Наманган вилояти «Ипак йўлида туризм» - 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Энг инновацион стенди номинациясида ғолиб бўлди
Тошкент шаҳридаги “CAEx Uzbekistan” кўргазмалар марказида анъанавий “Ипак йўлида туризм” халқаро туризм ярмаркасида Наманган вилояти ҳам ўзига хос туристик ва инвестицион салоҳиятини намоён этувчи стенд билан иштирок этди.
Наманган вилояти павильонида 74 нафар меҳмонхона ва туроператор вакиллари ҳамда 15 нафар ҳунарманд иштирок этиб, ҳудуднинг бетакрор табиий манзаралари, бой маданий мероси ва санъати, шунингдек, анъанавий туристик йўналишлар билан бир қаторда сўнгги йилларда изчил ривожланаётган тиббиёт ва тоғ туризми салоҳиятини кенг намойиш этдилар.
Стендда маҳаллий ва хорижий туризм индустрияси вакиллари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича амалий музокаралар олиб борилди.
Шу билан бирга, халқаро ошпазлар иштирокида ўтказилган нуфузли беллашувда Наманганнинг маҳоратли ошпазлари ҳам фаол қатнашиб, юксак маҳорати, миллий таомларни тайёрлашдаги ўзига хос ёндашуви ва замонавий тақдимотлари билан ҳакамлар ҳайъатида катта таассурот қолдирдилар. Якунда Наманган вилояти Энг инновацион стенди - Most innovative tourism presentation номинациясида ғолиб деб топилди.
Намангандаги энг фаол ахборот майдонларидан бири! 👇👇👇
https://t.me/+0M8W5UokLkc2MTMy