Account

Posts of «ПсихоБлог»

newest first

#2170Text

Китоб илмийми ёки йўқ? Оддий лайфхак. Ҳурматли китобсеварлар ва психология йўналишида ўқийдиган талабалар, яқинроқ келинг. Сизлар учун махсус пост тайёрладим. Чунки бу жуда муҳим. Аксариятингиз китоб дўконига кириб, мия расми, «омад», «бахт», «психология» сўзларини кўрасизу, дарров китобни олишга тушасиз. Лекин муқовасида бундай нарсалар акс этгани у китобни илмий қилиб қўймайди. Ҳозирги кунда китоб дўконларини оммабоп эсселар, ўз-ўзини ривожлантириш адабиёти, баъзан эса очиқдан-очиқ псевдоилм хуллас бетайин, қаланғи-қасанғи, қишда ўтиш қилишга ярайдиган муттаҳам китоблар босиб кетган. Шунинг учун сизларга оддий усулни таклиф қиламан. Китоб муқовасини суратга олинг, сунъий интеллектга (Claude, ChatGPT ва ҳкз) юборинг ва қуйидаги промптни қўшиб ёзинг: Мен психология йўналишида ўқийдиган талабаман. Расмдаги китобни ўқишни режалаштиряпман. Илтимос, китобнинг илмийлик даражасини холис баҳолаб бер: 1. Муаллиф ким? Унинг соҳадаги малакаси бор-йўқлигини айт (олим, амалиётчи, журналист, блогер ва ҳкз) 2. Китоб қайси жанрга киради: илмий монография, дарслик, оммабоп илмий китоб, ўз-ўзини ривожлантириш адабиёти ёки псевдоилмий асар? 3. Асосий ғоялари замонавий психология тадқиқотларига мос келадими? Қайси ғоялари илмий асосланган, қайсилари мунозарали ёки исботланмаган? 4. Китобда псевдоилмий тушунчалар (масалан, «жалб қилиш қонуни» НЛП, «мия ярим шарлари типлари» ва ҳкз) учрайдими? 5. Китоб далил сифатида нимага таянади: тадқиқотларга ва манбаларгами ёки шахсий ҳикоя ва мисолларгами? 6. Ўқисам, нималарга танқидий қарашим керак? 7. Шу мавзуда илмий жиҳатдан ишончлироқ 2–3 та китоб тавсия қил. Агар бу китобни яхши билмасанг ёки муаллиф ҳақида ишончли маълумотинг бўлмаса, тахмин қилма, «аниқ билмайман» деб очиқ айт. Жавобни содда тилда, қисқа ва аниқ ёз. Фақат муқовани эмас, мундарижа ва адабиётлар рўйхатини ҳам суратга олинг. Китоб нотаниш бўлса, сунъий интеллект уни танимаслиги мумкин. Мундарижа ва манбаларга қараб баҳолаш анча ишончли бўлади. Сунъий интеллект ҳам хато қилади. Ўзи билмаган китоб ҳақида ҳам ишонарли қилиб «ўйлаб топиши» мумкин. Шунинг учун промптнинг охирги банди жуда муҳим. Олинган жавобни ҳам танқидий қабул қилинг. Ёдда тутинг: китоб фақат оммабоп бўлгани учун ёмон эмас. Фақат уни илмий манба деб эмас, фикрлаш учун материал деб ўқиш керак. Ҳар бир даъвога «Бунинг далили нима?» деган савол билан ёндашинг. Илмий тафаккур шундан бошланади. Промптни сақлаб қўйинг ва психологияга қизиқадиган дўстларингизга ҳам юборинг. @psixobloguz

Open in Telegram
Views749−51%vs avg
Forwards—
Reactions22
Comments—
#2168Text
Views1,120−27%vs avg
Forwards—
Reactions58
Comments—
#2162Text

