Posts of Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирруҳу) 🍂
Бир куни Муҳаммаднинг дўкони олдида дарвишсифат йиртиқ-юпун кийинган бир девона пайдо бўлди. У ҳар хил хуш ҳидли нарсалар, дори-дармонлар билан тўлган дўконга, қадамлари узилмай келиб-кетиб турган харидорларга, шунингдек, тижорат билан банд дўкондорга бир муддат қараб тургандан кейин: – Эй, дўкондор, Оллоҳ тижоратингизга барака берсин, бир ғариб одамга садақа қилинг, – деди Муҳаммадга. Муҳаммад харидорларнинг кўплигидан, тижоратнинг шошилинчлигидан, қўли-қўлига тегмаётганлигиданми ёки бошқа сабабданми, ҳарқалай, девонанинг сўзларига диққатини бўлолмади. Шунда девона яна Муҳаммадга мурожаат этиб: – Эй хожа, сен қандай ўлишингни билурмусен? – деди. Бу сўзга Муҳаммад эътибор бермади ва бепарволик билан: – Сен қандай ўлсанг, мен дағи шундай улурмен, – дея жавоб айлади. Девона: –Йўқ, сен мендек ўлолмассен, – деди. Муҳаммад девонадан: –Нечун? – деб сўради. Девона: – Шунинг учунким, менинг юким енгил, қуруқ танам ва уни ёпиб турган жандамдан ўзга ҳеч вақойим йўқ. Менинг бу дунё дўконини ташлаб кетишим осон. Аммо, сенинг эрса юкинг оғир, ҳашаматли иморатинг, молга тўла дўконинг, пулга тўла ҳамёнинг, хизматкор-чокарларинг бор. Шунча юк бирлан манзилға қандай етодурсен? Сен ўз ишингнинг чорасини қилғил, мен эрсам бундай ўлодурмен, – деди-да, белидан сув ичадиган жомни олиб бошига қўйиб ерга узала ётганча жон узди. Муҳаммад бир лаҳзада кўз олдида юз берган бу ҳолдан ҳайрону лол бўлди. Қалбига шиддатли бир изтироб, зилзила туташиб, вужудини даҳшатли титратиб ўтди. У ўзининг то ҳозиргачайин бехудлик илкида кун ўтказганлигини ғира-шира ҳис қилгандек бўлди-да, чексиз надомат билан тавба, истиғфорга қўл кўтарди. Муҳаммад каромат эгаси бўлган бу дарвишнинг жасадини ўз қўли билан дафн этди. Сўнгра хеш-ақраболар, хизматкор-чокарларини йиғиб барча мол-мулкини уларга улашиб берди. Шунинг билан атторликни тарк этиб, тариқат йўлига кирди. “Аттор” деган сўз кейинчалик унинг тахаллуси бўлиб қолди ҳамда шу ном билан оламга машҳур бўлди. Дарвишнинг ўлими билан алоқадор бу воқеани Атторнинг ўзи “Тазкиратул-авлиё” муқаддимасида баён қилган. Мазкур ривоят Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий тазкираларида ҳам келтирилган бўлиб, у Атторнинг ғоятда улкан ва зўр бурилишга юзланганлигидан далолат берарди. Бундай ҳодисалар ўрта аср кишилари учун ҳаргиз ҳам ақлга сиғмайдиган, бемаъно туйғу эмас, балки машҳур шайхлар ҳаётида содир бўлиши мумкин бўлган маънавий ва ғоявий бурилишларига сабаб бўладиган ҳар хил ҳодисаларнинг рўй бериши табиий ҳол ҳисобланарди. Атторнинг ҳаётида ҳам ана шундай юз берган бу воқеа унинг ҳаёти ва ғоясининг жавҳари ҳисобланган тасаввуф таълимотига ўзини бағишлашида сирли муқаддима бўлиб қолди. У руҳий жиҳатдан кучли бир ҳолатга дуч келганди. @Fariduddin_Attor🌿
Open in TelegramФАРИДИДДИН АТТОРНИНГ ҲАЁТИ Нишопур узоқ ва шунингдек, довруғли тарихга эга шаҳарлардан бири ҳисобланарди. Айниқса, ўрта асрларда бу шаҳардан ҳар қайси соҳалар бўйича кўпгина олиму фузалолар етишиб чиққанлар. Ҳатто бошқа эл ва шаҳарлардан бир қисм илм аҳиллари ҳам бу шаҳарга келиб, билим ва маҳоратини ошириб, ижод билан шуғулланганлар. Натижада бу шаҳар ўз даврида Шарқдаги машҳур маданият марказларининг бирига айланганди. Номи эл орасида машҳур бўлибгина қолмай, балки ҳарқайси тарихий, адабий асарларда ҳурмат билан зикр қилинган. Юксак маданият, илм-урфонга йўғрилган бу хил муҳит Нишопурнинг шон-шавкати, шуҳратини янада оширган. Ўрта асрнинг дастлабки вақтларида ана шу шавкатли шаҳар – Нишопур атрофида Иброҳим исмли тақводор бир мусулмон истиқомат қиларди. Иброҳим ўз даврига нисбатан анчагина юқори даражада илм таҳсил қилган, табобатчилик илмининг сир-асроридан етарли даражада хабардор, самимий, диёнатли одам эди. У Қутбиддин Ҳайдар исмли машҳур дарвишдан диний илмлар, айниқса, тариқат талаблари бўйича таълим олган бўлиб, кундалик турмушда ўзига хос мавқе билан турли инсоний фазилатларга асосланган ҳолда ҳалол-пок яшашга тиришарди. Иброҳимнинг атторлик, яъни хуш ҳидли буюмлар ва дори-дармон тижорати билан шуғулланадиган дўкони бор эди. Шу боис у доимо яқин-йироқ шаҳарларга бориб, ифор, мушки анбар дегандек ёқимли хушбўй нарсалар ҳамда қимматли шифобахш дори-дармон маҳсулотларини олиб келиб сотиб тирикчилик қиларди. Яқин атрофда Иброҳим ва унинг дўконини билмайдиган кишилар деярли йўқ эди. Кунлардан бир куни Иброҳим учун замин зилсилаю осмон ларзага келгандек бўлди. Унинг мурод-мақсадларини нурлантириб қалбида бир қуёш порлади. Гўё узоқ йиллик тоат-ибодати ва тилаклари ижобат бўлгандек, бир ўғил фарзандлик бўлди. У яратганнинг иноят-илтифотига чексиз шукроналар айтиб, ўғлига Муҳаммад деб, расулуллоҳнинг исмини қўйди, атрофидаги етим-есирларга инъом-эҳсонлар қилди. Иброҳимнинг шодлиги чексиз эди. У чинакам меросхўр дунёга келганлигидан бағоят мамнун эди. Муҳаммад чуқур меҳр-муҳаббатда ўсиб вояга етди. У атрофидаги ҳамма нарсаларга алоҳида қизиқиш билан боқиши, тинмай савол бериши ва зийраклиги Иброҳимга янада ишонч ва умид ато қиларди. Иброҳим Муҳаммадни Нишопурдаги энг билимдон олимларнинг қўлида ўқитди. Муҳаммад мадрасани тамомлаб, диний-дунёвий илмларда пешқадамликни қўлга киритган, инсонийликка хос юксак фазилатларга эришиб, эл назарига тушабошлаган чоғда Отаси Иброҳим бу фоний дунё билан видолашди. Шундан кейин Муҳаммад ота касбига зўр ихлос билан ворислик қилди. Тижоратда отасининг ўргатганлари бўйича диёнат ва ҳалолликни олдинги ўринга қўйиб, худди отасидек одамларнинг ишончи, иззат-ҳурматига сазовор бўлди. Натижада унинг тижорати кундан-кунга равнақ топибгина қолмай, ўзи ҳам жамиятнинг қадрли кишисига айланди. Эл орасида “Аттор” деган ном билан танилди. @Fariduddin_Attor🍃
