Президент китоби 1,5 млрд ӯқувчиси бор бозорга чиқди
30 октябрда Пекинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон барқарор тараққиёт ва фаровонлик йўлида” китоби хитой тилида тақдим этилди. Бу воқеани бир неча йилдан бери давом этаётган жараённинг бир қисми сифатида кўриш керак.
Бу жараённинг Ўзбекистондаги томонига қарайлик. Си Цзиньпиннинг камбағалликни қисқартиришга бағишланган “Қашшоқликдан халос бўлиш” китоби 2023 йилда ўзбек тилида чиқди ва унга Президент Мирзиёевнинг ўзи сўзбоши ёзди.
2025 йил августида Тошкентда унинг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги китоби тақдим этилди. Шу йил июнда эса бу асарларни нашр этган “Ўзбекистон” нашриёти Пекин халқаро китоб кўргазмасида Хитойнинг махсус китоб мукофотини олди.
Энди Хитой ҳам худди шундай қадам қўйди: ўзбек Президентининг нутқлари Хитой Компартиясининг энг биринчи нашриёти — “Жэньмин”да чиқди.
Тақдимотга фахрий меҳмон сифатида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги, ШҲТ ва “Марказий Осиё — Хитой” формати котибиятлари вакиллариям келган. Китоб дипломатияси энди икки томонлама муносабатлар доирасидан чиқиб, кўп томонлама майдонгаям кўчяпти.
Бундан учта хулоса чиқариш мумкин.
Биринчиси. Икки давлат бир-бирининг тажрибасини давлат раҳбарининг ўз матнлари орқали ўрганишга ўтди. Бу ҳамкорликнинг энг юқори босқичларидан бири.
Иккинчиси. Китобларнинг мавзулариям бир-бирига яқин: камбағалликни қисқартириш, давлат бошқаруви, инсон манфаати. Демак, икки томон бир хил саволларга жавоб излаяпти.
Учинчиси. Китоб — энг узоқ яшайдиган дипломатик восита. Учрашувлар ўтади, китоб эса кутубхонада қолади ва ўн йиллаб ўқилади.
Кейинги қадам — бу китобларнинг икки мамлакат университетларида ўрганилиши.
Шунда китоб дипломатияси экспертлар доирасидан чиқиб, янги авлодга етиб боради.
@platformauzb