Ҳиндистонлик қудуқчи ўз ишхонасини кўрсатди. У ишлайдиган жой бизнинг ва сизнинг ишхоналаримиздан анча пастда ва анча тор. Бирни кўриб шукр қил, дейди халқимиз...
Открыть в TelegramПосты канала 📚 Azamat Qorjovov ijodi
#Зулмат_маликаси #ёхуд_гўрда_туғилган_қиз 35-қисм Муаллиф: Азамат_Қоржовов – Жин ҳам урмайди, – тўнғиллади Аҳмар. – Айтмоқчи, эсимдан чиқаёзганини қара, – деди катта ака, – келинни мен ҳам кўргандим. Аввалига уни эркак деб ўйлабман. Нега деганда, кўприкда қора кийимли чўлоқ кимса кўринди. Тракторда эдик. Тутзордан чиқишини кутдик. Кўприкдан ўтган одам тутзор ўртасидаги йўлдан келади, тўғрими? – Тўғри, – деди Аҳмар. – Лекин тутзордан ўша эркак эмас, келин чиқиб келди... Кампир ўлим дардида инграрди. У келинини тилга олди: – Зеби… Зебигулни… ҳайдаб юборинглар… Аҳмаржонни бошқага… бошқага уйлантиринглар… Ҳаммаси уни деб бўлди!.. Вой, жоним… У одам эмас... Унда бир каср бор... * * * Қайнона вафот этди. Жанозадан сўнг Зебигул турмушида нимадир йўқолганини сезди. Бу ҳеч ҳам қайнона эмасди. Вақт ўтган сайин маъракалар ниҳоясига етди, таъзия билдириб келувчиларнинг қораси ўчди. Ҳаёт узилган жойидан давом этиши керак эди. Шундагина Зебигул қайнонасини эмас, эрини йўқотганини тушуниб етди. Кенг ҳовлининг қўтир босган ерида бир эркак ва бир жувон бир-бирига бегона бўлиб яшардилар. Энди айтса бўларди ўртада фарзанд бўлмайди деб. Қиш бўйи Зебигулнинг ранги чиқмади. Қўшнилар унинг жилмайишини, очилиб гапиришини, жонини жабборга бериб юмуш бажаришини унутиб юборишди. Зебигул деганда кўз олдиларига эзилган, тунд қиёфали, кимсасиз, ҳорғин бир келин келарди. Кўпинча унинг қоронғида ҳам ёлғиз тентираб юришини кўрганлар ёқасига туфлашардилар. Зебигулни қарғиш урганмиш, ота-онаси ҳам яхши кун кўролмай кетганмиш, деган гаплар тарқалди. Қиш бўйи у ўн ёшга қариди. Охир-оқибат Аҳмар ва Зебигулнинг совуқ турмушида яна бир аёл пайдо бўлди. Аслида у мол-қўй сотиб яқин йилларда бойиб кетган хонадоннинг Зебигулдан ўн ёш катта қари қизи эди. Гиёҳ битмайдиган тақир қишлоқдаги сариқ тупроқли пастак уйларда яшашса-да, ўзларини осмон чоғлайдиган тоифа эмасми, тоғдаги сурувлари уч йил қаторасига мисли кўрилмаган даражада қўзилаб, тумшуқлари янада кўтарилиб қолди. Хонадон эркаклари бозорга қўй олиб чиқавериб чарчашди, сурув эса камаймади. Машинали бўлишди, томи конверт қилиб ёпилган, пойдеворига мармар ёпиштирилган данғиллама уй қуришди. Бундай уй ўша қишлоқ ва атрофдагилар учун қасрдек эди. Молхонадаги новвослар тез-тез семирар, гоҳ оёқлай, гоҳ сўйиб сотиларди. Мебеллару чўғдай гиламлар бу уйга эски калишга янги патакдай алланечук ярашмай турса-да, хонадон эгалари азалдан шундай шароитда яшаётгандай тутарди ўзларини. Улар бошқа бир нарса ахтара бошлашди. Ҳаммаларининг кўнгиллари батамом жойига тушишлари учун оғилдан бери келмайдиган Чеҳрани куёвга шоҳона узатишлари керак эди. Оила аҳли мол-ҳол билан чунонам машғул бўлишиб, яккаю ёлғиз қизни унутиб юборишган эди. Қиз молларга қарайвериб, молга айланиб қолганди. Турса ҳам молни ўйлайди, ўтирса ҳам молни ўйлайди, молдан бошқа ташвиши йўқ. Ҳатто ундан гўнг ҳиди келарди. – Чеҳра ўттизга кирди, – деди отаси кунларнинг бирида. – Совчи келса қалин пулиям керакмас, Чеҳрани шундай бервораман. Камига ўзим қўшаман. – Ҳа, қараб турармидик, – эрининг гапини маъқуллади хотин қичиб кетган қўлтиғини ғирт-ғирт қашиб. – Ҳайла, ҳеч балоси йўқ ҳамсоянинг қизи ойдай жойга тушиб, бип-бинойи келин бўлди, куёвлари яқинда мошин олганмиш. Бизнинг Чеҳра нега энди келин бўлмас экан?! Бир ажойиб келин бўлсинки, отдагилар овиб, эшакдагилар думалаб қолсин. Улар зимдан куёв қидира бошлашди. Буни қарангки, оиланинг учинчи ўғли ва Аҳмар армиядош ўртоқ эди... Давоми бор @azamat_qorjovov77 Ёпиқ каналга уланиб, тўлиқ ўқинг: 👇👇👇 Уланиш учун админга мурожаат: @shaxlo_2022
Открыть в Telegram“Менга вақт етмаяпти деб ўзингизни алдаманг. Сизда ҳам худди Хелен Келлер, Пастер, Микеланжело, Леонардо да Винчи, Томас Жефферсон ва Альберт Эйнштейннинг қанча вақти бўлган бўлса шунча вақт бор”. Кичик Жексон Браун, америкалик ёзувчи
Открыть в Telegram#Зулмат_маликаси #ёхуд_гўрда_туғилган_қиз 34-қисм Муаллиф: Азамат_Қоржовов – Кетинг, – деди Бузим ҳорғин товушда. – Келинингизни авайланг. Ва сабр қилинг. Зебигул қайнонасидан олдин чиққан бўлса-да, қандайдир кўринмас қўл этагидан тортганини сезди. Шу аснода жийдазорга шамол урилиб, кишини элитувчи сархушлик таралди. Кўм-кўк осмон шамол сеҳрига сеҳр қўшиб сукут билан кузатарди. Қайнона-келин эгатлар оралаб даланинг нариги бошидаги тутзор томон кета бошлашди. – Осонгина топдик, – минғиллади қайнона икки йилдирки Зебигулга таниш оҳангда, – тезроқ юр, судралмай! Бугун ўнг томоним билан турган эканман… Айтгандай кучукни кўриб нега ўлик бўп қолдинг? Кўз олди қоронғилашган Зебигул йиқилмаслик учун сўнгги кучини тўплаб олға интиларди. Дала четида қуриган дарахт қулаб ётарди. Кўзойнакли киши эса ҳеч қаерда кўринмасди. Зебигул амаллаб дарахтга етди ва кема ҳалокатидан сўнг уммонда бир парча