Open in TelegramБЕКТОШ ВА РОБИЯ (давоми) Эртасига ҳаммомни очдилар ва у дилбарни бош-оёғи қонга ғарқ ҳолда кўрдилар. Пок танасини ювдилар ва тупроққа кўмдилар. Йиғилганлар ҳаммом деворида шундай байтларни ўқидилар: Нигоро, сенсиз аҳволим забундур, Юзим кўнгул қони-ла лолагундур. Олиб жоним онинг-ла ўйнаюрсан, Хато қилдим, олов-ла ўйнаюрсан. Икки кўзумдин очдинг икки дарё, Тарам кокилларим ювмоқ бўлиб ё? Келиб ҳаммомга аҳволимни кўр сен Ки гўё товада турган балиқмен. Наҳот ошиқ насиби шунча бўлгай, Ки дўзах ичра солгайлар тирикдай! Висол орзулари жон ичра энди Кўз ёши, оташу қон ичра энди. Қувонмоқ истадим васл байрамида, Вале кўрдим ўзим ўлим дамида. Оловда қовжирайди нотавон дил. Нетай, охир у эрди сенга манзил! Қизил қоним ҳино бўлсин қўлингга, Кўзим ёши гуҳар сочсин йўлингга. Ичиб қонимни битказдинг боякбор — Ҳалолинг бўлсин, эй олижаноб ёр! Бу хаста танни мен ўтга отармен, Бу нокас дунёни ташлаб кетармен. Жудо сендан ҳаётим бўлди охир, Паноҳ бўлсин сенга Аллоҳи қодир! Ушбу воқеани эшитган Бектошнинг юрак-бағри хун бўлди, Ҳорисниг берањмлиги ғазабини келтирди. У яширинча йўл билан қамоқдан қочади ва Ҳорисниг ҳарамига кириб, унинг бошини танасидан жудо қилади. Ғазаб ва аламга тўлган ошиқ йигит қиз қабрига етиб келади ва ханжар билан юрагини тилиб, азиз ёри ёнидан жой олади. Бектош бу фоний, бевафо дунёда азиз дилбандисиз яшашни хоҳламади ва бу ҳазин қиссани шу билан адоғига етказди. Ота ўғлига деди: — Шундай поксиришт ошиқ-маъшуқлар ўтган дунёда, уларнинг муҳаббати ҳирсдан пок, самовий эди. Ўғил ўйланиб, фикрга толди. Отаси эса яна бир ҳикоятни бошлади. (ҳикоя тугади). 👤 Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирраҳу) 📚 «Илоҳийнома» асаридан. ✍ Насрий баён муаллифи: Н. Комилов @Fariduddin_Attor🪻
Open in Telegram(1962; Уйғуристон) Азизий. Фаридиддин Аттор (бадиа) Муаллиф: Ziyouz.uz БИРИНЧИ БОБ ФАРИДИДДИН АТТОРНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИ Мелодий ХI асрнинг бошларида, Эрон ва Турон тарихида мустаҳкам бирликка эга бўлган қудратли салжуқийлар сулоласи майдонга келган эди. 1038 йили салжуқийлар сулоласининг илк султони Тўғрулбек ғазнавийлар сулоласига қарашли Шарқий Хуросоннинг бош шаҳри – Нишопурни ишғол қилган. 1040 йили салжуқийлар билан ғазнавийлар ўртасида Данданакон яқинида бўлган сўнгги ҳал этувчи жангда ғазнавийлар мағлуб бўлади. Натижада салжуқийларнинг таъсир доираси янада кучаяди. Султон Маликшоҳ (10721092 йил) ҳукмронлик қилган даврга келганда салжуқийлар сулоласи зўр даражада қудрат топиб юксалган, маданият ишлари ҳам гуллаб-яшнаган бир палла эди. Бу ҳол албатта султон Маликшоҳнинг донишманд вазири аъзами, “Низомулмулк”, яъни давлат таянчи деб ном олган Абу Али Ҳасан ибн Исҳоқ билан муносабатлари қуюқ бўлганида кўринади. Низомулмулк ўзининг “Сиёсатнома” номли машҳур асари билан донг таратган бообрў давлат арбоби бўлган шахс эди. Султон Маликшоҳ вафот этиб, ички зиддиятлар бир муддат барҳам топгач, 1118 йили салжуқийлар сулоласининг вориси Санжар ҳокимиятни ўз қўлига олди. ХII асрнинг 30-йилларига келганда будда динига эътиқод қиладиган қорахитойлар (улар тарихида баъзи манбаларда қора қидон, қидон, ёхуд қорачопонликлар деб ҳам аталади) Ўрта Осиёга бостириб кирганлар. Улар аввал Болосоғунни, Ўш, Ўзганд шаҳарларини ишғол этишди, сўнг бора-бора бутун Уйғуристонни ҳам ўз домига тортган ҳолда қорахонийлар сулоласининг Моварауннаҳр музофотига ҳукмронлик қилаётган Элик хони Маҳмудхонни ҳам бўйсундириб ҳар йили қорахитойларга ўлпон тўлаб туриш шарти билан уни ўрнида қолдириб қайтиб кетдилар. 1141 йили Қорахитойлар яна Мовароуннаҳрга бостириб келганлар. Салжуқийлардан султон Санжар бу сафар қорахоний Маҳмуд билан бирликда Самарқанд атрофидаги Катвон даштида уларга қарши уруш олиб бордилар. Аммо урушда султон Санжар билан Маҳмуд бутунлай мағлуб бўлди. Шу билан Салжуқийлар сулоласининг куч-қудрати ҳам ўз якунига ета бошлади. Султон Санжар 1157 йили Марвда оламдан ўтади. Хоразмда Ўғизғон авлодидан бўлган Ануштегинлардан Хоразмшоҳ Отсиз мустақил ҳукмдор бўлиб тахтга ўтирди. ХII асрнинг охирларига келиб Салжуқийлар қўл остидаги барча ерлар, шу жумладан, бутун Эрон замини ҳам Хоразм давлатига бўйсундирилди. Хоразмшоҳ Аловиддин Муҳаммад II тахтга ўтирган йиллар (1200-1220 йиллар) Хоразм давлатининг шон-шуҳрати, қудрати ўзининг энг чўққисига чиққан бир давр