Биз улуғ жадидчи бобомиз Абдулла Қодирийни қамоқда туширилган сурат орқали таниймиз. Аммо, бугун Абдулла Қодирийнинг ноёб суратини Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивидан топиб олдик. Суратда бобомиз 29 ёшда! Шу қадар гўзал инсон бўлган эканлар раҳматли, бу сурат 1923- йилда туширилган. Сурат асл нусхада илк маротаба эълон қилинмоқда. Ушбу постни улашганингизда, менинг номимни ўчирманг. Сабаби, мен бу суратни картотекаларнинг чангини ютиб топдим. Меҳнатимизни қадрланг. Аллоҳ Абдулла Қодирий бобомизнинг руҳларини шод айласин! © Дилдора Ҳасан, журналчи ва манбачи. ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в TelegramПосты канала Dilfuza Komil
Переслано из Dilfuza Komil
#тарихдан_ибрат Рус адиби Виктор Витковичнинг «Узун мактублар» номли китобининг бир ерида ўзбек кинорежиссёри Наби Ғаниев томонидан ҳикоя қилинган, бундан анча йиллар олдин Фарғона томонларда содир бўлган бир воқеа баён қилинади. Наби Ғаниев бу воқеага навқирон йигитлик пайти гувоҳ бўлган экан. Кинорежиссёрнинг ҳикоя қилишича, у водийдаги чойхоналардан бирида чой ичиб ўтирганида, ёш бир ўзбек йигити келиб, чойхоначи чолга: «Бир чойнак аччиққина чой беринг», - дейди. Чол атрофга аланглаб, дастёр болалардан бирига имо қилади. Бола дарров чойнакка бир чимдим чой ташлаб, самовардан қайноқ сув қуяди. Пиёла олиб, чойнак билан йигитнинг олдига келтириб қўяди. Йигит чойни пиёла билан бир неча марта қайтаради. Чой тингунича, чойхўрларга разм солиб ўтиради. Кейин чойнакдаги чойни иштиёқ билан пиёлага қуйиб, бир ҳўплам ичади-да... авзойи ўзгариб, пиёлани секин дастурхонга қўяди. Кимнидир қидиргандек атрофга аланглайди. Сўнг киссасидан бир ҳовуч кумуш (нуқра) танга олиб, пиёла ичига ташлайди-да, индамасдан чиқиб кетади. Ана энди буёғига нима бўлганини эшитинг. Чойхоначи чол баданига бигиз суқилгандек сакраб ўрнидан туради. Йигитга чой дамлаб берган дастёр болани тутиб олиб, қарғаниб ура бошлайди. Бола додлаганча чолнинг қўлидан чиқиб қочади. Чойхоначи пешонасига шапатилаб, боланинг ортидан қувиб кетади... Бунга гувоҳ бўлган чойхўрлар бирин-кетин ўринларидан туриб, чойхонадан индамасдан чиқиб кета бошлайдилар. Наби Ғаниев аҳволга кўп ҳам тушунмай, уларнинг орқасидан чиқиб, бир чойхўрдан нима гаплигини сўрайди. У одам режиссёрга ҳайрон бўлиб қарайди-да: - Бу ерларга меҳмонмисиз? – дейди. - Тошкентликман, - дейди Наби Ғаниев. - Тошкентликлар урф-одатларимизни унутишибди-да... – дейди у одам афсус билан. - Тулкининг уяси учун эмас, териси учун пул тўлайдилар, меҳмон. Шундай одат бор: агар чойхоначи бемаза, татимсиз чой дамлаб берса, чойхўр унинг чойини ичмай, пиёласига бир ҳовуч кумуш танга ташлаб кетади. «Сенга пул керакми, мана ол, аммо халқни алдама!» - дегани бўлади бу. Чойхоначи эса мижозни алдагани, ҳурмат қилмагани, ўз вазифасини яхши адо этмагани учун умр бўйи бош кўтариб юролмайди, номусга қолади. Бунақа чойхоначи чойхонани ташлаб, бошқа касб-кор қилишга мажбур. Чунки, бундай воқеадан кейин унинг чойхонасига бирорта ҳам чойхўр қадам босмайди!.. - Ҳа, ўзбеклар учун номус ўлимдан кучли эди! – дея якунлайди ҳикоясини Наби Ғаниев. - Мен ҳаётимда қанча-қанча ўз ишига совуққон, таъмагир, порахўр, худбин, ёлғончи амалдорларга, ёмон ошпазларга, истеъдодсиз ёзувчиларга, маддоҳ шоирларга дуч келдим. Ўша вақтларда уларнинг олдига ҳам бир ҳовуч танга ташлаб кетгим келарди. Қанийди уларни ҳам: «Сенга пул керакми, ма ол! Аммо бу ишдан кет! Ортиқ халқни алдама!» - деб уялтириб бўлсайди! Қанийди халқ ҳам уларнинг юзига қарамаса, саломига алик ҳам олмаса, қанийди бундай нобакорларнинг ҳам «ҳунари» касод бўлса!.. 📱 t.me/dilfuza_komil
Открыть в TelegramYo’l chetidagi odam Bir shahar, bir gazeta, bir juftlik. Abdujabbor Isomiddin rafiqasi, shoira Dilfuza Komil bilan birga mustaqil gazeta chiqardi. Avval "Ma'rifat gulshani", keyin "Ma'rifat saodati". Mustaqil gazeta chiqarish, buni ichkaridan biladiganlar tushunadi, oson ish emas. Ular sinovlardan qo'lni qo'lga berib, hech nolimasdan o’tishdi. O'sha gazeta ko'plab yosh ijodkorlar uchun ilk minbar bo'ldi. Bugun nomi ma'lum bo'lgan ba'zi qalamlar birinchi she'rini, birinchi hikoyasini, birinchi maqolasini o'sha sahifalarda ko'rgan. Abdujabbor aka o'zini oldinga otmasdi, ko'p gapirmasdi. Boshqalarga yo'l ochar, o'zi esa yo'l chetida kuzatib qolardi. Alloh rahmat qilsin. Qilgan xizmatlarini, aytgan haq so'zlarini, tarqatgan ma'rifatini O'z dargohida qabul qilsin, joylari jannatda bo'lsin. Dilfuza Komil opaga, farzandlariga, yaqinlariga va Namangan jurnalistikasiga sabr va bardosh tilayman. ✍ Abdukarim Mirzayev 😀 Dilfuza Komil
