ҚАДАР МАСАЛАСИДА ЧУҚУР КЕТИШ, ХОРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана ўша ҳушёрлик, эҳтиёткорлик йўқолса, инсон залолат йўлига кириб кетиши ҳеч гап эмас. Қадимда шундай ишлар кўп бўлган. Кўпчилик айнан қадар масаласида ё у тарафга, ё бу тарафга оғиб, залолатга кетган. Қадар ва унга тегишли масалалар катта фитналарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Мусулмонларга улкан зарарлар етказган. Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа уламолари бу масалада қаттиқ турганлар. Ҳар бир мусулмон бу масалада ўзини қандай тутиши лозимлигини аниқ иборалар билан ифода этиб, ақийда китобларига битиб қўйганлар. Бу ҳақда Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг энг мўътабар китобларидан «Ақийдаи Таҳовийя» нинг матнида жумладан, қуйидагилар айтилади: «Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини Ўз бандаларидан ўраб қўйгандир ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир. Аллоҳ таоло Ўз китобида: «У Зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», дегандир. Бас, ким: «Нима учун бундай қилди?» деб сўраса, Қуръоний ҳукмни рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур». Ушбу сўзлар кўплаб аччиқ тажрибалар бўлиб ўтгандан кейин, қадар тўғрисидаги ояту ҳадислар, саҳобаларнинг айтган гаплари атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг битилган сўзлардир. Бу натижага эришгунча Аҳли сунна ва жамоа уламолари кўп тортишувларни, мунозараларни, ҳужжат солиштиришларни ва тажрибаларни бошларидан ўтказганлар. Охир-оқибат мусулмонлар оммаси бу масалада мазкур қоидаларга амал қилсалар, фойдали бўлади, деган қарорга келганлар. «Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир». Яъни, қадарни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бу дунёда махлуқотларга нима қадар қилинганини билиш Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос. «У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас». Аслида муқарраб фаришта ва юборилган пайғамбарлар кўп сир-асрорлардан хабардор бўладилар. Аммо Аллоҳ таоло қадар илмини улардан ҳам сир тутган. Улар ҳам махлуқотларга нима қадар қилингани ҳақида ҳеч нарса билмайдилар. Чунки қадар масаласи, Аллоҳ илмини чексиз эканлигини баён қилувчи масаладир. «У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир». Яъни, қадар масаласида чуқур кетиб, уни текширишга ўтиш охир-оқибат хорликка сабаб бўлади. Ўз эгасини кўп нарсадан маҳрум қилади. Охири келиб, туғёнга кетишига сабаб бўлади. Дарҳақиқат, Қадария ва Жабрия мазҳаблари ва уларга эргашганлар шу ҳолга тушганлар. «У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг». Яъни қадар илмини биламан, деб уринишдан, у тўғрида: «Нимага ундай бўлди, нимага бундай бўлди, ундай қилса, нима бўлар эди» каби фикр қилишдан эҳтиёт бўлинг. Шунингдек, «Ҳамма нарса маълум бўлса, амалнинг нима кераги бор, унинг ўрнига бундай деса бўлмасмиди», каби васвасалардан ҳам эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳамма нарса Аллоҳга маълум. Аллоҳ сизни қадарга иймон келтиришга, Ўз амрига, шариатига амал қилишга буюрган, шуни қилинг! «Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини бандаларидан ўраб қўйгандир». Бандаларнинг ҳаммаси бир бўлиб, кичик бир зарранинг қадарини билишга уринсалар ҳам, била олмаслар. «Ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир». Яъни Аллоҳ таоло бандаларни қадар илмини билишни қасд қилишдан қайтарган. 📗 Батафсил: ушбу ҳаволада «Ҳадис ва Ҳаёт» 2-жуз. Ислом ва иймон китоби. •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in TelegramPosts of 📚 КУНЛИК ҲАДИС | Расмий канал 🌙
#суннат_рўза #Тошкент_вақти ЭРТАГА САҲАРЛИК ☝️Агар қодир бўлсангиз рўзани ният қилинг. Агар қодир бўла олмасангиз - бошқа диндошларимизга эслатинг ... Бу хабарни эшитганлар ўзлари рўзани ният қилиб, яқинларига ҳам эслатиб қӯйишса, икки карра кӯпроқ савобга эга бӯладилар, ин шаа Аллоҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба ва пайшанба кунлари рўза тутганлар ва бошқаларни ҳам бу кунларда рўза тутишга ундаганлар. 📌 Ният: Ният қилдим холис Аллоҳ учун нафл рўзасини тутмоқликни. (қазо бўлган фарз рўзалар нияти ҳам жоиз). 📌 Саҳарликка ухлаб қолса нима қилиш керак? 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1084 АЗОН ВА АЗОН АЙТУВЧИ КИШИНИНГ ФАЗЛИ عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي صَعْصَعَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ أَبَا سَعِيدٍ الْخُدْرِيَّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ لَهُ: إِنِّي أَرَاكَ تُحِبُّ الْغَنَمَ وَالْبَادِيَةَ، فَإِذَا كُنْتَ فِي غَنَمِكَ أَوْ بَادِيَتِكَ فَأَذَّنْتَ بِالصَّلَاةِ فَارْفَعْ صَوْتَكَ بِالنِّدَاءِ، فَإِنَّهُ لَا يَسْمَعُ مَدَى صَوْتِ الْمُؤَذِّنِ جِنٌّ وَلَا إِنْسٌ وَلَا شَيْءٌ إِلَّا شَهِدَ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. قَالَ أَبُو سَعِيدٍ سَمِعْتُهُ مِنَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.. Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У кишига Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳу: «Мен сенинг қўйни ва чўлни яхши кўришингни билмоқдаман. Қачонки қўйинг ичида, чўлингда бўлсанг-у, намозга азон айтадиган бўлсанг, овозингни баланд кўтар. Чунки қайси бир жин, инс ёки бирор нарса муаззиннинг овозини эшитса, албатта, қиёмат куни унга гувоҳлик беради. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», деган экан». ✍ Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар. 📜 Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа Мозиний ал-Ансорий ишончли ҳадис тўпловчи тобеъинлардан бўлганлар. Оталари улуғ саҳобалардан эдилар. У киши ҳадисларни оталаридан, Абу Саъийд ал-Худрий, Ато ибн Ясор, Умар ибн Абдулазиз, Соиб ибн Ҳаммодлардан ривоят қилдилар. Бу зот Абу Жаъфарнинг халифалик даврларида вафот этдилар. Ҳадиси шарифда азоннинг ва азон айтувчи кишининг фазли яна ҳам оширилмоқда. Шу билан бирга, азонни иложи борича узоққа етадиган қилиб айтишга тарғиб қилинмоқда. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари атрофидаги энг баланд уй – Бани Нажжор қабиласидан бўлган бир аёлнинг уйи тепасига чиқиб азон айтар эдилар. Бу ҳадисдан ёлғиз одам чўлда бўлса ҳам азон айтиб, намоз ўқиши яхши эканлиги маълум бўлмоқда. «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in TelegramСАВДОЛАШИШ СУННАТМИ? #суннат ❓САВОЛ: Бирор нарса сотиб олаётганда нархни тушириш учун савдолашиш, тортишишни “Пайғамбар алайҳиссалом қилганлар, бу суннат амал”, дейилади. Шу гап тўғрими? 💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Олди-сотдида савдолашиш мумкин, аммо суннат эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи саҳобаи киромлар билан савдолашганлари бор. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши ҳолдан тойиб қолган туясига миниб кетаётган эди, ҳатто уни (ўз ҳолига) қўйиб юбормоқчи ҳам бўлди. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга етиб олдилар-да, ҳаққимга дуо қилиб, туяни туртдилар. Туя илгари ҳеч юрмаган юриш билан юриб кетди. Сўнг у зот: “Уни менга бир уқияга сот”, дедилар. Мен: “Йўқ”, дедим. У зот яна:“Уни менга сот”, дедилар. Мен уни уйимгача миниб бориш шарти билан бир уқияга сотдим. Манзилга етгач, туяни у зотнинг ҳузурларига олиб бордим, у зот менга пулини нақд қилиб бердилар. Кейин қайтган эдим, “Сен мени туянгни олиш учун нархини тушириб, савдолашди деб ўйладингми? Туянгни ҳам, дирҳамларингни ҳам ол, у сенга (ҳадя) бўлсин”, деб ортимдан одам юбордилар” (Имом Муслим ривояти). Шуни билиш лозимки, баъзи ҳолларда ҳадисларда бирор амалнинг зикр қилиниши унинг суннат эканлигига далолат қилса, айрим ўринларда ундан фақатгина ўша ишнинг жоиз экани собит бўлади. Шунга кўра, нархни тушириш мақсадида савдолашиш амали ҳам гарчи ҳадисда зикр қилинган бўлса-да, бундан фақат унинг жоиз эканлиги келиб чиқади; шунчаки ҳадисда зикри келгани учунгина уни мустақил суннат деб ҳукм чиқариш тўғри эмас. Валлоҳу аълам. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати(Fatvo uz). •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in TelegramЧАП ҚЎЛДА ТАСБИҲ ЎГИРИШ МУМКИНМИ? #зикр ❓CАВОЛ: Чап қўлда тасбеҳ ўгириш жоизми, масалан, автоулов ҳайдаганда ўнг қўл банд бўлган ҳолатларда? 💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Чап қўлда тасбеҳ айтиш жоиз. Зеро чап қўл ўнг қўлга ёрдамчи ҳисобланади. Уламоларимиз такидлашича тасбеҳ айтишга буйруқ сифатида келган оят ва ҳадислар мутлақ келган, ўнг қўлда тасбеҳ айтиш билан қайдланмаган. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وآله وَسَلَّمَ يَعْقِدُ التَّسْبِيحَ 📗 яъни: “Расулуллоҳ ﷺ бармоқлари билан тасбеҳ санаётганларини кўрдим” (✍️ Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар ривоятлари). Зикрларни санашда айнан бармоқлардан фойдаланишнинг сабаби, Қиёмат кунида гувоҳлик берувчи аъзолар қаторида бармоқлар ҳам борлигидир. Бу ҳақда Юсайра разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёлларга хитоб қилиб шундай деганлар: عَلَيْكُنَّ بِالتَّسْبِيحِ وَالتَّهْلِيلِ وَالتَّقْدِيسِ، وَاعْقِدْنَ بِالأَنَامِلِ فَإِنَّهُنَّ مَسْئُولَاتٌ مُسْتَنْطَقَاتٌ، وَلَا تَغْفُلْنَ فَتَنْسَيْنَ الرَّحْمَةَ (رواه الامام ابو داود عن يسيرة رضي الله عنها) 📗 яъни: “(Эй, аёллар!) Тасбеҳ (Субҳааналлоҳ), таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) ва тақдис (Субҳанал маликил қуддус) айтишни ўзларингизга лозим тутинглар! Ва бармоқ учлари билан ақд қилинглар (сананглар)!. Чунки (қиёматда) бармоқ учлари масъул ва сўзловчидир. Ғафлатда қолиб раҳмат (сабаблари)ни тарк қилманглар!” (✍️ Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари). Ушбу ҳадисда “бармоқ учлари” сўзи ўнг қўл билан қайдланмади, балки умумий келтирилди. Шунга кўра зарурат бўлган ҳолатларда чап қўлда тасбеҳ айтишнинг зарари йўқ. Аммо ўнг қўлда айтиш мустаҳаб ҳисобланади. Чунки Оиша онамиздан қуйидагича ҳадис ворид бўлган: كَانَ رَسُولُ اللّهِ - صلى الله عليه وسلم - يُحِبُّ التَّيَمُّنَ فِي شَأْنِهِ كُلِّهِ. فِي نَعْلَيْهِ، وَتَرَجُّلِهِ، وَطُهُورِهِ. 📗 яъни: “Расулуллоҳ ﷺ барча ишларида таҳоратда, соч тарашда, ковуш кийиш (кабилар)да имкон қадар ўнгдан бошлашни ёқтирар эдилар” (✍️ Муттафақун алайҳ). Валлоҳу аълам. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати(Fatvo uz). •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1083 АВРАТНИ БЕРКИТИШ 📌 «Аврат» инсоннинг уят жойи маъносини билдириб, намоз ўқиганда ўша жойларни тўсиш лозим. Акс ҳолда намоз қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло: «Эй Одам болалари, ҳар бир масжид ҳузурида зийнатингизни олинг» (Аъроф сураси, 31-оят). Ва яна: «Ва кийимингни покла!!!» (Муддассир сураси, 4-оят) деган. 📜 Шарҳ: Бу оятдаги «зийнатингизни олинг» деган амр «авратингизни тўсинг» маъносидадир. Шунинг учун авратни тўсиш намознинг шартларидан бири бўлиб қолган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб турди-да, битта кийимда намоз ўқиш ҳақида сўради. Бас, у зот: «Ҳаммангиз ҳам икки кийим топа олармидингиз?» дедилар». ✍ Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. 📜 Шарҳ: Бу ривоятдан эркак киши авратини тўсиб турадиган битта кийим билан намоз ўқиши мумкинлиги келиб чиқади. Агар кўйлак ҳам, иштон ҳам бўлса, янада яхши. Аммо битта бўлса ҳам жоиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўровчига: «Ҳаммангиз ҳам икки кийим топа олармидингиз?» дейишларидан ўша пайтда саҳобаи киромларнинг кийимлари етарли бўлмаганлиги кўринади. Бухорий зиёда қилади: «Сўнгра бир одам Умардан сўради. Бас, у: «Қачон Аллоҳ кенг қилса, сизлар ҳам кенг бўлинглар. Одам кийимларини эгнига жам қилди. Одам изор (лунги) ва ридо билан, изор ва кўйлак билан, изор ва қабо билан, шалвар ва ридо билан, шалвар ва кўйлак билан, шалвар ва қабо билан, туббон ва қабо билан, туббон ва кўйлак билан намоз ўқийверади», деди. Менимча, яна «Туббон ва ридо билан» ҳам деди». 📜 Шарҳ: Бу савол ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида берилган бўлса керак. У киши розияллоҳу анҳу кийим қанчалик яхши бўлса, намоз учун шунчалик яхшилигини баён қилиб бермоқдалар. Бу ривоятда ўша пайтда кенг тарқалган кийимларнинг номлари зикр этилмоқда. 