ҒИЙБАТЧИЛАР, ҲОРМАНГЛАР!
Салом беринг ва лекин
Яқинига борманглар.
Ассалому алайкум,
Ғийбатчилар, ҳорманглар!
Сиз борсиз - қизиқ ҳаёт,
Сиз борсиз - динг қулоқлар.
Сиз борсиз - биз эҳтиёт,
Камроқ бўлар гуноҳлар.
Эркаксифат хотинлар,
Хотинчалиш эркаклар.
Хабари йўқ ўзидан,
Кўринганни эрмаклар.
Тўқийверинг гап-тўрлар,
Ўзингиздан ортманглар.
Ассалому алайкум,
Ғийбатчилар , ҳорманглар!
Писмиқлар, мулойимлар,
Эй сиз иркит жўжалар,
Эй бекорчиойимлар,
Эй бекорчихўжалар!
Мен ўзимга муаммо,
Ўзим ўзимга ташвиш.
Тақиб қилар доимо,
Кун бермас турли миш-миш.
Уриб бошим ёрманглар,
Тепиб лойга қорманглар.
"Савобталаб" нусхалар -
Ғийбатчилар, ҳорманглар!
Бировнинг чўнтагида
Пул санаган ўшалар,
Сарбонлардан ақлли
Йўл танлаган ўшалар.
Кимда қанча диёнат,
Ўшалардан сўранглар.
Қачон келар қиёмат,
Ўшалардан сўранглар.
Менга қолса барини
Бирма-бир босар эдим.
Каттароқ бир асбобга
Тилидан осар эдим.
Замон кўтармас лекин,
Майли, яқин борманглар.
Ассалому алайкум,
Ғийбатчилар, ҳорманглар!
ИҚБОЛ МИРЗО
@Ohangaronim_hayoti