Открыть в TelegramАбдужаббор Исомиддин ака билан бир-биримизни яқиндан танишга бор-йўғи бир неча ой имкон бўлди. Инсонни таниш учун йиллар шарт эмас, бир неча суҳбатнинг ўзи кифоя қилар экан. У киши Ўзбекистонда узоқ йиллар фаолият юритган таниқли ношир ва журналист, “Маърифат гулшани”, кейинчалик “Маърифат саодати” номи билан машҳур бўлган мустақил газетанинг муассиси ва бош муҳаррири сифатида танилганлар. Ҳақ йўлида ҳақ гапни айтишдан чўчимаган, жасур ва шижоатли инсон бўлганлар. Мен эса у кишини, аввало, меҳрибон ота, ғамхўр оила бошлиғи ва одамни тафаккур қилишга ундайдиган суҳбатдош сифатида танидим. Беморлик ҳолатларида ҳам китоб ҳақида гапирардилар. “Кўп китоб ўқиган одамнинг ҳаёти ҳам китобдек бўлади", дегандилар. У кишининг ўз ҳаётлари ҳам худди яхши бир асардек ўтди: курашлари, ҳақ сўзи, меҳри, оиласига ғамхўрлиги ва одамлар қалбида қолдирган изи билан. Вафотларидан кейин ким билан гаплашмайлик, ҳар ким у киши ҳақида бир илиқ ҳикоя сўзлаб беряпти. У кишининг яна бир ўгити эсимда қолди, “Шундай яшангки, сиз бор жойда ҳам, йўқ жойда ҳам одамлар сиз ҳақингизда ёмон гапиришга ботинолмасин”, дер эдилар. Ниҳоят, менга йўл кўрсата оладиган бир устоз топдим деб қувонган эдим. Афсуски, бу қувонч узоққа чўзилмади. У киши билан танишув қисқа бўлди, аммо хотиралари абадий қолди. Аллоҳ таоло у кишининг қилган яхшиликларини, айтган ҳақ сўзларини, тарқатган маърифатини Ўз даргоҳида қабул қилсин, гуноҳларини мағфират қилсин, жойлари Жаннатда бўлсин. ✍ Ҳамид Исомов 😀 Dilfuza Komil
Открыть в TelegramАбдужаббор Исомиддин ва Дилфуза Комилнинг ўзаро меҳри, ҳурмати, садоқати, бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари мени ҳар доим ҳаваслантирган. Ҳар қандай шароитда ҳам ҳақни гапирадиган, адолат учун курашадиган, жасур ва шижоатли бу жуфтликни яқиндан танийдиган одам борки, улар ҳақида фақат ва фақат чиройли фикрлар айтади. Мен уларнинг бошига тушган ҳар турли синовлардан қўлни қўлга бериб, бирдам ва бардам бўлиб, нолимасдан, бировга дардини билдирмасдан, пировардида ёруғ юз билан ўтганларига кўп шоҳид бўлдим. Абдужаббор ака ҳам, дугонам Дилфузахон ҳам илм-маърифат йўлида, инсонларнинг маънавий камолоти йўлида шу қадар кўп хизматлар қилишдики, буларнинг ўрнида бошқа одам бўлганида, аллақачон ўзини интернет юлдузига айлантирволган бўларди. Лекин бу жуфтлик илм-маърифатда, жасоратлиликда бир-биридан қолишмагани сингари, камтарликда ҳам бир-биридан ўтади. ...Абдужаббор аканинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитганимдан бери, ичим ёняпти: - Энг асл фарзандларингдан биридан айрилиб қолдинг, халқим,- деб йиғлагим келяпти. Абдужаббор Исомиддин номи жуда унчалик машҳур эмасдир, аммо у кишининг халққа қилган хизматлари унча-бунча машҳурларникидан кўпроқ эди. Аллоҳим Абдужаббор акани Фирдавс боғларида севинтирсин, илм-маърифат йўлида қилган хизматларининг, муҳтожларга қилган давомли ёрдамларининг ажру-мукофотини берсин. Дугонам Дилфузахонга эса хайрли ишларида бардавомлик тилайман. ✍ Назира Усмонова, ўқитувчи. 😀 Dilfuza Komil
Открыть в TelegramПереслано из Mitti Ko'prik
Абдужаббор Исомиддин: “Маддоҳ бизнес” курсларида чекланмаган миқдорда маддоҳлар тайёрлаймиз ва қарабсизки, танқид – тарихда қолади. Танқидчиларнинг гапига ҳеч ким эътибор бермайдиган бўлади. Кўчада, уйда, ишхонада, бозорда, мозорда… ҳамма бир-бирини мақтайди. Тасаввур қиляпсизми, ҳаёт бирданига гўзаллашади! Адолатсизлик, ҳақсизлик, ёлғончилик, сурбетлик, тилёғламалик, иккиюзламачилик, хиёнат ва ҳоказолар мақтов жунбушида, мақтов фонида кўринмай кетади. Сиз бу мақтовлар жозибасига, сеҳрига мафтун бўлиб, оҳанрабосига берилиб, ўзингизга қилинаётган жамики ҳақсизлик ва ёмонликларни сезмай борасиз. Нафақат сезмайсиз, ҳатто уларни ёқтира бошлайсиз, севасиз, мафтун бўла борасиз… https://azamabidov.uz/?p=5232
Открыть в TelegramПереслано из Mitti Ko'prik
Баъзи инсонлар ҳар доим кўзга ташланмайди, кўп гапирмайди, ўзини олдинга сурмайди. Аммо уларнинг меҳнати, бошқалар учун очган йўллари йиллар ўтганидан кейин ҳам сезилиб туради. Наманганлик журналист Абдужаббор Исомиддин шундай инсонлардан эди. Турмуш ўртоғи, курсдошим, шоира дўстим Дилфуза Комил билан бирга «Маърифат гулшани» газетасини чиқаргани ёдимда. Бу нашр кўплаб ижодкорларга ўз сўзини айтиш, адабиёт ва журналистикага илк қадамларини қўйиш учун имконият берган. Биз ака билан АҚШга медиа-сафарда ҳам бирга бўлганмиз. Гарчи тез-тез кўришиб туролмаган бўлсак-да, янги ғояларим ва ташаббусларимни доимо илиқ қўллаб-қувватлашини ҳис қилардим. Бугун унинг вафоти ҳақидаги хабардан кўп хомуш бўлдим. Унинг жасоратли сўзи ва изи газеталарда, ҳикояларида, ёш ижодкорларга берган имкониятларида ва уни таниб-билган инсонларнинг хотираларида яшайверади. Оиласи, яқинлари, дўстлари ва ҳамкасбларига чуқур таъзия билдираман. Яратган ўз раҳматига олсин, жаннатидан жой ато этсин.
