Account

Posts of Qodir Djurayev kundaligi

newest first

#1352Photo
Views228−78%vs avg
Forwards—
Reactions6
Comments—
#1351Text

ЎЗБЕКИСТОН — ЯМАЙКА: 6:2! Қатарнинг Доҳа шаҳрида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этмоқда. Бугун гуруҳ босқичидаги навбатдаги учрашувда ўсмирларимиз Ямайка терма жамоасини матонатли ва шиддатли ўйин орқали мағлуб этиб, рақиб дарвозасига олтита тўп киритишди! Ёш футболчиларимизни ушбу ажойиб ғалаба билан чин қалбимдан табриклайман! Афсуски, бу учрашувни телевизор орқали томоша қилишнинг имкони бўлмади. Якуний ҳисобни Интернетдан қидириб топишга мажбур бўлдим. Афтидан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, хусусан, «Спорт» ва «Футбол» телеканаллари учун ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати даромад келтирмайдиган турнир бўлса керак. Акс ҳолда, бундай нуфузли мусобақани намойиш этиш имкониятини қўлдан бой беришмаган бўларди. Тўғри-да, даромад келтирмайдиган турнирни кўрсатишнинг нима кераги бор?! Агар шундай бўлса, билиб қўйинглар: фақат нафсни ўйлаш бу тўнғизнинг иши. Ахир, гап оддий футбол учрашуви ҳақида эмас, жаҳон чемпионати ҳақида кетмоқда-ку! U17 терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатида иштирок этаётгани ҳазилакам воқеа эмас. Саноқли давлатларгина бунга эришишган. Қолаверса, бу — ўзбек футболининг бугунги салоҳияти ва эртанги истиқболини намоён этадиган ғоят нуфузли мусобақа. Унинг ҳар бир учрашувини юз минглаб юртдошларимиз, айниқса, ёш футболчиларимизнинг ота-оналари, яқинлари ва қариндошлари катта ҳаяжон билан кутмоқда. Наҳотки, буни тушунмасангиз, эй, сиз - телевидение мутасаддилари?! Тижорий ҳисоб-китобларингиздан бир чеккага йиғиштириб қўйиб, ёшларимизни қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратинг! Зеро, бир соатлик жонли эфир миллионлаб мухлисларнинг қувончи, ота-оналарнинг фарзандлари билан бирга яшайдиган ҳаяжонли лаҳзалари, ёш футболчиларимизга бериладиган улкан маънавий мадад демакдир. Унутманг: ёш йигитларимиз шунчаки футбол ўйнамаяпти,улар Ўзбекистон шаънини ҳимоя қиляпти!

Open in Telegram
Views506−52%vs avg
Forwards—
Reactions32
Comments—
#1350Photo
Views590−44%vs avg
Forwards—
Reactions11
Comments—
#1349Photo
Views629−40%vs avg
Forwards—
Reactions5
Comments—
#1348Photo
Views667−36%vs avg
Forwards—
Reactions10
Comments—
#1347Photo

