TASHKENT LAW ENFORCEMENT FORUM – 2026: ҚОНУНИЙЛИК ВА ҲУҚУҚ-ТАРТИБОТНИ ТАЪМИНЛАШДА ЗАМОНАВИЙ ТАҲДИДЛАР ВА ЯНГИ ЕЧИМЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНМОҚДА
2026 йил 26 ноябрь куни Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган «Tashkent Law Enforcement Forum – 2026» халқаро илмий-амалий форуми ўз ишини бошлади.
Бош прокуратура ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро тадбир «Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни ҳимоя қилишда: замонавий таҳдидлар ва янги ечимлар» мавзусига бағишланди.
Форумда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, халқаро ташкилотлар, илмий-таълим муассасалари ҳамда тегишли идоралар вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев кириш сўзи билан иштирок этиб, прокуратура органларининг 35 йиллик тараққиёт йўли, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар хусусида сўз юритди.
Шунингдек, форумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов, Конституциявий суд раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов, Президент Администрацияси масъул ходими Маржона Мурадова, Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий вакили Оливер Штолпе, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси раҳбари вазифасини бажарувчи Андриан Кринтя ҳамда Олий аттестация комиссияси раиси, сиёсий фанлар доктори, профессор Мунира Аминовалар қутлов нутқлари ва маърузалари билан иштирок этдилар.
Форумнинг биринчи кунида иштирокчилар Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг илмий-инновацион павильони фаолияти билан ҳам танишдилар.
Икки кун давом этадиган халқаро форум доирасида қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдидларга қарши курашишда илғор ёндашувлар ва инновацион ечимларни жорий этиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр ва тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Мазкур форум прокуратура органларининг 35 йиллик фаолияти сарҳисобини қилиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий ёндашувлар ва илғор амалиётни ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига кенг жорий этиш борасида муҳим халқаро мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
🌐Бош прокуратуранинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига аъзо бўлинг!
Sayt|Telegram | Instagram | YouTube | Facebook