эди. Аммо бундай қудратли давлатнинг тақдири ҳам афсуски мустаҳкам бўлиб чиқмади. ХIII асрнинг бошлари. Орадан озроқ вақт ўтгандан кейин, яъни 1210-1215 йиллари оралиғида мўғуллардан чиққан шафқатсиз ҳукмдор ҳоқон Чингизхон ва унинг ботир қўшинлари ҳақидаги хабарларга яқиндан диққат қилган Аловиддин Муҳаммад II биринчи бўлиб Чингизхонга элчи йўллаган. Чингизхон ҳам элчиларни яхши кутиб олиб, яхши жавоб билан йўлга солган. Аммо икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаганидек, бу икки буюк ҳукмдорлар ўртасидаги муносабат ҳам 1218 йилнинг охирларига келиб бузилади. Хоразмшоҳ Аловиддин Муҳаммад II қўл остидагилар, аниқроғи, унинг онаси қипчоқларнинг хони Жонкишанинг қизи бўлмиш ҳокимиятпараст жоҳил, Туркон хотуннинг жияни Ғайирхон Инолчиқ томонидан Чингизхоннинг 500 туя карвонидан иборат 450 киши бошчилигидаги шоҳона бой савдо карвони Ўтрор чегара шаҳрида тўхтатиб қолиниб, талон-тарож қилинган, инобатли савдогарларнинг деярли ҳаммаси қатл этилган эди. Бу қабоҳатли машъум ишдан хабар топган Чингизхон беҳад дарғазаб бўлган ҳолда 1219 йили 210 минг кишилик катта куч билан Хоразмшоҳ давлатига қарши ялпи юришни бошлайди. Ўзини Искандари замон деб атаган Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммад II душман билан рўбарў бўлишдан қўрқиб, юрт ва халқни ўз ҳолига ташлаб, янги кучли қўшин тўплаш баҳонасида улкан мамлакатни тарк этган. 1220 йили Чингизхон Бухорони ишғол этади, сўнг Самарқандни, бирин-кетин барча шаҳарларни эгаллайди. 1221 йили Чингизхон қўшинлари Хоразм давлатининг пойтахти Урганчни ҳам ишғол этган. Шунинг билан Хоразм давлати тугатилиб, бу давлатга мансуб шаҳарларнинг ҳаммаси узил-кесил мўғуллар ихтиёрига ўтган эди. Фаридиддин Аттор мана шундай оғир, мураккаб тарихий жараёнда яшаб ижод билан шуғулланган сиймолардан бири бўлган. @Fariduddin_Attor☀️
Open in TelegramБЕКТОШ ВА РОБИЯ (давоми) Кеч ҳам кирди, ой ўзининг мунаввар нурини олам узра таратар, кўнгилда ширин туйғу уйғотар эди. Лекин Робиа кўнгли ғаш, унинг хаёли яраланган ёри Бектошда, қиз ҳол сўраб унга мактуб ёза бошлади: На қисмат буки, сен қонга беландинг, Бу ғамдин қон эрур бағри ёрингнинг. Узун тунлар ёнурман ўт ичинда, Тонг отгач, ҳасратим ортар зиёда. Сенинг савдонг била беҳуш эрурман, На ўзни, на бировларни танурман. Аламлар оғушида дил ва тан ҳам, Ки гўё ғамга бўлмишман ватан ҳам! Агар васлинг умиди бўлмаганда, Ёниб битган бўларди жон баданда. Ишқ номаси Бектош ярасига малҳамдек даво бўлди, унинг кўзларидан оққан севинч ёшлари юзини ювди ва шу ондаёқ ўтириб жавоб номасини битди: Мени ёлғиз қўярсан ёр токай? Дилим ошуфта, ўзим хор токай? Бу беморингни сўрмакни унутма, Сўзинг малҳам менга, меҳринг совутма. Оқиллар расмини тутгин мусаллам: Келиб бошимда ўтиргил бирор дам. Қиличнинг захми ҳам битмоқда секин, Бироқ кўнглим ўти топмайди таскин. Жудо сендан ҳаёт менга на лозим, Дея Бектош йиқилди — кетди ўздин. Кунлардан бир кун Робиа Балхга келиб қолган машҳур шоир Рудакий билан учрашиб қолади. Улар суҳбат қиладилар, Робиа шеърларини ўқиб беради. Рудакий қизнинг латиф ва дилрабо ғазалларини эшитиб, ҳайратда қолади. Ушбу шеърларнинг илҳомчиси Робианинг пок муҳаббати эканлигини ҳам Рудакий шу сафар чоғида пайқаб қолади. Рудакий Бухорога қайтиб келганда, Ҳорис ҳам Бухорога, шоҳ ҳузурига келган эди. Шоҳ Ҳорис шарафига катта базм ташкил этади. Базми жамшидда Бухоронинг барча аъёнлари, шоиру фузалолари йиғилишади. Шоҳ шоирлар сарвари Рудакийдан шеър ўқишни илтимос қилади. Рудакий бу сафар ўз шеърларини эмас, балки Робианинг шеърларини ёддан ўқиб беради. Мажлис қизийди, майдан сархуш бўлган шоҳ Рудакийдан шеърларнинг муаллифи ким эканлигини суриштиради. Май таъсири ва шеърият илҳомидан кайфияти аъло Рудакий Ҳорисниг мажлисда борлигини унутиб, бор воқеани ҳикоя қилиб беради. Бу шеърлар амир Каъб қизининг ижоди, унинг исми — Робиа, Робиа Қиздорий. У ўзининг ғуломини шу даражада севадики, на кечаси ва на кундузи ҳаловати бор. Шунинг учун шеър айтиш, ғазал ўқиш, ошиққа яширинча нома юборишдан бошқа машғулоти йўқ. Шеърдаги пишиқлик, ишқ васфининг кучлилиги ҳам шундан, дейди Рудакий. Шунда Ҳорис, гўё ҳеч нарса эшитмагандай, ўзини мастликка солади, лекин ўзи ғазабдан тўла юрагини тинчита олмай қолади. У Балхга қайтгач, пайт пойлаб синглисининг қонини тўкиш, шу билан зоти шаънига қўнган исподни ювиш пайига тушади. Бектош эса севгилисидан келган ишқ номаларини кўз қорачиғидай асрар, уни энг қимматли бойлик сифатида қадрлар эди. Унинг ўзига яқин тутиб юрган бир ўртоғи бор эди. Бектошга ҳасад қилиб юрган бу нопок «дўст» ишқий мактубларини шоҳга олиб бориб кўрсатади. Робиа мактубларини кўрган Ҳорис ғазабдан баттар титраб кетади. Унинг қони шу даражада қайнаб кетадики, шу ондаёқ синглисининг қатлига камар боғлайди. Отасининг васияти, синглисига бўлган меҳри ҳам унут бўлади. Ҳорис энг аввало Бектошни зиндонга ташлайди. Ундан кейин Робиани қатл этиш режасини тузади. У хизматчиларига ҳаммомни қаттиқ қизитишни, Робианинг қўлларига кишан солиб, қизиган ҳаммомга қамашни буюради. Бу ҳукм ижро этилади. Ҳаммомнинг эшик ва тешикларини лой билан бекитишади. Қиз бу ғайриинсоний қийноқларга қарши фарёдлар чекади. Унинг фарёдлари қийналаётган жисму жони учун эмас, балки ишқ дарди, хазон бўлаётган ёшлик фиғони, шеър дарди, муҳаббат оловида хасталанган жонининг нидоси эди. Ҳолсизликдан лахта-лахта қон қусган қиз кўрсатгич бармоғини ўз қонига ботириб, ҳаммом деворларига шеър бита бошлайди. Девор қондан қизара борган сари қиз чеҳраси сарғая борар, унинг латиф вужудидан мадор кетар эди. Ҳаммом деворларида ёзишга жой қолмаганда, унинг вужудидаги қон ҳам тугаган эди. Девор шеър билан тўлди ва у моҳпайкар гўё девордан узилиб тушган сувратдай ерга йиқилди. Унинг жони ишқу қон ичра жисмини тарк этди. (давоми бор...) 