Нонни ўғирлаган болакай ва судья (Ҳаётий ҳикоя) Суд зали одамлар билан лиқ тўла. Ўн беш ёшли болакай қўрқувдан дағ-дағ титраб, бошини эгканча, кўзларини ердан узмай судья қаршисида турарди. Унинг бор-йўқ айби: бир оз нон ва бир бўлак пишлоқ ўғирлаганида. На олтин, на қимматбаҳо тақинчоқлар, на бошқа бирор қимматли буюмни ўғирлаган. Фақат бемор онаси оч қолмаслиги учун озгина озиқ-овқат ўғирлаган, холос. Магазиндан чиқаётганида қўриқчи уни тўхтатмоқчи бўлган, бироқ болакай қочиб кетишга уринган ва ўртадаги олишув пайтида дўкон токчаси тасодифан чил-чил синган. Судья унга қараб, жиддий оҳангда деди: — Ҳей бола, сен ҳақиқатан ҳам бу нарсаларни ўғирладингми? — Ҳа, жаноб, — деб пичирлади бола. — Нима учун бундай қилдинг? — Чунки биз оч эдик, жаноб. — Нима учун пулини тўламадинг? — Пулим йўқ эди. — Сенга ёрдам берадиган ҳеч киминг йўқми? — Фақат онам бор. У касал, ишлай олмайди. Мен унга ейиш учун бирор нарса олиб бормоқчи эдим. Суд залида юракни эзадиган сукунат чўкди. — Ўзинг ишламайсанми? — деб сўради судья. — Озгина пул топиш учун машиналар юваман, жаноб. Аммо бугун онамга қараш учун уйда қолгандим. — Бирор кишидан ёрдам сўраб кўрдингми? — Ҳа, жаноб. Бутун эрталаб ёрдам сўрадим. Тиланчилик қилдим, ялиндим, ёлвордим, лекин ҳеч ким гапларимга қулоқ солмади. Судья бир муддат бошини қуйи солди. Унинг юз ифодаси ўзгарди. Сўнг ҳиссиётга тўла овозда шундай деди: — Ўғирлик нотўғри иш, қонунга ҳурмат билан қараш керак. Аммо бугун ушбу суд зали бундан-да жиддийроқ муаммони тан олиши лозим. Агар бир болакай касал онасини боқиш учун бир бўлак нонни ўғирлашга мажбур бўлаётган бўлса, демак, бунда бутун жамиятимиз, жумладан, мен ҳам айбдорман. У бироз жим турди ва сўнг ҳукмини эълон қилди: — Мен ушбу суд залида ҳозир бўлган барча кишиларни, шу жумладан, ўзимни ҳам шу ҳолат учун, яъни болакайнинг овқат сўраб сарсон бўлишига мажбур қилаётган вазиятга йўл қўйганимиз учун жаримага тортаман! Шундай деб у чўнтагидан ўн доллар чиқариб, стол устига қўйди. Кейин сўзида давом этди: — Бундан ташқари, оч қолган болага нисбатан раҳм-шафқат кўрсатиш ўрнига уни жазолашни афзал билгани учун дўкон эгасига 1000 доллар жарима соламан. Чунки баъзан бир бўлак нонни олиш оғир жиноят эмас. Энг оғир жиноят: она оч қоладиган, фарзанди эса унинг қорнини тўйдириш учун ҳамма нарсани хавф остига қўйишга мажбур бўладиган вазиятдир. ©Қ.Жўраев t.me/qodirdjuraev

Open in Telegram
Views888−15%vs avg
Forwards—
Reactions53
Comments—
#1346Photo
Views786−25%vs avg
Forwards—
Reactions16
Comments—
#1345Photo
Views999−5%vs avg
Forwards—
Reactions16
Comments—
#1344Photo
Views1,300+24%vs avg
Forwards—
Reactions24
Comments—
#1343Photo
Views1,080+3%vs avg
Forwards—
Reactions25
Comments—
#1342Text

