Сиёсий саҳнада Сардор Умрзоқов кўринмай қолдими? Нимагадир бошидан-бош шу инсонни ёқтириб қолганман. Юқори лавозимларга илк тайинланган пайти кўнглим жиз этган, шу-шу ишларини орқаворатдан кузатиб келардим. Келажагидан умидим катта эди. Ўзбекистонимизга мана шунақа кадрлар керак, деб ўйлаганман. Тоза йигитга ўхшаган, тўғриси. Кейинги пайтлар ахборот оламидан чиқиб кетганим учунми, билмай қолдим: ҳали ҳам эътибордами ёки сурилиб қолдими? Эътибордан қолишига ишонгим келмайди, чунки, эшитишимча, Сардорни устознинг ўғли сифатида президент ҳурмат қиларди. Шунга қарамай агар бирон четга сурилиб қолган бўлса, унда: ё сарой ичидаги рақобат қурбони бўлган; ё ўзи биронта ишкал иш қилиб қўйган. Аммо бу иккинчи тахмин сира ақлимга сиғмаяпти. Демак... Ҳар икки ҳолда ҳам сарой битта яхши инсонини йўқотган бўлади.
Открыть в TelegramПосты канала Nurulloh Muhammad Raufxon
Сувсиз қудуққа тўрт киши тушиб кетса, ким ўзини қандай тутади? Тушиб кетганлар кимлигига қараб тадбирлар турлича бўлади. Қўрқоқлар: Юраги чиқиб кетади, ақлу ҳушини йўқотади, тушкунликка тушади ва алалоқибат... ҳаммаси ўлади. Аҳмоқлар: Ҳар бири ўзининг жони қайғусига тушади, жон ҳолатда қудуқ деворига ёпишиб, тепага ўрламоқчи бўлади, пастда қолгани сал тепалаганининг оёғига осилиб пастга тортади, худди у қутулиб кетадию бу қудуқ тубида қолиб кетадигандек бўлади. Натижада ҳеч бири чуқурдан чиқолмайди ва охирида... ҳаммаси ўлади. Ақллилар: Тушкунликка тушмайди, дарҳол ўтириб бир-бири билан маслаҳат қила бошлайди; ақлини ишга солиб, биринчи галда ҳолатни ўрганади, қудуқдан эсон-омон чиқиш йўлларини қидиради, хилма-хил таклифдан энг устунини танлаб, бир-бирини қўллаган ҳолда муқаррар ўлимдан қутулади. Бизникилар: Қудуқдан қутулишга (ватанга қайтишга) салгина умид туғилувди, тўртовлон дарров бир-бирининг юзига лой чаплаб, бир-бирининг оёғидан тортишга тушиб кетди — жуда хунук ва жуда ачинарли ҳолат... Ақлли бўлайлик, қўрқоқлардан ёки аҳмоқлардан бўлмайлик, ўртоқлар.
Открыть в TelegramҚозоғистон президенти Қосимжўмард Тўқаев Анқарадаги зирва йиғилишида Ўрисияни Турк давлатлари ташкилоти (ТДТ)га аъзо қилиш таклифини ўртага ташлабди. Ўрисия бўлса, мундай бир-икки кун ўйлаб ҳам ўтирмай, шоша-пиша ТДТга аъзо бўлиш истагини билдирибди. Ана-буни қаранг! Демак, олдиндан келишув бўлган: Путин Тўқаевга: "Сен ўзингнинг номингдан бизни таклиф қиласан!" деб топшириқ берган, Тўқаев шу топшириқни бажарган. Мантиққа сиғмайди. Отидан ҳам билиниб турибди, бу ташкилот "Турк давлатлари"дан ташкил топган. Ўрисия эса, гарчи ҳудудининг катта қисми турк халқларига тегишли, аҳолисининг ҳам анча-мунчаси турк халқлари бўлишига қарамай, давлатининг оти "Ўрисия"дир. Бунақада: ё "Турк давлатлари ташкилоти" деган от ўзгариши керак, ёки "Ўрисия" оти ўзгариши керак бўлади. Унда ташкилотнинг табиати ўзгариб кетади. Бордию Ўрисия ТДТга кузатувчи мақомида кирса ҳам, ташкилот бошда кўзлаган мақсади сари юра олмай қолади, балки ҳатто ташкилотнинг ҳаёт ипи бевақт узилади. Яъни, ТДТ агар чинакам ТДТ бўлса, бунақа аҳмоқона ишни қилмайди, деб ўйлайман. Қайси аҳмоқ ўзининг оёғига болта уради?! Қолаверса, Ўрисия нимага ҳамма ёққа бурнини суқавериши керак?! Агар сенга турк давлатлари билан муомала қилиб туриш лозим бўлса, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) етмайдими сенга — ўша ерда бутун Туркистон давлатлари, ҳатто Туркия ҳам бор, ахир! Хуллас, ожизона фикримча, Ўрисияни (айниқса, шовинист Путин бошчилигидаги Ўрисияни) ТДТга яқинлаштирмаслик керак! Таркибидаги туркий халқлар мустақилликка эришиб (иншаоллоҳ), ўзларининг давлатларини қурсалар (иншаоллоҳ), ана унда уларни қучоқ очиб даврага олса бўлади (иншаоллоҳ).
