Янги Ялта мумкинми? Шэньчжэнь учрашувининг геосиёсий моҳияти
2026 йил 18-19 ноябрь кунлари Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида ўтаётган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) саммити халқаро сиёсатдаги муҳим дипломатик воқеалардан бирига айланмоқда. Саммит доирасида АҚШ президенти Дональд Трамп, Хитой раиси Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путиннинг 19 ноябрга режалаштирилган илк уч томонлама учрашуви глобал хавфсизлик архитектураси ва янги халқаро тартиботнинг истиқболлари ҳақидаги баҳсларни янада кучайтирди. Ғарб сиёсий ва эксперт доираларида мазкур учрашувни 1945 йилги Ялта конференцияси билан қиёслаш ҳолатлари кузатилмоқда. “Ялта 2.0” атамаси орқали уч йирик давлатнинг стратегик манфаатлар асосида халқаро таъсир доираларини қайта белгилаши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Бироқ замонавий халқаро тизимнинг хусусиятлари ва иштирокчилар ўртасидаги манфаатлар зиддияти бундай сценарийнинг амалга ошиш имкониятларини чеклайди. Шу нуқтаи назардан, Шэньчжэнь учрашувини дунё тартиботини қайта тақсимлашга қаратилган келишувдан кўра, буюк давлатлар рақобатини бошқаришга уриниш сифатида баҳолаш ўринлидир.
1945 йилда Ялта конференциясида АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқи раҳбарларини умумий душманга қарши ҳарбий коалиция, Иккинчи жаҳон уруши натижалари ва урушдан кейинги тартиботни белгилаш зарурати бирлаштириб турган эди. Ўша даврда халқаро кучлар мувозанати асосан Европадаги ҳарбий вазият ва ғолиб давлатларнинг сиёсий имкониятлари билан белгиланган. Бугунги геосиёсий шароит эса тубдан фарқ қилади. Вашингтон, Пекин ва Москва ягона стратегик мақсадларга эга эмас. Улар ҳарбий хавфсизлик, технологиялар, халқаро савдо ва минтақавий таъсир учун рақобатлашмоқда. Айни пайтда иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва глобал хавфсизлик муаммолари уч давлатни мулоқотни давом эттиришга ундамоқда. Демак, Шэньчжэнь учрашувининг асосий аҳамияти рақобатни бошқариш, стратегик зиддиятларни юмшатиш ва ўзаро мақбул ҳамкорлик йўналишларини аниқлаш имкониятлари билан белгиланади.
Шэньчжэнь саммити Дональд Трамп ташқи сиёсатида шахсий дипломатияга алоҳида эътибор қаратилаётган даврга тўғри келмоқда. Трампнинг дипломатик ёндашувида давлат раҳбарлари ўртасидаги бевосита мулоқот ва юқори даражадаги музокаралар муҳим ўрин тутади. 2026 йил 3 ноябрдаги Конгресс сайловларида Демократик партиянинг ҳар икки палатада назоратни қўлга киритиши АҚШдаги ички сиёсий вазиятни ўзгартирди. 2027 йил январидан бошланадиган янги сиёсий шароитда Трамп маъмурияти қонун чиқарувчи ҳокимият билан мураккаб муносабатларга дуч келиши мумкин. Бу ташқи сиёсатдаги ташаббусларнинг ички сиёсий аҳамиятини ҳам оширади. Бироқ президентнинг шахсий дипломатик фаоллиги халқаро келишувларни амалга ошириш учун етарли кафолат бўла олмайди. АҚШ сиёсий тизимида Конгресс, федерал идоралар, хавфсизлик институтлари ва хусусий сектор стратегик қарорларнинг ижросига сезиларли таъсир кўрсатади
Давомини ўқиш: https://fikratonline.uz/yangi-yalta-mumkinmi-shenchjen-uchrashuvining-geosiyosiy-mohiyati/
@fikrat