Ҳар бир рад этиш интизомий қилмиш эмас: ходимни жазолашдан олдин нимага эътибор бериш керак?
Иш берувчилар диққат қилинг. Бир жиҳатга эътиборли бўлинг. Агар ходимга шанба куни ишга чиқишни буюрдингиз, ходим рад этди, шунда сиз ҳайфсан эълон қилиш ёки бошқа жазо беришга шошилманг. Суд бундай ҳайфсанни бекор қилиши мумкин. Сабаби — рад этиш ҳар доим ҳам интизомий қилмиш эмас.
Қаранг, МК 301-моддасига кўра интизомий қилмиш — ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини айбли тарзда, ғайриқонуний равишда бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги тушунилади. Шунингдек, 26-сон Олий суд Пленуми қарори 30-бандига кўра, бунга ички меҳнат тартиб қоидалари, мансаб йўриқномалари, низомлар, иш берувчининг қонуний буйруқлари ва техник қоидаларни бузиш киради - дея тушунтириш берилган.
Бундан иккита хулоса келиб чиқади:
🔹 айб бўлмаса, жавобгарлик ҳам йўқ: бажарилмаслик ходимга боғлиқ бўлмаган сабабдан (иш берувчи зарур шароитни яратмаган, форс-мажор) юз берган бўлса, ходимни интизомий жавобгарликка тортиш мумкин эмас (МК 301);
🔹 бузилган мажбурият қонуний белгиланган бўлиши керак.
Яъни юқоридаги мисолда ходимнинг розилиги бўлмаган бўлса рад этиш интизомий қилмиш эмас (ходимни дам олиш кунида ишга жалб қилиш ҳақида аввалги постларимизда батафсил ёзганмиз).
Қилмиш аниқланган бўлса ҳам, жазо чораси Кодексда назарда тутилган бўлиши шарт. МКнинг 312-моддасида фақат учта жазо бор:
🔹 ҳайфсан;
🔹 ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан кўп бўлмаган жарима (ички меҳнат тартиб қоидаларида 50 фоизгача жарима назарда тутилиши мумкин), уни ушлаб қолиш МК 269 ва 270-моддалари талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади;
🔹 меҳнат шартномасини бекор қилиш (161-модда 2-қисм 4 ва 5-бандлари).
Меҳнат кодексида, қонунларда, интизом тўғрисидаги устав ёки низомларда назарда тутилмаган жазони қўллаш мумкин эмас.
МК 313-моддасига асосан ҳар бир қилмиш учун фақат битта жазо қўлланади, уни танлашда қилмишнинг оғир-енгиллиги, содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқи ҳисобга олинади. Ҳамда Пленум қарорининг 33-бандига кўра, интизомий жазо ходимдан зарарни қоплашни, шунингдек интизомий жазо ҳисобланмайдиган таъсир чораларини (масалан, тўлови иш берувчининг ҳуқуқи бўлган рағбатлантирувчи ва компенсация тўловларидан маҳрум этиш ёки уларни камайтириш) қўллашни истисно қилмайди.
Демак, ҳайфсан ёки бошқа жазодан олдин учта нарсани текширинг: ходимнинг айби борми, бузилган мажбурият қонуний ва ходим уни бажариши шартми ва танланган жазо Кодексдаги учтасидан бирими. Акс ҳолда жазо суд томонидан бекор қилиниши ва ходимнинг ҳолати кейинги жазо учун асос бўла олмаслиги мумкин. Фараз қилинг ходимингиз суд орқали жазони "синдириб" келди. Сиз бошқа ходимларингиз олдида обрўйингиз қандай бўлади.
#mehnat
“Zehn-Cor” адвокатлик фирмаси жамоаси аъзоси Сиддиқжон Исмоилов
👉 @bahodirahmedoff 👈