АЗИЗ ТАЛАБАЛАР, БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК! Бугун 17 ноябрь — Халқаро талабалар куни! Шу муносабат билан каналимни кузатиб бораётган барча талабаларни чин қалбимдан табриклайман! Сизларга мустаҳкам соғлиқ, кучли билиш жараёнлари, туганмас ички мотивация ва адолатли баҳолайдиган устозлар тилайман! Шунингдек, сессиялардан эсон-омон ўтиб олиш, нафақат ўтиб олиш балки, грант ва стипендияни асрай олишингизда тилакдошман! Талабалик — инсон ҳаётидаги энг қизиқ даврлардан бири. Бу даврда сиз нафақат билим оласиз, балки дўстлар орттирасиз, хатолар қиласиз, ҳаётни ўрганасиз ва ўзингизни кашф этасиз. Энг муҳими, диплом олишни эмас, билимли мутахассис бўлишни мақсад қилинг. Чунки диплом ишга киришингизга ёрдам бериши мумкин, аммо ишда қолишингизга билимингиз ёрдам беради. Байрамингиз муборак бўлсин! P.S. Бугунги байрам муносабати билан барча қарздор фанларингиз автоматик равишда ёпилишини тилаган бўлардим. Афсуски, бунинг иложи йўқ-да:( @psixobloguz

Open in Telegram
Views1,460−5%vs avg
Forwards—
Reactions32
Comments—
#2161Video
Views1,360−12%vs avg
Forwards—
Reactions22
Comments—
#2160Text
Views1,330−14%vs avg
Forwards—
Reactions11
Comments—
#2158Text

«Ойдин тунлар» ёлғизлик психологияси ҳақидаги қисса Шу йил ўқиб тугатган китобларимдан бири бу Достоевскийнинг «Ойдин тунлар» қиссаси бўлди. Бу китобни аввалроқ ўқимаганимга афсусландим. Балки, ўз вақтида ўқигандирман. Яна билмадим. 1848 йилда ёзилган «Ойдин тунлар» ёлғизликни психологик жиҳатдан тасвирлаган биринчи асар эмас. Бундан олдин ҳам ёзилган. Масалан, «Ёш Вертернинг изтироблари», «Евгений Онегин», «Замонамиз қаҳрамони» каби. Бироқ «Ойдин тунлар» қиссаси юқоридаги саналганлардан фарқли ўлароқ ёлғизликнинг инсон руҳиятига таъсирини ниҳоятда нозик очиб берган адабий асарлардан биридир. Достоевский ёлғизликни шунчаки инсоннинг атрофида одамлар йўқлиги сифатида эмас, балки мураккаб психологик ҳолат сифатида тасвирлайди. Асарнинг бош қаҳрамони: Хаёлпараст. У одамлар билан ҳақиқий муносабатлар ўрнатиш ўрнига ўз тасаввурларида яшайди. Реал ҳаётда етишмаётган эмоционал яқинликни хаёлот орқали қоплашга ҳаракат қилади. Инсон бой ички дунёга эга бўлиши, аммо ҳақиқий ҳаётда чуқур муносабатлар ўрната олмаслиги мумкин. Психологик нуқтаи назардан бу ҳолатни қондирилмаган эмоционал эҳтиёжлар ва ижтимоий чекиниш билан изоҳлаш мумкин. Қаҳрамонда эмоционал депривацияни кузатиш мумкин. Чунки узоқ вақт самимий муносабатлардан маҳрум яшайди. Шу сабабли Настенька билан қисқа мулоқот ҳам унинг ҳаётида улкан аҳамият касб этади. У қиз билан етарлича танишиб улгурмасдан унга кучли романтик ҳиссиёт боғлайди. Бу ерда яна бир психологик механизм идеаллаштириш намоён бўлади. Инсон баъзан бошқа бировнинг ҳақиқий шахсиятига эмас, балки ўша инсон ҳақида ўз тасаввурида яратган образга ошиқ бўлади. Достоевскийнинг маҳорати шундаки, у ёлғизликни фақат азоб манбаи сифатида кўрсатмайди. Ёлғизлик инсонни хаёлий дунёга боғлаб қўйиши, ҳақиқий муносабатларга киришишни қийинлаштириши ва оддий эътиборни ҳам улкан муҳаббат сифатида қабул қилишга мойил қилиши мумкинлигини тасвирлайди. Файласуф Шопенгауэр ёшларнинг (айниқса қизларнинг) роман ўқиши уларда ҳаёт ҳақида нотўғри тасаввурлар ва амалга ошмайдиган умидларни пайдо қилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Асар жуда муҳим психологик саволни ўртага ташлайди: инсон бошқа бировни чиндан севиб қолдими ёки узоқ давом этган ёлғизликдан қутулиш имкониятига ошиқ бўлдими? Хўш, кимлар ўқиган бу асарни? @psixobloguz