Ақаба жараёни ва Остона саммити якунлари Ақаба жараёни — Иордания Қироли Абдулла II ташаббуси билан 2015 йилда терроризм, диний экстремизм ва зўравонликка қарши курашда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган кўп томонлама мулоқот платформасидир. Ақаба жараёнининг асосий вазифаси турли минтақалар давлатлари, махсус хизматлари, ҳарбий ва хавфсизлик идоралари ҳамда халқаро ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик, мувофиқлашув ва ахборот алмашинувини ривожлантириш, террорчилик таҳдидларининг олдини олиш бўйича тажриба алмашишдан иборат. Ақаба жараёнининг ўзига хос жиҳати шундаки, унинг учрашувлари муайян минтақалардаги хавфсизлик муаммоларига бағишланган ҳолда дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилади. 2015 йилдан буён Ақаба жараёни доирасида Яқин Шарқ, Африка, Жануби-Шарқий Осиё, Европа ва бошқа минтақаларда қатор учрашувлар ташкил этилди. Ушбу ташаббус терроризмга қарши курашишни фақат куч ишлатиш чоралари билан чекламай, балки превентив дипломатия, идоралараро ҳамкорлик ва халқаро шериклик орқали комплекс ёндашувни шакллантиришга қаратилган. Ақаба жараёни доирасида 2026 йил 6 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммит мазкур форматда Марказий Осиё ҳудудида ўтказилган илк учрашув бўлди. Муҳташам Мустақиллик саройида ташкил этилган тадбирнинг асосий мавзуси «Сунъий интеллект соҳасида хавфсизлик» ҳамда кибертаҳдидларга қарши курашиш масалаларига бағишланди. Иштирокчилар халқаро террористик ва экстремистик ташкилотларнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиши билан боғлиқ хавф-хатарларга алоҳида эътибор қаратдилар. Саммитга Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Ақаба жараёни асосчиси - Иордания Қироли Абдулла II ҳамраислик қилдилар. Анжуманда минтақа мамлакатлари ва халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали расмий вакиллари иштирок этди. Давлат раҳбарлари даражасида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этдилар. Шунингдек, Озарбайжон Миллий Мажлиси спикери Соҳиба Ғафарова ва Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев ҳам қатнашдилар. Халқаро ташкилотлардан БМТ муассасалари, Европа Иттифоқи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти вакиллари, шунингдек, махсус хизматлар ва ҳарбий идоралар раҳбарлари ҳамда ахборот технологиялари соҳаси экспертлари қатнашдилар. Анжуманда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан қуйидаги асосий ташаббуслар эълон қилинди: Ўзбекистон Тошкентдаги Халқаро Ислом цивилизацияси маркази базасида «Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастурини ишга туширишни таклиф қилди. Ушбу дастур диний соҳа вакилларини рақамли муҳитда фаолият юритишга тайёрлашга қаратилган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ақаба жараёнининг навбатдаги сессияларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Қозоғистон мазкур мулоқот майдонининг технологик хавфсизлик соҳасида Марказий Осиёнинг умумий ёндашувини ишлаб чиқиш таклифини билдирди. Тожикистон Ақаба ва Душанбе жараёнлари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга чақирди. Эмомали Раҳмон жиноий гуруҳлар томонидан сунъий интеллектдан қурол-яроғнинг янги турларини ишлаб чиқишда фойдаланиш эҳтимоли юзасидан алоҳида ташвиш билдирди. Туркманистон минтақавий хавфсизлик масалаларини ҳал этишда бетарафлик ва превентив дипломатия тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Саммит якунлари бўйича томонлар замонавий таҳдидлар юзасидан умумий тушунча ва ёндашувларни шакллантирдилар, киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш соҳасида амалий чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

Open in Telegram
Views1,040−1%vs avg
Forwards—
Reactions12
Comments—
#1340Text

Минтақавий ҳамкорликка бағишланган ток-шоу “Ўзбекистон-24” телеканалида бу галги ток-шоу Марказий Осиёдаги ҳамкорлик жараёнларига бағишланди. Унда иштирок этган экспертларнинг фикрича, сўнгги йилларда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Айниқса, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ташаббуси минтақада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда муҳим омил бўлди. 2018 йилда бошланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари эса минтақавий мулоқотнинг самарали механизмига айланди. Ушбу формат орқали давлатлар ўртасидаги айрим чегаравий келишмовчиликлар бартараф этилди, транспорт алоқалари тикланди, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорлик кенгайди. Энг муҳими, минтақадаги муаммоларни ташқи воситачиларсиз, ўзаро мулоқот ва келишув асосида ҳал этишга қаратилган янги сиёсий тафаккур қарор топди. Ҳозирда минтақавий ҳамкорликнинг амалий натижалари иқтисодиёт, энергетика, транспорт ва хавфсизлик соҳаларида яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, 2025 йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома ҳамда Хўжанд декларациясининг имзоланиши тарихий аҳамиятга эга бўлди. Сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, Қамбарота ГЭС-1 лойиҳаси, саноат кооперацияси ва чегараолди савдосини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик янги имкониятларни очмоқда. Шунингдек, «Марказий Осиё — 2040» концепцияси минтақанинг узоқ муддатли тараққиёт устуворликларини белгилаб берди. 2025 йилдан бошлаб Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли иштирокчи сифатида қўшилиши эса Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида ягона иқтисодий ва транспорт-логистика маконини шакллантириш учун янги истиқболларни очмоқда. Айни пайтда минтақавий ҳамкорлик олдида иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, Афғонистонда барқарорликни таъминлаш каби муҳим вазифалар турибди. «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли, Трансафғон транспорт йўлаги ва Транскаспий йўналишларини ривожлантириш минтақанинг халқаро иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу маънода, Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини янада институционал мустаҳкамлаш, умумий манфаатлар асосида ташқи сиёсий ёндашувларни мувофиқлаштириш ва ўзаро иқтисодий боғлиқликни кучайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бугун Марказий Осиё шунчаки географик тушунча эмас, балки умумий мақсадлар, муштарак манфаатлар ва келажак учун масъулият бирлаштирган минтақавий ҳамкорлик макони сифатида шаклланмоқда. Бу жараённинг муваффақияти эса, энг аввало, давлатлар ўртасидаги ишонч, тенг ҳуқуқлилик ва яхши қўшничилик тамойилларига қанчалик содиқ қолинишига боғлиқ.