👤 Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирраҳу) 📚 «Илоҳийнома» асаридан. ✍ Насрий баён муаллифи: Н. Комилов @Fariduddin_Attor🪻
Open in TelegramБЕКТОШ ВА РОБИЯ (давоми) Орадан анча вақт ўтди. Кунларнинг бирида Бектош Робиани боғда танҳо кўриб қолиб, уни танийди ва шу ондаёқ унга яқинлашиб, густоҳлик билан беадабона гап ота бошлайди. Бектошнинг бу ҳаракатидан қаттиқ ранжиган Робиа жаҳл билан унинг қўлини силтаб ташлайди ва бу байтларни ўқийди: Аё эй беадаб, бу не дағаллик? На журъат бу ва қандай шердиллик? Шамол ҳатто этогимдан ҳайиқар, Кийимим шарпасин сезмас кабутар. Йигит хатосини англаб, дарҳол ўзини оқламоқчи бўлди: — Эй тенгсиз дилбар, бу не ҳолким, менга яширинча шеър юбориб, мени девона қиласан, энди эса учрашганимизда мендан юз ўгирасан ва бегоналардек ўзингдан узоқлаштирасан? Қиз аччиқ билан жавоб берди: — Сен менинг қалбимдасан, юрагимда аланга ураётган соф муҳаббатимсан. Қошки бундан огоҳ бўлсайдинг, йўқ, билдимки, огоҳ эмас экансан. Менинг ғусса тўла вужудим бўлҳавaслик ва шаҳвоний ҳирснинг қурбони бўлмас. Агар сен менинг шу пок ишқимга сазовор бўлмас экансан, бегоналар сингари кўнглим остонасидан узоқлашасан... Ушбу воқеадан кейин Бектош ўзини йўқотиб қўйди. Ноурин қилиғидан минг-минг пушаймон еди. Севгилисидан ранжиган Робиа эса юрак аламларини шеърга тўкиб солди, ажойиб жўшқин ғазаллари билан гўё аламлари оловига сув пуркар эди. Кунларнинг бирида қиз боғ оралаб сайр этиб, ўзининг дилбар байтларини замзама қилади: Аё эй тун ели, бир қур гузар қил, Фиғоним турки яғмога хабар қил. Дегил: куйди дилим ишқ оташида, Бўларму чорае ошиқ ишида? Марoқ билан шеър ўқиётган қиз акаси Ҳорисниг уни тинглаётганини пайқади-да, шу ондаёқ шеърдаги «турки яғмо» иборасини «Сурхи сақо»га (яъни тонгда Робиага сув келтирадиган кишининг номи) алмаштирди. Лекин зийрак шаҳзода бу нозикликни пайқади ва шу кундан бошлаб синглисидан гумонсирайдиган бўлди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас Ҳорис мулкига ҳисобсиз лашкарлари билан душман ҳужум қилади. Шижоатли ва қайноқ қонли Ҳорис ҳам бор лашкарларини тўплаб, мудофаа жангига киради. Жанг майдонида қилич ва қалқонлар тўқнашди, кесилган бош ва таналардан қон ариқлардек оқа бошлади: ер лолазордай қизариб кетди. Гўё ажал ўзининг аёвсиз чангалини халойиқ бошига урган, қиёмат кунни яратган эди. Ҳорис жанг майдонидаги аскарларини бир четга тўплаб, ўзи олдинда шер сингари қуққисдан душман устига ҳамла қилди. Бошқа томонда Бектош икки қўллаб шамшер урарди, қаҳрамонликлар кўрсатар эди. Аммо тўсатдан бошига урилган шамшер зарбидан яраланган Бектош бир нафас ўзини йўқотиб қўйди ва ҳушидан кетди. Худди шу пайтда жанг майдонига юзини парда билан яширган, жангчи кийимини кийган бир отлиқ кириб келади. Унинг қийқириғидан душман сипоҳлари вахимага тушди. У ўзини дадил душманга уриб, неча-неча бошларни танасидан жудо қилади, душман саросима бўлиб, тисарила бошлади. Фурсатдан фойдаланган бу қаҳрамон отини яраланган Бектош томонга буради ва уни кўтариб ўз аскарлари қўлига топширади. Кейин қандай пайдо бўлган бўлса, худди шундай ғойиб бўлади. Жанг майдонидагилар бу шижоатли диловар кишининг кимлигини билмасдан ҳайрон эдилар. Бектошни ўлим чангалидан халос этган бу довюрак паҳлавон Робиа эди. Робианинг майдондан чиқиб кетганлигини сезган душман қайта ҳужумга ўтди ва сел сингари Ҳорис лашкари томон оқиб кела бошлади. Бироқ шу вақтда Бухоро қўшини Ҳорисга мадад учун етиб келади, душман тор-мор этилади. Ҳорис ғалаба билан хурсанд ҳолда шаҳарга қайтади ва шу заҳотиёқ шижоат кўрсатган сирли отлиқни қидиртиради. Лекин ундан ҳеч бир дарак топа олмайди. У фаришта мисоли ер юзини тарк этган эди. 👤 Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирраҳу) 📚 «Илоҳийнома» асаридан. ✍ Насрий баён муаллифи: Н. Комилов @Fariduddin_Attor🪻
