#Асослар
4.2 АДАБ (ادب)
Бу тариқат арбобларининг айрим рисолаларида тўрт хил адаб мавжудлиги айтилади: адаб маъа-Аллоҳ, адаб маъар-Расул, адаб маъаш-шайх ва адаб маъал-ихвон.
Адаб маъа-Аллоҳ – Аллоҳга нисбатан адаб сақлашдир. Яъни, Аллоҳнинг буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан сақланишдир.
Банда ўзининг ожизлигини ҳис этиб, Аллоҳдан келган ҳар бир мукофотни ҳам, мусибатни ҳам бирдек қаршилаши, тақдирга рози бўлиши, Яратувчи Зотга нисбатан яхши гумонда бўлиши лозим.
Адаб маъар-Расул – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нисбатан адаб сақлашдир. Аллоҳ томонидан танланган бу муҳтарам зотни махлуқотнинг энг улуғи ва шарафлиси, деб билиш, ота-онадан, ўз жонидан яхши кўриш, аҳли байтларини ҳурмат қилиш, муборак номларини эшитган ҳамоно саловот айтиш, муборак сурат ва сийратларини билиш, суннат ва тавсияларига амал қилиш, ҳақиқий умматга хос яшаш тарзини танга сингдириш айни одоб доирасидадир.
Адаб маъаш-шайх – шайх (пир)га нисбатан адаб сақлашдир. Мурид шайхини (ҳақиқий шайх назарда тутилади) Пайғамбар вориси деб билиши, унинг тавсия ва вазифаларини ихлосу садоқат билан бажариши, пирига нисбатан муҳаббатли бўлиши, шариатга мувофиқ ҳар бир ҳаракатидан ибрат олиши шарт.
Адаб маъал-ихвон – тариқатдош, мўмин-мусулмонларга нисбатан адаб сақлаш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмонларни бир-бирига дўст-биродар деб айтган. Уларни аҳил, бир-бирига ёрдамчи, бири-бирининг ҳолидан хабар олувчи бўлишини таъкидлаган. Фитна-фасодлардан, ёмонликлардан, қон тўкишдан эҳтиёт бўлишни буюрган. Бу мўмин биродарлар ўртасидаги адабдандир.
«Мақомоти Шоҳ Нақшбанд» китобида келтирилишича, Ҳазрат Баҳоуддин айтар экан: «Бир адаб бор, у Ҳақ субҳонаҳу ва таолога нисбатан, яна бир адаб бор, у Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нисбатан, яна бир адаб бор, у машойихларга нисбатандир. Ҳақ субҳонаҳу ва таолога нисбатан бўладиган адаб шундаки, илоҳий фармонларни зоҳирда ва ботинда тўлиқ бандалик билан адо қилинади; ундан бошқа ҳар қандай феълдан юз ўгирилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нисбатан адаб шундайки, солик ўзини فاتّبعوني (менга эргашинглар) мақомига тўлиқ ростлайди; барча ҳолатда У муборак зотга юксак эҳтиром сақлайди, мавжудот мушкулларини ҳал этишда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло иродаси Пайғамбар орқали ўтишини мурид англаши, ҳар ким ва ҳар бир нарса Унинг иззат остонасига бош қўйганини билиши керак. Шайх (пир)га нисбатан адабнинг вожиб ва лозимлиги сабаби шуки, улар (шайхлар) суннатга тўлиқ амал қилиш орқали Ҳақ субҳонаҳу ва таолога етишгандирлар». (Абулмуҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. «Баҳоуддин балогардон». – Тошкент. «Ёзувчи», 1993. 81-б.)
👤 Муаллиф: Сайфиддин Сайфуллоҳ
📚 «Хожагон — Нақшбандия (асослар ва рашҳалар)» китобидан.
✅Сайфиддин Сайфуллоҳ