📌 «Лунги» – эркак киши белидан пастига тутиб оладиган чойшабга ўхшаш нарса. Араб тилида у «изор» дейилади. Бу кийим иссиқ ўлкаларда кенг тарқалган. 📌 «Қабо» – олди очиқ яктакка ўхшаш узун кийим. 📌 «Туббон» – аврат жойинигина тўсадиган калта иштонга ўхшаш кийим. Умумий тавсия бўйича намозга пок, авратни тўсадиган кийимлар бўлаверади. Иложи борича, яхши кийимлар бўлса, янада яхши. Юқорида ўтган: «Эй Одам болалари, ҳар бир масжид ҳузурида зийнатингизни олинг» деган оятни баъзи кишилар энг зийнатли кийимларни кийиш, деб тушунганлар ва намоз учун алоҳида кўркам кийимлар тиктириб қўйганлар. «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1082 КИМ МАЙЙИТНИ ЮВСА ҒУСЛ ҚИЛСИН عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ كَانَ يَغْتَسِلُ مِنْ أَرْبَعٍ: مِنَ الْجَنَابَةِ، وَيَوْمَ الْجُمُعَةِ، وَمِنَ الْحِجَامَةِ، وَمِنْ غُسْلِ الْمَيِّتِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 📗 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар: жунубликдан, Жумъа куни, қон олдирган ва маййитни ювгандан (кейин)». ✍ Абу Довуд ривоят қилган. 📜 Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз Пайғамбаримиз қиладиган ғуслларнинг баъзи сабабларини айтмоқдалар. Ҳадиси шарифда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар» дейилганидан бу тўрт нарсадан бошқа нарсадан ғусл қилиб бўлмас экан, деган фикрга бормаслик керак. Бошқа ҳадислардан бу ҳақиқат зоҳир бўлади. Мисол учун, икки ийд кунлари ва Арафот куни ғусл қилиш марғубдир. Аммо бу ҳадисда фақат тўрт нарса зикр этилмоқда: 📌 1. «Жунубликдан». Бу ҳақда муфассал сўз юритилди. 📌 2. «Жумъа куни». Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жумъа намози учун ғусл қилганлар, бошқаларни ҳам ғусл қилишга буюрганлар. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Жумъанинг ғусли ҳар бир эҳтиломга етган учун вожибдир», дейилган. Бу маънодаги ҳадислар кўп. Шунинг учун ҳам баъзи мазҳабларда Жумъа кунги ғусл суннати муаккада дейилган. Ҳанафий мазҳабида эса жумъа кунги ғусл суннат дейилган. 📌 3. «Қон олдирганда». Ўтмишда махсус услуб билан қон олдириш одати бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қон олдирганлар. Ундан кейин эса ғусл қилганлар. Чунки баданга қон сачраш эҳтимоли кучли. Ҳанафий мазҳабида бу масала тўлиқ ўрганиб чиқилиб, «Қон олдиргандан кейинги ғусл мандубдир», дейилган. 📌 4. «Маййитни ювгандан (кейин)». Бу масалада келган ҳадисларда ихтиёр маййитни ювган одамнинг ўзига қўйилганлиги мулоҳаза қилинади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Маййитни ювар эдик. Бас, биздан баъзиларимиз ғусл қилар эдик. Баъзиларимиз ғусл қилмас эдик», дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса: «Албатта, маййитингиз пок ҳолида ўлади. Қўлларингизни ювиб олсангиз бўлади», дейилган. Ушбу ва бошқа ҳадисларни ҳисобга олиб, Ҳанафий мазҳабида «Маййитни ювган одам ғусл қилиши мандуб», дейилган. Бундай ҳолда битта ҳадисни ўқиб олгач, ўшанга қараб ҳукм чиқариб, кишиларнинг бошини қотирмаслик керак. Тажрибада шундай ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳадис китобларининг биридан баъзилар: «Ким маййитни ювса, ғусл қилсин, ким уни кўтарса, таҳорат қилсин», деган ҳадисни ўқиб олиб, кишилар ўртасида ихтилоф чиқарганлар. Ҳолбуки, ўша одамлар бу масаладаги бошқа ҳадисларни ҳам ўқисалар, бу ҳадислар асосида уламоларимиз олиб борган илмий баҳсларни ўргансалар, ихтилофга ҳеч ўрин қолмайди. Имом Абу Довуд мазкур ҳадисни мансух (амалдан қолган), деб очиқ-ойдин айтиб қўйган. «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1081 ҚАЗОИ ҚАДАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ عَنْ أَبِي عَزَّةَ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا قَضَى اللهُ لِعَبْدٍ أَنْ يَمُوتَ بِأَرْضٍ جَعَلَ لَهُ إِلَيْهَا حَاجَةً. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ. Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ бандага бирор ерда ўлишни қазо қилса, унинг учун ўша ерга бир ҳожат ҳосил қилади», дедилар». ✍ Иккисини Термизий ривоят қилган. 📜 Шарҳ: Бу ҳадис Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик. У зотнинг исмлари Ясар ибн Абдуллоҳ ибн Омир. Бу киши кўпроқ кунялари бўйича – Абу Азза деб танилганлар. Абу Азза розияллоҳу анҳу Басрада яшадилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатда бўлиб, бир нечта ҳадис ривоят қилдилар. Абу Азза розияллоҳу анҳу тўплаган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида қазои қадарнинг ҳақлигини, уни Аллоҳ таоло Ўзи жорий қилишини баён қилмоқдалар. Мисол учун, бир одамнинг маълум бир жойда вафот этиши қазои қадар қилинган бўлса, Аллоҳ унинг учун ўша ерда бирор ҳожатини чиқарадиган қилиб қўяди. Банда ҳожатини кўзлаб боради-ю, қазосида ёзилган ўлимни ўша жойда топади. Бундай ҳолатларда халқ ичида «Ажали етиб қолган экан-да, ўз оёғи билан борибди», дейилади. Бу нарса Аллоҳ таолонинг қанчалик муддабирлиги ва банданинг қанчалик тадбирсиз эканлигини кўрсатади. Бу нарса Аллоҳ таолонинг илми қанчалик чексиз, банда қанчалик жоҳил эканлигини кўрсатади. Бу нарса Аллоҳ таоло қанчалар қодир, инсон қанчалар ожиз эканлигини ҳам кўрсатади. Қазои қадарга тегишли ҳар бир ишда, ҳаракатда шу маъноларни такрорлаш мумкин. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон келтиришга Ислом алоҳида эътибор берган ва у иймоннинг асосларидан ҳисобланган. «Ҳадис ва Ҳаёт» 2-жуз. Ислом ва иймон китоби. •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1080 МАЙЙИТНИ ЮВАЁТГАНДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК Fассолнинг ишончли, омонатдор, ғусл ҳукмларини яхши биладиган шахс бўлиши мустаҳабдир. Fассол ва у билан бирга маййитни ювишда иштирок этадиганлар кўзларини тийишлари лозим. Маййит тирик пайтида одамларга кўрсатмайдиган жойларини беркитишлари керак. عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: مَنْ غَسَّلَ مَيْتًا وَكَفَّنَهُ وَحَنَّطَهُ وَحَمَلَهُ وَصَلَّى عَلَيْهِ وَلَمْ يُفْشِ عَلَيْهِ مَا رَأَى خَرَجَ مِنْ خَطِيئَتِهِ مِثْلَ يَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир маййитни ювса, кафанласа, хушбўй нарса суртса, уни кўтарса, унга жаноза намози ўқиса ва кўрган нарсасини фош қилмаса, гуноҳларидан худди онасидан туғилган кунидагидек бўлиб чиқади», дедилар». ✍ Ибн Можа ривоят қилган. Маййитни бегона кўзлардан беркитиш лозим, токи унинг бирор айби бўлса, бошқалар кўриб қолмасин. Маййитни уй ичида ювиш ва у ерда ғассолга ёрдам берадиган кишилардан бошқалар бўлмаслиги мустаҳабдир. Fассол ёрдамга муҳтож бўлмаса, ёлғиз ўзи ювгани афзал. Fассол маййитни юваётганда, хушбўй нарсалар тутатилса, яна ҳам яхши бўлади. Fассол ва бошқалар маййитнинг авратига назар солмасликлари лозим. Бунинг учун ювиш пайтида маййитнинг авратига бирор мато ёпиб қўйилади. Авратни ювганда қўлга латта кийиб олиб ювиш шарт. Fассол маййитнинг баданидаги керак бўлмаган жойларига назар солмайди. Fассоллик ва маййитни кафанлаш, унга гўр қазиш каби ишларга ҳақ олмаган афзал. Fассол маййитни ювиб бўлганидан кейин ўзи ғусл қилиши мустаҳабдир. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ижтимоий одоблар” китобидан •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1079 ЭЙ АЛЛОҲНИНГ РАСУЛИ, ЖАННАТ АҲЛИ ВА ДЎЗАХ АҲЛИ МАЪЛУММИ? عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قِيلَ يَا رَسُولَ اللهِ أَعُلِمَ أَهْلُ الْجَنَّةِ مِنْ أَهْلِ النَّارِ؟ قَالَ: نَعَمْ. قِيلَ: فَفِيمَ يَعْمَلُ الْعَامِلُونَ؟ قَالَ: كُلٌّ مُيَسَّرٌ لِمَا خُلِقَ لَهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумми?» дейилди. «Ҳа», дедилар. «Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?» дейилди. «Ҳамма унинг учун халқ қилинган нарсага муяссардир», дедилар». ✍ Тўртовлари ривоят қилишган. 📜 Шарҳ: Бу ҳадисни Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Олдин у киши билан танишиб олайлик. Имрон ибн Ҳусойн ибн Абд ибн Халаф Хузоий ал-Басрий, кунялари Абу Нажд. Ҳижратнинг 7-йили, Хайбар жанги йилида Исломни қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир нечта жангда иштирок этган, Макка фатҳ этилган куни Хузоъа исмли саҳоба билан бирга байроқ кўтарган. Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида Басра аҳлига дийн илмларини ўргатиш учун юборилган, Али билан Муовия ўрталаридаги «Сиффийн» урушида иштирок этмаган, яъни бу кўнгилсиз ишга қўшилмаган уламо саҳобалардан эдилар. Ҳасан Басрий «Басра шаҳрида Имрон ибн Ҳусойндан кўра фазилатли саҳобани кўрмадим», деганлар. У зот тақводор, зоҳид, ростгўй, Аллоҳнинг ишқида кўп йиғловчи саҳобалардан эдилар. Имрон ибн Ҳусойн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 180та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан Абу Ражо Атторий, Матроф ибн Абдуллоҳ, Зирор ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Бурайда, Ибн Сийрийн, Абу Асвад Дуалий ва бошқа тобеъийнлар ривоят қилишди. Бу зот ҳижратнинг 52-йили Басра шаҳрида вафот этдилар. Ушбу ҳадисда саҳобаи киромлар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан қадар тўғрисида дастлабки маълумотларни эшитган одамда пайдо бўладиган саволларни сўрамоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қадар тўғрисидаги гапларни илк бор эшитганларидан сўнг уларда ҳам бу савол туғилган бўлиши мумкин. Саҳобаи киромлар томонидан: «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумми?» дейилди. Яъни ким жаннат аҳли, ким дўзах аҳли бўлиши олдиндан маълумми, деб cўрашди. Билувчи маълум ва машҳур бўлганидан «Маълумми» лафзи қазои қадар Аллоҳнинг илмдан эканлигига яна бир далилдир. «Белгиланганми», «тайин қилинганми», «ҳукм қилинганми» каби сўзлар ишлатилмаган, балки «маълумми» сўзи ишлатилган. Бу саволга Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Яъни «Ҳа, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълум», деганлар. «Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?», дейилди». Яъни жаннат аҳлининг кимлиги ҳам, дўзах аҳлининг кимлиги ҳам маълум бўлса, унда овора бўлиб, амал қилишнинг нима кераги бор? Ана шу маънодаги саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳамма унинг учун халқ қилинган нарсага муяссардир», деб жавоб бердилар. Бу жумлага уламоларимиз «Ҳар бир инсон ўзи учун халқ қилинган амалга муяссар бўлади: саодатманд инсон саодат аҳлининг амалига, бадбахт инсон эса шақоват аҳлининг амалига муяссар бўлади. Шунинг учун Аллоҳ амр қилган амалларни қилиш ҳар бир инсондан матлубдир», деган маънони берганлар. Ҳа, Аллоҳ таоло барча бандаларини амал қилишга амр этган. Шариатнинг ҳаммаси ҳам, Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам Аллоҳнинг бандаларига қилган амрларидан иборатдир. Ушбу амрларга амал қилиш бандадан талаб қилинган. Ўша амрларга амал қилган бандага саодат ваъда қилинган. Батафсил: ушбу ҳаволада «Ҳадис ва Ҳаёт» 2-жуз. Ислом ва иймон китоби. •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1078 АЛЛОҲНИНГ АҲДИГА ХИЁНАТ ҚИЛМАНГЛАР Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган (гўштимиз)ни еса, бас, ўша Аллоҳнинг зиммасидаги ва Унинг Расулининг зиммасидаги мусулмондир. Бас, Аллоҳнинг аҳдига хиёнат қилманглар», дедилар». 