Open in TelegramБЕКТОШ ВА РОБИА (давоми) Орадан бир йил ўтгандан кейин ишқ дарди қизни ҳолдан тойдирди. У касалманд бўлиб қолди. Синглиси аҳволидан ташвишга тушган Ҳорис уни даволаш учун табиб олиб келади. Аммо, не илож: Муҳаббат дардининг дармони қайда, Табиблар не қилар ишқ қийнаганда? Робиа дардларини шеърга солиб овунмоқчи бўлар, ўтли ғазаллар кўнглидан қуйилиб келарди. Бироқ бу унга таскин беролмади. Қийналиш, изтироб бағрини ловуллатарди. Робианинг ёшликдан тарбиялаган меҳрибон, зукко ва доно бир дояси бор эди. Қизнинг ишқ дардига мубтало бўлганлигини сезган зийрак доя уни суҳбатга чорлади ва қиз ўз юзидан ҳаё пардасини олиб, доясига бор ҳисларини тўкиб солди, кўнглини ёзди. Унинг ишқи мени бехуд қилибдур, Вужудим хонасин нобуд қилибдур, Бу дарди бедавонинг боиси ул, Кўнгилнинг ёниши, ғам мояси ул. Ахир ул дилрабодан сўз дегин сен, Қиларсан не учун бегона зикрин? Сўнгра Робиа доя хотиндан ўз ишқ достонини Бектошга етказишни сўради ва бу қисса бошқаларга маълум бўлмаслигини истаб, ёри азизига мактуб ёзди: Аё эй кўзлари жоду, қаёнсан? Мени бир йўқламайсанму, қаёнсан? Келиб кўнглим турида меҳмон бўл, Ва ё тиғинг била жаллоди жон бўл! Асир этдинг дилимни, жонни — банда, Қилай садқа эса минг жон танда! Хаёлингда юрарман мисли Мажнун, Тан ўртар ажиб дарду жигар хун, Агар келсанг, қилай жойинг кўзумни, Йўқ эрса кимса топмайдур изимни. Ёнурман шамъ каби бирёну гирён, Сени излаб югурдим хаста ҳар ён. Ҳузуримга келиб кўнглимни шод қил, Ҳаётим боғини ҳам обод қил! Робиа номани ёзиб тугатди ва қоғоз тагига ўзининг расмини чизиб, маҳбубига жўнатди. Хатни олган Бектош шеърнинг мазмуни ва равонлигини, санъаткорона чизилган расмни кўриб, ҳайратда қолади ва ўзида йўқ шод бўлади. У гўё Робиани неча йиллардан бери билгандай: унинг яқин дўсти бўлгандай ҳис қилди ўзини. Шоира севгисига сазовор бўлиш бахтига муяссар бўлган Бектошнинг боши осмонга етади ва шу заҳотиёқ қалам ва давот олиб, муҳаббат тили билан маҳбубасига жавоб қайтаради. Бектошдан ишқ мактубини олган Робианинг кўзларидан қувонч ёшлари оқди. Энди у ўзида йўқ хурсанд, севги жомидан лиммо-лим май ичар, дил розини ифодалаб ширин ғазаллар битар ва уларни севгилисига юборарди. Бектош ҳам маҳбубасининг шеърларини ўқиб, кун сайин меҳри ортар, тақдир етказган бу бахтдан беҳад сарбаланд эди. (давоми бор...) 👤 Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирраҳу) 📚 «Илоҳийнома» асаридан. ✍ Насрий баён муаллифи: Н. Комилов @Fariduddin_Attor🪻
Open in Telegram1️⃣2️⃣3️⃣4️⃣5️⃣ Ҳокисор ким ? Устоз Исмоил Райҳон домла Устоз Исмоил Райҳон домланинг телеграм каналларига обуна бўлинг @Ismoil_Rayhon
Open in TelegramБЕКТОШ ВА РОБИЯ Аммо бу қисса дардли, аламлидир. Севишганлар тортган жафога одам фарзанди эмас, золим фалакнинг ўзи ҳам гардишини тўхтатиб мотам тутган, афсус деб кўзларидан ёшлар тўккан. Бу қисса мислини ким кўрган, эй дил, Бу ҳасратномадир, тингла батафсил. Робиа Балх амири Қаъбнинг қизи эди.¹ Қиз жуда соҳибжамол ва оқила бўлиб, тим қора жоду кўзлари, найза мисол киприклари ҳар қандай юракка ғулғула солар, ақиқ лаблари, марварид тишлари кўрган кишини ром этарди. Беҳамто ҳусн ва бунинг устига шоирона латиф табъ унинг овозасини атрофга ёйган эди. Амир Қаъб қизини жуда яхши кўрар, уни бир нафас ҳам хаёлидан нари кеткизмасди. Кечаю кундуз қизининг тақдири ҳақида қайғурарди. Ўлимни яқинлашганини сезган амир бир куни ўғли Ҳорисни ҳузурига чақирди. У ўғлига қараб деди: — Синглинг ақли расо қиз. Унга ҳамма ошуфта. Лекин қизимни ҳалигача ман-ман деган зодагонлар, аъёнларга лойиқ кўрмадим. Энди, ўғлим, мен ҳаёт билан видолашар эканман, унинг тақдирини сенга топшираман. Сен уни ўзига муносиб киши топиб узатгин. Ҳорис отасининг васиятини мамнуният билан қабул қилди ва синглисини кўз қорачиғидай асрашга ваъда берди. Лекин тақдир уларга қалтис йўлни раво кўрган эди. Отасининг вафотидан кейин Ҳорис тахтга ўтириши муносабати билан катта шоҳона зиёфат берди. Жаннатни эслатувчи боғда айш-ишрат давом этар, мусиқа садолари янграрди. Баҳор майсалари кишига ёшликни эслатар, шамол эса гул ғунчаларининг очилишига кўмаклашарди. Гуллар орасидан жимирлаб оқаётган сув мажлис аҳлига ҳузур бағишларди. Ҳорисниг тахти баланд айвонда жойлашган бўлиб, амир унда қуёшдай порлаб ўтирарди. Марварид шодасидай уни ўраб олишган хизматчилар ва чокарлар хизматда қўл қовуштириб туришарди. Ҳамманинг қалбида қувонч, чеҳрасида кулгу балқирди. Базм аҳли орасида юлдузлар ичида порлаб турган ойдек, хушбичим кийинган, қора қошли, қора кўзли, бир кўришдаёқ кишини диққатини ўзига тортадиган сарвқомат бир йигит ўтирарди. Унинг оти Бектош бўлиб, амирнинг хазинабони эди. Ҳорисни амирлик унвони билан табриклашга келган сарой аҳли ва зодагонлар хурсандчилик қилишарди. Қиз-жувонлар ҳам қасрнинг томи ва тоқу айвонларидан юзларига парда тортиб, базмни томоша қилардилар. Робиа ҳам канизаклари, дугоналари билан қаср томига чиқди ва бир бурчакда ўтириб томошо қила бошлади. Шу пайт тўсатдан унинг нигоҳи амир билан ёнма-ён ўтириб, суҳбат қилаётган Бектошга тушди. Бектошнинг катта санъат билан рубоб чалиши, ёниб эҳтиросли қўшиқ айтиши, давра кайфиятига ҳамоҳанг лиммо-лим қадаҳлардан назокат билан май нўш этиши — хуллас, давранинг гули бўлиб ўтириши Робиа кўнглини ўзига ром этади. Шу кундан бошлаб қизнинг аҳволи ўзгарди, кечаю кундуз халоватини йўқотди. У дардини кимга айтишини билмас, қалбидаги ғалаён ва оловдан вужуди титрар эди. Унинг кўзларидан баҳор булутидан оққан ёмғир мисоли ёш тўкилар, бутун аъзолари шамъ мисоли ёниб, эриётгандай эди. ———————————————————— ¹ Робиа Қаздорий X асрда Балх шаҳрида яшаб ўтган истеъдодли шоирадир. Ушбу қиссада келтирилган воқеалар ҳам тарихий ҳақиқатдир. (давоми бор...) 👤 Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирраҳу) 📚 «Илоҳийнома» асаридан. ✍ Насрий баён муаллифи: Н. Комилов @Fariduddin_Attor🪻
