«Яшил макон» доирасида ҳудудларда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида ҳудудларда турли ташаббуслар амалга ошириляпти. Қаердадир йиллар давомида фойдаланилмаган ерлар боғга айлантирилаётган бўлса, бошқа жойларда аҳоли учун янги дам олиш масканлари ташкил этилмоқда.
Масалан, Навбаҳор туманида бир гектардан ортиқ майдонда дам олиш маскани ташкил қилиниб, 3 мингга яқин дарахт ва бута экилди. Ўрта Чирчиқда шифокорлар ўзлари ишлайдиган поликлиника ҳудудида 2,5 мингдан зиёд кўчат экиб, уларнинг парваришини ҳам зиммаларига олишди.
Нишон ва Бўстон туманларида фойдаланилмай келинган ерлар кўкаламзорлаштирилмоқда. Ургутда пробация боғи, Шўрчида микроўрмон, Нукус атрофида эса 15 минг гектарлик яшил белбоғ барпо этилмоқда.
Бухоро, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳам кузги кўчат экиш ишлари давом этяпти.
Албатта, бу ишларнинг натижаси қанча кўчат экилгани билан эмас, уларнинг қанчаси кўкариб, одамларга соя берадиган дарахтга айланиши билан ўлчанади. Шунинг учун кўчатларни экиш баробарида уларнинг кейинги парваришига ҳам жиддий эътибор қаратиш керак.