📚 ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ
Ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишнинг энг муҳим йўлларидан бири — уларнинг қалбида илм-маърифатга интилиш ва соғлом дунёқарашни шакллантиришдир.
Ҳозирги вақтда кўз ўнгимизда дунёнинг турли жойларида иқтисодий, ижтимоий ва ахборот-коммуникация соҳаларида чуқур ўзгаришлар рўй бермоқда. Турли мафкуралар ўртасидаги тортишувлар кескин тус олаётган бир вазиятда фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳаммамизга маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши курашувчи иммунитет шакллантирилади.
Шундай экан, биз ёшлар онгида она Ватанимизга муҳаббат, қадимий ва бой тарихимизга ҳурмат, ота-боболаримиз каби ўз динимизга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашимиз зарур. Бу қадриятларни келажак авлодларга етказиш, уларнинг онги ва қалбида маънавий-мафкуравий иммунитетни кучайтириш муҳим ўрин тутади.
Токи ёшлар миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан ҳамнафас қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишсин.
Ана шундагина жоҳил ақидапарастларнинг сохта «даъват»лари ҳам, ахлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялар ҳам уларга ўз таъсирини ўтказа олмайди.
Ёшлар қалбида маънавий бўшлиққа ўрин қолдирмаслик зарур.
Ёшларни турли мафкуравий тажовузлардан ҳимоя қилиш учун, аввало, уларнинг қалбида Ватанимизга муҳаббатни янада кучайтириш, буюк тарихимиз ва миллий урф-одатларимизни сингдириш зарур.
Шу билан бирга, миллий ўзлигимизга салбий таъсир кўрсатган, миллий қадриятларимизнинг ривожланишига тўсқинлик қилган, бизни ўзлигимиздан айиришга қаратилган қарашлар ва эски замонлардан қолиб келаётган номаъқул одатлар ҳақида ҳам очиқ сўз юритишимиз лозим.
Биринчи навбатда, худбинлик ва лоқайдлик, қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик, манфаатпарастлик ва коррупция, ўзгаларни менсимаслик каби иллатлардан жамиятимизни халос этиш тўғрисида чуқур ўйлашимиз керак.
Маънавият — жамият тараққиётининг муҳим асоси.
Маънавият жамият тараққиёти, миллат камолоти ва шахс баркамоллигини белгилаб берувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Чунки маънавият ривожланган жамиятда иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий барқарорлик учун мустаҳкам замин яратилади. Бу эса мамлакат ва миллат тараққиётига, ўз навбатида, шахснинг ҳар томонлама камол топишига хизмат қилади.
📖 Ислом дини ҳам инсонларни илм олишга ва маърифатли бўлишга чақиради.
Бежизга Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятлари «Ўқи!» хитоби билан бошланмаган.
Бу илм-маърифатнинг инсон ҳаётида нақадар муҳим ўрин тутишини кўрсатади.
Зеро, илмли ва маърифатли бўлиш орқалигина ҳаётимизни фаровон ташкил этиш, тинч ва осойишта яшаш, ибодатларимизни тўла-тўкис адо этиш ҳамда фарзандларимизни ақлли, хушхулқ ва маърифатли қилиб тарбиялашга эришишимиз мумкин.
Илм-маърифат — жаҳолатнинг малҳами, саводсизликнинг кушандасидир.
🛡 ХУЛОСА
Ёшларимизнинг ўқимишли ва маърифатли бўлиб вояга етишига бефарқ бўлмайлик. Уларнинг вақти қадрига етайлик, билим олиши ва тўғри тарбия топиши учун зарур шароитларни яратайлик.
Ёшларимиз жаҳолат таъсирига тушиб, Ватанига, динига ва ота-онасига қарши бош кўтармаслиги учун уларни илм-маърифат, эзгулик ва соғлом дунёқараш руҳида тарбиялашга эътибор қаратайлик.
Зеро, жаҳолатга қарши энг кучли қурол — илм ва маърифатдир!
✍️ Маҳмудхон Рустамов
Учқўрғон тумани «Хўжа Саид» жоме масжиди имом-ноиби.
🌐 MEZON ijtimoiy tarmoqlarda:
💬 Telegram | 📸 Instagram | ▶️ YouTube