тахтани учратган денгизчига ўхшаб осилиб олди. – Юр-е, шарманда! – қистади қайнонаси. – Вой, нима қиляпсан? Қучоқлама дарахтни, гаяк! Шу ергача зўрға чидаб келган Зебигул уввос солиб йиғлаб юборди. – Ота-энамни гўрга тиққан шу мулла! Мени етим қилган ҳам шу мулла! Болта беринг, чопиб ташлаб қутуламан ундан! Сўйиб ташлаб қутуламан ундан! Қайнонаси бақа бўлиб қолди. У келинидан қанчалик ирганмасин, мияси суюлиб гап-сўз бўлишни асло истамасди. Назарида Зебигул ақлдан озган ва ҳозиргина ўзларини ўқиб қўйган авлиёсифат одамдан нафратланиб, шайтони устун келиб, уни ўлдиришга қасд қилмоқда эди. Қути учиб, лўкиллаб борди-да, Зебигулни суяди. Суяб олиб кетмоқчи эди, Зебигул оёғини ўнглаб босолмади. Иккиси худди ёқалашаётган мастлар сингари судрашиб, гандираклашиб ариққа етдилар, кавушлари тагидан чанг кўтарилди. Кампир Зебигулни энгаштириб юзига сув сепа бошлади. Ғўзанинг дори аралашган суви илиқ эди. Келини қурғур тинчигач, қарғади: – Сени келин қилган менинг пешонам қурсин! Ҳали шу ҳунаринг ҳам бормиди?! Вой, энди дардимни кимга айтаман, кимга-а?! Келини тентак бўп қопти деб одамларнинг кулгисига қолганимдан кўра ажалим етса бўлмасмиди! Ўша куни улар Қорақишлоққа бир амаллаб етиб олишди. Орадан кўп ўтмай қайнона хасталикка чалинди. У Бузимнинг кулбасидан қайтаётиб ўз ажалини чин дилдан чақирган эди. Тўшакда анчайин азоб чекиб ётди. Жони узиладиган фурсат келганда ой юзини булут қоплаб, олисларда бўри улиди. – Бўри? – саволомуз тикилди Аҳмарга катта акаси. – Мол-қўйни опкеганман, ака, ҳаммаси қамовда. – Тунов куни келин даладан ёлғиз қайтаётган экан, – деди ўртанча акаси Аҳмарга ёвқараш қилиб. – Бундай юрмасин. Бўрилар бурдалаб кетишини хоҳлаяпсанми? Қиш келмасдан улар овга чиққан, уқдингми? Шолғом билан турпинг чириб кетса ҳам, келинни далага ёлғиз жўнатма! Жарликдан ўтиши, тутзор оралаши бор. Кеч тушса мен ўтолмайман у ерлардан, келин қандай ўтади?! Давоми бор @azamat_qorjovov77 Ёпиқ каналга уланиб, тўлиқ ўқинг: 👇👇👇 Уланиш учун админга мурожаат: @shaxlo_2022
Открыть в Telegram👀 Расмга диққат билан, ҳатто киприк қоқмай 10-20 сония тикилиб туринг! Шунда бир жонивор пайдо бўлади. Бу қандай жонивор? Мабодо бир дақиқа тикилиб ҳам, жониворни кўролмасангиз, расмдан кўз узмаган ҳолда бошингизни сал-пал қимирлатинг! У пайдо бўлади! @azamat_qorjovov77 Жавоб: 👇👇👇 Жавоб комментарияда берилади!
Открыть в Telegram#Ўлиб_тирилганлар_қисмати 113-қисм Муаллиф: Азамат_Қоржовов Олчин Тошкентга қандай келганимни сўраган эди, ростини сўзладим. У шарақлаб кулиб юборди. – Хуш келибсан бизнинг Тошкентга! – деди ёйилиб. – Энди гап бундай: ҳозир яхшилаб овқатланамиз, кейин тепага кўтариламиз, шу меҳмонхонанинг учинчи қаватига. – Ер тагига туш десанг ҳам тушаман. Мен фақат нима иш билан келган бўлсам, ўша муаммомни ҳал қилишим керак. Ўрнимда бошқа бўлганида, ўлиб кетарди... Тўғрими? – Қайдам, – деди Олчин мужмал оҳангда. У соғлигим учун қадаҳ кўтармоқчи бўлди. Мен эса бугун ҳам оилам ҳақида ҳеч қандай маълумот ололмасам, ҳаммаси тамом бўлишини тушундим. Вужудимда ортиқ сабр қолмаган эди. Тиғ санчиш учун ўзимда шижоат кутардим. Рўпарангда ўтирган одамни, агар унинг айби тўлиқ исботланмаган бўлса, айниқса, фарзандларинг қаерда эканини ҳали айтмаган бўлса, ўлдириш осон эмасди. – Е.. Еганинг яхши... – деди Олчин. – Узоқ йўлдан чарчаб, очиқиб келгансан. Хоҳласам, ҳозироқ милицияга қўнғироқ қилишим мумкин эди. Сени излашяпти. Бундай қайноқ вазиятда ўзимни балога қўйишни истамайман, албатта. Аммо мени деб келган экансан, синфдошлик ҳурмати бирпас суҳбатлашмоқчиман. Нима дединг? – Сендан биринчи ва охирги марта ёрдам сўрамоқчиман, – деб унга кулимсираб қарадим. Бу кулимсираш ортида “битта фириб, битта найранг ҳам қилолмайсан, шунчаки ўласан-кетасан, эй ўзини ақлли деб билган нотавон банда” деган маъно мужассам эди. Қорним очлиги товуқ гўштига санчқи ботиришимга ундади. Тўйиб овқат едим. Назаримда, бу озодликдаги сўнгги зиёфат эди. Олчин мени Тошкентда ёлғиз учратиб, ёрдамга муҳтожлигимни кўриб, ИИБга хабар бермай, меҳмонхона ресторанига олиб келганининг ўзиёқ унинг қалби пок эмаслигидан ва оиламнинг бошига тушган фожиаларга алоқадорлигидан далолат беради, деб ўйлаб, ўлим ҳукмни ижро этишга ўзимни ўзим яна бир бор кўндириш билан овора эдим. Ресторандан чиқиб, меҳмонхона фойесидан ўтиб бораётганимизда "Виолет" олдида кўрганим ўша кимсаларни яна эслаб бу ерга кирганмикан деб фойега, йўлак томонга ва деразага боқдим. Улар кўринмасди. Олчин билан қандайдир йўлак охиридаги хонага кирдик. – Шарифа, – деди Олчин. – Ҳаётда битта армоним бор. У ҳам бўлса сен. Нега мени танламадинг? Нега мендан нафратландинг? Нима учун айнан Мавлонни танладинг? Камбағал оиладан чиққан писмиқни нега яхши кўрдинг?! Биз юзма-юз турардик. Хона эшиги ёпиқ, иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ. – Яна де, синфдош, ҳамқишлоқ, курсдош эди менга! – давом этарди Олчин. – Бу билан юрагимга ўн бор ханжар санчганингни биласанми?! Узоқ-узоқларга, бегона йигитга тегиб кетсанг бўлмасмиди?! Тириклай юрагимни суғурдинг, Шарифа!.. Унга тикилдим. Кўзларимиз кўзларимизда эди. Шу йўл билан уни чалғитиб, қўлимни сумкамга тиқдим-да, пичоқ дастасидан маҳкам ушладим. Негадир яна кулимсирадим. Бу аччиқ ва қонсираган кулимсираш эди... Давоми бор @azamat_qorjovov77 Ёпиқ каналга уланиб, тўлиқ ўқинг: 👇👇👇 Уланиш учун админга мурожаат: @shaxlo_2022