Open in Telegram
Views1,640+6%vs avg
Forwards—
Reactions19
Comments—
#2157Text
Views1,650+7%vs avg
Forwards—
Reactions46
Comments—
#2152Text

Севги — капитализм маҳсулими? Жума куни магистратура босқичи талабалари билан дарс жараёнида қизиқ баҳс юзага келди. Мен Энтони Гидденснинг «Социология» дарслигига асосланиб, тарихан одамлар оилани севги учун эмас, кўпроқ ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий манфаатлар учун қурганини айтдим. Масалан, ўрта асрларда бадавлат оилалар никоҳ орқали ўз бойликлари ва ресурсларини бирлаштирган. Ҳукмдорлар ва сиёсий элита вакиллари никоҳдан сиёсий иттифоқларни мустаҳкамлаш учун фойдаланган. Камбағал қатламлар учун эса оила меҳнатни тақсимлаш, хўжалик юритиш ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш воситаси бўлган. Шунда талабалардан бири эътироз билдирди: — Агар одамлар манфаат учун оила қурган бўлса, Шоҳ Жаҳон нега хотини Мумтоз Маҳалга атаб Тож Маҳални қурдирган? Дарҳақиқат, қизиқ савол. Аммо бу ерда иккита тушунчани фарқлаш керак: инсонлар нима сабабдан оила қурган ва оила қурган инсонлар ўртасида муҳаббат бўлганми? Шоҳ Жаҳоннинг Мумтоз Маҳалга муҳаббати уларнинг никоҳи айнан севги асосида қурилганини исботламайди. Қолаверса, Шоҳ Жаҳоннинг бошқа хотинлари ҳам бўлган. Албатта, бу ўрта асрларда одамлар севишмаганини англатмайди. Севги инсоният тарихида азалдан мавжуд. Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин каби қиссалар ҳам бунинг маданий ифодасидир. Бироқ севгининг мавжудлиги бошқа, унинг никоҳ қуришда асосий мезонга айланиши бошқа масала. Капитализм, саноатлашув, шаҳарлашув ва иқтисодий мустақилликнинг ортиши натижасида никоҳнинг ижтимоий вазифалари ўзгара бошлади. Инсонлар турмуш ўртоғини танлашда шахсий ҳиссиётлари ва хоҳишларига кўпроқ таяна бошладилар. XX асрда эса кино, мусиқа, адабиёт ва реклама романтик муҳаббатни оммавий маданиятнинг марказий мавзуларидан бирига айлантирди. Капитализм севгини яратмади, аммо уни истеъмол маданиятининг ҳам бир қисмига айлантирди. Шундай қилиб, севги XX асрда пайдо бўлмаган. Аммо севгига асосланган никоҳнинг кенг тарқалган ижтимоий идеалга айланиши замонавий жамиятнинг шаклланиши билан чамбарчас боғлиқ. Энди бир савол: агар ўтмишда оиладан асосан иқтисодий хавфсизлик, авлод давомийлиги ва ижтимоий барқарорлик кутилган бўлса, бугун биз турмуш ўртоғимиздан буларнинг барчасига қўшимча равишда муҳаббат, дўстлик, эҳтирос ва психологик қўллаб-қувватлашни ҳам кутяпмиз. Балким, замонавий никоҳларнинг мураккаблашиши сабабларидан бири ҳам шудир? Сиз нима деб ўйлайсиз: никоҳнинг асосий пойдевори муҳаббат бўлиши керакми ёки ўзаро манфаат ва қадриятлар мослигими? @psixobloguz

Open in Telegram
Views2,020+31%vs avg
Forwards—
Reactions26
Comments—
#2143Photo
Views2,000+30%vs avg
Forwards—
Reactions26
Comments—