Халқаро ҳамкорлик
Жорий йилнинг 16-20 ноябрь кунлари Бош прокурор ўринбосари – Департамент бошлиғи Ж. Хатамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Душанбе шаҳрида ўтказилган Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг 45-Ялпи ҳафталиги тадбирларида иштирок этди.
Мазкур тадбирларда Евроосиё гуруҳига аъзо давлатлар (Беларусь, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғиз Республикаси, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) ҳамда кузатувчи ва таклиф этилган делегациялар (АҚШ, БАА, Озарбайжон, Туркия, Сербия, Эрон, ФАТФ, Жаҳон банки, ХВЖ, МДҲ, ЕСААМЛГ ва б.) қатнашдилар.
Ялпи ҳафталик доирасида:
– Ташкилотнинг ишчи гуруҳлари мажлислари;
– МДҲ иштирокчи давлатлари Молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгашининг 33-мажлиси ва Стратегик сессия шаклидаги семинари;
– Евроосиё гуруҳига аъзо давлатлар Халқаро ўқув-методик марказлар ассоциацияси иштирокчиларининг III умумий йиғилиши;
– “Евроосиё минтақасида молиявий хавфсизликни ёритишнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги Панель муҳокамаси;
– “Назорат фаолиятида таваккалчиликка асосланган ёндашувни қўллаш амалиёти: таваккалчиликни баҳолаш ва назоратни режалаштиришнинг миллий моделлари” мавзусида семинар;
– Евроосиё гуруҳининг 45-Ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикасининг 3-тараққиёт ҳисоботи тасдиқланиб, ФАТФнинг 18 (ички назорат, хорижий филиаллар ва шуъба корхоналар) ва 26 (молиявий муассасалар фаолиятини тартибга солиш ва назорат) тавсиялари бўйича рейтингларни кўтарилишига эришилди.
Шунингдек, тадбир давомида бир қатор танловларнинг натижаси бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда, Молиявий институтларнинг комплаенс мутахассислари ўртасидаги V танловда АТБ “Ҳамкорбанк” (Ўзбекистон) ғолибликни қўлга киритган бўлса, Евроосиё гуруҳига аъзо давлатлар журналистларининг II танловида FikratOnline.uz интернет нашри (Ўзбекистон) махсус совринга эга бўлди.
Бу каби тадбирларда Ўзбекистон делегациясининг иштироки жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини мустаҳкамлаш, глобал миқёсда кўрилаётган чораларни ўрганиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ходимларнинг салоҳиятини ошишига хизмат қилади.
👉@Department_uz