Открыть в Telegram* * * Умр ўтар, вақт ўтар, Хонлар ўтар, тахт ўтар, Омад ўтар, бахт ўтар, Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг. Баҳорда боғ на гўзал, Қор тушса тоғ на гўзал, Бу ёшлик чоғ на гўзал. Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг. Ой чиқар гоҳ заҳоли, Дўстлар кўпдир вафоли. Ҳаёт шундан сафоли, Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан Секин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг. Умр – йўл, қайрилиш кўп, Учрашиш, айрилиш кўп, Унутиш, айтилиш кўп, Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан Ўша кулишларинг, ўша келишларинг... Омон Матжон
Открыть в Telegram#Ўлиб_тирилганлар_қисмати 112-қисм Муаллиф: Азамат_Қоржовов Мижозлар орасида, юмшоқ ўриндиқлар панасида Олчиннинг гавдасининг яримини кўрдим. Қўлини силтаганига қараганда рўпарасида кимдир бор эди, унга алланималарни гапирарди. Яна бир қараганимда унинг қўли рюмка кўтарди. Сумкамга қўл солиб пичоқни қулайроқ жойлаштирдим. Вазмин қадамлар билан Олчин томон юрганимда ресторан бурчагидан майин куй тараларди. Ният ва мусиқа мос келмаган дамлар ҳар кимнинг ҳаётида бўлишини билсам-да, негадир бу ҳол мени мутаассир этди. Ҳаётим қора сирларга кўмилиб ётар ва мен ҳозир сирлар калитини қўлга киритиш учун охирги марта уринаётгандим. Олчиннинг рўпарасида икки жонон бежирим ялтироқ либосларда гул-гул очилиб ўтиришганини кўриб ҳайратландим. Хонимчалар менга қизиқсиниб қарашди. Олчин ортида ким турганини уларнинг юзидан уқиб олди чоғи, бошини бурганида қошлари чимирилиб, кўзларида ғазаб шуъласи акс этиб улгурганди. – Қўрқма, кечирим сўрашга келдим, – дедим мен. – Сен?! Нима керак ўзи мендан? – тишларини ғижирлатди у. – Балки туҳмат қилгандирман. Шунинг учун узр сўрамоқчиман... У гапимга қилча ҳам ишонмади. Зиёфатининг белига тепгандим, лекин ҳарқалай ўзимни қишлоқдагидек ғазабнок тутмаётгандим. Шунисига ҳам шукр қилди шекилли, хонимчаларга узрхоҳ жилмайиб, ўрнидан турди-да, билагимдан тутди. Оғзини қулоғимга тутдим. – Ташқарида гаплашамиз, бу ерда меҳмонларим бор, – деди у. – Ўзинг биласан, – дедим. Биз эшик сари юрдик, аммо столим ёнигача бирга бордим-да, тўсатдан жойимга ўтириб олдим. Олчинк гоҳ менга, гоҳ ликобчадаги қисқичбақага бақрайди. – Шу ерда овқатланаётгандим, ўтир, – дедим. – Сенингча, қишлоқдан ахтариб келганман-да сени, а? Хафа бўлма, сени ресторанда тасодифан учратиб қолдим. Нима ичасан? Ўтирсанг-чи, синфдош. – Раҳмат. – Стулга бўшашибгина чўккач, атрофга ўғринча кўз югуртирди. – Фақат ўзингмисан? – Мавлон ўлган бўлса, яна ким билан келишим мумкин? – Гапни айлантирма, Шарифа, сени яхши биламан. – Орадан шунча йил ўтган бўлса ҳамми? Мен ўзгарганман, Олчин. Мен ҳам одамман. Тирик жон сифатида ўзгаришим мумкин. – Шарифа... – Илтимос, Олчинбек, анави қизларга жавоб бериб юбор! Кетсин улар. Бугун менга вақт ажрат! Ҳеч бўлмаса бир соатга! Тақдирга тан бердим! Фақат болаларимни... болаларимни топишимга ёрдам берсанг, бўлди... Олчиннинг ранг-туси ўзгарди, тишини тишига босди. – Шарифа, яна туҳмат қилишда давом этяпсан. – Сенга топиб бер, деганим йўқ, охиригача қулоқ сол! Сен катта одамсан, ҳамма томондан кучлисан! Синфдошим сифатида ёрдам беришинг мумкин-ку, тўғрими? Ёрдам берганингни ҳеч кимга айтмайман! Айтсам, Худо урсин! Болаларимнинг дарагини эшитай... Шу, холос... Хўпми? – Шуни емоқчимисан? – сўради у ликобчага нигоҳ ташлаб. – Сени бошқа ресторанга олиб бораман. Юр! У официантга иккала столнинг ҳам ҳақини тўлашини билдирувчи "Мен!" деган биргина сўзни айтиб, тирсагимдан етаклаб чиқди. Димоғидан шайтон сувининг сассиғи уфуриб турарди. – Нимада келдинг? – деди у. – Таксида. "Гулбадан" меҳмонхонасидан номер олганман. – Ресторанда гаплашамиз. Бошқа меҳмонхонаникида. Ташқарига чиқдик. Мен ДХХники деб шубҳаланган ҳалиги машина ҳам, ундаги одамлар ҳам ғойиб бўлганди. Биз "Мазда"га ўтирдик. Бир мавзе наридаги ҳашаматли меҳмонхонанинг ойнаванд эшигида тўхтадик. Меҳмонхона номини ўқишга улгурмадим. Ресторан хизматчилари бир зумда оппоқ дастурхонга ноз-неъматларни тўлдириб ташлашди... Давоми бор @azamat_qorjovov77 Ёпиқ каналга уланиб, тўлиқ ўқинг: 👇👇👇 Уланиш учун админга мурожаат: @shaxlo_2022
Открыть в Telegram“Қил устидаги тақдир” номли асарим асосида 2022-2024 йилларда 2 сезонли сериал суратга олинган бўлиб, бу видео 1-сезон эфирга узатилиши олдидан тайёрланган трейлер. Сценарийни ёзиш жараёнида сериал бюджетидан ва баъзи талаблардан келиб чиқиб, асарни съёмкага мослаштириб, бир оз ўзгартирганман. Сериал ўша пайтларда “ЗўрТВ” телеканалида намойиш этилиб, navo.tv ютуб каналига ҳам жойлаштирилган. 3 млн га яқин марта томоша қилинган.
