https://t.me/Hujumiy76/60
#ШЕЪРИЯТ
(Рус шеърияти дурдоналаридан)
Гўдакликдан маълум ҳар одам,
Бола бошдан деган гап тўғри.
Мабодо мен шоир бўлмасам,
Бўлар эдим безори, ўғри.
Жиккаккина шум бола эдим,
Тенгдошларим ичра "қаҳрамон".
Қайтар эдим кўчадан доим
Бурним пачоқ, усти бошим қон.
Қўрқиб кетган онам қошида
Дердим тутиб ўзимни маҳкам:
"Ҳечқиси йўқ. Қоқилдим тошга.
Эртагача қолмас ўрни ҳам".
Йиллар ўтди, кетди болалик,
Ниҳоя йўқ армонларимга.
Ёшликдаги шўхлик, оловлик
Кўчди шеъру достонларимга.
Болалигим кетди борини
Сатрларда қолдириб бутун.
Шеърларимда шум, безорининг
Хислатлари акс этар бу кун.
Мағрурлигим ҳамон қолмаган,
Ҳамон баланд ўтли кўкрагим.
Болаликда бурним қонаган,
Энди эса қондир юрагим.
Мендан кулган тўда қошида
Дейман тутиб ўзимни маҳкам:
"Ҳечқиси йўқ! Қоқилдим тошга,
Эртагача қолмас ўрни ҳам".
Мени сўкманг! Бўлар иш бўлди,
Сўз сотувчи савдогармасман.
Олтин бошим қуйи эгилди,
Бу дунёдан совидим, бас, ман.
Шаҳарда ҳам қолмоғим маҳол,
На қишлоққа майл сезарман,
Бир йўл қолди; ўстириб соқол
Россияни дайдиб кезарман.
Хайр, дейман достон, шеърларга,
Йўлга тўрва олурман, холос.
Кўчадаги бир дарбадарга
Шамоллар ҳам қўшиқ айтар соз.
Пиёз, туруп ҳидин таратиб,
Билганимни қилиб юрарман.
Бурним оқса енгимга артиб,
Пешонамда борин кўрарман.
Қор қуюнин тингларман беҳис,
Бахт керакмас бундан зиёда.
Бундай ажиб турфа ишларсиз,
Яшамасман ёруғ дунёда.
© Сергей Есенин
Эркин Воҳидов таржимаси