Сиз учун бахт нима?
Яқинда Морган Хаузелнинг бир китобида бахт ҳақидаги таърифини ўқиб қолдим, менга жуда қизиқ туюлди ва сизлар билан улашгим келди. Бахт бу бирор бир латифани эшитганимиздан кейинги кулги ва табассумга ўхшайди. Битта латифани (қанчалик кулгили бўлмасин) иккинчи марта эшитганимиздан сўнг бизга биринчи марталик хурсандчилик олиб келмайди. Ва биз янги латифалар илинжида юраверамиз...
Эътиборлиси, ҳаётимизда жуда кўп, бизни “бахтли” қиладиган нарсалар ҳам шу каби. Мана шу лойиҳани тугатсам эди бахтли бўламан, мана шу уйга кўчсам, мана шу мошинани олсам, мана шу ойликка чиқсам, ва х.к. Айнан хоҳлаган нарсамизга эришгач қисқа муддат “бахтли” бўламиз, худди латифани эшитиб хурсанд бўлгандек, кейин янги “латифани” эшитибгина яна юзимизга табассум юради.
Демак, бахтни бирор бир нарсаларга боғлайдиган бўлсак чинакам бахтли бўлишнинг имкони бўлмайди, чунки нарсаларни чеки йўқ. Мани назримда бахт ташқаридан келмайдиган ҳолат, бу ички ҳолатимиз. Қанчалик ҳозирги ҳолатимизга шукр қилиб яшаш қобилиятимиз. Агар ҳозирги ҳолатимда бахтли бўлолмаяпманми, катта эҳтимол билан ҳеч қачон бахтли бўлмайман. Юқоридаги метафора билан гапирадиган бўлсам, мени юзимга табассум юриши учун янги латифани эшитишим шарт эмас, эрталаб қаҳва ичолганимга табассум қилсам ҳам хурсанд бўлолишим.
Сиз учун бахт нима?
@azizjongapparov