Open in Telegram
Views915−13%vs avg
Forwards—
Reactions15
Comments—
#1338Photo

АҚШдаги оралиқ сайловлар: импичмент хавфи ёхуд "оқсоқ ўрдакча" Бугун, 3 ноябрь куни АҚШда муҳим сиёсий жараён - Конгресс сайловлари бўлиб ўтмоқда. Бу сайловларда мамлакат парламентининг қуйи палатаси - Вакиллар палатасининг барча аъзолари, юқори палатаси - Сенатнинг эса учдан бир қисми қайта сайланади. Шунингдек, 36 та штатда губернаторлар сайлови ўтказилади. Айрим штатларда маҳаллий қонун чиқарувчи органлар - штат парламентлари аъзолари ҳам қайта сайланади. Сайловолди прогнозларига кўра, Демократик партия Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчилик ўринларни қўлга киритиши мумкин. Агар шундай бўлса, Республикачилар партияси Конгресс устидан назоратни бой беради. Бу эса Президент Дональд Трамп учун жиддий сиёсий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирда айрим демократлар сайловда ғалаба қозониб, Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчиликни ташкил этган тақдирда ҳам Трампга нисбатан лавозимдан четлаштириш, яъни импичмент жараёнини бошлаш ниятида эмасликларини билдиришган. Бироқ баъзи сиёсий таҳлилчилар бундай ташаббус барибир илгари сурилиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Хўш, импичмент нима ва у Трампнинг президентликдан кетишига олиб келиши мумкинми? АҚШ қонунчилигига кўра, президентга нисбатан импичмент жараёнини бошлаш учун Вакиллар палатасидаги 435 нафар аъзодан камида 218 нафари уни қўллаб-қувватлаши керак. Аммо импичментнинг ўзи президентни автоматик равишда лавозимидан четлатмайди. Бунинг учун масала Сенатда кўриб чиқилиши ва 100 нафар сенатордан камида 67 нафари президентни лавозимидан четлатиш учун овоз бериши лозим. Демак, президентга нисбатан импичмент жараёни бошланиши мумкин бўлса-да, унинг лавозимидан четлатилиши учун жуда катта сиёсий қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Шу боис бундай натижага эришиш осон эмас. Бироқ Трампни фақат импичмент хавфи эмас, балки бошқа бир сиёсий муаммо ҳам кутиши мумкин. Сайловда демократлар ғалаба қозонса, у «оқсоқ ўрдак» деб аталадиган сиёсий ҳолатга тушиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. «Оқсоқ ўрдак» - сиёсатда президент ёки бошқа юқори лавозимдаги раҳбарнинг сиёсий таъсири ва қарорлар қабул қилиш имконияти сезиларли даражада чекланган вазиятни англатади. Агар демократлар Конгресснинг, айниқса, Сенатнинг назоратини ҳам қўлга киритса, Трамп маъмурияти муҳим қонун лойиҳаларини қабул қилишда жиддий қаршиликка дуч келиши мумкин. Бундан ташқари, Конгресс президент маъмурияти фаолияти устидан назорат ва текширувларни кучайтириши, давлат бюджети бўйича қарорларни қабул қилиш жараёнида ҳам унга босим ўтказиши мумкин. Бошқача айтганда, Трамп президентлик лавозимида қолган тақдирда ҳам, ўз сиёсий дастурини амалга оширишда анча катта тўсиқларга дуч келиши мумкин.