Open in TelegramРУҲГА МУРОЖААТ ҚИЛИБ ДЕГАНИ... Эй Чиннинг мушкин оҳуси — руҳи қудсий, мушку анбар ҳидини сочган, сен халифалик даргоҳининг ўринбосарисан. Сендадир Раббоний руҳнинг амри. Руҳоний мамлакатнинг асоси сенсан. Икки жаҳон бир ҳовуч тупроқ, фақат дорулмулк фазоси-илоҳий олам покдир. Бутун оламлар жами сен билан яшнар, сен билан мунтазам осмону ер сенга вобаста. Сен ҳаммани қамраб олгансану, лекин биздан йироқсан, кўзга кўринмайсану, бироқ кўзнинг ўзидасан. Жаннат, дўзах, қиёмат куни — буларнинг барчаси номинг ўрнида келадиган амонат сўз, белги, ташбеҳ холос. Агар сен порласанг, бамисоли минг қуёш бирдан ёнгандай бўлади, йўқ-йўққи, бу порлашнинг ҳар бир зарраси юз қуёшга тенг. Офтобининг нури ортиқдан ортиқдир, шу нурдан бир шуъла — Улуғ арш. Хос ҳамдамсан, роздону сирдош, ҳомий ва мададкорсан, абад тириксан. Нима дейки, ҳамиша маълумсан, ҳар ерда борсан. Ажойиб бир қушсанки, қанақа эканлигини билиб бўлмас, бизнинг тушунча-тасаввуримиз, исботу тасдиғимиз, инкору раддияммиздан ташқарисан. На ердасан, на осмонда, балки Раббулоламин — Тангри таоло ҳузуридасан. Ҳамма нарса сенсан, аммо ҳеч — йўқлик ҳам ўзингсан. Кўзга кўринмассан, аммо кўзларнинг нурисан. Кўнгилдан ихлос билан мушкли нафас чиқаргин, чунки арш сенинг нафасингдан хос мижмарга — хушбўйлар тарқатувчи қўрага айланди. Сен ҳам шоҳсан ва ҳам халифа, безаволсан ва боқийсан. Сенинг асосингда олтита белги бор, аммо уларнинг ҳар бири бир жаҳон — алоҳида бир олам. Ҳар бири — бир соҳибқирон, бир қудрат. Бири Нафс бўлиб, унинг жойи сезги аъзоларидир. Бири Нафси аммора (шайтоний нафс) бўлиб, зиддиятлар, нифоқ шундан. Бири Ақлдир, ақлга мувофиқликни, мантиқни бошқаради. Бири Илмдир, маълумот, билим тўплаш билан банд. Бири Фақрдир, фано — йўқлик истар ҳамиша. Бири Тавҳиддир, Ягона зот истар ва Унга интилар доим. Ушбу олти қувват — асос Руҳ фармонидадир, Руҳ Мутлақиятнинг азалий ва абадий халифаси ва ҳамроҳидир. Олам Руҳ туфайли обод ва файзли. Руҳ одамнинг ичидадир, шунинг учун сен ўз ичингга сафар қилмоғинг керак Хизр каби мардлар йўлига қадам қўйгин, токи айланувчи чархи фалак атрофингда гиргиттон бўлсин. Эй Руҳ, маконинг Нуҳ кемаси, замонинг эса «ваззуҳо вал лайлатул қадр» (Қуёш нурларига ва қадр кечасига қасам) оятидир. Сулаймон қудрати сенда, Юсуф жамоли ҳам сенда. Шунга муносиб бўл, шунга яраша амал кўрсат. Иброҳим каби содиқ ва собит бўлгин, Исодай ишқда дамсозу Мусодай мўъжизакор бўлгин. Симруғ сингари қанотларингни ёз, қанотларингни Симруғ соясида (Тангри соясида) ёзиб парвоз эт! Сеҳргар ҳам, яратувчи, мўъжизакор ҳам ўзингсан. Агар ҳар ишга жаҳд этсанг Мустафо бўлур мададкор сенга! Ўз кўзинг билан боқ ўзингга, сўзга ўралгин. Дунё одамлардан эмас холи. Икки оламнинг асоси Сўздир, чунки Сўз Ҳақдан мужда бўлиб келди. Ахир арши аълода битилган «Лавҳи маҳфуз» ҳам Сўздир. Ҳамма нарса Сўздан ижод этилган ва Сўзга қайтади. 👤 Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирраҳу) 📚 «Илоҳийнома» асаридан. ✍ Насрий баён муаллифи: Н. Комилов @Fariduddin_Attor🪻
Open in TelegramОВГА ЧИҚҚАН ОВЛАНГАЙ Арслон, бўри ва тулки ўртоқ бўлишди, ов қилиш учун ўрмонга кетишди. Кечгача ҳўкиз, эчки ва бир қуённи овлаган уч ўртоқ уларни судраб ғорга олиб келишди. Дастурхонга ўтиришди. Арслон бўрига юзланиб: — Азиз дўстим. Бу ўлжаларни шундай тақсимлаки, қорнимиз тўйсин, деди. Бўри қимтиниб улушларини ажрата бошлади: — Эй улуғ султоним! Шу катта ҳўкиз сизнинг улушингиз. Сиз энг катта ва эпчилсиз... Рухсатингиз билан ёввойи эчки меники бўлсин. Дўстим тулки семиз қуёнларни яхши кўради. Қуён унники... Арслоннинг бу густохликдан жаҳли чиқди: — Сен бу ерда кимсан ўзи... унутмаки, ўрмонлар қироли ҳузуридасан. Мен борман, менга улуш бўлиб бериш сенинг ишингми? деб зарба берди; нотавон бўри эргачўзилиб қолди. Сўнгра арслон қўрқувдан дир-дир титраётган тулкига юзланди: — Нега қараб турибсан!? Ўлжаларни сен тақсимла! Фалокатни сезиб турган тулки ўрнидан туриб, таъзим қилиб шундай деди: — Эй улуғ султоним... Улуш тақсимлаш менинг ҳаққим эмас, аммо сиз муносиб кўрганингиз учун гапираман. Бу қуён сизнинг нонуштангиз, эчки тушлигингиз учун нафис яхна бўлади. Ҳўкизни эса кечқурун ейсиз, деди. Арслон жуда хурсанд бўлди ва тулкидан сўради: — Бундай оқилона тақсимотни қаердан ўргандинг? Тулки бўйнини эгиб, жонсиз ётган бўрига қараб қўйди ва: — Мана бу ҳаддини билмаган бўрининг ҳолидан..., деб жавоб берди. 👤 Мавлоно Жалолиддин Румий (қуддиса сирраҳу) 📚 «"Маснавий"дан ибратли ҳикоялар» асаридан. @Fariduddin_Attor🍃