Открыть в TelegramЯҲУДИЙЧА УСЛУБ Исроил давлати ривожлана бошлаган кезлари улар бутун дунёдаги яҳудийларни Исроилга чақирдилар. Собиқ совет давридаги яҳудийлар ҳам Исроилга кўчишни бошлашди. Улардан бири лаш-лушларини олиб йўлга чиқди. Божхонада унинг юкларини текшираётган божхона ходими юклар орасидан Лениннинг ҳайкалини кўриб қолди. У яҳудийга: – Бу нима? – деди. Яҳудий: – «Бу нима» деманг, «бу ким» денг. Бу доҳиймиз Ленин. Коммунистик партиянинг асосчиси. У бизга кўп яхшиликлар қилган, коммунизмнинг йўлини кўрсатган. Унинг хотирасини абадийлаштириш учун Исроилга олиб кетяпман, у ёқда Ленинни тарғиб қиламан, – деди. Божхона ходими хурсанд бўлиб: – Ўтаверинг, – деди. Исроилга киришда яна божхона ходими юклари орасидан ҳайкални кўриб қолиб: – Бу нима? – деди. Яҳудий: – «Бу нима?» деманг, «бу ким?», денг. Бу ифлос Ленин. Ҳаммага зулм қилган, хусусий мулкни бекор қилган. Менинг ҳам СССРдан чиқиб кетишимга шу ҳароми сабабчи. Унинг ифлос башарасига ҳар куни тупуриб туришим учун Исроилга олиб келдим. Божхона ходими хурсанд бўлиб: – Ўтинг! – деди. Яҳудий Исроилдаги уйига келиб жойлашгач, қариндошларини чақириб зиёфат қилди. Шунда бир жияни келиб бурчакда турган Ленин ҳайкалини кўрсатиб сўради: – Амаки, бу ким? Яҳудий деди: – Эй ахмоқ! «Бу ким» эмас, «бу нима» дейиш керак. Бу ўн килограмм тоза олтин. Уни божхонадан бож тўламай бу ерга олиб ўтдим. Telegram: 👉 @azamat_qorjovov77
Открыть в Telegram#Зулмат_маликаси #ёхуд_гўрда_туғилган_қиз 33-қисм Муаллиф: Азамат_Қоржовов – Буни вақт кўрсатади, – деди Бузим, – мен авлиё эмасман. – Қариб қолганман, очиқроқ гапирмасангиз тушунмайман, айланай. – Сизларга фарзанд керакми? – Шунинг учун келганмиз, дўхтириям ёрдам беролмади, фақат сиз… – Мен ҳам ёрдам беролмаслигим мумкин, лекин дардларингизни енгиллаштиришга уриниб кўраман. Нимангиз бўлса, чиқаринг, қаршимда бир нимани яшириб, қора ният билан ўтирманг. Аввало анави таёқни отиб юборинг. Кампир таёқни эшик томонга улоқтирди, сўнг Бузимга атаган пулини кўрпача устига қўйди. Ёнида сандиқ калитлари ҳам бор эди, уларни чиқаришни хоҳламади. Зебигулнинг ёнида эса ҳеч вақо йўқ эди, туморидан бошқа. – Борингизни чиқаринг, – Бузим бош эгиб қўлларига тикилиб қолди, – юрагингиздагиларни айтяпман. Қалб тоза бўлсин. – Боримизни чиқардик, – деди қайнона.– Келинимда ҳеч нарса йўқ. – Майли, ичингиздагиларни секин-аста бўшатиб олаверасиз. – Бузим Зебигулга ўткир нигоҳини қадади. – Туморингиз менга халақит беряпти, қизим. Зебигул ҳайрон қолди: либос ортига яширилган туморни у қаёқдан билди? Кейин шошиб ортига бурилди-да, туморни юлиб олди. Бузим ўқишни бошлади. У кўзларини юмиб берилиб тиловат қилар эди. Суралар қўшиқ каби ажиб куйи ила таралар, руҳларга ором бериб, жонсиз нарсаларга жон ато этарди. Қачонлардир одамзот самоватдан тушиб келганини сўйларди бу оҳанг. Ёввойи табиат, йиртқичлар, маймун шаклидаги одамсимонлар хавфи остида яшашга маҳкум этилди. Тавба қилди, Аллоҳ кечирди. Улардан тоза қалбли мўътабар авлод қолди. Бироқ то вафот этгунларича бойликларга эга бўлиб, айш-ишратда яшаш мумкинлиги айримларни қарғиш теккан йўлга бошлади. Ҳукмдорлар етишиб чиқди, қотил-каззоблар урчиди, фоҳишалик бутун дунёга тарқалди. Самоватдан тушган одам зурриёди орасида касаллар пайдо бўлди, қачонлардир қилинган гуноҳнинг маҳсуллари! Ахир, одам гўзал эди, одам ҳайвон каби йўталмасди. Аршда йўтал бор дейишга ким журъат этади, ақлга сиғадими? Бўғизларигача гуноҳга ботгач, Парвардигори олам уларга аслида ким эканлигини эслатиб қўйишни жоиз топди ва пайғамбарларни юбора бошлади. Буюк сирлар дунёсига игнанинг тешигидай тирқиш очилди, холос. Қолганини билиш-англаш инсоннинг ўзига қолдирилди. Игнадай тешикни сўқирлик балчиғи билан чаплаб ташлаганлар қанча бўлди. Ҳар куни одам ҳаётга келади, ҳар куни кимлардир чин дунёга кетади. Ҳар бири ўзини таниб олиши керак, мутлоқ ўзини таниган ҳолда ҳеч ким туғилмаган, туғилмайди ҳам. Худо: «Мен борман, менга ишон, манави туйнукдан қарасанг нариги дунёни кўрасан», демайди, бу – ўзини таниган инсон дунёга келмаслиги билан айни бир ҳақиқатдир. Одам тупроқ, дунё тупроқ. Аммо одам қалбига илоҳиётдан бир зарра ҳажмича нур инган. Шу нурни сўндириб қўйма, одамзот! Сенга бошқалар ёрдам бериши мумкин. Хусусан, дуосираб қолганингда ўзинг ўқиёлмасанг, бошқаларга ўқит! Сенга бағишланган муқаддас каломлар оз-моз бўлса-да, ботинингни ювиб, оғирликлардан фориғ этиб туради. Бироқ қалбингда бизга ёт нимадир бор экан, ундан қутулолмай яна нима истайсан? Қарғишга қолма! Қарғишдан қоч! Сени мен эмас, Яратган кечирсин! Мени ҳам сен эмас, Яратган кечиради… Илоҳий қўшиқ тугади. Зебигул кўз ёшларини сидириб ташлади. – Энди нима қилайлик? – сўради қайнона... Давоми бор @azamat_qorjovov77 Ёпиқ каналга уланиб, тўлиқ ўқинг: 👇👇👇 Уланиш учун админга мурожаат: @shaxlo_2022