Открыть в Telegram#ҳикмат «Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Агар вужуднинг бир аъзосига жароҳат етса, бошқа аъзоларига ҳам ҳаловат йўқ. Бас шундай экан, бошқаларнинг зарар кўраётганига бепарво кимсаларни одам деб ҳисобламаган маъқул». 🖋 Шайх Саъдий ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в TelegramБошланиши юқоридаги 👆постда Хуллас, оммавий майдонга чиқиб, юзлаб аёлларга психологик тушунчаларни нотўғри сингдираётгани - бу ўша психологларнинг шахсий айби эмас, балки бу уларнинг ўтакетган масъулиятсизлиги, оммага нисбатан ҳурматсизлиги ҳисобланади. Шахсан мен бундай ҳурматсизликка, масъулиятсизликка, оммани очиқ-ошкора алдашларига шерик бўлмоқчи эмасман – мен бундай ишлардан ҳазар қиламан. Мен учун – инсонлар онгини бузадиган, жамиятдаги тарбияни ва маънавиятни емирадиган ҳолатларга қарши қалам ва тил билан курашиш – бу шунчаки танқид эмас, балки “наҳй анил-мункар” (ёмонликдан қайтариш) ибодатининг айнан ўзидир. Мен йиллар бўйи бундай сохтакорларнинг, фирибгарларнинг; илм номи билан, дин номи билан одамларни алдайдиганларнинг аёвсиз танқидчиси бўлиб келдим ва бундан кейин ҳам, Аллоҳ изн берган муддатча, бу ишимдан чекинмайман. Баъзиларда соғлом танқидга муносабат маданиятининг шаклланмаганига эса, мен айбдор эмасман 😊 ✍️ Дилфуза Комил ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в Telegram#гап_эгасини_топади БИРОВНИНГ АЙБИНИ ЯШИРИШ ВА ИЛМИЙ ТАНҚИДНИНГ ФАРҚИ Исломда инсоннинг шахсий айби, шахсий гуноҳлари, шахсий камчиликлари, шахсий нуқсонлари яширилади. Ва бу гўзал бир ишдир. Аммо тўғридан тўғри минглаб кишилик аудиторияга, жамоатчиликка семинарлар, вебинарлар ўтаётган; уларга таълим бераётган; диний/илмий платформаларда чиқишлар қилаётган ва бу чиқишларида оммага янглиш, нотўғри маълумотларни тарқатаётган шахсларнинг хатосини аниқ далиллар билан кўрсатиб бериш – Ислом нуқтаи назаридан ғийбат ҳам саналмайди; бировнинг айбини ошкор қилиш деб ҳам ҳисобланмайди. Аксинча, агар бир олим ёки илм эгаси асл ҳақиқатларни била туриб, омманинг чалғитилаётганига, сохта ва нотўғри ғояларнинг атайлаб ёки саводсизларча сингдирилаётганига жим қараб турса – у оммавий саводсизлик ва хатоларнинг тарқалишига сукут орқали ёрдам берган ҳисобланади. Унинг бу позицияси – тақво ёки одоб эмас, балки илмий масъулиятсизликдир, халқни чалғитишга шерик бўлишдир. Абу Саъид ал-Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадис бор: "Сизлардан ким бир ёмонликни (ҳақиқатга зид ишни) кўрса, уни қўли (кучи) билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили билан (гапириб) ўзгартирсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, дили (қалби) билан норози бўлсин, бу иймоннинг энг заиф даражасидир". Бу ҳадиси шарифни Имом Муслим («Саҳиҳ», Иймон боби-49), Абу Довуд (1140), Термизий (2172), Насоий (5008) ва Ибн Можа (4013) ривоят қилишган. Демак, Исломда жамоатчиликка тарқатилаётган хато ва зарарли ғояларга нисбатан лоқайд бўлиш, “менга нима” деб сукут сақлаш ёки “бу кишининг айбини яширишим керак” дейиш – боя айтганимдек, тақво ёки одоб эмас, балки иймон ва масъулиятнинг энг заиф даражаси (ожизлик) сифатида баҳоланади. Айниқса, илм эгасининг бундай суст позицияси – жамият учун фожиадир. Имом Ибн ал-Қаййим олимларнинг сукути жамият учун қандай офат эканини баён қила туриб айтадики: "Олимлар ер юзи учун худди ёмғир кабидир. Агар олимлар илмни яширсалар ёки манфаат эвазига ҳақиқатни ўзгартирсалар, жамият худди ёмғирсиз қолган қуруқ ер каби қуриб, нобуд бўлади". Имом Ибн ал-Қаййим ҳақиқатни кўра-била туриб сукут сақлаган олимларни «соқов шайтонлар» деб атайди. Янглиш нарсаларни гапирадиган олимларни эса «нотиқ (гапирувчи) шайтонлар» дейди. Абу Али ад-Дақоқ ан-Нишобурийнинг ҳам шунга ўхшаш ҳикматли сўзлари бор: “Ҳақиқатни айтувчи – Аллоҳнинг дўстидир. Ҳақиқатни билиб туриб сукут сақловчи эса – соқов шайтондир”. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий эса “Иҳёу улумиддин” асарида, олимларнинг бузилиши – молу дунё ва мансаб-обрўсидан ажралиб қолишдан ёки одамларнинг танқидидан қўрқиб ҳақиқатларни айтмаслик оқибати эканини баён қилган. Яъни, илм эгаларининг маънан бузилишига – уларнинг қалбини мол-дунёга бўлган муҳаббат, обрў-эътибор орттириш истаги ва одамларнинг танқидидан қўрқув эгаллаб олиши сабаб бўлади. Натижада улар ҳақиқатни гапириш ўрнига, сукут сақлашни афзал кўрадилар. Имом Нававий ўзининг “Риёзус-солиҳин” ва “Ал-Азкор” асарларида ғийбат ҳисобланмайдиган ва шариатда жоиз/вожиб бўлган 6 та ҳолатни келтиради. 4- ҳолат – айнан “Инсонларни зарардан огоҳлантириш ва насиҳат қилиш”дир. Имом Нававийга кўра, агар бирор шахс омма олдида нотўғри маълумот ёки билим тарқатаётган бўлса, унинг хатосини ошкор қилиб, одамларни огоҳлантириш – ғийбат эмас, балки жамиятни ҳимоя қилиш учун вожиб бўлган амалдир. Бу мавзуда ҳали яна анча мисоллар келтиришим мумкин, лекин шунинг ўзи ҳам етарли бўлди шекилли... Давоми навбатдаги постда 👇 ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в Telegram#сатирик_таҳлил Мухтасар Назарова хоним афанди, буниси яна бир “шедевр” бўлибди-ку! “Характер” ва “шахс типи” атамаларини шундай қориштиряпсизки, нима гаплигини англаб олгунча, миям қизиб кетди. “Шахс типи”ни аввалига "характерли жамланган нарса" дедингиз; кейин “инсон уни ўзгартиролмайди” дедингиз; ортидан “характер типи ўзгармас” дедингиз... “Ўнг туш бўлмас, туш ўнг бўлмас”дан бўп кетди-ку буёғи! Эҳ Назарова, Назарова! Характер бошқа, шахс типи бошқа-ку. Шахс типи туғма бўлади; характер эса ҳаёт давомида шаклланади-ку. Шахс типи деярли ўзгармайди, характер ўзгаради-ку. Иккита инсоннинг шахс типи бир хил, характери эса бутунлай бошқача бўлиши мумкин. Булар бир хил нарсалар эмас-ку, Назарова хоним! “Характер типи” деган гибрид ибора тилингизга қаёқдан келган? Психология фанида шунақа янгилик бўлди-ю, бизлар бехабар қолдикми ё? Психологиянинг энг элементар тушунчаси бўлмиш темперамент билан характер фарқини Психология факультетининг 