Open in TelegramАЁЛ ИШҚИ Подшонинг гўзал бир ўғли бор эди. Шаҳзода ҳақиқатдан ҳам келишган, сўлим йигит бўлиб вояга етган, халқ унинг ой юзига қарашдан истиҳола қиларди. Гўё уни дунёнинг бир мўъжизаси дейсиз: икки қоши камондай, кўзи, kipriklari минг қалбни вайрон қилар, қарашлари одамни оҳанрабодай ўзига сеҳрлаб қўярди. Табассум қилса, дурдай терилган тишлари кўринар, лаъл лабларининг хушоби неча мубталоларни масту беҳуш айлаганди. Шаҳзода гўзал андомли бўлиш билан бирга мард ва жасур, ориятли ва мағрур ҳам эди. Бир хотин шу гўзал йигитга ошиқ бўлиб қолди. Кўнгли эзилиб, кўзларидан қонли ёшлар оқизди. Йигит фироқида барча нарсани, қариндош-уруғ, балки дунёни ҳам унутиб, дарвеш-қаландар бўлди. Бечора хотин шаҳзоданинг йўлини туну кун пойлар, агар шаҳзода йўлга чиқса, отининг оёқларини қучоқлаб ўпар, тупроқдаги изларни кўзига суртарди. Ёши шашқатор оқиб, ошиқона нола чекарди. Пана-панадан, пастқам жойлардан шаҳзодага боқар, дийдорига тўймасди. Агар шаҳзода юрса, шаҳарда бўлар, боғу саҳрога чиқса, орқасидан саҳрога чиқар, изма-из таъқиб этиб борарди. Тунлари унинг ёдида ухламай чиқар, атрофидагиларга ҳам уйқу бермай, фарёд чекарди. Одамлар бу ҳолни кўриб, ҳайрон қолардилар, гап-сўз тарқалиб, бора-бора бутун шаҳарга овоза бўлди. Иш шу даражага етдики, охири шаҳзода номус қилиб, аёлдан қандай қутулишнинг иложини тополмай, отасига шикоят этди. Подшо хотинни тутиб келтиришни буюрди. Уни тутиб келтирдилар. Подшо уни кўриб, бадтар ғазабланди ва сочларини отнинг оёқларига боғлаб, эзғилаб ўлдиришга ҳукм этди. Бу воқеани кўрган одамлар тўда-тўда бўлишиб, далага чиқдилар. Ҳамма нарса тахт қилиб қўйилди. Хотинни олиб келдилар, Шоҳ тахтда ўтирди. Шунда хотин ўлими олдидан подшога мурожаат қилиб, агар шоҳим изн берсалар, бир ҳожатим бор, деб сўз қотди таъзим ила. Шоҳ деди: — Агар истагинг жонингни сақлаш бўлса, рози бўлмасман, чунки қасдим сенинг жонингни олишдир, агар сочимдан тортиб сазойи қилма, деб илтимос қилмоқчи бўлсанг, бу ҳам ўтмайди, чунки шу узун сочларингга ўралиб жон беришингни кўрмоқчиман, магар отга боғламасдан ўлдиришни хоҳларсан, бу ҳам рад этилажак, чунки отнинг туёғини ўпишни хуш кўрганингнинг мукофоти бу. Бундан бошқа қандай илтимосинг бор? Ёки бир муҳлат омонлик тиларсан? Бир сония ҳам омонлик бермагайман. Ёки шаҳзодани кўрмоқ тиларсан, лекин унинг юзини энди ҳеч ҳам кўролмайсан. Хотин айтди: — Жонимни сақлашни истамасман, жоним энди менга керак эмас. Бир лаҳза омонлик ҳам тиламайман, ундан айрилиб омонликда яшаш ўлимдан оғир. Сочимдан судратиб, отнинг оёқлари остида эзғилаб ўлдирмоқчи экансан, ихтиёринг, буни қилма деб илтимос қилмайман. Аммо, эй саховатли шоҳ, сен айтгин ушбу талаблардан бошқа бир талабим бор. Шоҳ айтди: — Сўзла, бундан бошқа яна не ҳожатинг бор? Агар мен айтган талаблардан бошқа талаб-ҳожатинг бўлса, муқarrар бу талабингни бажарурман. Хотин айтди: — Эй саховатли ва шарофатли шоҳ, бу кун мени от оёқларига боғлаб судратишга ҳукм қилган экансан, ҳожатим — илтимосим сендан шуки, сочимни шаҳзода нинг оёқларига боғлаб қўй. Токи бу ишни у қилсин, унинг оти оёқлари остида эзилай, танимни судраб роҳатлансин. Мен унинг қурбони бўлай ва абадий умр топай. Ҳа, агар маъшуқ томонидан ўлдирилсам, ишқ нуридан руҳим арши аълода бўлади. Бир ожиз хотинман, ҳушим ўзимда эмас, бағримда лахта-лахта қон, тирикманми, ўликманми — билмайман. Парвардигор подшонинг кўнглига раҳм солди, кўнгли эзилиб кетди. Хотинни авф этди, унинг сидқу ёнишлари, покиза муҳаббати, илоҳий ишқи шоҳнинг қалбини юмшатган эди. Подшо хотинни ўз саройига олиб борди, ўғлига ҳамроҳ этди. Бу ишқи ҳақиқийдир, буни ўрган, эй фарзанд. Энди сенга яна бир ҳикоят сўзлаб берай. Пок муҳаббат одамни мард ва жасур этгани, ожиз қизни қаҳрамон жангчига айлантирганини кўр. 👤 Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирраҳу) 📚 «Илоҳийнома» асаридан. ✍ Насрий баён муаллифи: Н. Комилов @Fariduddin_Attor🪻
Open in TelegramҲИКОЯТ Бу Саиди Миҳнага ҳаммом эди, Ходими, ҳаммомчи довдир, хом эди. Кирларин ишқаб, туширгай эрди ул, Сўнгра шайхнинг олдига сургайди ул. Бир маҳал сўрди: аё муршиди пир, Бул жаҳон ичра жавонмардлик надир? Шайх дедиким, кирни кўрсатмай ҳамон, Халқ кўзидин ҳам ани тутмак ниҳон... Бул жавоб андоқки тушди жойига, Ул йигит бош қўйди шайхнинг пойига. Тавба қилди гўллигин иқрор этиб, Шайхни хурсанд қилди истиғфор этиб... Холиқо, Парвардигоро, Раббано, Сенга юз шукрон, сенга ҳамду сано. Халқи оламнинг жавонмардлиги, бас, Денгизингдин қатрадир ул, бошқамас. Қойими мутлақ ўзингдирсен фақат, Ул жавонмардликка йўқдир ҳеч сифат. Бизки чиркин, беҳаёдирмиз, кечир, Неча иркитмиз, ани кўрсатмагил... 👤 Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирраҳу) 📚 «Мантиқ ут-тайр» дан. @Fariduddin_Attor🍃