Open in Telegram
Views1,130+8%vs avg
Forwards—
Reactions26
Comments—
#1337Photo
Views1,100+5%vs avg
Forwards—
Reactions20
Comments—
#1336Photo

НИМАНГГА БУНЧА ЧИРАНАСАН, ЭЙ ОДАМЗОД? Юқоридаги суратда нима тасвирланганини биласизми? Тополмадингизми? Бу - Ер сайёрасининг сурати. У 1990 йилда «Вояжер-1» космик зонди томонидан қарийб 6 миллиард километр узоқликдан туриб олинган. Бир қарашда оддийгина сурат. Аммо унга диққат билан тикилсангиз, бутун борлиқ, ҳаёт ва инсон ҳақидаги тасаввурларингизни ўзгартириб юборадиган бир оддий ҳақиқатни англайсиз: бепоён коинот қаърида бизнинг она-Ер сайёрамиз атиги бир заррадек кўринади. Ушбу митти зарра устида эса 8 миллиарддан ортиқ инсон яшайди, орзу қилади, курашади, бойлик тўплайди, ҳокимият талашади, бир-биридан устун келишга интилади... Ушбу суратга қараб, оёғи ердан узилган, бойлик ва ҳашаматга ўч, мансабу мартабасидан ғурурланиб, ўзини бошқалардан устун қўядиган кимсаларга қараб: «Нимангга бунча чиранасан, эй одамзод?!» дегинг келади. Ахир, сен талашаётган бойликлар, кўз-кўз қилаётган ҳашамат, кибру ҳавога тўла ҳаётинг ана шу митти сайёра доирасидан нарига ўтмайди-ку! Бугун ўзингни дунёнинг эгасидек ҳис қиляпсан, эртага эса сенсиз ҳам ҳаёт давом этишини биласанми?! Эсимда, бир ташкилотда бўлим бошлиғи лавозимида озроқ муддат ишлаб, сўнгра шу ташкилотнинг ўзида бошқа бўлимга ишга ўтдим. У ерда бўш хона йўқлиги сабабли то ўрнимга янги бошлиқ келгунига қадар вақтинча олдинги кабинетимда ўтиришга рухсат сўрадим. Ташкилот раҳбари менга "хўп, бемалол" деди. Бироқ 1-2 соатдан кейин олдимга ёрдамчисини юбориб, "зудлик билан кабинетни бўшатиб қўйсин", деб буйруқ берди. Мен ўша заҳотиёқ кабинетни бўшатиб қўйдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўша кабинет мендан кейин яна 3 ой бўш турди. Мен ўша раҳбарни Худога солдим. Орадан кўп ўтмай у раҳбарликдан ҳайдалиб кетди. Ҳозирда бирор ташкилот уни ишга олмайди, дарбадар бўлиб юрибди. Кибр, манманлик, мақтанчоқлик, ўзгаларга нописандлик -  буларнинг барчаси коинотнинг ана шу хира нур сочиб турган митти нуқтаси қаршисида ўз маъносини йўқотади. Кўриниб турганиздек, Она сайёрамиз бепоён коинот қоронғулиги қаъридаги ёлғиз бир зарра, холос. Биз эса ўша зарранинг заррачаларимиз. Шундай экан, инсонга бу дунёда нима керак? Бировдан устунлигини исботлашми ёки инсонлигини намоён этишми? Бойлик ва мансаб билан мақтанишми ёки эзгу амаллари билан муносиб из қолдиришми? Албатта, МУНОСИБ ИЗ ҚОЛДИРИШ!!! ©Қ.Жўраев t.me/qodirdjuraev

Open in Telegram
Views3,730+255%vs avg
Forwards—
Reactions49
Comments—
#1335Photo

