Раис Афғонистон элчиси билан учрашув ўтказди
🇦🇫 Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Афғонистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдул Ғаффор Теравий билан учрашди.
⬆️ Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Савдо-саноат палатаси кўмагида икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро ташрифлари, бизнес-миссиялари ва учрашувлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Бу фаоллик савдо кўрсаткичларида ҳам ўз аксини топмоқда. 2026 йил январь–сентябрь ойларида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,38 миллиард долларга етди. Жумладан, Афғонистонга экспорт ҳажми 1,19 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга, Афғонистондан импорт эса 192,7 миллион долларга етиб, 47 фоизга ўсди.
Навбатдаги учрашувда ҳам ҳамкорликни янги йўналишларда ривожлантириш, тадбиркорлар учун мавжуд имкониятларни кенгайтириш ва ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Афғонистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига импорт қилиш жараёнларини енгиллаштириш, шунингдек, афғон маҳсулотларини Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия бозорларига экспорт қилишда кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилди.
🗣 Шунингдек, 30 ноябрь – 5 декабрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган «Янги Ўзбекистон — глобал савдо чорраҳаси» халқаро бизнес-форуми ҳам муҳокама қилинди. Афғонистон Элчиси, шунингдек, Кобул, Ҳирот, Балх ва Бомиён вилоятлари ҳокимлари форумда иштирок этиш учун таклиф этилди.
Маълум қилинишича, форумда Афғонистондан 300 нафардан ортиқ тадбиркор қатнашиши кутилмоқда. Бу эса ишбилармонлар учун янги бозорларга чиқиш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва аниқ савдо-инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш учун яна бир муҳим майдон бўлади.
🕊Telegram 📱Instagram 📱Facebook 📺Youtube