Ўзбекистон ҳақидаги китоблар Иордания кутубхоналарига совға қилинди
Иордания пойтахти Аммон шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли фундаментал асари араб тилида тақдим этилди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган мазкур тадбир Ўзбекистонда сўнгги ўн йилда амалга оширилган ислоҳотлар, инсон қадрига асосланган давлат сиёсати ва мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ташаббусларини араб жамоатчилигига таништириш учун муҳим майдон бўлди. Олти боб ва хотимадан иборат асарда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, давлат ва жамиятни модернизация қилишга қаратилган стратегик қарашлар ўз ифодасини топган.
Президент асари билан бир қаторда Янги Ўзбекистон феноменини очиб берувчи яна 9 та китоб ва китоб-альбом ҳам араб китобхонларига тақдим этилди. Ушбу нашрлар Иордания кутубхоналарига ҳадя қилинди. Тадбирда Иорданиянинг нуфузли сиёсатчилари, парламент аъзолари, олимлари, диний уламолари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Бу тақдимот шунчаки китоблар намойиши эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт фалсафаси, тинчликпарвар сиёсати ва маърифий ғояларини халқаро миқёсда тарғиб этишнинг яна бир муҳим қадами бўлди. Бугун Янги Ўзбекистон тажрибаси нафақат минтақада, балки халқаро илмий ва сиёсий доираларда ҳам қизиқиш уйғотмоқда.