КИЛИАН МБАППЕ ВА КОНФУЦИЙЛИК ЭТИКАСИ Машҳур футболчи, «Реал Мадрид» клуби ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппени ҳаммамиз яхши таниймиз, албатта. Жорий йилда у «Олтин тўп» мукофотининг асосий даъвогарларидан бири эди. Бироқ яқинда у биргина ўйламай айтган гапи туфайли Хитойнинг қаттиқ ғазабига учради. Халқимизда «Билмайин босдим тиконни, энди тортаман жабрини», деган ажойиб нақл бор. Килиан ҳам ўйламасдан айтган бир оғиз гапи учун энди анча қиммат товон тўлашига тўғри келмоқда. Ҳаммаси Интернетдаги The Bridge кўрсатувидан бошланди. Унда Килиан Мбаппенинг қиёфаси акс эттирилган турли мемлар - кулгили расмлар, видеолар ва кинояли тасвирлар унга намойиш этилиб, улар орасидан қайси бири энг кулгили экани сўралди. Мбаппе эса ўзининг Хитойнинг собиқ раҳбари Мао Цзедун қиёфасида тасвирланган суратини танлаб, уни энг кулгили деб баҳолади ҳамда сурат тагига «хитойлик диктатор қиёфасидаги портретим энг кулгули» деб ёзиб қўйди. Бу эса анча жиддий сиёсий хато эди. Зеро, Хитойнинг қарийб 1,5 миллиардлик аҳолиси учун Мао Цзедун нафақат замонавий Хитой Халқ Республикасининг асосчиси, балки давлатчилик ва миллий тарих рамзларидан бири ҳам ҳисобланади. Шу боис унинг «диктатор» деб номланиши Хитой жамоатчилигида кескин норозилик уйғотди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Го Цзякунь бу воқеага дарҳол реакция билдирди ва айбдорларга нисбатан кескин чоралар кўришни талаб қилди. Унинг таъкидлашича, «Хитой халқининг ҳис-туйғуларини поймол қиладиган ҳар қандай сўз ва хатти-ҳаракатлар, табиийки, Хитой жамиятининг барча қатламлари томонидан якдил қаршиликка учрайди». Хитой жамоатчилигининг норозилиги расмий баёнотлар билангина чекланиб қолмади. Мамлакатдаги бир қатор йирик компаниялар Килиан Мбаппе билан тузилган ҳомийлик шартномаларини бекор қилиш чораларини кўрди. Ваҳоланки, ушбу ҳамкорлик футболчига тахминан 30 миллион долларгача даромад келтириши мумкин эди. Шунингдек, Мбаппенинг ҳамкорларидан бири бўлган «On» спорт бренди акциялари қиймати ҳам 3,5 фоизга пасайгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бундан ташқари, Хитойнинг давлат телерадиокомпанияси CCTV Испания футбол чемпионати - «Ла Лига» учрашувларини трансляция қилишни тўхтатишга қарор қилди. Килиан Мбаппе иштирокидаги реклама роликлари ва бошқа видеоматериаллар эса эфирдан олиб ташланди. Вазиятнинг жиддий тус олганини англаган Мбаппе уч тилда баёнот бериб, юзага келган ҳолат учун кечирим сўради. Бироқ унинг узр сўраши Хитой жамоатчилигининг норозилигини бартараф этиш учун етарли бўлмаяпти. Хўш, нима учун Ғарбда оддий ҳазил ёки ўйин-кулги сифатида қабул қилинадиган ушбу ҳолат хитойликларнинг бунчалик кескин муносабатига сабаб бўлди? Гап шундаки, Ғарб сиёсий маданияти Шарқ сиёсий маданиятидан фарқ қилади. Хитой жамиятининг тарихий хотираси ва сиёсий маданиятида миллий қадр-қиммат, давлат обрўси ва тарихий рамзларни ҳимоя қилиш алоҳида ўрин тутади. Гарчи мамлакатда ҳозир марксизм-ленинизм мафкураси расмий давлат мафкураси ҳисобланса-да, асрлар давомида шаклланган конфуцийлик қадриятлари ҳам жамиятнинг дунёқараши ва ижтимоий муносабатларига чуқур сингиб кетган. Конфуцийлик таълимотида давлат ва жамият муносабатлари кўп жиҳатдан оилавий муносабатларга қиёсланади. Унга кўра, давлат катта бир оила сифатида тасаввур қилинади, ҳукмдор эса унинг бошлиғи мақомида намоён бўлади. У халққа оталарча ғамхўрлик қилиши, адолат ва ахлоқий тамойилларга асосланиб давлатни бошқариши лозим. Халқдан эса ҳукмдорга ҳурмат ва садоқат кўрсатиш, ижтимоий тартибга риоя қилиш талаб этилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳукмдорнинг шахсига нисбатан ҳурмат фақат унинг ўзига эмас, балки у тимсолида намоён бўладиган давлат ва жамият тартибига ҳам дахлдордир. Демак, тарихий раҳбарлар ва давлатчилик рамзларини омма олдида камситиш айрим ҳолларда оддий шахсий фикр ёки ҳазил эмас, балки бутун миллатнинг шаъни ва давлатнинг обрўсига қилинган тажовуз сифатида қабул қилиниши мумкин. ©Қ.Жўраев t.me/qodirdjuraev

