Монополист Ўзбекнефтегаз ёлғон гапирмаса нима бўлади?
Монополистни гўр тузатадими, рақобатми ё Антимонополия? Ёлғончи ва қип-қизил ёлғончи монополист бўлса-чи?
Кечаги брифингда (бу ерда видеоси, бу ерда матни, ўзгартириб олмасликлари учун кўчириб олинди) янграган иддаоларга кўра, “Ўзбекнефтгаз” томонидан биржа савдоларига чиқарилаётган автобензиннинг бошланғич нархи апрель ойидан буён ўзгармай, 1 тоннаси учун 14 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Бу иддао қип-қизил ёлғон. Тўқилган ёлғон. Навбатдаги ёлғон.
Масалан, АИ-92-К2-Л типидаги бензин 4 июнгача 12,5 млн.сўмдан сотилган, кейин 13,9 млн.сўмгача ошириб олинган. Бу ҳақда, яъни бошланғич нарх оширилгандан кейингина Ўзбекистонда 92 лақабли бензиннинг сотув нархлари ошганини олдин ҳам ёзганмиз. Агар Ўзбекистонда мустақил Антимонополия органи бўлганида эди, ёлғончи монополистни ўшандаёқ жазолаган бўларди.
Афсуски, монополист билан балки тили бир биржа сайтидан ноябрь ойига оид нарх даражалари тўғрисидаги маълумотлар ўчириб қўйилган (бу расвои-радди бало сайтда рўйхатда ўтгандан кейин ҳам маълумотлар очилмади).
Лекин Ўзбекнефтегазнинг ёлғончилиги шунчаликки, биржадаги 92 лақабли бензин бўйича ўртача сотув нархлари 1 апрелдан (12,7 млн.сўм) 14 октябргача (14,0 млн.сўм) бирон марта 14,0 млн.сўмдан ошмаган (хусусан, АИ-92-К2-Л типидаги бензин ҳам). Ўртача сотув нархи апрелдан октябргача 14,0 млн.сўмдан ошмаган бўлса, қанақа қилиб бошланғич нарх апрелдан бери ўзгармас — 14,0 млн.сўмни ташкил этиши мумкин?
Сизлар учун нима, ўзбекистонликлар гўлми, довдирми ё тинимсиз ёлғон эшитишга маҳкумми?
Қани энди бу ёлғон ва манипуляциялар биринчи марта бўлса. Бензин нархи ва газ қазиб олиш билан боғлиқ ёлғонлар аввалги менежмент давридаям Оруэлл-ча эди, Оруэллни чайнатиб қўядиган даражада эди. Демак, ҳеч нарса ўзгармаган.
Ё жонли эфирда ёлғон гапириш бўйича Ўзбекнефтегаз ва Давактив ўртасида чемпионат бошланганмикан?