Open in TelegramАЁЛ САДОҚАТИ (давоми) Отаси ушбу ҳикояни тугатгач, ўғил бироз тааммул қилди-да, кейин эътироз билдириб деди: — Ота, сен шаҳватни нафрат билан тилга олдинг. Аммо эркак ва хотин кишининг бир-бирига интилиши, муҳаббатини шаҳват деб бадном қилиш ва буни манъ этиш нотўғри. Эркакнинг хотинга интилиши шаҳват эмас. Агар эркаклар билан хотинлар қўшилмаса, одамзод насли қандай давом этади? Оламнинг тузилиши, қонунияти бузилади-ку. Ахир бу илоҳий Ҳикматнинг тартибу тадбиридир, мулк ва мамлакат, дунё ишлари шу асосга қурилган, барча жонзотлар қўшилиб, кўпайиб, наслини давом эттиради. Барқарорлик, ривожланиш шундан келиб чиқади. Одамзот минг-минг йиллар оша қанчадан-қанча риёзат — ривожланишни бошдан ўтказиб ҳозирги ҳолига келган. Буни ҳикмат аҳли яхши билурлар. Бари заруратдан, муайян Низом учун яратилган. Қўшилиш керак экан, демак ана шу улуғ Ҳикмат қонуниятига бўйсунишдир. Аллоҳ таоло Ерни кўпикдан, фалакни тутун-тумандан ҳосил қилган. Балки жинсларга бўлинишнинг боши шудир. Агар керак бўлмаса, Еру Кўкни ҳам, турфа махлуқотлару одамзот ва унинг турли жинсларини ҳам яратмас эди. Агар шаҳват бўлмаганида сен ҳам, мен ҳам бўлмас эдик. Нега энди сен шаҳватни ёмонотлиқ қиласан, бу иш мардларнинг иши эмас дейсан? Буни қандай тушуниш керак, менга тушунтириб бер бўлмаса? Ота жавоб бериб деди: — Зинҳор шаҳватни бутунлай инкор этаяпти деб ўйлама. Аммо сен оламда фақат шуни танлаганинг учун бу сўзларни сенга айтдим. Негаки, оғзингда фақат шу сўз, хаёлинг фақат шу билан банд эди. Бу сиру синоат, ҳикматлар оламида фақат шаҳватни танисанг ва билсанг, фақат шу билан банд бўлсанг, аттанг дейман, чунки умринг ҳайф кетади. Ўйлаб мулоҳаза этиб сенга хилватда ушбу сўзларни айтдим, токи шаҳват гирдобидан қадамингни ташқарига қўйсанг. Ахир одамийлик фақат шундан иборат эмас, шаҳват инсонда мавжуд, аммо у одамни одам сифатида сифатлай олмайди. Сен улуғликда пайғамбарлар, набиларга баробарсан, ўликларни тиргизувчи Исо билан ҳамрозу ҳамнафассан, наинки, Исонинг эшаги билан ҳамқадам бўлсанг? Нега ҳайвон каби шаҳвоний ҳирсинг бор. Исо билан хилватнишин бўлишинг мумкин-ку. Шаҳват — ҳар доим қайт (қусиш) га ундайди, қутулгин бир муддат бу қусуқлардан! Тўғри, ҳеч бир жонзот шаҳватдан холи эмас, бу сирни билмаган одам жисмонан майиб, нуқсонлидир. Ундай киши солим эмас. Аммо шаҳват ҳаддидан ошша, ҳирc беҳудлик келиб чиқади, кейин уни тўхтатиб бўлмайди. Шаҳват шавқи кучайгач, муҳаббат орадан кўтарилади. Холбуки, инсоннинг моҳияти муҳаббатдадир. Бироқ муҳаббат ҳам муайян чегарада туриши керак, агар чегарадан ошша, жонинг маҳбуб кўзи олдида ожиз, арзимас бўлиб қолади. Шаҳватдан воз кечгин, чунки талабнинг моҳияти Маҳбубдир, ҳамма нарсанинг жавҳари, асли Маҳбуб — Ёри азалийдир! Унинг йўлида жон фидо қилиш, қурбон бўлиш шаҳватга гирифторликдан афзал! Доно одамлар буни тажриба қилиб, кузатиб кўрганлар, аллақанча ҳикояту ривоятлар орқали тушунтириб кетганлар. Тинг-ла ҳикоятимни ва ибрат олгин бундан. (ҳикоя тугади). 👤 Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирраҳу) 📚 «Илоҳийнома» асаридан. ✍ Насрий баён муаллифи: Н. Комилов @Fariduddin_Attor🪻
Open in TelegramАЁЛ САДОҚАТИ (давоми) Кейин аъробий қулини еталаб келди. Занжий қул ҳам гуноҳига иқрор бўлиб, қилган мудҳиш ишларини бир-бир бўйнига олди: болани ўзи ўлдириб, хотинга туҳмат қилганини айтди. Аёл қулнинг сидқидилдан иқрорини кўриб, дуога қўл кўтарди ва қора занжий дардлардан фориғ бўлди. Ўғлини етаклаб келган кампир ҳам аёлнинг оёқларига йиқилиб, илтижо билан ёлборди, фарзандига шифо тилади. Аёл яна такрорлади: — Не гуноҳ қилган бўлса баён этсин, тавба қилсин, мен сидқу садоқатини кўрай. Йигит тўғри сўздан ўзга чора йўқлигини билгач, бўлган воқеаларни жамоат олдида ҳикоя қилиб берди. Аёлнинг мардлиги, ҳимматини ҳам ўзининг яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтариб, пастлик қилганини ҳам сўзлади. Аёл йигитни кечирди ва дардларига шифо тилаб, дуога қўл кўтарди. Йигит қайта туғилгандай бўлиб, кўзлари кўрадиган, оёқлари, қўллари илгаригидай ишлайдиган бўлди. Марди ҳожи, аъробий, кампир ғоят хурсанд бўлиб, миннатдорчилик изҳор этдилар. Аёл халойиқнинг мушкулини осон қилиб, кароматлар кўрсатиб, хасталарни даволаб бўлгач, фурсат топиб, эрини хилватга чорлади ва гулгун юзидан пардани кўтарди. Эри хотинини дарҳол таниди ва наъра тортиб шодлигидан беҳуш йиқилди. Ўзига келгач, хотини сўради: — Нега бунча ҳаяжонландинг, беҳуш бўлдинг? Эр айтди: — Ахир мен жуфти ҳалолимни топдим, лекин сен у оддий хотин эмассан, сен раҳмат нурига йўғрилган бир зотсан, мен сенинг йўлингда қурбон бўлиб, жон фидо қилсам арзийди. Хотин айтди: — Эй, жуфти ҳалолим, мен сенинг ўша хотинингман, биҳамдуллаҳ, худога минг қатла шукрким, дийдорингни кўрдим, содиқ ёрим, ғамхўрим, менга сени худойимнинг ўзи соғ-саломат етказди. Агарчи сенсиз юз жафоларни бошдан ўтказдим, таним ҳасрату аламдан мажруҳ бўлди, лекин сенга хиёнат қилмадим, вафо йўлидан чекинмадим. Ҳар кимки худодан қўрқиб, сидқу вафода собит бўлса, уни худонинг ўзи маломатлардан эсон-омон сақлайди. Иккаласи бир-бирларига яқинлашиб, дамсоз бўлдилар. Бу воқеа сарой аҳли орасида овоза бўлди. Ҳамма келиб муборакбод қилдилар. Элга тўй берилди. Аёлнинг эри давлат ишларини юргизишда доно маслаҳатчи бўлди, иззат-икром кўрди, аъробийни подшо аёл ўзига вазир қилиб олди... Мана вафоли аёлнинг сабру садоқатидан келган саодат, бундай аёл неча юз шаҳватпараст эркакдан баланд эмасми?! (давоми бор...) 👤 Шайх Фаридуддин Аттор (қуддиса сирраҳу) 📚 «Илоҳийнома» асаридан. ✍ Насрий баён муаллифи: Н. Комилов @Fariduddin_Attor🪻
Open in Telegram