1-курс талабаси ҳам билади-я! Ай-яй-яй! .. Бола асаб тизимининг она қорнида қандай шаклланиши борасида ҳам эскирган гапларни гапирдингиз, бу гапларингизни бугунги Пренатал педагогика асло қабул қилмайди – буни она қорнидаги тарбия борасида неча йиллардан бери илмий изланишлар олиб бораётган мутахассис сифатида айтяпман. Балки бир тўхтаб, ўзингизга кеволарсиз-а? Нима дедингиз?.. Ҳа айтганча, @peshqadam_maktabi масъуллари, тўғри гапни гапирганларни тўқмоқ кўтариб қувгандан кўра, минглаб аёлларга берадиган маълумотларингизни экспертлар элагидан ўтказиб олсаларингиз бўлмайдими? Ёки минг-минглаб қиз-аёлларга бу тахлит янглиш маълумотларни узатишнинг жавобгарлиги йўқ деб ўйлайсизларми? Бу кетишда нотўғри маълумотлар тарқатишда пешқадам бўлиб кетмайсизларми ишқилиб? ✍️ Дилфуза Комил ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в TelegramБошланиши юқоридаги постда 👆 Демак, психолог Мухтасар Назаровага кўра, боланинг бошқа тенгдошига отаси олиб берган нарсалар ҳақида гапириб, ўзига ҳам шундай эътибор ва совға исташини билдириши – бу “пассив манипуляция”дир. Лекин бу ғирт асоссиз гап, ўртоқлар. Бу – бола шахсиятига туҳматдир! Бу – оналарга янглиш тушунчани сингдириш орқали уларга нотўғри йўл кўрсатишдир! Мазкур фикрларимни изоҳлаб, далиллаб бераман, марҳамат! Аввал бир саволга жавоб топайлик: мактаб ёшидаги бола ота-онасини (пассивми, бошқами) манипуляция қила оладими? Йўқ. Мактаб ёшидаги бола ота-онасини манипуляция қил-май-ди! Биринчидан, манипуляция – инсонларнинг фикрлари, ҳиссиётлари ва хулқ-атворига уларнинг розилигисиз, яширин равишда ўз манфаатлари йўлида таъсир ўтказишдир. Пассив манипуляция эса – бу, очиқчасига талаб қилиш ўрнига, бошқаришнинг яширин усулларидан фойдаланишдир. Яъни, бу ҳам мураккаб психологик механизм. Уни болага ёпиштиришга уринишнинг ўзи кулгили. Нейро илмлар аллақачон исботлаганки, активми, пассивми манипуляция қилиш учун – инсон миясининг пешона қисми (префронтал кортекс) тўлиқ шаклланган бўлиши ва бу инсонда бошқаларнинг фикрини ва заифлигини онгли англаш кўникмаси шаклланган бўлиши шарт. Мактаб ва ўсмирлик ёшидаги боланинг мияси ва эмоционал интеллекти эса бу даражада бўлмайди – ҳали ривожланиш босқичида бўлади. Бола “Менинг ўртоғимга iPhone олиб беришибди, велосипед олиб беришибди... фалон нарса олиб беришибди, писмадон нарса олиб беришибди” дейиш билан ота-онасига ўз манфаатлари йўлида яширин таъсир ўтказмаяпти. У ўзининг болаларча истак ва ҳавасларини ота-онасига тўғридан-тўғри айта олмагани сабабли, ўша ҳавасларини ифодалашнинг соддагина йўлидан фойдаланяпти. Шу холос! Хўш, болалар нима учун ўз истак ва ҳавасларини ота-оналарига гапни айлантирмасдан, ишоралар қилмасдан, очиқ-ойдин, тўғридан-тўғри айта олмайдилар? Биринчидан, боя айтганимдек, инсоннинг ўз ички туйғулари, эҳтиёжлари ва истакларини аниқ англаб, уларни вазминлик билан тўғридан-тўғри, очиқ мулоқот орқали ифодалаши учун – миясининг пешона қисми тўлиқ шаклланган бўлиши шарт. Нейробиологияда исботлаганки, инсон миясининг бу қисми то 25-26 ёшгача шаклланишда давом этади. Ҳатто баъзиларда бу жараён 28-30 ёшда тугалланади. Айни шу сабабдан ҳам, болаларда ҳис-туйғуларни, орзу-ҳавасларни, истак-хоҳишларни сўзга айлантириш механизми тўлиқ шаклланмаган бўлади. Шунинг учун ҳам, улар ўз истак ва эҳтиёжларини ифодалашнинг энг содда, болаларча йўлидан фойдаланишади. Бу ерда ҳеч қандай манипуляция ҳақида гап бўлиши мумкин эмас! Иккинчидан, болалар ўз истак-хоҳишларига ота-оналарининг кўрсатадиган муносабатларидан, реакцияларидан ҳайиққанлари учун ҳам, гапни узоқдан айлантириб, болаларча ишоралар билан гапирадилар. Агар бола ўз орзу ва истагини ота-онасига очиқ айта олмай, гапни айлантираётган бўлса, айб болада эмас. Айб – боласига кўп ҳолларда жаҳл ва ўшқиришлар билан, силтаб ташлаш ва айблашлар билан жавоб қайтарадиган, унга ҳеч бир нарсани сокинлик ва вазминлик билан тушунтирмайдиган ота-оналарда. Бундай оилаларда болалар “гапни айлантириб айтсам, дадам (ёки ойим) жаҳл қилмайди”, деган содда тахминга таянади. Ёки, масаланинг яна бошқа жиҳати ҳам бор: агар оилада ота-онанинг ўзи бир-бири билан очиқ ва самимий гаплашмасдан, бир-бирига орқаворотдан аразлаб, гап қистириб, ишоралар орқали мулоқот қилса, бола айнан шу мулоқот моделини ягона ва тўғри усул деб қабул қилади. Психологнинг иши - ота-онани болага қарши кайраб, “Боланг сени манипуляция қиляпти” дейиш эмас, оилада соғлом мулоқот ва соғлом муносабатни тиклашга ёрдам беришдир! Назарова хонимнинг аёллар онгига буни манипуляция сифатида сингдиришдан мақсади нима? Аёлларда ўз боласига нисбатан шубҳа ва ишончсизликни шакллантиришми?.. Агар она фарзандига суянч, ҳимоя ва сирдош бўлиш ўрнига, унга бир муғомбирга қарагандек, синчков назоратчи кўзи билан қарашни бошласа, бола онасининг бу муносабатини дарров ҳис қилади. Натижада, у ўзини ёлғиз ва ҳимоясиз деб ҳисоблайди, ота-онасидан аста-секин руҳан узоқлашади – бу энди, оилада муаммолар занжири бошланди дегани. Психологнинг шартта қўйган янглиш “ташхиси” сабабли ўз фарзандидан “манипулятор” ясаб олган серхавотир, сершубҳа она – психологларнинг пуллик курслари, семинарлари ва марафонлари учун энг қулай ва доимий мижозга айланмайдими? Асл манипуляция шу эмасми?! ✍️ Дилфуза Комил ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в Telegram#танқид_ва_таҳлил Сал аввалроқ психолог Мухтасар Назарованинг бир подкастда болалар психологияси ҳақида мутлақо янглиш маълумотлар тарқатганини танқид қилиб, фикрларимни далиллар билан бирма-бир изоҳлаб берганимни биласизлар. Курсларимизда таҳсил оладиган аёллар ва шу канал аъзоларидан кечадан буён айрим хабарлар кела бошлади. Айтишларича, “Пешқадамлар карвони”нинг @peshqadam_maktabi телеграм каналида Мухтасар Назарованинг “Ҳаммаси фарзандимиз ҳақида” номли семинари эълон қилинган. Шундан кейин, “Пешқадам мактаби” телеграм каналининг изоҳлар қисмига бизнинг танқидий мақоламиз линкини юборган ва бу психологнинг берадиган маълумотларига