ЙПХ ходимларининг “руҳий-эмоционал ҳолатини барқарорлаштириш” чоралари кўрилади
Барча ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларида Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси масъуллари томонидан ЙПХ ходимлари билан профилактик йўриқномалар ўтказилибди.
Қайд этилишича, йиғилишларда ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, хизмат вазифаларини бажаришда масъулият ва ҳушёрликни ошириш, фуқаролар билан мулоқот маданиятига қатъий риоя этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходимлари билан боғлиқ тарқалаётган хабар ва видеолар, уларда акс этган ҳолатлар танқидий таҳлил қилиниб, бундай вазиятларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда уларнинг олдини олиш чораларига алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, ходимларнинг руҳий-эмоционал ҳолатини барқарорлаштириш, стресс ҳолатларида тўғри қарор қабул қилиш, жамоада соғлом маънавий-руҳий муҳитни шакллантириш юзасидан психологик тавсиялар берилган.
Йўриқномалар давомида ходимларга хизмат вазифаларини бажаришда қонунчилик талабларига қатъий амал қилиш, хизмат ваколатларидан қонуний фойдаланиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш ҳамда касбий этика қоидаларига риоя этиш зарурлиги тушунтирилган.