🇩🇪 Архитектор ва қурилиш муҳандислари Германияга иш қидириш учун келиши мумкинми?
Германияда архитектор ёки қурилиш муҳандиси бўлиб ишлаш, у ерга бориб иш қидириш имкониятлари ҳақида менга тез-тез саволлар келиб туради. Ҳар сафар алоҳида жавоб беришга имконим бўлмаётгани учун бу мавзу бўйича маълумотларни бир жойга жамлаб, яхлит пост тайёрлашни лозим топдим.
Германияда Chancenkarte — «Имкониятлар картаси» мавжуд. У белгиланган талабларга жавоб берадиган мутахассисларга олдиндан иш шартномасисиз келиб, бир йилгача иш қидириш имконини беради. Ўзбекистон фуқаролари ҳам ариза топшириши мумкин. (make-it-in-germany.com)
Кимлар учун қизиқ?
Архитекторлар, шаҳарсозлар, қурилиш муҳандислари, конструкторлар, дизайнерлар ва CAD/BIM мутахассислари учун. Лекин дастурларни билиш ёки портфолионинг ўзи етарли эмас. Tегишли расмий диплом ёки касбий малака ҳам керак. (make-it-in-germany.com)
Қандай шартлар бор?
🔹 Биринчи йўл: дипломингиз Германияда тан олинган ёки немис дипломига қиёсланадиган бўлса, балл тўплаш шарт эмас. Бу йўлда Chancenkarte учун тил сертификати ҳам талаб қилинмайди.
🔹 Иккинчи йўл — балл тизими: дипломингиз уни берган давлатда тан олинган бўлиши, немис тилидан камида A1 ёки инглиз тилидан B2 даражасини тасдиқлашингиз ва камида 6 балл тўплашингиз керак. Баллар иш тажрибаси, ёш, тил билиш ва бошқа мезонлар бўйича берилади. (make-it-in-germany.com)
🎓 Дипломни қаерда текшириш мумкин?
Аввало, Anabin базасида университетингиз ва дипломингизни бепул текширинг. Университет одатда H+, диплом эса «entspricht» ёки «gleichwertig» деб баҳоланган бўлиши керак. Фақат университетни топиш етарли эмас, диплом ҳам текширилади. Маълумот топилмаса ёки натижа аниқ бўлмаса, ZAB орқали дипломни индивидуал баҳолатиш учун онлайн ариза бериш мумкин. Базада йўқлиги дипломингиз тан олинмайди дегани эмас. (make-it-in-germany.com)
💶 Қанча маблағ керак?
Иккала йўлда ҳам яшаш харажатларини қоплай олишингизни тасдиқлаш зарур. 2026 йил учун белгиланган миқдор — ойига 1 091 евро, яъни 12 ойга 13 092 евро. Буни, масалан, блокланган ҳисобрақам ёки расмий молиявий кафиллик орқали тасдиқлаш мумкин. Тиббий суғурта ҳам керак. (arbeitsagentur.de, make-it-in-germany.com)
Иш қидириш даврида ҳафтасига ўртача 20 соатгача ишлаш, шунингдек, ҳар бир иш берувчида икки ҳафтагача синов тариқасида ишлаш мумкин. (arbeitsagentur.de)
Архитектор ва муҳандислар учун муҳим жиҳат:
Chancenkarte ёки дипломнинг академик баҳоси автоматик равишда «Architekt» ёки «Ingenieur» унвонидан фойдаланиш ҳуқуқини бермайди. Бу унвонлар ҳимояланган, талаблар федерал ерга қараб текширилади. Бюрода айрим вазифаларда ишлаш мумкин бўлса-да, масъул архитектор сифатида лойиҳа ҳужжатларини имзолаш алоҳида ваколат талаб қилади. (anerkennung-in-deutschland.de, anerkennung-in-deutschland.de)
Менинг тавсиям: келишдан олдин диплом мақомини текшириш, немис тилини камида B1–B2 даражага олиб чиқиш ва яхши портфолио тайёрлаш керак. Виза учун минимал талаб билан иш берувчининг талаби бир хил эмас.
Бу карта ишни кафолатламайди, фақат Германияда туриб иш қидириш имконини беради.
🔗 Расмий шартлар ва ўз имкониятингизни текшириш