Открыть в TelegramПАППА, КАРТОФЕЛЬ, ПОМ ДЕ ТЕРР, КАРТОШКА Картошка бугунги кунда севимли масаллиқлардан бири. Усиз кўплаб овқатларимизни тасаввур қилолмаймиз. Хўш, картошканинг тарихи қандай? XVI асрда Жанубий Америкадан Европага келтирилганда уни ҳеч ким истеъмол қилмаган. Ботаника тарихи билан шуғулланувчи олимларнинг келтирган далилларига кўра, картошканинг ватани Чили ва Перу бўлган. Маҳаллий халқ буни тоғ ёнбағирларида ўстирган ва номини "Паппа" деб атаган. Жанубий Американи забт этган испанияликлар картошкани дастлаб 1536 йилда Европага олиб келадилар. Лекин бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга бу ёввойи ўсимлик сифатидагина ўтиб юради. Италияга тарқалганда уни "тартуфоли" деб атайдилар, шундан "картофель" сўзи келиб чиқади. Францияга картошка XVIII асрда ўтади. Бу ерда у "Пом де терр" номини олади, маъноси "Ер олмаси" демакдир. Кейинчалик картошка Россияда ҳам кенг тарқалди. Шу даражада оммалашиб кетдики, очарчилик вақтларида, Иккинчи жаҳон уруши даврида нонсиз қийналган одамлар далалардан картошка қолдиқларини топиб, чўғда пишириб еб жон сақлаганлар. Руслар картофелни ўз тилларига хос кичрайтириш-эркалаш маъносидаги қўшимча билан “картошка” деб аташган. Бизга ҳам бу сўз “картофель” шаклида эмас, “картошка” шаклида кириб келди. Халқимиз СССР даврида кириб келган помидор, картошка кабиларни дастлаб еёлмаган. Таъми йўқ-ку, дейишган. Йиллар ўтиб картошка Ўзбекистонда ҳам худди Россиядагидек шундай оммалашиб кетдики, бугунги кунда картошка олмаган рўзғор йўқ. Telegram: 👉 @azamat_qorjovov77
Открыть в Telegram#Зулмат_маликаси #ёхуд_гўрда_туғилган_қиз 32-қисм Муаллиф: Азамат_Қоржовов Кампирнинг туси ўзгарди. Жаҳли чиқа бошлаганини Зебигул сезиб, қайнонасига сабр тилади, чунки кулбада яна бироз қолишни истарди. – Қаерда эшитгансиз? – Буни айтсам тушунмайсиз... Шамоллар кўп эсади... Бузимнинг нигоҳидан илоҳий каломлар сизиб чиқаётгандай туюларди. У неча бор «келинингиз» деб гапирган бўлса, ҳар сафар сесканиб тушган эди Зебигул. Ҳозир худди ўзининг кўзларига тикилиб турган каби қалтирай бошлади. Сеҳрли нигоҳ кампирни ювош тортгизиб қўйди. – Келинни ўқитмоқчимисиз? – сўради жимликка нуқта қўйиб Бузим. – Худодан бола сўрадик, боласи йўқ буларнинг. Ўғлим қирққа киряпти. – Бола бўлмаса нима қилмоқчисиз? Кампир Зебигулга қаради, кўзлари пирпираб, мўлтиради. Бузим сабрсизлик билан жавоб кутарди. – Ажрашиб кетмасин дейман-да, – деди қайнона. Бузим нигоҳини бурди, Зебигул зулматда порлаган нурдан кўзларини олиб қочди. – Қизим, асли қаердансиз? – саволга тутди Бузим. Зебигулнинг юраги така-пука бўлиб ўтираркан, ростини айтсам кимнинг фарзанди эканлигимни билиб қўяди, деб ёлғонлади: – Қорақишлоқданман... Илтимос, бахтимга… ўқиб юборинг. – Ўқиш менга ҳеч нарсамас, – ипакдай майин товушда сўзлай бошлади Бузим, – хоҳлаганингизча ўқийман, лекин сиз рост гапиряпсизми? – Рост, рост! – деди қайнонаси. Келинининг ёлғони унга маъқул тушган эди. Негаки, Бузим боядан бери ниманингдир ҳидини олганини шум кампир пайқади. – Ўртага қайнона қўшиляпти, ҳаммасини ўзингиз гапириб бермайсизми? – бўш келмади Бузим. – Дуоларни ўқишимдан аввал ростингиз анча муҳим. Тўғрисини айтсам, сиз… сиз менга кимнидир эслатяпсиз. Бунинг устига сизни ёмон бир аломатлар ўраб турганини кўряпман. Агар… Зебигул ич-ичидан музлаб, қайнонасига қаради. У ота-онамни қарғаган муллани учратсам, юзингда кўзинг бор демай, мен ҳам қарғайман деб юрарди, кейинчалик оёғига йиқилиб, қарғишни қайтариқ қилишни ялиниб-ёлворишни кўнглига тугди. Мақсад деганлари бунчалик ўзгариб турмаса. Ҳозир у алдов билан Бузимга ўзини танитмаслик йўлинигина ўйларди. Зебигулга бошқа ҳеч нарса керакмасдек эди. Ва бирдан бошини осилтириб йиғлаб юборди. – Ёмон аломатларни айтманг, – бидиллади кампир, – келинимни қўрқитмай, ҳаммасини ўқиб ташланг. Биламиз, қўлингиздан келади. – Чиқиб туринг, – деди Бузим. – Менми? – кампир лаби-лунжини шалвиратди. – Келинимдан бир қадам ҳам узоқлашмайман. Сиз ўқийдиганингизни ўқийверинг, бўлмаса… – Бўлмаса, ўртада бир одам пайдо бўлиши мумкин, – огоҳлантирди Бузим. – Ким? – қайнона йиғлаётган келинининг қорнига қаради... Давоми бор @azamat_qorjovov77 Ёпиқ каналга уланиб, тўлиқ ўқинг: 👇👇👇 Уланиш учун админга мурожаат: @shaxlo_2022