ҳушёрроқ қараш лозимлигини ёзган аёлларнинг изоҳлари канал админлари томонидан дарҳол ўчирилган ва ўзлари блокланган. Ва афсуски, бугун ёзилган ҳақли фикрлар ҳам тезлик билан ўчирилиб, кўплаб изоҳ эгалари блокланяпти, бунга ўзим гувоҳман. Қизиқ, бу каналда берилаётган ҳар қандай маълумотга кузатувчилар фақатгина тасанно-салламно айтиши керакми?! Бу каналда узатилаётган ҳар бир маълумотни ҳамма бирдек сўзсиз маъқуллаши, тасдиқлаши керакми?! Танқидларга ва ҳақли фикрларга, ҳақли эътирозларга қарши далили йўқларгина шундай йўл тутар эди одатда. Каналда очиқ тарқатилаётган семинарга оид видео-парчалардаги фикрлар юзасидан ҳақли саволлар бераётган, ҳақли равишда очиқ фикр билдираётган аёлларнинг изоҳларини, саволларини ўчириб ташлашдан, ўзларини блоклашдан мақсад нима? Бу аёллар бу каналдаги нимага дахл қилиб қўйишдики, уларни каналдан қувиб чиқаришади? Ёки Мухтасар Назарова билан моддий манфаатли шартномалари бор эди-ю, бу аёлларнинг ҳақли фикрлари шу манфаатга путур етказади деб чўчишдими? Мабодо шундай бўлса, унда канал тепасига: "Бу тижорий канал. Тижоратимизга зарар берадиган очиқ фикрлар қабул қилинмайди" деб ёзиб қўйишсин, тамом. ➡️ Аёлларга нисбатан бундай хунук ва адолатсиз муносабатлари юзасидан @peshqadam_maktabi телеграм канали масъулларидан изоҳ кутиб қоламиз. Асло бу ишларидан тонишга уринмасинлар, чунки қўлимизда далилларимиз етарли. Кузатувчиларнинг фикрларини @peshqadam_maktabi масъуллари ўз каналларида хоҳлаганча блок қилишлари мумкин, лекин жамиятнинг соғлом фикрлайдиган қисмида пайдо бўладиган саволлар ва мантиқий танқидни “блок” қила олмайдилар! Бу каналда Мухтасар Назарованинг бугунги семинаридан берилаётган видео-парчаларга кўзим тушди. Мана шуларнинг биттаси 👆 Видео-парча охирроғида иштирокчи аёл бир ҳолатни баён қиляпти: - ...Мактабда ўртоғимнинг дадаси унга iPhone 14 олиб берибди, велосипед олиб берибди, дейверади. “Менга ҳам олиб бер” демайди, лекин шу гапни айтаверади... Демак, мактаб ёшидаги бола ҳақида гап кетяпти. Англашилича, бола мактабдош ўртоғига отаси олиб бераётган нарсалар ҳақида уйидагиларга кўп гапиради. Энди психолог Мухтасар Назарованинг шартта қўйган “ташхис”ига, ўйлаб ҳам ўтирмай чиқарган хулосасига эътибор қилинг: - Бу пассив манипуляция!.. Бу хулосадан кейин, залдаги аёллар дунёдаги мутлақ ҳақиқатни эшитгандек, “Ҳааа...” дейишяпти. Дарров ишонишди бу гапга, чунки буни таниқли психолог айтяпти. Айтганда ҳам, “Пешқадамлар карвони” минбарида туриб айтяпти. Ишонмай бўларканми!.. Давоми навбатдаги постда 👇 ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в TelegramБошланиши юқоридаги 👆постда ...Лекин ҳашаматли меҳмонхоналарнинг катта залларида, психологга ҳавас билан қараб ўтирган юзлаб мижозлар қаршисида асосли-асоссиз, бўлар-бўлмас гаплар айтилса ҳам, у гаплар “илмий инсайт”га айланади. Бу когнитив хатоликни нейропсихологияда “Ореол эффекти” дейилади. Бундай когнитив хатоликда одам қандай фикрлайди? - Бу зал жуда қиммат, бу аёл жуда ҳашаматли кийинган, демак, у жуда муваффақиятли ва ақлли. Бундай муваффақиятли инсон эса нотўғри гап гапириши мумкин эмас. Хуллас, у нима деса тўғри! – ана шундай фикрлайди. Бундан ташқари, бундай саҳналаштирилган кўринишлар ҳар қандай одамнинг миясига: “Бу ерда жуда қиммат жой, рўпарангда эса нуфузли шахс турибди, сен оддий бир тингловчисан, ундан ўрган» деган сигнални юборади. Натижада, инсон ўзи сезмаган ҳолда танқидий савол бериш ва таҳлил қилиш қобилиятини қўллай олмай қолади. Бундан ҳам ташқари, бундай вақтларда “Сурув эффекти” ишга тушади. Яъни, катта залда юзлаб, баъзан минглаб одамлар ўтиради. Ҳамма ҳашаматдан ҳайратда. Сиз секингина атрофга қарайсиз: ҳамма диққат билан эшитяпти, кимдир йиғлаяпти, кимдир бошини қимирлатиб маъқуллаяпти. Бунақа ҳолатда миянгиз дарҳол осонгина йўлни танлайди: “Шунча одам диққат-эътибор ва ҳаяжон билан эшитяптими, демак, бу хоним чиндан ҳам ҳақиқий мутахассис. Агар биз унинг гапларини унчалик тушунмаётган бўлсак, демак, айб ўзимизда, ўқиб-ўрганмаганмиз, билимимиз етарли эмас...” Тамом, шундан кейин миянинг мантиқий фикрлашга жавоб берадиган қисми пассивлик режимига ўтади. Психолог ва коучлар ундай қимматбаҳо залларга тўланадиган ижара пулларини барибир залдаги одамларнинг чўнтагидан тўлашади. Залдагилар эса, ўз пулларига сотиб олганлари – бўлар-бўлмас маълумотларнинг илмий ҳақиқат эканига ўзларини ўзлари ишонтиришади, бошқа иложлари ҳам йўқ – “пули куйган қалампирни ҳам чайнаб ейди”. Психологга SММ (Social media marketing) нега керак? Мижоз тўплаш учун. Ҳақиқий илм учун мижоз эмас, ўқувчи керак, талаба керак, шогирд керак. Ҳақиқий психотерапияда олқишлар, саҳна чироқлари, ҳайратланиб, ҳавасланиб, анграйиб ўтирган томошабинлар, қарсаклар бўлмайди. Ва бундай “зерикарли” илмни минглаб кишиларга пуллаб ҳам бўлмайди. Шу боис, психологияни маҳсулотга айлантириш ва уни оммавий сотиш учун SММ жамоаси ишга тушади. SММ ҳар қандай психологни оддий инсон эмас, балки “ҳамма нарсани билувчи, мутлақ бахтли ва мукаммал мутахассис” образида тақдим этади. Боя айтганимдек, унинг профилларида фақат тўкин ва гўзал ҳаёт, унча-бунча аёлнинг ҳавасини келтирворадиган чиройли оилавий фотосессиялар жойлаштирилади. Кўп қиз-аёллар: - Агар мен ҳам шу мутахассиснинг курсини сотиб олсам, худди шундай ҳаётга эришаман, - деган хомхаёлга боришади. Яъни, ундай сохта рекламалар ёрдамида орзулар пулланади. Энг қизиғи, айрим SММчилар психологнинг ўз шахсиятини ҳам йўқ қиворишади. Улар учун психологнинг илмий савияси, қобилиятлари, тажрибаси ва малакаси жуда унчалик муҳим эмас. Уларга ролини қойилмақом қилиб ўйнайдиган одам керак. Шу боис, улар психологни махсус қолипга солишади: - ўта ясаниб-тусанган, юзига килолаб бўёқлар чапланган, қимматбаҳо бренд либослар кийган образ; - одамларнинг ҳис-туйғуларига кучли таъсир қилувчи гапларни гапирадиган, керак бўлса йиғлаб, керак бўлса сохта хахолаб, керак бўлса ҳазиллар қилиб одамларнинг эътиборини ушлаб қоладиган образ (илм аҳлига хос