Open in Telegram
Views1,510+44%vs avg
Forwards—
Reactions47
Comments—
#1333Photo

Ўзбекистоннинг муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Бугун “Ўзбекистон-24” каналида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқининг мазмуни ва устувор йўналишлари бўйича интерью бердим. 2026 йил 30 октябрь куни Анқара шаҳрида «Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик» шиори остида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев туркий давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлаш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқаро муносабатлар тизимидаги туб ўзгаришлар, геосиёсий рақобатнинг кучайиши, туркий дунё атрофидаги минтақаларда давом этаётган қуролли можаро ва зиддиятларнинг хавфсизлик ҳамда иқтисодий тараққиётга салбий таъсирига алоҳида эътибор қаратди. Бундай шароитда Туркий давлатлар ташкилотини ўзаро ишонч, амалий шериклик ва умумий манфаатларни халқаро майдонда илгари суришнинг муҳим кўп томонлама механизми сифатида янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Президентимизнинг нутқида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш устувор вазифалар сифатида белгиланди. Хусусан, учинчи мамлакатлар билан «Туркий давлатлар ташкилоти плюс» форматида ҳамкорликни йўлга қўйиш, «Туркий дунё – 100» дастурини қабул қилиш, стратегик инвестиция ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш, нодир минералларни қайта ишлаш ҳамда «яшил» энергетика ускуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш таклиф этилди. Шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида кўп томонлама шартнома ишлаб чиқиш ва рақамли ҳуқуқий ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Транспорт-логистика соҳасида Ўрта коридор ва унга туташ транспорт йўлакларини яхлит иқтисодий тизимга айлантириш, «Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи»ни ташкил этиш муҳим вазифа сифатида қайд этилди. Туризм соҳасида эса «Туркий туризм альянси»ни тузиш, фуқароларнинг ўзаро сафарларини енгиллаштириш, ID-карталар асосида ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш таклиф қилинди. Президент нутқида инсон капитали, таълим, ёшлар ва экологик ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида ўрин ажратилди. Ўзбекистон томонидан туркий давлатлар ёшлари учун ҳар йили 200 та таълим гранти ажратишга тайёрлик билдирилди. 2027 йилни Ташкилот доирасида «Табиатни асраш йили» деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани мамнуният билан қайд этилди. Маданий-гуманитар соҳада эса умумтуркий сўзларни жамлайдиган «Умумтуркий сўзлар луғати»ни яратиш таклиф этилди. Нутқнинг муҳим жиҳатларидан бири Ташкилотнинг институционал салоҳиятини ошириш ва унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган таклифлар бўлди. Жумладан, мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимов номзодининг Бош котиб лавозимига қўллаб-қувватлангани учун Ташкилотнинг бошқа аъзоларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, келгуси йилги саммитни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди. Умуман, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Анқара саммитидаги нутқи Ўзбекистоннинг туркий дунёдаги ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига кўтариш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, транспорт ва логистика имкониятларини кенгайтириш, умумий маданий меросни асраш ҳамда халқаро майдонда муштарак манфаатларни илгари суришга қаратилган фаол ташқи сиёсий позициясини намоён этади. Шубҳасиз, илгари сурилган мазкур ташаббуслар Ташкилот фаолиятини амалий натижалар билан бойитиш ва туркий давлатларнинг минтақавий ҳамда глобал жараёнлардаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Open in Telegram
Views970−8%vs avg
Forwards—
Reactions35
Comments—
#1332Photo