Открыть в TelegramИнстаграмда машҳур бўлишнинг йўллари кўп. Шулардан бири бошқаларда учрамайдиган кўриниш, бошқаларда учрамайдиган ёки кутилмаган жой, озроқ талант ва озроқ ўзига хослик. Видеонгизни кўрганлар, қўшиғингизни эшитганлар ноодатий жиҳатларни учратса, қизиқиб қолишади. Бу йигитнинг қўшиғини бошқа бировлар яхшироқ либосда, яхшироқ жойда, яхшироқ куйласа, одатий таронага айланади ва шуҳрат қозонмайди. У эса юз минг обуначига яқинлашди. Бир раҳмингиз келади, бир Никулинга ўхшатиб кулгингиз қистайди, бир қойил қоласиз, бир ҳайрон... Инстаграм шунақа.
Открыть в Telegram* * * Илгари хусусий нашрларга беписандлик билан қараш, уларни пул учун ҳамма нарсага тайёр ва саёз асарлар билан шуғулланадиганлар, деган фикрга тобелар кўп эди. Улар келажакда жаҳон адабиётининг кўплаб намуналарини ёки диний-маърифий асарларнинг деярли барчасини хусусийлар нашр этишларини ва нафақат Ўзбекистонни, қўшни давлатлардаги ўзбек тилида, кирилл ёзувида ўқийдиганларни ҳам китоблар билан таъминлашларини олдиндан кўра билмаган эдилар. Кириб келаётган янги замон ривожланган давлатлардагидек деярли буткул хусусий компаниялару нашрлар, хусусий сайтлару телевидениялар ҳукмронлигига асосланишини хорижга қараб ҳам билса бўларди. Энди СССР йўқлигини, давлат нашрлари эмас, Европа ва Америкадагидек хусусийлар тараққий этишларини англаш учун СССР тарихига эмас, жаҳон тарихига назар ташлашлари кифоя эди. Гап аслида мулкнинг хусусий ва ёки давлатга қарашлилигида эмас, ўз олдига қўйган асл вазифаларни қойилмақом бажара олишда эди. Жаҳон стандартидаги хусусий босмахоналар пайдо бўлиб, китобларнинг типографик сифати ва дизайни хорижий давлатларникидан қолишмайдиган даражага етди. Хусусий нашрлар жаҳон адабиётидан шундай бир асарларни таржима қилдирдиларки, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан биз бугунги кунда кўплаб асарлар билан танишдик. Кўп йиллар хусусий нашрларда ишладим. Ростини айтганда, хусусийлардан қўрқувлар ҳам бежиз эмасди. Бизда ҳаммаси бирдан шаклланиб қолгани йўқ. Шундай замонлар бўлдики, юз минглаб тиражларда чоп этиладиган газеталар ўз саҳифаларини қиссалар ва ҳикоялар билан тўлдира бошлади. Асар етказиб бериш муаммоси пайдо бўлди. Шунчаки қораламалар, қайта ишланмаган, муаллиф томонидан ҳатто қайта ўқиб чиқилмаган, ёзилгану юборилган асарлар газетада муҳаррир ва корректор томонидан тўғриланиб, чоп этиб юбориларди. Бундай муҳит ҳақиқий ёзувчини етиштириб беролмас эди. Рақобат ёки муҳокамалар сюжетлар доирасидагина сақланиб қолганди. Китоб бозорлари ҳам уларнинг юзлаб хилдаги китобларига тўлиб кетди. Аммо маълум вақт ўтиб, китобхонлар куракда турмайдиган воқеалар битилган китобларни харид қилмай қўйишди. Бу ҳақда энг биринчи сигнал адабиёт намоёндалари томонидан берилган бўлса-да, уларнинг таъсир кучи сезилмади. Иккинчи сигнал улгуржи китоб савдоси корчалонлари томонидан барча нашриётларга юборилди. Бу жуда кучли сигнал бўлиб, китоб бозори соҳиблари бўлмағур воқеаларга асосланган китобларни қабул қилмасликларини, кўча тилида айтганда, “Тоҳир Маликдек, турк адибларидек ёзиш кераклигини”, акс ҳолда тонналаб китоб уларнинг омборларини беҳудага эгаллаб олишларини истамаслигини айтишди. Бу сигнал занжирли реакциянинг бир ҳалқаси эди. Аслида китоб бозори соҳиблари адабиёт даражасини белгилашга мутлақо қодир эмаслар. Шунчаки улар китобга товар сифатида қарашади. Улгуржи китоб бозоридан товар оладиган Ўзбекистондаги беш минглаб дўконлар улардан енгил-елпи китобларни олмай қўйишганидан сўнг жаҳллари чиққан эдилар. Минглаб китоб дўконлари нега олишни истамай қўйгандилар? Жавоби оддий: улардан бу хилдаги китобларни китобхонлар харид қилмай қўйишди. Нега китобхонлар бундай китоблардан воз кеча бошлашди? Жавоби шу эдики, айрим хусусий нашриётлар чет элларда донг таратган асарларнинг энг сараларини, кўпинча, шарқона ва диний руҳдаги асарларни таржима қилдириб, ўн минглаб нусхаларда сота бошлашди. Китобхонларда уларнинг бестселлерларига қараб янги бестселлерча дид шаклланди. Шундай қилиб, хусусий нашриётлар хоҳ у шарқона асар бўладими, хоҳ Европача ёки хитойчами, хоҳ диний-маърифий йўналишдаги асарми, таржима қилдириб, кирилл ёзувида катта тиражларда сотиб, китобга бўлган талабни ўзгартиришди. Лотин ёзуви диний-маърифий китобларга ва жаҳон бестселлерларига таъсир қилолмади. Энг кучли асарлар кирилл ёзувида бўлсагина ўн минглаб нусхада сотилишини кимдир эмас, китоб бозорининг талаби белгилаб берди... Азамат Қоржовов. “Икки асрдан эсдаликлар”