жиддийлик қабул қилинмайди); - ва саҳналаштирилган видеолар, яъни “тасодифан” олингандек кўринган, аслида эса профессионал камера ва чироқлар ёрдамида, камида беш-ўнта дублда олинган сохта “самимий” видеолар... эҳ-ҳеее, буларни ёзгунча ҳам одам чарчаб кетади-я! Асл мутахассис саҳнага чиқадими? Асло йўқ. Илмий ва клиник психологлар ҳеч қачон беш юлдузли меҳмонхоналарнинг ҳашаматли саҳналарида узун ипак кўйлаклар кийиб, бўяниб-бежаниб, таъсирли мусиқалар остида одамларни йиғлатиб “шоу” кўрсатишмайди. Улар одамларга сохта мотивациялар беришмайди; улар одамларга марафон сотишмайди; улар ҳеч кимни ўзларига қарам қилиб олишмайди. Сиз ҳашаматли залларда "психо-спектакл қаҳрамонлари"ни олқишлаб ўтирганингизда, шаҳарнинг нариги чеккасидаги оддийгина шифохона хонасида бир клиник психолог қабулига даво истаб келган бир беморнинг қўлидан тутиб, уни ҳаётга қайтариш учун тинчгина курашаётган бўлади. Унинг орқасида “SММчилар армияси” йўқ; у Дубайдаги ёки Истанбулдаги кўз қамаштирадиган фотосессияларни реклама қиладиган даражада бой эмас. Аммо у одамларга сохта орзулар сотмайди, ҳақиқий шифо беради. Энди ўзингиз танланг: сизга чўнтагингизни шиладиган, сирти ялтироқ “психо- эстрада” керакми ёки руҳиятингизга шифо берадиган, сокин илмми?.. ✍️ Дилфуза Комил журналист, филолог, Нейро илмлар оммалаштирувчиси, илмий тадқиқотчи. ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в Telegram#танқид_ва_таҳлил «ПСИХО-СПЕКТАКЛ»ЛАР ОРТИДАГИ МАНИПУЛЯЦИЯ ёхуд ПСИХОЛОГГА SММ НЕГА КЕРАК? Бугун кўплаб психологлар “шарофати билан” бутун бошли ўзбек “психо-шоу” индустрияси шаклланиб бўлганини биласиз. Яъни, кўплаб психологлар худди хонандалар ёки актрисалардек саҳналарни забт этиб бўлишди: беш юлдузли меҳмонхоналарнинг муҳташам залларини эгаллаб, саҳналаштирилган “семинар” учун қиммат чипта сотишлар; маликалардек ясан-тусан қилган психолог хонимнинг саҳнада виқор билан туриб олганча, таъсирли мусиқа фонида аёлларни гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатиб “шоу” кўрсатишлари; бу томоша орасида гўёки кутилмагандек (аслида эса, олдиндан келишилган тарзда) психо-хонимнинг эри, ўғли ёки биронта ака-укасининг саҳнага улкан гулдаста кўтариб чиқишлари; тўқима “ҳаётий воқеалар”ни пафос билан, кўзларда ёш билан ҳикоя қилишлар... эҳ-ҳе, бу томошалар олдида актёрлар ип эшолмай қолишганига анча бўлган. (Энг ачинарлиси, бу "психо-бозор"ни қиздираётганларнинг саҳналарда "психо-спектакллар" ташкиллаштираётганларнинг кўпчилигида давлат муҳри босилган, психолог дипломи бор!) Бундан ташқари, психо-хонимларнинг ижтимоий тармоқлардаги профилларида содда аёлларнинг кўзини қамаштирадиган катта гулдасталар, қимматбаҳо машиналар ва хориждаги беш юлдузли меҳмонхоналар фонида олинган суратлардан иборат “бахт витринаси” ҳам яратиб қўйилган. Асл илмда бундай “шоу”ларга, беўхшов томошаларга ўрин йўқлигини биласиз. Бундай “психо-спектакллар” ҳам табиийки илм тарқатиш учун ташкиллаштирилмайди, чунки асл илм эгалари, асл мутахассислар бу тарз томошалар кўрсатишдан устун одамлардир. Бу тахлит томошалар – содда одамларнинг (асосан, ўта ишонувчан аёлларнинг) тушунчаларини манипуляция қилиш орқали миллионлаб маблағ ишлаб олиш лойиҳаси, холос. Ва бундай “психологик шоулар” эндигина пайдо бўлгани йўқ. Яъни, бугунги ўзбек шоу-психологияси – янги кашфиёт эмас. Унинг илдизлари Ғарб ва Американинг бир нечта тизимларига бориб тақалади. Келинг, мен сизни ўша тизимлар билан қисқача таништираман. 1. Месмеризм тизими. XVII асрда яшаган немис шифокори ва астрологи, «Ҳайвоний магнетизм» назарияси асосчиси Франц Месмер одамларни муҳташам, ярим қоронғи, сирли мусиқа янграб турган залларга йиғар эди. Ўзи саҳнага узун, ипак либосларда, худди сеҳргардек чиқиб келарди ва одамларнинг бошини силаб, уларни омма олдида гапиртирарди. Одамлар ўзларининг дардини тўкиб солишарди, йиғлашарди, Месмердан ёрдам кутишарди. Яъни, Месмер одамларни “ҳиссий портлаш” ҳолатига соларди. Бугунги саҳна безаклари, психологларнинг ясаниб-тусаниб, сеҳрли овоз оҳанглари билан гапириши – ўша Месмер гипнозининг замонавий кўринишига ўхшайди. Бундай давраларда илм эмас, эффектлар ва ҳиссий манипуляциялар биринчи ўринда туради. 2. Америкадаги Теле-евангелизм ва Мега-черковлар тизими. ХХ асрнинг иккинчи ярмида Америкада динни шоуга айлантирган ва улкан стадионларга, катта меҳмонхоналар залларига одамларни йиғиб, гўёки уларнинг дардларига малҳам бўладиган ваъзлар қилувчи (Жоэл Остин, Бенни Хинн сингари) протестант воизлари кўпайган эди. Улар ҳам саҳналарга қимматбаҳо костюмларда чиқиб, одамларнинг дардини янгилайдиган, одамларни ўзига ўзи раҳми келадиган даражага туширадиган таъсирли гапларни гапириб, уларни гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатиб, охирида юз минг долларлаб хайрия йиғиб кетишарди. Бизнинг бугунги кўплаб психолог хонимлар ўша Ғарб мега-черков воизларининг услубини шунчаки “психология” ва “тренинг” бўтқаси шаклида қайта қўллашяпти, холос. * * * Кўп одамларда атроф-муҳитнинг ҳашаматига қараб у ердаги маълумотга баҳо бериш одати бор. Катта залда, қимматбаҳо қандиллар остида, безатилган саҳнада туриб, Париждаги мода ҳафталиги моделидек кийинган психо-мутахассиснинг ҳар қандай фикрини уларнинг мияси донишмандлик маҳсулидек қабул қилади. Агар ўша психолог ёки коуч оддий бир хонада, одмигина кийинган тарзда илмий асосланган гапларни айтганида, бу кишилар унинг гапларига деярли эътибор ҳам бермаган бўлишарди... Давоми навбатдаги постда 👇 ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в Telegram#эслатма «Ҳақиқатни ботилга аралаштирманг ва билиб туриб ҳақиқатни яширманг». Бақара сураси, 42-оят. ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в TelegramБошланиши юқоридаги 👆постда 2. Юқоридаги сохта таълимотни тарғиб қиладиган коучлар ва психологлар: - Орзуингдаги автомобил расмини “Орзулар харитаси”га ёпиштириб қўйсанг, истагинг уни сенга торта бошлайди ва кўчада ҳам фақат ўша машинани кўрасан, - дейишади. Аслида ҳам ўшандай автомобилларни кўчада кўп кўришни бошлайсиз. Лекин сиз анави харитангизга расм ёпиштирганингиз учун содир бўлмайди бу. Инсон миясида RAS (Reticular Activating System) деган соҳа бор. Бу тизим миянинг “дарвозабони” ёки фильтри ҳисобланади. Ҳар сонияда кўзимиз, қулоғимиз ва танамиз орқали мияга миллионлаб ахборотлар (сигналлар) кириб келади. Агар мия ҳаммасини бирдек қайта ишласа, одам телба бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. RAS тизими эса биз учун айни дамда муҳим бўлган маълумотларни ўтказиб, қолган кераксизини блоклайди (орқа фонга ўтказади). Хуллас, сиз харитага муайян бир машина расмини ёпиштирганингизда ёки у ҳақида кўп ўйлаганингизда, миянгизнинг RAS тизимига: “Бу автомобил биз учун муҳим, шуни диққат марказида ушла” деган буйруқни берасиз. Натижада, илгари ҳам кўчада худди шунча миқдорда юрган ўша машиналарни энди миянгиз атайлаб “илғаб”, сизга кўрсата бошлайди. Кўпчиликка айни шу ҳодиса илоҳий бир ишорадек туюлади. Психологияда бу ҳодиса Баадер-Майнхоф феномени (ёки Тўлқинлар иллюзияси) деб аталади. Яъни, сиз нимага диққатингизни қаратсангиз, миянгиз атроф-муҳитдан фақат ўша нарсани қидиришга ва топишга дастурланади. Анави психологлар буни “Жалб қилиш қонунияти” деб ишонтиришади, аслида эса бу миянинг оддий хусусиятларидан бири, холос. Харвард университети битирувчилари, дунёга машҳур когнитив психологлар Кристофер Шабри ва Даниэль Симонс 2010 йилда нашрдан чиққан “Кўринмас горилла: сезгиларимиз бизни қандай алдайди” (The Invisible Gorilla: How Our Intuitions Deceive Us) китобида – коучлар ва психологларнинг бу оддий нейробиологик жараённи “мўъжиза” деб сотишларини фош этишган. 3. Машҳур илм-фан тарихчиси ва танқидчи Майкл Шермер “Орзулар харитаси”ни ва “Жалб қилиш кучи”ни аёвсиз танқид қилган мутахассислардан биридир. Қизиққанлар унинг 2011 йилда нашр этилган “Мия қандай ишонади” (The Believing Brain: From Ghosts and Gods to Politics and Conspiracies) китобини ва биз муҳокама қилаётган мавзу бўйича унинг “Scientific American” журналидаги мақолаларини ўқишлари мумкин. Шермер бу услубларни “Псевдоилмий тижорат” деб атайди. У ўзининг мақолаларида бу қонуннинг энг мантиқсиз ва жирканч томонини очади: - Агар “Жалб қилиш кучи” рост бўлса, демак, урушларда ўлаётган беайб гўдаклар, табиий офатлар қурбонлари ёки оғир дардга чалинганлар бу кулфатларни ўзларининг “ёмон фикрлари” билан жалб қилган бўладими?! - дейди. Шермер “Орзулар харитаси” ва “Жалб қилиш кучи”ни – инсоният фикрини орқага тортувчи оккультик сафсата эканини исботлаган. 4. Дунёга таниқли олим, Тиббиёт фанлари доктори ва тизимли коучинг бўйича эксперт Нил Фарбернинг 2016 йилда “Psychology Today” илмий-оммабоп журналида эълон қилинган машҳур бир илмий мақоласи бор. Мақола “Жалб қилиш қонуни ҳақидаги ҳақиқат” (The Truth About the Law of Attraction) деб аталади. Бошқа олимлар бу мақола ҳақида: - “Орзулар харитаси” ва “Жалб қилиш қонуни” сафсатасининг кулини кўкка совурган мақола, - дея таъриф беришган. Фарбер мақолада илмий далиллар билан исботлайдики, бу қонуниятлар одамларни реал масъулиятдан қочишга, пассивликка ва ташқи кучларга қарам бўлиб қолишга олиб келади. 5. Хартфордшир университети психология профессори Ричард Вайсман – ҳаётда ҳақиқатдан ҳам омади келадиган ва муваффақиятсиз одамларнинг хулқ-атворини 10 йил давомида ўрганган олимдир. Вайсман “Орзулар харитаси” чизадиган одамлар устида махсус тажриба ўтказади. Натижада, харита чизган ва фақат позитив хаёл сурган гуруҳнинг кўрсаткичлари, ҳеч қандай харита чизмай, фақат реал ҳаракат қилган гуруҳга қараганда анча паст бўлиб чиқади. У ўзининг 2009 йилда нашр қилинган “59 сония” (59 Seconds) китобида “Орзулар харитаси” ғояси одамни ҳаёт қийинчиликларига қарши руҳан заиф қилиб қўйишини экспериментал тарзда кўрсатиб берган. Юқорида санаганларимнинг барчаси – замоннинг энг кучли олимлари томонидан ёзилган, танқидий ва илмий фильтрдан ўтган ҳақиқатлардир. Бу манбаларни нега бирма-бир санаб, шарҳлаб беряпман? Одамларни “Орзулар харитаси” билан алдаётган дипломли ва дипломсиз психологларнинг олдига мана шу бешта академик манбани отиб уришингиз учун! Қачонгача алданасизлар?! Қачонгача аҳмоқ қилинасизлар?! ✍️ Дилфуза Комил журналист, филолог, Нейро илмлар оммалаштирувчиси, илмий тадқиқотчи. ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в TelegramБошланиши юқоридаги 👆постда Қадимги Хитой коҳинлари одамларни: - Уйнинг жанубий бурчагига фалон буюмни қўйсангиз, уйингизга омад ва бойлик (Ци энергияси) оқиб киради, - деб ишонтиришган. Замонавий коуч ва психологлар эса бу буюмларни журналдан қирқилган расмларга алмаштиришди. Улар одамларни: - Бу фан, бу психология, бу мияни дастурлаш, буларнинг илмий асоси бор, - деб алдашяпти. Лекин тагини суриштирсангиз, Хитойнинг бутпарастлик ва табиат кучларига сиғиниш фалсафаси чиқиб келади. Яъни, бу услубларнинг на ҳақиқий илм-фанга ва на соф Ислом ақидасига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бизнинг коучлар ва дипломли-ю, дипломсиз психологлар илмий атамаларни жуда яхши кўришади, чунки бу уларнинг нутқига илмий вазн беради-да. Энг кўп ишлатадиган “сеҳрли сўз”лари – “онг ости”, “вибрация”, “Квант майдони”, “жалб қилиш, тортишиш кучи”. Уларнинг подкастларда, видеоларда, тренингларда айтишича... шу жойда “алжирашича” дегим келди-ю, ҳа майли... Хуллас айтишяптики: - Сизнинг онгингиз бор-йўғи 5 фоизни бошқаради, 95 фоиз ишни эса онг ости ҳал қилади. Онг ости фақат расмлар ва образлар орқали фикрлайди, у сўзларни тушунмайди. Шунинг учун харитага расм ёпиштирсангиз, у тўғридан-тўғри онг остига бориб тушади ва онг ости ўша воқеликни сизга магнитдек тортиб беради... Мияда бундай “сеҳрли магнит” йўқ, ўртоқлар. Нейробиологияда онг ости жараёнлари фақат автоматик ҳаракатлар ва рефлекслар учун жавоб беради. У ҳеч қачон сизнинг орзуларингиздаги нарсани сизга магнитдек тортиб беролмайди! Битта истакнинг мингта расмини ўша алламбало харитангизга минг марта ёпиштиринг ёки