Амир Темурни ҳақорат қилишга ҳаққинг йўқ!   Яқинда YouTube’даги подкастда россиялик муаллиф Сергей Минаевнинг Амир Темур ибн Тарағай Барлос ҳақидаги фикрларини кўриб, жуда ажабландим. Подкастда соҳибқирон «босқинчи», «қонхўр», «чўлоқ», «шафқатсиз мўғул» каби ёрлиқлар билан сифатланган, тарихий воқеликлар эса ўта нохолис талқин қилинган. Аслида Амир Темур бўлажак Россиянинг тақдирини белгилаб берган тарихий шахслардан бири эканини Минаев ва унга ўхшаганлар билармикан?! Келинг, ҳақиқий фактларга бир назар ташлаймиз. Чингизхон уруғидан бўлган Тўхтамиш 1380 йилга келиб бутун Олтин Ўрдани бирлаштирди. Шу йили Куликово жангида Москва князи Дмитрий Донской Мамайни енгган эди, Тўхтамиш эса заифлашган Мамайни узил-кесил тор-мор қилди. 1382 йилда Тўхтамиш Москвани ёқиб, рус князликларини яна ўзига бўйсундирди. Кучайиб кетган Тўхтамиш тез орада Амир Темур давлати ерларига ҳам кўз олайтира бошлади. У Хоразм ва Озарбайжонга даъво қилди, 1385 йилда Табризни талади. 1387–1388 йилларда эса Амир Темур Эронда бўлган пайтда Мовароуннаҳрга бостириб кирди. Тез орада Амир Темур муносиб жавоб зарбасини берди. 1391 йилда у дашт орқали узоқ юриш қилиб, 18 июнда Қундузча дарёси бўйида Тўхтамишни енгди. 1395 йил 15 апрелда Терек дарёси бўйидаги жангда эса Тўхтамиш қўшинини узил-кесил тор-мор қилди. Шундан сўнг Амир Темур Олтин Ўрда пойтахти Сарой Беркени, Ҳожитархон (Астрахань) ва Азақ (Азов) шаҳарларини вайрон қилди. У рус ерларининг чегарасидаги Елец шаҳригача етиб борди ва ортга қайтди. Бу воқеаларнинг халқаро оқибатлари жуда катта бўлди. Олтин Ўрда шундан кейин ўзини тиклай олмади. Кейинги ўн йилликларда у Қозон, Қрим, Астрахань хонликлари ва Нўғай Ўрдасига бўлиниб кетди. Олтин Ўрданинг заифлашуви эса, ўз навбатида, Москва князлигининг кучайишига ва келажакда уларнинг «мўғул-татар асоратидан» озод бўлишига шароит яратди.  Шу тариқа Амир Темур  Олтин Ўрдани синдирди. Ўзини тиклай олмаган Олтин Ўрда охир-оқибат бутунлай парчаланиб кетди. Русь эса кўп ўтмай озодликка эришди. Кейинроқ эса жаҳон саҳнасида Россия пайдо бўлди. Пётрнинг тўплари гумбурлаши, эшиклари очилаётган университетларнинг ғичирлаши остида у дунёга ўзини намоён қилди ва рус асрлари ҳақида бутун дунёга ғурур билан жар солди. Тўғри, Амир Темур айнан рус ерларини озод қилиш мақсадида Олтин Ўрдага қарши юриш қилмаган. У ўз давлатини ҳимоя қилди ва қудратли рақибини заифлаштирди. Аммо, тан олиш керак, бу нарса рус князликлари учун айни муддао эди. Рус тарихшунослигида ҳам бу воқеанинг аҳамияти тан олинган. Масалан, Б. Греков ва А. Якубовскийнинг «Золотая Орда и её падение» номли асарида Амир Темурнинг юришлари Олтин Ўрданинг парчаланишидаги муҳим омиллардан бири сифатида  баҳоланган.  Сергей Минаевга ўхшаган “тарихчилар” эса асл манбаларга мурожаат қилиб, тарихий воқеа ва ҳодисаларни ўша даврдаги вазиятдан келиб чиқиб баҳоласалар ва тарихий шахсни ҳақорат қилишдан тийилсалар яхши бўларди.    ©Қ.Жўраев t.me/qodirdjuraev

Open in Telegram
Views1,280+22%vs avg
Forwards—
Reactions57
Comments—