Открыть в TelegramТурк давлатлари ташкилоти тақдири масаласида икки-уч йилдан бери мени энг хавотирга солиб келган нарса нима эди, биласизларми? Озарбойжоннинг сиончи "исроил" давлати билан яқинлиги, фикрдошлиги! Бу нарса бир кунмас-бир кун турк давлатлари бирлиги орасини очмаса-да, деб қўрқардим. Чунки кўнгиллар бир бўлмагунича мамлакатлар бир бўла олмаслиги аниқ. Лекин ўша пайтлари бу ҳақда бир нарса ёзмадим, олдиндан диққатларни ёқимсиз ҳолатга чекмайин, дедим. Бу хавотир айниқса "исроил" — ҲАМАС уруши пайти кучайди. Бошқа турк давлатлари бирилари кўп, бирилари оз Фаластин томон бўлгани ҳолда Озарбойжон "исроил"нинг ёнини олгани, умумий душманни уруш чоғи энг керак бўладиган ёнилғи билан таъминлаб тургани мусулмон юракларни тирнади, яралади, албатта. Қайси томон ҳақ ва мазлум, қайси томон золим ва қотил экани ҳатто Оврупа халқларига ҳам очиқ-равшан бўлиб тургани ҳолда Озарбойжон давлатининг "исроил"га илиқ муносабати юрагимда қанақадир бир армон ва алам қолдиргани рост. Афсус... Орадан ҳеч қанча ўтмай яширин фарқлилик юзага чиқди: Озарбойжон Туркия билан очиқ зиддиятга борди — Туркиями ё "исроил"ми танлаш фурсати келганида Илҳом Алиев кўпроқ "исроил"ни танлади. Турк давлатлари ташкилотининг Анқарада ўтаётган зирва йиғилишига Озарбойжон президенти келмади! Ўрнига Ташқи ишлар вазирини юборди! Яхши иш бўлмади, албатта. Лекин тез орада бу тушунмовчилик ўртадан кўтарилади деб умид қиламан.
Открыть в TelegramOʻtgan payşanba kuni vodiyga borayotib koʻruvdim: dovonga qor tuşgan ekan. Havolar bekorga sovumabdi, dedim. Adabiyot qiziq-da, darrov şuni boşqaça ifodalagisi keladi: 1. Togʻlar uçiga qor tuşdi. 2. Togʻlar boşiga oq tuşdi. 3. Togʻlar boşi oqardi. 4. Togʻlar soçiga oq oraladi. 5. Togʻlar soçi oqardi. 6. Togʻlar qaridi. 7. Oqsoç togʻlar... Yana nima desa boʻladi? 8. ...
Открыть в TelegramХОТИРА Ажиб бир дамлар эди! "Шарқ юлдузи" жўрноли таҳририяти ходимлари ( бир қисми). Сурат тахминан 1993 -- 1994 йилларга тегишли. Элимизнинг суюкли ёзувчиси устоз Ўткир Ҳошимов Бош муҳаррир , атоқли ёзувчилар Омон Мухтор, Тоҳир Малик ва Муроджон Мансур бирилари ўринбосар, иккинчилари масъул котиб, учинчилари Наср бўлими мудири, шоир Икром Отамурод Шеърият бўлими мудири эдилар — ҳаммалари орқама-кетин оламдан ўтишди. Бу дунёмизнинг чиройли ва мазмунли ўтиши йўлида қўлларидан келганича хизмат қилишди, Оллоҳ таоло Ўз раҳматига олиб, охиратларини обод қилсин. Икром ака билан нақ 6 (олти!) йил битта хонада ўтириб, ишлашганмиз. Яқинда, ёз бошларида вафот этдилар. Кўришолмай қолдик. Бугун у кунлар тарихга айланди. Лекин одам умр бўйи қўмсайдиган даврлар эди!
Открыть в TelegramДавлат порахўрларга қарши қаттиқ ва қақшатқич кураш очганга ўхшайди. Кунда-кунора битта амалдор катта пора билан қўлга олингани ҳақида хабарлар ўқияпмиз. Ишга жиддий киришилгани яхши, албатта. Лекин битта нарса диққатимни чекди: нуқул туман ҳокимларининг ўринбосарлари пора олувчи бўлиб чиқяпти! Бошқа соҳа ташкилотлар раҳбарлари ё ходимлари қўлга тушса тушади, аммо гап ҳокимият соҳасига келганида фақат ҳоким ўринбосарлари... Нимага? Ҳайронман. Бизда туман, вилоят ҳокимлари топ-тоза ишласа керак, деб ўйлаган тақдиримизда ҳам барибир битта савол кўнгилга келаверади — бу порахўр ўринбосарларни ким етиштирган, ким ишга олган ёки ишга қўйган?!.
