ХИЁНАТ БИЗНЕСИ.
Ассалому алайкум, аслзода ўқирманлар. Эсонмисиз-омонмисиз?
Бу дунёнинг ярим чақага арзимайдиган ташвишларини деб кўнгилчангизни озорлантириб қўймаяпсизми? Ҳа, велиб кетсин, сиқилманг. Келинг, яхшиси сизларга бир ажиб ҳолатни айтиб берай.
Шу десангиз, бугун эрталабдан ҳаво совуқ. Ишга кетиш керак. Совуқ ҳавода ишга бориш ҳам ёқмаяпти. Яхшиямки, истарам иссиқ, шу истарамнинг иссиғи билан амаллаб ишга келиб олдим)
Ишга келсам, бир қош-кўзлари попукдек пучина-пучун Япон қизча хафа бўлиб ўтирибди. Ҳиндлардан Ҳинд тилида, Синдлардан Синд тилида дардини тинглашни яхши кўрадиган мендек дардкаш йигит, бу вазиятда жим туриши амримаҳол. Секин сўз бошладим.
"Кўндаланг ётган икки қиличкдек қошларинга қурбон бўлай. Нима бўлди? Ким сени хафа қилди?" Ие, узр, узр суюқ кангул, суюлиб кетди. Хуллас, нима бўлди деб сўрасам, эри 1 йилдан бери хиёнат қилиб юрган экан. Яқинда билиб қолибди. Кейин, эри ва ҳалиги ўйнашидан "Ишарё" олиш учун ариза берипти. "Ишарё"нг нима дегани, бепарасат дейишга шошилмай туринг, ҳозир ёстиғи билан тушунтириб бераман.
Ишарё дегани - Японияда эр ёки хотин хиёнат қилса, "Мен руҳан эзилдим, қадрим поймол бўлди, ғурурим ер билан битта бўлди. Маънавий даволанишим учун" деб ундириладиган пул. Бу сумма 15-20 минг доллар атрофида бўлади. Энг қизиғи - эр хиёнат қилса, фақатгина эрдан эмас, нариги тарафдаги жазмандан ҳам шунча миқдорда пул ундириш мумкин. Тўғрисиям-да, эркаклар хиёнат қилса, ўзи қилмайди-ку, нариги тарафда аёл киши ҳам бўлади-ку. Ундан ҳам пул ундиришили адолатдан) Бало бормиди, бировнинг гулдек эрини йўлдан уриб))
Хуллас, ҳалиги пучина-пучун қиз ҳам эр ва жазманойдан пул ундиришга ариза берган. Ҳадемай, 30-40 минг доллар пуллик бўлиб қолар экан. "Хўш, эринг билан ажрашдингми?" десам, "Йўқ, ажрашмадим. Аммо, пулни ундираман" дейди. "Унда бунақа хафа бўлиб ўтиришга не ҳожат? Эри-хотин хиёнат бизнесини йўлга қўйиб олсаларинг бўларкан. Эринг билан тил бириктирасан, эринг хиёнатчани қилади. Сен ариза бериб, нариги жазманойлардан пулни ундираверасан. Йилига 4 та жазманойни қўлга туширсанг, бой бўлиб кетаркансан" десам, қаҳ-қаҳ отиб кулди.
Шу билан ҳамма яхши кайфиятда ишимизни давом эттирдик)
Шунақа гаплар, аслзода ўқирманлар. Барчаларингизга яхши кайфият, бахт-саодат тилаб қоламан. Ҳеч бир оилага хиёнат аталмиш ёввойи ўтлар аралашмасин.
Нима деб ўйлайсиз бизда ҳам шундай тизим жорий этилса, серюрак эркакларимиз, эээ, узр шерюрак эркакларимиз қарзга ботиб, хотинининг ИШАРЁСИГА пул тўлаб умри ўтиб кетадими?
Баҳодир НИППОНИЙ - Яхши кунлардан сиз билан бирга. Қилич қошлардан сўранг)
Каналга уланиш👈