📜 Шарҳ: «Қибла» луғатда «қаршида, рўпарада турган нарса» дегани. Намозда Каъбаи муаззама намозхоннинг юзланадиган томони бўлганлиги учун «қибла» дейилади. «Зимма» эса «аҳд», «омон» деганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким намозимизни ўқиса» деб айтганлари «ким биз ўқиган намозни ўқиса», деганларидир. Мусулмонларнинг намозини ўқиб, улар каби тавҳидга ва пайғамбарларга иймон келтирган киши Аллоҳдан келган барча нарсаларга иймон келтирган ҳисобланади. Шунинг учун ҳам намоз Ислом динининг бош белгиси дейилади. Калимаи шаҳодат эса намоз ичида борлиги учун зикр қилинмаган. «Қибламизга юзланса». Қиблага юзланиш намознинг ичида бор бўлиб, унинг фарзларидан эканлигига қарамай, алоҳида зикр қилинишининг ўз ҳикмати бор. Бошқа динларда ҳам ўзига хос намоз мавжуд. Аммо Каъбани қибла қилиб олиш фақат Ислом аҳлига хос. Шунинг учун қибла алоҳида зикр қилинмоқда. Чунки қибла бўлмаса, намоз ҳам бўлмайди. Мана шу икки нарса — намоз ва қибла мусулмонларни ибодатда бошқалардан ажратиб туради. Ҳадиснинг давомида мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган одатлардан яна бири зикр қилиниб: «ва сўйган (гўштимиз)ни еса» дейилмоқда. Мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган нарсалардан бири Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган гўштни ейишдир. Демак, кишининг мусулмонлигига зоҳирдан далил бўладиган нарсалардан бири – унинг Аллоҳнинг исми айтилиб сўйилган гўштни истеъмол қилиши экан. Ким намоз ўқиса, қиблага юзланса ва Аллоҳнинг номи айтилиб сўйилган гўштни еса: «Бас, ўша Аллоҳнинг зиммасидаги ва Унинг Расулининг зиммасидаги мусулмондир». Яъни, Аллоҳнинг ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонидаги мусулмон бўлиб, унга ҳеч ким тега олмайди. У мусулмонлар фойдаланадиган барча имтиёзлардан фойдаланади. «Бас, Аллоҳнинг аҳдига хиёнат қилманглар», дедилар». Яъни, мазкур одамга ғайримусулмонга қилинадиган муомалани қилманглар. Демак, мусулмон бўлиб, мусулмонча тақдир ва муомалага эришиш учун намоз ўқиш, қиблага юзланиш ва Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган ҳайвон гўштидан ейиш керак экан. «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1077 ЕБ-ИЧГАНДАН КЕЙИН ҲАМД АЙТИШ عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ لَيَرْضَى عَنِ الْعَبْدِ أَنْ يَأْكُلَ الأَكْلَةَ فَيَحْمَدَهُ عَلَيْهَا، أَوْ يَشْرَبَ الشَّرْبَةَ فَيَحْمَدَهُ عَلَيْهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2734]. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Банда таом еб, бунинг учун ҳамд айтса ва ичимлик ичиб, бунинг учун ҳамд айтса, Аллоҳ ундан рози бўлади». ✍ Имом Муслим ривояти. 📜 Шарҳ: Ушбу ҳадисда келганидек, таом еб, шароб ичган банда ўзини ризқлантирган ва сероб қилган Розиқига ҳамду сано, шукр-мақтов айтиши ҳақида келмоқда. Еб-ичгандан кейин ҳамд айтишда Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи ризқ берувчи зот эканини эътироф қилиш бор. Шу билан бирга, бу ишда Аллоҳ таолога шукрни доимий янгилаб туриш маъноси ҳам бор. Шукр қилган бандага эса, Аллоҳнинг Ўзи неъматларини зиёда қилиб беришни ваъда қилган. Шу билан бир вақтда, Аллоҳ берган неъматларни еб-ичиб, улардан баҳраманд бўлиб туриб, у Зотга ҳамд айтмаслик, шукр қилмаслик, ўтакетган нонкўрлик эканини ҳам таъкидлашимиз лозим. Бу бобда келтирилмаган бўлса ҳам, бошқа ҳадиси шарифларда еб-ичиб, ҳамд айтмай туриб кетган одам худди ҳаром таом ёки чўчқанинг гўшти устидан тургандек бўлиши таъкидланган. Шунинг учун еб-ичгандан кейин Аллоҳга ҳамд айтишни ҳеч қачон канда қилмаслик керак. Бизнинг диёрларимизда қуйидаги: «Бизни таомлантирган, сероблантирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин» деган дуо кенг тарқалган. Ана ўша дуони ёдлаб олиш қийин эмас. Ҳар биримиз овқатдан кейин Аллоҳ таолога ҳамд айтишни канда қилмаслигимиз, болаларимизга, яқинларимизга ҳам ўргатиб боришимиз лозим. Риёзус солиҳийн шарҳи. •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1076 АЛЛОҲ ТАОЛО ОЛИЙ ЗОТ عَنِ ابْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: كَتَبَ اللهُ مَقَادِيرَ الْخَلَائِقِ قَبْلَ أَنْ يَخْلُقَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضَ بِخَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ. Ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни халқ қилишидан эллик минг йил олдин ёзди», дедилар». ✍ Икки ҳадисни Муслим ва Термизий ривоят қилишган. 📜 Шарҳ: Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдири қандай бўлишини азалдан, улар вужудга келишидан олдин билишини баён қилмоқдалар. Ҳадиси шарифда баён қилинган ёзиш Лавҳул Маҳфузга бўлган. Эллик минг йил қанча эканлигини Аллоҳнинг Ўзи билади. Чунки бизнинг тасаввуримиздаги йил ўлчови осмонлару ер яратилганидан кейин, ернинг ҳаракатига асосланиб пайдо бўлган. Бу эллик минг йил эса осмонлару ер яратилишидан олдин бўлганлиги ҳадисда очиқ-ойдин айтиб турилибди. Аллоҳнинг илмига чегара йўқ бўлганидан кейин У Зотнинг ҳамма нарсани билишида шубҳа йўқ. Агар У Зот маълум вақтгача билиб, ундан нарисини билмайдиган бўлганида, Унинг камолот сифатларига нуқсон етар эди. Бу эса Аллоҳ таолонинг Олий Зотига асло тўғри келмайди. Бу ҳадисдан оладиган фойдамиз Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил аввал ёзганлигидир. Шунга иймон келтирамиз, шуни тасдиқлаймиз! «Ҳадис ва Ҳаёт» 2-жуз. Ислом ва иймон китоби. •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1075 ТОАТ-ИБОДАТДА ЎРТА ҲОЛ БЎЛИШ БАЁНИ وَعَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ وَهْبِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: آخَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بَيْنَ سَلْمَانَ وَأَبِي الدَّرْدَاءِ، فَزَارَ سَلْمَانُ أَبَا الدَّرْدَاءِ، فَرَأَى أُمَّ الدَّرْدَاء مُتَبَذِّلَةً فَقَالَ لَهَا: مَا شَأْنُكِ؟ قَالَتْ: أَخُوكَ أَبُو الدَّرْدَاءِ لَيْسَ لَهُ حَاجَةٌ فِي الدُّنْيَا، فَجَاءَ أَبُو الدَّرْدَاءِ فَصَنَعَ لَهُ طَعَامًا، فَقَالَ لَهُ: كُلْ فَإِنِّي صَائِمٌ، قَالَ: مَا أَنَا بِآكِلٍ حَتَّى تَأْكُلَ، فَأَكَلَ، فَلَّمَا كَانَ اللَّيْلُ ذَهَبَ أَبُو الدَّرْدَاءِ يَقُومُ فَقَالَ لَهُ: نَمْ، فَنَامَ، ثُمَّ ذَهَبَ يَقُومُ فَقَالَ لَهُ: نَمْ، فَلَمَّا كَانَ مِنْ آخِرِ اللَّيْلِ قَالَ سَلْمَانُ : قُمِ الآنَ، فَصَلَّيَا جَمِيعاً، فَقَالَ لَهُ سَلْمَانُ: إِنَّ لِرَبِّكَ عَلَيْكَ حَقّاً، وَإِنَّ لِنَفْسِكَ عَلَيْكَ حَقّاً، وَلأَهْلِكَ عَلَيْكَ حَقًّا، فَأَعْطِ كُلَّ ذِي حَقٍّ حَقَّهُ، فَأَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَذَكَرَ ذَلِكَ لَهُ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «صَدَقَ سَلْمَانُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [1968]. Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗«Нaбий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сaлмoн билaн Aбу Дaрдoни бир‑бирига бирoдaр қилиб қўйдилар. Сaлмoн Aбу Дaрдoнинг зиёрaтига келди ва Умму Дaрдoни одми кийимдa кўриб, унгa: «Сенга нима бўлди?» дeди. У: «Бирoдaринг Aбу Дaрдoнинг дунё билан иши йўқ», дeди. Aбу Дaрдo кeлиб, унгa таом тайёрлади. (Сaлмoн) «Е», дeди. У: «Мeн рўзaдoрмaн», дeди. (Сaлмoн) «Сeн емaгунингчa мeн ҳам емaймaн», дeди. Шундa у ҳaм еди. Кeчаси Aбу Дaрдo туришга ҳаракат қилгaн эди, (Сaлмoн) «Ухлa», дeди. У ухлaди. Кейин янa туришга ҳаракат қилгaн эди, (Сaлмoн) «Ухлa», дeди. У янa ухлaди. Кeчa oхирлaб қoлгaч, Сaлмoн: «Энди тур», дeди вa иккoвлaри нaмoз ўқишди. Шундa Сaлмoн унгa: «Aлбaттa, Рoббингнинг сeндa ҳaққи бoр, нaфсингнинг ҳaм сeндa ҳaққи бoр, aҳлингнинг ҳaм сeндa ҳaққи бoр. Шундaй экaн, ҳaр бир ҳaқ эгaсига ҳaққини бeр!» дeди. Кейин у Нaбий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кeлиб, буни у зотга айтгaн эди, Нaбий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сaлмoн рoст aйтибди», дeдилaр». ✍️ Имом Бухорий ривояти. 📜 Шарҳ: Исломда инсон ўзини-ўзи толиқтириши ман қилинган. Агар бу толиқтириш ибодат орқали бўлса ҳам мумкин эмас. Мисол учун биров нафл намозни ҳаддан ташқари кўп ўқиб ўзини толиқтиришига шариат қарши бўлади. Чунки бу нарса соғлиқка зарар келтириши мумкин. Шунингдек, ҳаддан ташқари кўп нафл рўза тутиб ўзини чарчатиш ҳам мумкин эмас. «Албатта, сенда нафсингнинг ҳаққи бор». Яъни, сенда нафсингни ҳам ҳақи бор. Уни ҳалол йўл билан меъёрида қондиришинг керак. Бўлмаса, Аллоҳ таоло сенга қўшиб халқ қилган табиатга хилоф қилган бўласан. «Аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор». Яъни, оила аъзоларингнинг ҳам сенда ҳақи бор. Уни ҳам адо этишинг керак. Бу ҳам шаръий бурчинг. Абу Дардо розияллоҳу анҳу мисолида унинг хотини ҳақида гап кетмоқда. Хотиннинг эрда ҳақи бор. Бир оила эру хотин бўлиб яшагандан кейин эр эрлик бурчини адо этиши керак. Намоз билан рўзага берилиб, хотинни тарк қилиб қўйишлик мусулмон кишига тўғри келмайди. Кечалари бедор бўлиб, намоз ўқишга иштиёқинг бор экан, бу яхши, буни ҳам меъёрида қил. Аммо вақтида ухла ҳам. Бу ҳам керак. Кези келганда айтиб ўтиш лозимки, ушбу бобдаги ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларда нафл ибодат ҳақида сўз кетади. Чунки фарз ва вожиб ибодатларда тежамкор бўлиш, оз амал қилиш, деган гап бўлмайди. Беш вақт намознинг тўрт вақтини ўқий, рўзанинг ярмисини тутай, деб бўлмайди. Риёзус солиҳийн шарҳи. •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1074 МУСУЛМОННИНГ КИМ БЎЛИШИДАН ҚАТЪИ НАЗАР САДАҚА ҚИЛИШ МАЖБУРИЯТИ БОР عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ صَدَقَةٌ» قَالَ: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَجدْ؟ قَالَ: «يَعْتَمِلُ بِيَدَيْهِ فَيَنْفَعُ نَفْسَهُ وَيَتَصَدَّقُ». قَالَ: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ؟ قَالَ: يُعِينُ ذَا الْحَاجَةِ الْمَلْهُوفِ» قَالَ: أَرأَيْتَ إِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ؟ قَالَ: «يَأْمُرُ بِالْمَعْرُوفِ أَوِ الْخَيْرِ»، قَالَ: أَرأَيْتَ إِنْ لَمْ يَفْعَلْ؟ قَالَ: «يُمْسِكُ عَنِ الشَّرِّ، فَإِنَّهَا صَدَقةٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. «Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор», дедилар. «Агар топа олмасачи?» дейишди. У зот: «Қўли билан меҳнат қилади, шунда ўзига ҳам фойда келтиради, садақа ҳам қилади», дедилар. «Агар буни уддалай олмаса-чи?» дейишган эди, у зот: «Зориққан ҳожатмандга ёрдам қилади», дедилар. «Буни ҳам уддалай олмасачи?» дейишган эди, у зот: «Маъруфга (ёки яхшиликка) буюради», дедилар. «Буни ҳам уддалай олмаса-чи?» дейишган эди, у зот: «Ёмонликдан тийилади, чунки бу ҳам садақадир», дедилар». ✍ Муттафақун алайҳ. 📜 Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳар бир мусулмон инсоннинг ким бўлишидан қатъи назар садақа қилиш мажбурияти бор эканлиги таъкидланмоқда. 1. Оз бўлса ҳам имкони бор инсон мол-мулкидан садақа қилиши турган гап. 2. Мол-мулки йўқ одам ишлаб топиб, топганидан садақа қилади. 3. Ишлаб топгани ўзидан ошмаган одам ҳожатманд ноқулай ҳолга тушиб қолган, ёрдамга муҳтожларга кучи, меҳнати билан ёрдам берса ҳам садақа ўрнига ўтаверади. 4. Ўта ночор бўлиб, охирги ишни ҳам қила олмаган одам бир яхшиликни қилса ва ёмонликни тарк этса ҳам садақа ўрнига ўтади. Дунё тарихида ўзгаларга яхшилик, хайр-эҳсон қилиш борасида бунга ўхшаш яхши таълимот бўлмаса керак. ҳар бир инсон қўлидан келганича яхшилик, хайр-эҳсон қилмоғи мумкин. Биз мусулмонлар бу билан фахрланмоғимиз лозим. Риёзус солиҳийн шарҳи. •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1073 ЯХШИ АМАЛЛАРГА ЖИДДУ-ЖАҲД ҚИЛИШ БАЁНИ عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ عُقْبَةَ بْنِ عَمْروٍ الأَنْصَاريِّ البَدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا نَزَلَتْ آيَةُ الصَّدَقَةِ كُنَّا نُحَامِلُ عَلَى ظُهُورِنَا، فَجَاءَ رَجُلٌ فَتَصَدَّقَ بِشَيْءٍ كَثِيرٍ فَقَالُوا: مُرَاءٍ، وَجَاءَ رَجُلٌ فَتَصَدَّقَ بِصَاعٍ فَقَالُوا: إنَّ اللهَ لَغَنِيٌّ عَنْ صَاعِ هَذَا، فَنَزَلَتْ {الَّذِينَ يَلْمِزُونَ الْمُطَّوِّعِينَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ فِي الصَّدَقَاتِ وَالَّذِينَ لَا يَجِدُونَ إلَّا جُهْدَهُمْ} [التوبة - 79] الآية. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1415، م 1018]. Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Садақа ояти* нозил бўлганида, биз ҳаммоллик қилар эдик. Бир киши келиб, кўп нарса садақа қилган эди, «у риёкордир», дейишди. Яна биров келиб, бир соъ* нарса садақа қилган эди, «Аллоҳ мана бунинг бир соъ нарсасидан беҳожатдир», дейишди. Шунда: «Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етганидан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиганларни Аллоҳ масхара қилади ва уларга аламли азоб бордир» (Тавба сураси, 79-) ояти нозил бўлди». ✍ Муттафақун алайҳ. 📜 Шарҳ: Садақа ояти Тавба сурасининг 103-ояти бўлиб, унинг маъноси қуйидагича: «Молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан. Уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, дуоинг улар учун таскиндир. Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир». Соъ – ёғочдан қилинган идиш бўлиб, у ўша даврда ўлчов вазифасини бажарган. Соъдан сув идиши сифатида ҳам фойдаланилган. Ҳанафий мазҳабига кўра, бир соъ ҳажмда 3 литр 330 мл, оғирликда 3 кг 250 граммга тўғри келади. Жумҳур уламолар наздида эса бир соъ ҳажмда 2 литр 750 мл, оғирликда эса 2 кг 040 граммга тўғри келади. Риёзус солиҳийн шарҳи. •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram🎂 ТОРТГА ШАМ ЁҚИБ ПУФЛАШ #бидъат ❓CАВОЛ: Ассалому алайкум! Туғилган кунда шам ёқиб пуфлашади ва ният қилишади. Уларни бу амали ҳозир кенг тарқалган. Бу амал қанчалик хатарли? 💬 ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом! وَلِأَبِي دَاوُدَ وَالطَّبَرَانِيِّ: مَنْ تَشَبَّهَ بِقَوْمٍ فَهُوَ مِنْهُمْ Абу Довуд ва Табароний қилган ривоятда: 📗 «Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир», дейилган. 📜 Шарҳ: Ўз қавми, ўз дини ва урф-одати туриб, бошқаларнинг турмуш тарзини, кийиниш ва ҳаётдаги бошқа нарсаларини устун қўйиб, жон-жаҳди билан уларга ўхшашга ҳаракат қилиш одамга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўша одам «ҳар кимга ниятига яраша» қоидасига биноан ўзи тақлид қилган қавмдан бўлади. Кофирларга ўхшашни орзу қилиб уринган бўлса, кофирлардан бўлади. Фожирларга ўхшашга ҳаракат қилган бўлса, фожир бўлади ва ҳоказо... Ислом уммати Аллоҳ таоло юборган таълимотларнинг энг мукаммалига, ҳар бир замон ва ҳар бир маконга муносиб таълимотга раво кўрилган умматдир. Аллоҳ таоло бу умматни бошқа барча умматлар устидан шоҳид қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло бу умматга ҳар бир нарсада ўзига хосликни бериб қўйгандир. Шунинг учун ҳам бу умматга ўзидан бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиш, ўзига Аллоҳ таоло осмондан тушириб берган нарсани қўйиб, бошқа миллатлар ердан чиқарган нарсаларга ҳавас қилиш мутлақо тўғри келмайди. Ушбу ривоятнинг «Либос китоби»да келиши ҳам бежиз эмас. Кўриб турибмизки, бунда фақат кийим ҳақида эмас, балки умуман ташқи қиёфани қандай тутиш кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Соқол-мўйлабни қандай қўйишдан тортиб ҳаром тукларни қиришгача, улама сочдан тортиб, тирноқни олишгача сўз юритилмоқда. Демак, ташқи қиёфа маданиятида ҳам ҳар ким ўзлигини унутмаслиги керак. Эркак киши эркаклигини, аёл киши аёллигини. Мусулмон мусулмонлигини. Эркаклар аёлларни бошқалардан ажратиб турадиган, уларнинг аёллигини билдирувчи белги, аломат бўлган кийимларни киймаслиги, аёлларга хос бўлган ташқи қиёфа маданиятини ўзига раво кўрмаслиги керак. Худди шунингдек, мусулмонлар бошқа миллатларга хос бўлган, уларни мусулмонлардан ажратиб турадиган нарсаларда уларга тақлид қилмасликлари лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам! (https://savollar.islom.uz/s/53942) «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати ••┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄••• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1072 ҒУЛУВГА КЕТГАНЛАР ҲАЛОК БЎЛДИ وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «هَلَكَ الْمُتَنَطِّعُونَ» قَالَهَا ثَلَاثاً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2670]. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулувга кетганлар ҳалок бўлди», деб уч марта айтдилар. ✍ Имом Муслим ривояти. 📜 Шарҳ: Динда инсон ундан ошириб юборса ғулув саналадиган чек-чегара шариат белгилаб берганидан зиёда қилишдир. Ғулув – бир нарсада чуқур кетиш ва ортиқча уринишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғулувдан қайтариб, шундай деганлар: «Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти). Тафрит-сусткашлик эса Аллоҳ фарз қилган вазифаларни адо этишда қосирлик қилишдир. Зино, ғийбат, чақимчилик каби маъсиятларни қилиш ёки ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлар билан алоқа қилиш, саломга алик олиш каби баъзи бурчларни тарк қилиш диндаги тафритга киради. Динда ғулувга кетишнинг турлари: 📌 Биринчиси. Нафлларга қаттиқ киришиб, хотин ва болаларни, қўшнилар ҳаққига бепарво бўлиш. Бир вақтлар юртимизда сўфийликни даъво қилиб баъзи кишилар чиққан эдилар. Пирнинг ҳузурида уч маҳал қозон қайнагани учун хонақосига ётиб олиб нафл ибодатларни қилишар, оилалари эса бу ёқди йўқчиликдан қийналишар эди. Мана шу динда ғулуга кетиш бўлади. 📌 Иккинчиси. Қаерга борса динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб уни қилишга тарғиб қилади. Масалан имом намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томонинг билан бурилишинги шарт деб туриб олишади. Аллоҳ таоло мусофирга намозни икки ракат қилиб ўқишга рухсат берса, ўзини тақводор қилиб тўлиқ ўқишга ҳаракат қилади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган амалларни қилганларни яхши кўрганидек, берган рухсатларга амал қилганларни ҳам яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусофирга қисқартириб ўқишни Аллоҳнинг садақаси деганлар. Ундай тақвони даъво қилувчилар эса худди Аллоҳ таолога “садақанг керак эмас” дегандек муомала қиладилар. 📌 Учинчиси. Васвасага тушиб қолган кишилар. Улар ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло “Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди” деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан таҳорати бор одам “таҳоратим йўқмикан” деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган куйига солади. Шайх Рашид раҳматуллоҳи алайҳ бир бор таҳорат қилиб турганимдан кейин фалон жойимга сув тегмай қолди шекилли деган хаёл келди. Қалбни ҳотиржам қилиш учун ўша жойни ювдим. Энди кетмоқчи бўлгандим фалон жойга ҳам тегмай қолдимикан деган хаёл келди. У ерни ҳам ювдим. Қарасам яна хаёл келди, шунда бу шайтоннинг васвасаси эканлигини тушундим ва шайтонга қарата “сенингча таҳоратим йўқ бўлса менимча бор. Сен айтгандек таҳоратсиз бўлсам ҳам ўқийвераман” деб унга парво қилмай қўйдим. Агар яна бир бор уни айтганига кирганимда эди умр бўйи васвасадан қутула олмай қолардим – деганлар. Батафсил: ушбу ҳаволада Риёзус солиҳийн шарҳи •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_545 #Такрор ЖУМАГА ЮРИБ БОРИШНИНГ ФАЗЛИ عَنْ أَوْسِ بْنِ أَوْسٍ الثَّقَفِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ غَسَّلَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ وَاغْتَسَلَ، ثُمَّ بَكَّرَ وَابْتَكَرَ، وَمَشَى وَلَمْ يَرْكَبْ، وَدَنَا مِنَ الْإِمَامِ فَاسْتَمَعَ وَلَمْ يَلْغُ، كَانَ لَهُ بِكُلِّ خُطْوَةٍ عَمَلُ سَنَةٍ، أَجْرُ صِيَامِهَا وَقِيَامِهَا رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ Авс ибн Авс ас-Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Жума куни ювса ва ғусл қилса, сўнгра эрта борса, пиёда юриб, (улов) минмаса, имомга яқинроқ ўтирса ва тингласа, беҳуда (ҳаракат) қилмаса, унинг ҳар бир қадамига бир йилнинг амали берилур, унинг рўзаси ва бедорлиги ажри берилур», дедилар». ✍️ Сунан эгалари ривоят қилган. 