Открыть в TelegramКеча -- ўктабирнинг 20-куни "Қамар" китоб дўконига ўқувчилар билан бўладиган учрашувга таклиф қилишди. "Замонавий ўзбек тили: ютуқ ва муаммолар" мавзусида суҳбат қурдик. Ўзбек тили байрами барчамизга қутлуғ бўлсин! Оллоҳ таоло тилимиз бойлигини, ўзига хослигини, тароватини паноҳида асрасин! Қоғозда эмас, ҳақиқатда давлат тили мақомига юксалтсин!
Открыть в TelegramБирон нарса ҳақида ҳеч ким ҳеч кимга ваъда беришга мажбур эмас, аммо ўз ихтиёри билан ваъда бердими, уни бажаришга мажбур. Эр кишига ярашиқли хулқ бу.
Открыть в TelegramШу кунларда қардош Озарбойжонда бўлаётган воқеалар, хусусан Озарбойжон ва Туркия орасида кечаётган тортишувлар жуда ёқимсиздир. Ишқилиб, турк давлатлари бирлашуви жараёнига салбий таъсир кўрсатмасин-да. Орқада душман (ёки душманлар) тургани аниқ. Аммо бизга тушадигани душман фитнасига учмасликдир. Эй Оллоҳ, Ўзинг ўртани тузат.
Открыть в TelegramБолалигимда уйда Дажжол ҳақида гапиришса, оғзим очилиб эшитардим. "У шунақа хавфлики, кўчадан ўтиб қолса, одамлар уйидан чиқиб ўзидан ўзи эргашиб кетаверади", дейишса, "Одамлар ёмон нарсага қандай қилиб эргашади?" деб ҳайрон бўлардим. Ақлимга сиғдиролмасидим. "Мияси йўқми одамларнинг?" дердим. Шу кунларда мамлакатимизда ўхшаш ҳодиса юз берди. Бизга етти ёт бегона қанақадир бир ижтимоий тармоқ фаоли юртимизга келган экан, минг-минглаб одам уйидан отилиб чиқиб, орқасидан гурас-гурас эргашиб юрибди! Болалигимда эшитган у ривоятларга нафақат ишондим, нафақат ақлимга сиғди, балки кўзим билан кўрдим. Юрагида имони бўлмаса, одам бунақа пайтлари ўзини билмай қоларкан, мияси тақа-тақ тўхтаркан, бир зумда қўй каби, мол каби бўлиб қоларкан. Оломон деб аталмиш бу хил мавжудотнинг Дажжол соясининг сояси бўлишга ҳам арзимайдиган оддий бир блогерга эргашиши шунчалик, бир куни Дажжолнинг нақ ўзи келса, албатта бундан минг-минг карра баттари бўлади-да! Тавба...
Открыть в TelegramҲозиргина ажиб бир иш бўлди. Ошхонамда бир тилик тарвуз егим келди. Одатдагидек, илк савоқ томонини кесдим. Сал кўпроқ олиб юборибман, гўшт қисми ҳам кесилиб кетди. Увол бўлмасин деб ўшани қириб еяётган эдим, аяси: "Ширинмикан?" деб сўради. "Билмадим, тагини еяпман, ёмон эмасга ўхшайди..." дедим. Шунда бирдан аллақаёқдан бир товуш келди: ""Ёқимли иштаҳа! Таги озгина қирмоқ бўлиб қип-қизил пишгани айниқса мазали бўлади", деди бир эркак киши уйғурча оҳангда, баланд товушда. Олдинига товуш қаердан келганини билмай қолдик. Ошхонада аяси билан бирга ёлғиз эдик. У ҳам қўрқиб кетди. Кейин чўнтагимдан тилпонимни олиб қарасам, экранда мана шу ёзув турибди! Дарров болаларимдан сўрадим. Қизим айтишича, бу тилпонимнинг "Gemini" исмли сунъий ақли эмиш. У бизнинг товушимизни эшитиб, жавоб қилибди!!! Ё Оллоҳ! Сунъий ақл дегани жин билан бир хил экан-ку! Уйимгача кириб келдими энди?! Унақада шахсий ҳаёт деган тушунча ҳам моҳиятини йўқотибди-да. Энди тилпон олдида бирон гап айтиб ё бирон иш қилиб бўлмайдими?! Хавфли-ку!
Открыть в Telegram