ўша истакни миянгизда минг марта айлантиринг, фойдаси йўқ. Ахир миянгиз ёки онг остингиз эртаклардаги кўзага қамалган жин эмас-ку, сизнинг истакларингизни муҳайё қилгани! Лекин қиз-аёллар ишоняпти шу аҳмоқона таълимотга ва уни амалда бажаришяпти (жараённинг кичкинагина қисмларини юқоридаги видео-парчаларда кўрдингиз). Нима учун? Чунки бизнинг “азаматлар” Американинг, Ғарбнинг ва Хитойнинг классик оккультизмини бизнинг муҳитга мослаштиришган. Шарқ ва Марказий Осиё жамиятида анъанавий диний қадриятлар кучли бўлгани учун, оккультизмдаги “коинот” сўзини – “Аллоҳ”га, “визуализация” сўзини – “дуо”га алмаштириб, трансформация қилишган. Исломдаги “Амаллар ниятга боғлиқдир” ҳадисини мутлақо тескари талқин қилиб, уни “Орзулар харитаси”га боғлашган. Одамлар, айниқса психо-тренингларсиз яшолмайдиган қиз-аёллар кўзини очсинки, “Орзулар харитаси” сафсатаси ичида мияларга сингдириладиган “Жалб қилиш кучи” – диншунослик ва соф мантиқ нуқтаи назаридан қараганда, илоҳий конунларга зиддир. Мутлақ ирода ва Яратувчи куч фақат Парвардигорга тегишли. Инсон фақат сабабларини қилади (меҳнат қилади, изланади, ўқийди) ва яхши натижани умид қилиб, Худодан сўрайди. Оккультизмдан поп-психологияга ўтган “Жалб қилиш кучи” эса, инсоннинг фикр кучини Яратувчининг кучи даражасига чиқариб қўйди, яъни: “Сен фикрладинг, истадинг ва ўша истагинг моддийлашди” – дейишади. Бу – Аллоҳ таолонинг иродасини инкор этиб, инсоннинг ўзини илоҳийлаштириши эмасми?! Бундай эзотерик ботил ақидани ҳадислар ва оятлар билан бўяб, оммага “психология” сифатида сотилиши қайси мезонларга тўғри келади?! Бу мутахассисларнинг китобларида нима ёзилган билмадим-у, аммо бизнинг Китобимизда: “Ва Аллоҳ хоҳласагина, сизлар ҳам хоҳлайсизлар. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир” (Инсон сураси, 30-оят) дейилган. “Сизлар фақат оламлар Парвардигори Аллоҳ хоҳласагина хоҳлайсизлар” (Таквир сураси, 29-оят) дейилган. Абу Жаҳл: “Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ...” деганида нозил бўлган оят бу. Яъни, ҳамма нарса Аллоҳнинг иродасига боғлиқ, бандаларникига эмас. Сиз ўшанақа хариталарингизга нималарнидир ёпиштириб, “албатта бўлиши керак, албатта амалга ошади” деб ўйлаганингиз билан, Аллоҳ Ўзининг чексиз илми ва ҳикмати ила у нарса сизга фойдами ёки зарарми – жуда яхши билади ва Ўз ҳикматига кўра қарор чиқаради. Лекин орзулари амалга ошмаган аёл-қизларга бу коучлар ва психологлар нима дейишади? - Сен харитани чизишга чиздинг-у, лекин қалбингда “барибир бўлмаса керак” деган шубҳа бор эди... - Сен тизимга тўлиқ ишонмадинг... - Сен отангни кечирмагансан, онангдан хафасан. Ота-онанинг розилиги бўлмаса, уруғнинг (роднинг) энергия оқими тўсилади, шунинг учун хаританг ишламаяпти... - Сен “ фалон нарса олсам эди” деб эҳтиёж тўлқинини юборгансан. Сен “менда аллақачон бор, шукр” деб ёзишинг керак эди. Тезкор формулировканг хато бўлган... - Сенинг онгинг машина хоҳлаяпти, лекин онг остинг бунга қаршилик қиляпти. Сенда пулдан қўрқув, камбағаллик блоки бор... Бу айбловларнинг ягона мақсади – коучни ёки психологни ва унинг дафтарини мутлақ муваффақиятли ва бенуқсон қилиб кўрсатиш. Агар одамларнинг орзуси амалга ошса – бу психологнинг “шарофати”; агар амалга ошмаса – бу мижознинг ички муаммоси, аллақандай “ички блок”и ва айби... Хўп майли, бу коуч ва психологларга илоҳий қонуниятдан гапирмайлик-да, масаланинг илмий тарафига ўтақолайлик. “Орзулар харитаси” сафсатасининг кулини кўкка совурган олимлар “Орзулар харитаси”, “Жалб қилиш қонунияти” сингари сохта таълимотлар дунёнинг энг нуфузли университетлари олимлари томонидан, йиллар давомида ўтказилган тажрибалар асосида илмий китобларда ва илмий мақолаларда мутлақо рад этилган. Қуйида “Жалб қилиш кучи” ва “Орзулар харитаси” феноменини аёвсиз фош этган энг асосий илмий китоблар ва фундаментал мақолалар ҳақида қисқача бўлса-да маълумотлар бериб ўтаман: 1. Нью-Йорк ва Гамбург университетлари психология профессори Габриэль Эттинген хонимнинг 2014 йилда нашр қилинган “Ижобий фикрлашни қайта кўриб чиқиш” (Rethinking Positive Thinking: Inside the New Science of Motivation) номли китоби – “Орзулар харитаси” индустриясига берилган энг катта илмий зарба бўлган эди. Таниқли олима Габриэль хоним 20 йилдан ортиқ вақт давомида минглаб одамлар устида тадқиқотлар ўтказган. У ўзининг кўп йиллик тадқиқотларида “шунчаки ширин орзуларга берилиш” инсонни мақсадга яқинлаштирмаслигини, аксинча, ундан узоқлаштиришини исботлаб берган. Эттинген хоним бу китобида исботлаб берганки, инсон фақат орзу қилганда ва мақсадини расмларда визуаллаштирганда, мияда қон босими пасаяди ва сустлик (релаксация) пайдо бўлади. Мия мақсадга гўёки эришиб бўлингандек сохта хотиржамлик тузоғига тушади ва реал ҳаракат учун керак бўлган дофамин ҳамда энергия ишлаб чиқаришни тўхтатади. Буни оддий қилиб тушунтириб берайми? Тасаввур қилинг, сиз тоғ чўққисига чиқмоқчисиз. Бу жуда катта куч, энергия ва диққат талаб қилади. Агар сиз кўзингизни юмиб, фақатгина “мен чўққида турибман, шамол эсяпти, ҳамма мени олқишлаяпти” деб, мақсаднинг фақат якуний, чиройли натижасини визуаллаштирсангиз (расмларда тасаввур қилсангиз), миянгизда қуйидаги жараён юз беради: 😂Мия алданиб қолади, яъни сизнинг онгингиз билан танангиз шу даражада узвий боғлиқки, сиз чўққини ҳаддан ташқари реал тасаввур қилганингизда, мия буни ҳақиқат деб қабул қилади. У “Бўлди, биз чўққига чиқиб бўлдик, мақсад бажарилди” деб ўйлайди. 😂Мияда “тинчланиш” режими ишга тушади: мақсадга эришиб бўлинди деб ҳисоблаган мия танага “Ортиқча куч сарфлаш шарт эмас, дам олсак ҳам бўлади” деган буйруқни беради. Оқибатда қон босими тушади, мушаклар бўшашади – тана худди ухлашдан олдинги ҳолатдагидек хотиржам, суст ҳолатга келади. 😂Вужудда энергияга чеклов қўйилади: сизни ҳаракатга ундайдиган дофамин гормони ва ҳаётий энергия ажралиб чиқиши тўхтайди. Чунки мия учун астойдил ҳаракат қилишга эҳтиёж қолмаган... Давоми навбатдаги постда 👇 ✈️ Dilfuza Komil
Открыть в Telegram