📜 Шарҳ: Жума намози осон йўл билан улкан савоблар ишлаб олиш учун қулай фурсат эканини олдин ҳам айтиб ўтган эдик. Ушбу ҳадиси шарифда баъзи бир иш билан, энг муҳими, ният билан пиёда юриб бориш ила ҳар бир босган қадам учун бир йиллик ибодатнинг, рўзаси-ю тунги бедорлик ибодатининг савобига сазовор бўлиш мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда. Мазкур улуғ мақомга эришиш учун қуйидаги ишлар қилиниши керак. 📌 1. «Ким Жума куни ювса». Яъни, ювиши керак бўлган нарсаларни ювса. Хусусан, сочини яхшилаб ювишни уламоларимиз таъкидлаганлар. 📌 2. «Ғусл қилса». Бу ҳақда кўп гапирилди. 📌 3. «Эрта борса». Яъни, Жума учун ният билан эрта борса. Бу ҳам олдин гапириб ўтилди. 📌 4. «пиёда юриб, (улов) минмаса». Ҳадиси шарифдаги айни шу жумла уни ушбу биз ўрганаётган «жумага юриб боришнинг фазли» бобида келтирилишига сабаб бўлган. Яъни, жумага савоб умидида пиёда юриб боришлик фазилатли иш экан. Албатта, соғ-саломат инсон пиёда юриб намозга борса, ҳар тарафлама ўзига фойда бўлиши турган гап. 📌 5. «имомга яқинроқ ўтирса». Албатта, имомга яқин ўтиришда яхшиликлар кўп. Жумладан, аввалги сафдан ўрин олади, хутба, қироат ва дуоларни яхши эшитади. Энг муҳими, катта ажру савобларга эга бўлади. 📌 6. «тингласа». Яъни, жумага борган одам тинглаш лозим бўлган хутба, қироат ва дуоларни яхшилаб тингласа. Хусусан, жума куни хутбадаги ваъз - насиҳатни тинглаш, ўрнак олиш ўта муҳим иш ҳисобланади. 📌 7. «беҳуда (ҳаракат) қилмаса». Чунки озгина беҳуда ҳаракат ҳам, ўша ҳаракатни қилувчини ҳам, унинг атрофидаги бошқа жумага келганларни ҳам чалғитиб, кўпгина фойдалардан бебаҳра қилади. Ҳадиси шарифда ушбу етти ишни амалга оширган мусулмонларга улкан хайр-баракалар ваъда қилинмоқда, зотан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «унинг ҳар бир қадамига бир йилнинг амали берилур, унинг рўзаси ва бедорлиги ажри берилур», дедилар». Бас, шундоқ экан ушбу ишларни ҳар жума ихлос билан адо этиб, ваъда қилинган ажр-савобларни олишга ҳаракат қилайлик. “Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram#Ҳадис_1071 ТОАТ-ИБОДАТДА ЎРТА ҲОЛ БЎЛИШ БАЁНИ وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا نَعَسَ أَحَدُكُمْ وَهُوَ يُصَلِّي فَلْيَرْقُدْ حَتَّى يَذْهَبَ عَنْهُ النَّوْمُ، فَإِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا صَلَّى وَهُوَ نَاعِسٌ لَا يَدْرِي لَعَلَّهُ يَذْهَبُ يَسْتَغْفِرُ فَيَسُبُّ نَفْسَهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 212، م 786]. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 📗 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Агар бирортангизни намоз ўқиётганида мудроқ тутса, то уйқуси тарқалмагунча ухлаб олсин. Чунки ҳеч бирингиз мудраган ҳолда намоз ўқиганида билмайдики, эҳтимол, истиғфор айтаман деб, ўзини дуоибад қилаётгандир». ✍ Муттафақун алайҳ. 📜 Шарҳ: Қози Иёз «истиғфор айтади» сўзини «дуо қилади» деб шарҳлаганлар. وَعَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنْتُ أُصَلِّي مَعَ النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ الصَّلَوَاتِ، فَكَانَتْ صَلَاتُهُ قَصْداً وخُطْبَتُهُ قَصْداً» رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [866]. Абу Абдуллоҳ Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 📗 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқир эдим. У зотнинг намозлари ҳам, хутбалари ўртача бўлар эди (яъни, узун билан қисқанинг ўртасида)». ✍ Имом Муслим ривояти. 📜 Шарҳ: Имом Муслим ва Аҳмадлар қилган ривоятда қуйидагича келган; Абу Воил: «Аммор бизга хутба қилди. У хутбани қисқа ва балоғатли қилди. Биз унга: «Эй Абу Яқзон, батаҳқиқ, балоғатли ва қисқа қилдинг. Агар бироз нафас узайтирганингда яна ҳам яхши бўлар эди», дедик. Шунда у: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Киши намозининг узунлиги ва хутбасининг қисқалиги фиқҳидан аломатдир. Бас, намозни узун, хутбани қисқа қилинглар. Албатта, баёнда сеҳр бордир» деганларини эшитдим», деди». Намоз ва хутбанинг «иқтисодли» бўлиши жуда ҳам узун, жуда ҳам қисқа бўлиб кетмаслигини, мўъжаз ва ўртача бўлишини билдиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ва хутбалари ана шундоқ эди. Саҳобаи киромлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатиб намоз ўқиб, хутба қилишга ҳаракат қилганлар. Абу Воил розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, ўша мадрасаи Муҳаммадияни битириб чиққан улуғ саҳобий Аммор ибн Ёсир хутба қилибдилар. У кишининг балоғатли хутбаларидан баҳраманд бўлган Абу Воил ва унинг шериклари ҳазрати Аммор розияллоҳу анҳуга мурожаат қилиб, балоғатли хутбангизни қисқа қилиб қўйдингиз, сал узунроқ қилсангиз, кўпроқ баҳраманд бўлар эдик, дебдилар. Шунда Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу бу ишни ўзларича қилмай, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб қилганларини айтибдилар. Демак, хутба қилувчи кишилар хутбани қисқа қилишлари, ҳаддан ташқари чўзиб юбориб, одамларга малол келтириб қўймасликлари керак. Зарур ҳолда, балоғатли сўз ва жумлаларни ишлатиб кишиларни сеҳрлаб қўйишлари лозим. Турли ноўрин сўз ва жумлаларни ишлатиб, эшитувчиларни норози қилиш одобдан эмас. Риёзус солиҳийн шарҳи •┄┄┄┄┄❅┄┄┄┄┄• 📚 KУНЛИК ҲАДИС
Open in Telegram