ботинидаги бу мўъжизани ўлдириб қўйиб, чириган ходадай юрганлар ҳам кўп.
✍️ Эшқобил ШУКУР
@Eshqobil_Shukur_ijodi