Открыть в Telegram#Ўлиб_тирилганлар_қисмати 111-қисм Муаллиф: Азамат_Қоржовов – Савол берсам майлими? – сўради таксичи. – Бераверинг, умримда кўп саволларга жавоб топишимга тўғри келган, – дея пешойнага кўз ташладим. – Бу ерда кимни кутяпмиз демоқчийдим. – Тахмин қилоласизми? – Тахминми? – У қўлини чалиштириб, ўриндиққа ястланди. – Эрингизни кутяпмиз. Уни кимдандир рашк қилиб юрибсиз. – Янглишдингиз... – Машинасининг орқасидан қувишга мажбур қилмасангиз бўлди, – деди таксичи. – Майли, қанча кут десангиз кутаман. Ҳадемай иккита машина қолди. Эндигина сабрсизлана бошлагандим, муюлишдан қора "Нексия" чиқиб келди-да, бир одамни тушириб, ёнимиздан ўтиб кетди. У Олчин эди. Кабинетида эмас экан-да. Машинасига ўтириб, ким биландир телефонда гаплашди. Сўнгра "Мазда" илондек бурилиб, ён томонини бир лаҳза бизга намойиш этиб, қизил чироқларини порлатганча шитоб-ла олға интилди. – Ҳайдасангиз-чи! – туртиб юбордим таксичини. Такси унинг изидан тушди. Ортидан бориш қийин эмасди, чунки "Мазда" ҳеч қаерга шошилмаётган эди. – Менга гап тегмайдиган қилинг, опа, – тўнғиллади таксичи. – Пул учун жонини хатарга қўядиганлардан эмасман. Оилам бор, бола-чақам бор. – Оила менда ҳам бор, – дедим. Бир нима демоқчи эди, қўшиб қўйдим: – Улардан эмас, ортингизда ўтирган аёлдан қўрқинг. Таксичи истеҳзоли кулимсиради. Машинасини тўхтатиб қувиб солмаса деб чўчидим, лекин йўлидан қолмади. Олчин жимжимадор "Виолет" ёзуви порлаётган кичик ресторанга келгани маълум бўлганида ғалаба нашидасини туйдим. Уни шундай сокин ва одам кам жойда учратишни истаган эдим-да. Таксичига сўраган пулини бериб, ресторанга яқинлашдим. Эшик олдида ўйланиб қолдим: у овқатланишни бошласа кирганимни кўрмайди. Ҳозир остонада тўқнаш келиш яхшимас. Овқатлана бошлашини кутишим керак. Сал нарида таксилар мижоз кутарди. "Олчин қайтиб чиқса, менга улов тайёр", деб кўнглимни хотиржам қилдим. Шу пайт таксилардан олдинроқда турган машинада икки киши ўтирганини пайқадим. Иккиси ҳам барваста эркак эканлиги маълум эди. Суҳбатлашмас, чекмас, ҳатто қилт этмасди. Мендан кўз узмаётганлари янада сергак торттирди. Таксидан тушганимда улар бормиди ё изимдан келишдими, эслаёлмадим. “ДХХ!” деган хаёл кўнглимдан ўтиб, юрагим шув этди. Афтидан мен қамоқдан бежиз озод қилинмагандим. Улар мени панжара ортидан чиқаришган-да, атайин ўз ҳолимга қўйиб беришган. Ва ҳаммаёқда мени кузатиб, мендан хўрак ўрнида фойдаланиб, жиноятчиларни топмоқчилар. Орадан ўн дақиқа ўтди. Чўзилиб кетган кутишга якун ясаб, ресторанга кирдим. Гарчи ресторан тўри кўринса-да, икки ёндаги бўлмалар, безакли бурчаклар, пардалар кўплаб столларни кўздан пана қилиб турарди. Эшик ёнидаги столни танладим. Официант келди. "Виолет" кичик, аммо қимматбаҳо ресторан эди. Шубҳа қолдирмаслик учун ўзимга қисқичбақа буюрдим. Бинафшаранг пардаларни, девордаги сувратларни томоша қилган бўлиб Олчинни ахтардим. Пичоқ сумкамда эди. Олчин гапни айлантирса ва у фарзандларим қаердалигини кўзидаги қўрқувдан ва сўз оҳангидан сездириб қўйса, айбини исботлаган бўлардим. Уни шу ерда – “Виолет” ресторанида пичоқлаб ўлдиришга қатъий қарор қилдим... Давоми бор @azamat_qorjovov77 Ёпиқ каналга уланиб, тўлиқ ўқинг: 👇👇👇 Уланиш учун админга мурожаат: @shaxlo_2022
Открыть в Telegram“Якшанбага ўтар кечаси” номли китобимнинг 2012 йилда “Дизайн-Пресс” нашриётида чоп этилган муқоваси. Бу 11-китобим эди. ...15 май – Халқаро оила куни ўша йили шанбадан якшанбага ўтар кечасига тўғри келади. Ўша тунда бир одамнинг уйида босқинчилик содир бўлади. Босқинчи уйда ёлғиз ўтирган аёлнинг номусига тегиб, хонадондаги жамики тилла буюмларни ва пулларни олиб кетади. Жиноятчи топилмайди. Эр эса босқинчи тегинган хотини билан яшашни истамай, иккинчи хотининикига кетади... Бир куни у фарзандини кўриш учун боғчага борганида, биринчи хотинини учратади. Қўлида босқинчи олиб кетган тилла узукни кўриб, гумонсирайди. Гумон шундай эдики, хотин ўз эрининг иккинчи хотини борлигини билгач, ажрашиш учун босқинчиликни ўйнаши билан ўйлаб топган. Эрим мендан воз кечади, иккимиз турмуш қурамиз, деб режалаштиргандир эҳтимол... Эр ИИБ дан бўшатилган ва ҳозирда темирйўл вокзалида ноқонуний чиптафурушлик билан шуғулланаётган танишини ўзининг биринчи хотинининг изидан қўяди. Асарда биринчи хотиннинг сирли ҳаёти ҳикоя қилинади.
