Сизнинг ташвишингиз нима?
Кимнинг ғами Охират бўлса...
Барчамизнинг ҳам ўз ташвишимиз бор, лекин савол шуки: Сизнинг бош ташвишингиз нима? Нима ҳақида қайғуришингиз қалбингизни белгилайди, қалбингиз эса тақдирингизни белгилайди. Агар ғамингиз дунё бўлса — чарчайсиз, агар ғамингиз Охират бўлса — ором топасиз.
1. Кимнинг ғами Охират бўлса:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Кимнинг ғами Охират бўлса, Аллоҳ унинг бойлигини қалбида қилиб қўяди, унинг ишларини жамлаб-ўнглаб қўяди ва дунё унга хор (бўйсунган) ҳолда келади».
Демак, бойлик мол-дунё билан эмас, ҳақиқий бойлик — қалб бойлигидир. Кимки ўзининг бош ташвишини Аллоҳнинг розилиги қилиб қўйса, Аллоҳ унинг барча ғамларига кифоя қилади (Ўзи ҳал қилиб беради).
2. Кимнинг ғами дунё бўлса:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг фақирлигини икки кўзи ўртасига (кўз ўнгига) келтириб қўяди, ишларини тарқоқ-пароканда қилиб қўяди ва унга дунёдан фақат ўзига тақдир қилинганигина келади».
Аллоҳ таоло айтди: «Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга тор турмуш бўлур» (Тоҳа сураси, 124-оят).
Қанча кўп мол-дунё тўпламанг, қалбингиз фақирлигича қолавераверади. Чунки қалбни фақат Аллоҳнинг зикригина тўйдира олади.
3. Қалб ё жамланади, ёки пароканда бўлади:
Аллоҳ таоло айтди: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур!» (Раъд сураси, 28-оят).
Ким Аллоҳни зикр қилса, Аллоҳ унинг қалбини жамлаб (хотиржам қилиб) қўяди. Ким Аллоҳни унутса, унинг қалби ҳар бир водийда тарқалиб (пароканда бўлиб) кетади.
4. Дунё ўзи хор (бўйсунган) ҳолда келади:
Аллоҳ таоло айтди: «Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўяди ва уни ўйламаган тарафидан ризқлантиради» (Талоқ сураси, 2–3-оятлар).
Дунёнинг ортидан югурманг, Аллоҳнинг розилиги ортидан югуринг. Шунда дунёнинг ўзи сизга бўйсунган ҳолда келади.
5. Қалбингиздан сўранг:
Аллоҳ таоло айтди: «Ким Охират ҳосилини (савобини) истар экан, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир» (Шўро сураси, 20-оят).
Шундай экан, бугун қалбингиз қаерда (нима билан машғул) эканига боқинг, шунда эртага — Подшоҳ (Аллоҳ) билан учрашганда қаерда бўлишингизни билиб оласиз.
Ғамингизни (бош ташвишингизни) ягона қилинг: Аллоҳнинг розилиги.
Аллоҳ таоло айтди: «Жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).
Агар ғамингиз, ният ва мақсадингиз ислоҳ бўлса, қалбингиз ҳам ислоҳ бўлади. Агар қалбингиз ислоҳ бўлса, Аллоҳ ишларингизни жамлайди, сизни бой қилади ва дунё ўзи сизга бўйсунган ҳолда келади.
Бас, кимнинг ғами Охират бўлса, у Подшоҳ (Аллоҳ) билан У Зот ундан рози бўлган ҳолида учрашади. Ва Аллоҳ унга нақадар яхши Хожа ва нақадар яхши Ёрдамчидир!
Тақво ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин!
https://t.me/taqvotvofficial