Открыть в Telegram#Ўлиб_тирилганлар_қисмати 110-қисм Муаллиф: Азамат_Қоржовов Туман марказига етганимизда, дедим: – Сигаретинг борми? – Сигарет? – ҳайрон бўлди қўшни йигит. – Чекасизми, опа? – Бировга айтиб юрма, чекяпман, – деб алдадим. – Бошимга тушган ташвишларни кўтаролмаяпман. – Мен умуман чекмайман. – Бўлмаса, шу ерда тўхтат. Анави дўкондан сигарет опкеласан. Кўнглида кири йўқ йигит гапимга ишониб, машина калитини жойида қолдирганча дўконга шошилди. Дўконнинг қизил чироқчалар ўрнатилган ойнаванд эшиги менга кўз қисгандек ялтираб кетди. Бу ердан шоҳбекат узоқ эмасди, ўн дақиқада етаман. Машинани олиб қочиш фикридан қайтиб, пиёда жўнадим. Йўлак четидаги иҳота буталари оппоқ қорга бурканган эди ва албатта мени қўшни йигитнинг кўзидан пана қиларди. Шоҳбекатда одам гавжум эди. Қишда ҳам улар тиниб-тинчишмайди, қаерларгадир боради. Орқа томонига қора лой ва кирлаган қор ёпишган қизил "Икарус"нинг мотори гуриллаб, бир маромда тутун пуркарди. Олд ойнасига кўз ташладим, “Тошкент” деб ёзилган. Унга чиқиб, бир бурчакка қўнишиб ўтириб олдим. Автобус Тошкент қайдасан деб жойидан ўкириб силжиди. Бир замонлар ўқишга шу бекатдан кетардим. Гоҳо ёнимда Мавлон бўларди. Кейин Олчинни ҳам кўрадиган бўлдим. Фақат у... ўзини четга тортарди, юзма-юз келмасликка тиришарди. Энди эса Мавлон йўқ. Олчин эса подшо саройи сингари муҳташам бинода, чарм қопламали шифт бўйли эшик ортида, гулдор кабинетида савлат тўкиб ўтирибди. Уни топиш учун уйдан қочиб чиқдим. Мен ҳам энди ёш эмасман, балки ёш, шартаки қизларнинг, аламзада йигитларнинг қилиғини қилаётгандирман, аммо бу ёғи ёшликка кирмайди. Бу ёғи фарзанд ҳажрида ҳеч нарсадан қайтмаслик туйғулар исёни эди. Тошкентга етдим. Ҳамма нарса ўзгариб кетган эди. Талабалик давримда автобусдан томоша қилиб ўтганим ўша майдонлар, хиёбонлар, ҳеч қачон кириб кўрмаганим аллақандай саройлар, банклар – барчаси бегона эди. Соатимга қарадим: бугун Олчиннинг ишхонасини, уйини, юрадиган йўлларини аниқласам, шу ҳам катта гап эди. Меҳмонхонага кириб, ойнаванд стол устида кимдир унутиб қолдирган пичоққа кўзим тушди. Меҳмонхона ходимлари сайёҳлар билан бандлиги боис пичоқни сумкамга солганимни биров пайқамади. Шу тариқа ўғринча қуролланиб олдим. Бир сутка ичида ички ишлар ходимлари мени топишга муваффақ бўлмасликларига умид қилиб паспортимни узатганимда кимдир пичоғини ахтара бошлади. Хизматчилар менга нимадир демоқчи бўлишди, аммо уст-бошимга қараб мендек аёлнинг ўғрилик қилмаслигига ишониб, тергашга журъат этишолмади. Пичоқни мендан сўраганларида нима деб жавоб беришни ўйлаб ҳам кўрмагандим. Иккинчи қаватдаги хонага жойлашдим. Номеримдан тезда қайтиб чиқиб, такси ушладим, бошқарма манзилини айтдим. Олчин ҳақида ҳозирча менга оқ рангли "Мазда"гина дарак бериши мумкин эди. Бошқармага етиб бориб, унинг автотураргоҳидан “Мазда”ни ахтара бошладим. Уни топдим: "Мазда" бир қатор машиналар ўртасида ярқ этиб турибди. – Кечирасиз, бирон соат кутоласизми? – дедим таксичига. У ажабланиб елка қисди. – Пулини тўласангиз кутиб туравераман. Бир соатда чиқасизми? – Мен машинада кутмоқчиман. – Гап йўқ. Пули тўланса тураверамиз-да, опажон. Таксичи яна елка қисди. Вақт оқшом тимсолида қуюқлашиб борарди. Машиналар бирин-сирин эгалари билан ғизиллаб жўнайверди. Одамлар иссиқ уйига, оиласи бағрига қайтаётгани танимдаги ҳасадга ўхшаш аччиқ туйғуни уйғотди. Болаларим кимнинг қўлида бўлса ҳам иссиқ кийимлар кийдиргандир, деб ўзимга таскин бердим. Оилам бошига қандай ўйинлар сабаб бу кунлар тушганидан қатъи назар, ҳаммаси менга қарши – беайб онага қарши қилинган террорчилик хуружи, қонли уруш эди. Ҳа, мен урушда эдим. Улар менга ҳалокатли зарба беришди: бирин-кетин жондан азиз жигарбандларимдан жудо қилишди. Энди эса жавоб зарбаси сифатида ҳеч кимни аяб ўтирмаслигим аниқ эди. Асаблари ишдан чиққан, руҳияти бузилган деб менга ташхис қўйишса қўйишар, гап бунда эмасди. Урушни бошладингми, тамом, сен томондан ҳам қурбонлар бўлади. Бўлиши ҳам керак. Соғ аёл ҳужум қиладими, руҳий касалми, душман билсинки, ҳамма ишнинг ўз жавоби бор... Давоми бор @azamat_qorjovov77 Ёпиқ каналга уланиб, тўлиқ ўқинг: 👇👇👇 Уланиш учун админга мурожаат: @shaxlo_2022
Открыть в Telegram“Қора либосли келинчак” номли китобимнинг трейлери. Камерани саҳифага ҳаддан ташқари яқинлаштириб видеога олиш усулини билмасдим. Мактабда ўқийдиган қизим эса замонавий технологик услубларни мендан яхши биларди. Кўпинча шундай. Ёши улуғлар кўп ҳолларда ёшларга қараганда технологик жиҳатларни ўзлаштиришдан, технологик янгиликлардан ортда қолади. Қизим бу видеороликни уйимиз ошхонасида бирпасда тайёрлаб берган эди. Ўшанда мен “Дизайн-принт” интернет сайтини юритардим ва бу трейлерни сайтга жойлаштирганман.
Открыть в Telegram